ADOLAT 24

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги дадил қадамлари

Дунёдаги йирик ва нуфузли савдо-иқтисодий тузилмаси – Жаҳон савдо ташкилоти халқаро тижорат учун қулай ҳуқуқий тизимни тақдим эта олиш имконияти билан эътибор қозонган. Ташкилот доирасида қабул қилинган муҳим ҳужжатлар аъзо давлатларга савдо сиёсатини келишилган мезонлар асосида юритишда масъулият юклайди. Бундан кўзланган мақсад – жаҳон бозорида муваффақиятли фаолият юритишда товарлар ва хизматларни ишлаб чиқувчилар, экспортёр ва импортёрларга кўмак беришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси кўплаб халқаро ва минтақавий ташкилотларга аъзо бўлиб кирган бўлса-да, бироқ айрим сабабларга кўра ҳали-ҳануз ЖСТга аъзо бўлмаган. 

2020 йилдан кейин Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш йўлида саъй-ҳаракатларни сезиларли даражада фаоллаштирди ва ЖСТга аъзо бўлиш устувор деб топилган давлатлар қаторидан жой олди.

Ҳозирда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун қатъий қарор қабул қилган ҳолда бу йўлда изчиллик билан барча зарур ислоҳотларни амалга оширмоқда ва дадил қадамлар ташламоқда.

Чунончи, 2022-2024 йилларда Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ фаолияти анча жонланиб, унинг тўртта учрашуви бўлиб ўтди. Ишчи гуруҳ йиғилишлари оралиғининг қисқаргани ва унинг фаолияти жадал суръатлар билан ривожланаётгани, ўз навбатида, музокараларнинг муваффақиятини таъминлаб бермоқда ҳамда ташкилотга аъзо бўлиш жараёнини тобора яқинлаштирмоқда.

2023 йилнинг сентябрида Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 78-сессияси доирасида Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашув ўтказганди. Унда ЖСТ бош директори Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо бўлиш борасида кўрилаётган амалий ишларни юқори баҳолади. 2024 йил июнь ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган Нгози Оконжо-Ивеала хоним ЖСТ котибияти Ўзбекис­тоннинг саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айт­ди ҳамда мамлакат яқин келажакда ташкилотга қўшилишига ишонч билдирди.

Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам қизғин қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозирги кунга қадар қатор давлатлар билан музокаралар жараёни якунланди ва бозорга кириш протоколлари имзоланди. Яна бир қанча давлатлар билан музокаралар ўз якунига етмоқда. 

Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган ишчи гуруҳнинг саккизинчи йиғилишида ЖСТга киришнинг аниқ муддати сифатида 2026 йил белгиланди. Албатта, аниқ муддатнинг белгиланиши замирида аъзолик жараёнини янада тезлаштириш ва аъзо давлатларнинг ушбу масалага эътиборини кучайтириш мақсади ётади. 

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистон ЖСТга кириш талабларини бажариш йўлида қатор ислоҳотларни амалга оширди. Мамлакат иқтисодиётида туб ўзгариш­лар содир бўлмоқда. Монополияга чек қўйиш йўлида қатъий саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. 

Кўпгина олимлар ЖСТга кириш учун талаб этиладиган ислоҳотларни бажариш орқали қисқа муддатда иқтисодиёт 3 фоиз, ўрта муддатда эса 11 фоиз ўсишини ҳисоб­лашган бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич бир неча баробар салмоқли бўлди. 

Мамлакатнинг дунё давлатларига очилиш жараёни давом этмоқда ва у бошқа мамлакатлар билан фаол ҳамкорликка киришди. Биргина мисол, 2021 йилда Европа иттифоқи Ўзбекистонга GSP+ савдо режимини тақдим этди. Бу 6200 та товарларни Европа иттифоқига божсиз экспорт қилиш мумкинлигини англатади.

Мамлакат иқтисодий сиёсатида халқаро стандартларга мослашиш жараёни жадаллашиб, ҳуқуқий асос­лар яратила бошланди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти­нинг жорий йил 3 июндаги “Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича нав­батдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги жиддий ва салмоқли қадам бўлди. 

Мазкур фармон комплекс масалаларни ўз ичига олади. Фармонни тайёрлашда ЖСТнинг бир қатор битимлари инобатга олинди. Давлат корхоналарининг эксклюзив ҳуқуқлари, инвестиция билан боғлиқ савдо чоралари тўғрисидаги битимлари ҳам бор, булар ҳам фармонда акс этди. Инвесторларга маҳаллийлаштириш, импорт ёки экспорт қилиш билан боғлиқ бўлган қатъий талаблар қўйилиши ман этилди. Ушбу талаблар миллий қонунчиликда ўз аксини топиши учун тегишли идораларга вазифалар берилди. Улар ушбу талаблардан келиб чиққан ҳолда қонунчилик нормаларини инвентаризация қилиб, мослаштириш бўйича таклифлар киритиши керак.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ўз савдо тизимини турли соҳаларда ЖСТ қоидаларига мувофиқлаштиришга қаратилган бир қанча қонун ҳужжатларини қабул қилди. Хусусан, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори бирхиллаштирилди.

Айниқса, 2024 йилнинг февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Рес­публикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда амалдаги ўнлаб қонунлар ЖСТ талаблари билан уйғунлаштирилди.

Қонун билан ЖСТнинг Хизматлар савдоси бўйича бош битими талабларига мувофиқ чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ва маҳаллий корхоналарни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори бирхиллаштирилган ҳолда БҲМнинг 1 баравари (340 минг ўзбек сўми ёки қарийб 28 АҚШ доллари) миқдорида белгиланди.

Мазкур қонунда Интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдо аспектлари тўғрисидаги битим талабларига асосан «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги ҳамда «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикаси қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, уларда саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқдан ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини инобатга олган ҳолда ушбу объектлар эгасининг розилигисиз фойдаланишнинг аниқ тартибини белгилаш ҳамда товар белгилари бошқа шахслар томонидан инсофсиз тарзда рўйхатдан ўтказилган тақдирда, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун даъво муддатини чиқариб ташлаш кўзда тутилган. Шунингдек, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида кўрсатилган Битим талабларидан келиб чиққан ҳолда фармацевтика фаолиятидаги клиник синовларга қадар ва клиник синов натижасида олинган маълумотлар эгаларининг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тартиби жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Бундан ташқари, ушбу қонун билан «Давлат божи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига патент божларининг, шунингдек, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни ва бошқа тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун олинадиган давлат божининг миқдорларини бирхиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Шунингдек, «Реклама тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига маҳаллий ва чет эл ишлаб чиқарувчилари учун тенг шарт-шароитлар яратишга қаратилган ўзгартиришлар киритилди.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш қарори қатъий ва бу йўлда сезиларли тараққиётга эришиш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. ЖСТга қўшилиш халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириб, мутлақо янги босқичга олиб чиқишини тўлиқ англаган ҳолда Ўзбекистон бу йўлда дадил ҳаракат қилмоқда. Бу борада аниқ режалар белгилаб олинган бўлиб, улар изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этилмоқда. 

Ташкилотга аъзо кўплаб давлатлар эса Ўзбекистоннинг бу йўлдаги жадал қадамларини олқишлаб, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва у билан музокаралар олиб боришга тайёрлигини билдирди. Уларнинг ҳамкорлиги, тажрибаси ва ёрдами бу борадаги музокараларнинг муваффақиятли якунланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Фаол ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди

admin

Кўп сонли БПТмиз яна 60 нафар аъзони бирлаштирди

admin

ШҲТ ДОИРАСИДАГИ КЎП ҚИРРАЛИ ШЕРИКЛИКНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ МУҲИМЛИГИ ТАЪКИДЛАНДИ

admin