ADOLAT 24

Янги кодекс — тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилади

Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятига қаратилган ҳар қандай тўсиқларга муросасиз бўлиш, инвестициявий жозибадорликни оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жадал олиб борилмоқда.

Тадбиркорларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, бизнесни юритишда улар билан биргаликда мавжуд муаммоларни ҳал қилиш юзасидан давлат органлари масъулияти оширилиб, улар учун қатор енгилликлар, қулайликларни ўз ичига олган кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган.

Шу билан биргаликда, бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилингани боис, тадбиркорлар эркинлигини таъминлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда ортиқча вақт сарфлаш юзага келаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Шу муносабат билан тадбиркорлик соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб, бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида илғор халқаро тажрибада синалган бир қанча янги ҳуқуқий нормалар асосида ишлаб чиқилган, тадбиркорлар учун ягона ҳуқуқий ҳужжат – “Тадбиркорлик кодекси” қабул қилинди.

Парламент томонидан қабул қилинган Кодекс 8 та бўлим, 29 та боб ва 315 та моддадан иборат. Кодекс билан тадбиркорлик соҳасини тартибга солувчи 8 та яхлит қонун ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар унификация қилинмоқда ва кодификация­лаштирилмоқда.

Кодексни қабул қилишдан асосий мақсад фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароитлар яратиш, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Янги Кодексда тадбиркорлар манфаатлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги нормалар белгиланмоқда:

Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Амалда фақат кичик тадбиркорлик субъектлари тоифаси ва йирик солиқ тўловчилар ибораси мавжуд.

КИЧИК тадбиркорлик субъектларига – ходимлар сони 100 нафаргача, календарь йил давомида жами даромади 35 минг БҲМгача; 

ЎРТА тадбиркорлик субъектларига – ходимлар сони 101-250 нафар, календарь йил давомида жами даромади 35 минг БҲМдан 350 минг БҲМгача; 

ЙИРИК тадбиркорлик субъектларига – ходимлар сони 250 нафардан ортиқ ва календарь йил давомида жами даромади 350 минг БҲМдан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари киради.

Бунда кичик тадбиркорлик субъектлари тоифасига якка тартибдаги тадбиркорлар, микрофирмалар (таъсисчилари жисмоний шахслар бўлган ҳамда ходимларнинг ўртача йиллик сони йигирма нафаргача бўлган ва календарь йил давомида жами даромади базавий ҳисоблаш миқдорининг уч минг беш юз бараваригача бўлган тадбиркорлик субъектлари) ва кичик корхоналар (ходимларининг ўртача йиллик сони юз нафаргача бўлган ва календарь йил давомида жами даромади базавий ҳисоблаш миқдорининг уч минг беш юз бараваридан кўп бўлган, бироқ календарь йил давомида ўттиз беш минг бараваридан ортиқ бўлмаган таъсисчилари юридик шахс­лар бўлган тадбиркорлик субъектлари) кириши белгиланмоқда.

Тадбиркорлик субъектларининг тоифаларга ажратилиши уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва сифатли расмий статистика маълумотларини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Кодексда якка тартибдаги тадбиркорларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилаётгани, эндиликда улар фаолиятларини янада кенгайтириш ва кўпроқ даромад олишларига имконият яратади, десак тўғри бўлади.

Шу билан биргаликда, Кодексда тадбиркорлик фаолиятига давлат органлари аралашувини мумкин қадар чеклашга қаратилган нормалар белгиланиб, улар фаолияти устидан давлат назорати соҳасида ҳам бир қатор янгиликлар жорий этилмоқда. Хусусан, назорат қилувчи органлар томонидан назорат тартибини белгиловчи қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш тақиқланмоқда. Давлат назоратининг 4 та статистика ва бошқа ахборотларни таҳлил қилиш, мониторинг, профилактик тадбирлар ва текширув шакли белгиланмоқда. Бунда давлат назоратининг фақат текширув шаклида аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Бундан ташқари, эндиликда асоссиз текширувларнинг олдини олиш, тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 38 та давлат органининг 147 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 20 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланиб, текширувлар фақат шу рўйхат асосида ўтказилиши белгиланиши давлат органларининг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашуви ҳолатларига чек қўяди.

Шунингдек, тадбиркор фаолиятидаги барча текширувлар профилактик тадбирлар ўтказилгандан сўнггина амалга оширилиши ва илк бор назорат қилувчи органларнинг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилиши ва эндиликда назорат қилувчи орган “хавфни таҳлил қилиш” бўйича ўтказиладиган текширув тўғрисида тадбиркорни текширувга камида 10 иш куни қолганда олдиндан хабардор қилиши қатъий белгилаб қўйилиши тадбиркорлик эркинлиги кафолатларини таъминлашга хизмат қилади.

Эндиликда тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзларнинг ягона реестри шакл­лантирилиши, улар учун давлат субсидиясини ажратиш мумкин бўлган йўналиш­лар рўйхати белгиланаётгани ҳамда тадбиркорларга қўшимча мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қабул қилингандан кейин бир йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тақиқланиши белгиланаётгани тадбиркорлар томонидан яқин ўрта муддатга мўлжалланган бизнес режаларини белгилаб олишларига имкон яратади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур кодекснинг қабул қилиниши бугунги кунда тарқоқ ҳолда бўлган тадбиркорликка оид қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини кескин камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Абдуғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Tegishli xabarlar

Янги Ўзбекистон – янги тафаккур демакдир

admin

Ҳофиз анъаналарининг давомчиси

admin

ЎЗЛИКНИ АНГЛАШ ЙЎЛИДА (Шахсий фикр)

admin