ADOLAT 24

ЙЎЛ ҲАРАКАТИ МАДАНИЯТИ – барча учун бирдек муҳим

Деярли ўн йилдан буён автомобиль ҳайдайман. Автомашина мен учун мавқе эмас, кунлик режаларимни тезроқ бажариш, узоғимни яқин ва оғиримни енгил қилиш воситаси. Йўл қоидаларига риоя қилмасам, ҳаётим хавф остида бўлиши ёки келадиган жарималар оилавий бюджетимга зарар етказишини яхши тушунган ҳолда, эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламан. 

Аёлларни, одатда, қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда, йўл қоидаларига қатъий риоя қиладиган, тартибли ва эркакларга автомобиль йўлларида “йўл берадиган” деб таърифлашади. Бир ўзбек аёли, она сифатида таъкидлашим зарурки, биринчи галда белгиланган йўл қоидаларига ва йўл ҳаракати маданиятига риоя қилиш хоҳ у аёл, хоҳ у эркак ҳайдовчи бўлсин – барчамиз учун бирдек муҳим.

Тўғри-да, автомобиль рулига ўтирдингми, аввало, ўзинг ва бош­қалар ҳаёти хавфсизлиги учун масъулсан. Бунинг учун йўл қоидаларига амал қилишнинг ўзи етарлимикан? 

Ана шу масъулиятни тушунмай, ўзини кўрсатиш, манманлик ва ҳар қандай муаммони “пул орқали ҳал қиладиган”лар кўпайганидан ранжишимиз ўринли. Йўлларда “кимўзар” ўйнаётганлар ҳам, “мен сендан кам эмасман” дегувчилар ҳам, машиналарнинг маркасига қараб, менсимаётганлар ҳам тўлиб ётибди. Бунинг учун минг­лаб радарлар қўйил­син, натижага эришиш қийин. Жарималар белгилансин, бу ҳам етарлича чора бўлмаслиги мумкин. Жаримани жарақлатиб тўлаб, бундан ҳузур топаётган “эркатойлар” ҳам бор. Бундай ҳолатларни ижтимоий тармоқлар орқали истаганча топиш мумкин.

Демак, энг аввало, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш зарур экан, бунинг учун эса, қатъий чоралар кўрилиши муҳим. “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг “Эркатой ҳайдовчиларни тийиб қўйиш вақти келмадими?!” сарлавҳали мақоласидаги қонунчиликда бу борада жиддий ўзгаришлар қилиш шартлиги, акс ҳолда юз бераётган фожиаларнинг олдини олиш мушкуллигича қолиши ҳақидаги фикрлари – айни ҳақиқат. Дарҳақиқат, йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий ва жиноий жавобгарликни кескин кучайтириш зарур.

Айниқса, ота-онасининг мансабини, бойлигини пеш қиладиган, ўзининг “кўп ишларга қодирлигини” намойиш қилиб, очиқдан-очиқ амалдаги қонун-қои­даларини бузаётганлар тегиш­ли жазосини олсин. Қайта бундай номаъқулчиликларга қўл урмаслиги учун ҳам қандай чоралар қўллаш зарурлиги бўйича соҳа мутахассисларининггина эмас, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам ўринли. Чунки машина бошқараётган жуда кўплаб малакали ва таж­рибали ҳайдовчилар бу борада ўз фикр­ларини билдиришларига ишончимиз комил.

Мисол учун, йўл ҳаракати қоидаларини менсимаётганларга ёки “бойвучча”лигини намойиш қилаётганларга ва яна ота-онасининг “эркатой”ларига, вояга етмаганларнинг машина бошқаришига – барча-барчасига қатъий чоралар кўриш вақти етди.

Шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари аниқ ва тиниқ белгилар орқали ифодаланиши, хира йўл чизиқлари ўрнини сифатли чизиқлар билан алмаштириш, учта чироғи ҳам тенг ёнадиган светофорлар ўрнини сифатли қурилмалар эгаллаши ҳам муҳим масала.

ЙҲХ ходимларининг тиқилинч­ларнинг олдини олишда, йўл бўйи­даги мактабларда доимий нав­батчилик ташкил этишда масъулиятларини ошириш масаласи ҳам бор. Фақат қоидабузарликни аниқлаб, жарима ёзишгина эмас, балки бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ҳам уларнинг бевосита вазифаларига киришини унутмасликлари зарур.

Гулнора Аҳмедова, 

“Адолат” СДП Тошкент вилоят кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

“Вобкент тарихи: Ўтмишдан бугунгача”

admin

Тарих фалсафасида шахс талқини 

admin

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

admin