ADOLAT 24

Янги Ўзбекистон – янги тафаккур демакдир

2021 йил муҳим воқеаларга, ютуқ ва зафарларга бой бўлди. Шулардан энг муҳими – мамлакатимизда Президент сайлови бўлиб ўтди. Барчамиз октябрь ойида юртимиз келажагига, Янги Ўзбекис­тон равнақига ва Учинчи Ренессанс учун амалга ошириладиган бунёдкорлик ишларига овоз бердик.

Шунингдек, 2021 йил тўла маънода ҳазрат Алишер Навоий йили бўлди, деб айта оламиз. Давлатимиз раҳбарининг “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, тантаналар йил бўйи давом этди. 

2021 йилда ҳазрат Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган “Алишер Навоий” номли романим чоп этилди ва кенг ўқувчилар оммасининг эъти­рофига сазовор бўлди. Халқимизнинг у кишига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромининг ифодаси ўлароқ, камтарин меҳатларим юксак баҳоланиб, “Ўзбе­кистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонига муяссар бўлиш насиб қилди. Албатта, бу эътироф бир менинг эмас, аввало, юртимизда барқ ураётган янгиланишнинг натижаси, адабиётимизга бўлган юксак эътиборнинг самараси, деб биламан.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекис­тон Республикаси Маданият вазирлиги, Рес­публика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ҳамкорлигида ўтказилган “Йилнинг энг яхши асари” республика танловида “Алишер Навоий” романи “Энг яхши насрий асар” мукофотига лойиқ деб топилганидан ҳам хурсандман. 

2022 йил режаларига келсак, аввало, шу азиз Ватаннинг бир фуқароси сифатида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишларига қўлдан келганича ўз ҳиссамни қўшиш орзусидаман. Шонли тарихимизнинг улуғ мутафаккирлари, олимлари, шоирлари, шунингдек, бугунги кунимиз қаҳрамонлари ҳақида янги асарлар яратиш ҳар кимнинг ҳам орзуси. Чунки бадиий асар ҳам тарих ҳисобланади. Биз билган тарих фани фактлардан, асар эса маълум даврда яшаган кишилар қалбидаги ҳиссиётлардан ҳикоя қилади. Янги йилда янги мушоҳада ва ифода усули чақнаб турган асарлар ёзилишини кут­япман. Янги Ўзбекис­тон – янги тафаккур демакдир. Шу тафаккур тарзи асарларда акс этиши давр талаби, албатта. 

Тилакларимиз эса, бутун халқимиз кутаётгани каби: юртимиздаги янгиланишлар мўл-кўл хайру баракалар олиб келсин, улуғлару устозлар, дўсту биродарлар, ака-сингиллар эзгу ниятларига зиёдаси билан эришишсин, шодиёна кунларда фарзандлар камолини кўриб, дийдорлашиш барчамизга насиб қилсин. 

Исажон СУЛТОН,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Tegishli xabarlar

ТОВАРЛАРНИ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ХИЗМАТЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШГА ҚАРАТИЛГАН ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Ҳақ йўлига бағишланган ҳаёт

admin

Вакцина олмаган ходимлар вақтинчалик ишдан четлатилди

admin