ADOLAT 24

ТИЛ БИЛМОҚ — ҳаёт талаби

Ўзбекистонда 2012 йилга қадар тил ўрганиш тизимимиз фақатгина грамматика ва луғат бойлигини оширишга қаратилган эди ва бу ўқувчиларда «бегона» тилни нутқда қўллай олиш қийинчилик­ларини келтириб чиқарарди, тил ўрганиш жараёни узоқ вақтни ташкил қиларди. Бугун эса юртимиздаги минглаб ёш йигит-қиз ўз келажагини бир нечта тилларни мукаммал эгаллашда, деб билмоқда.

Албатта, бу жараён узоқ давом этади. Негаки, тил билиш, биринчи навбатда, коммуникатив компетенцияларни эгаллаш деганидир. Тил оғзаки ва ёзма нутқ, ўқиш ва тинглаб тушуниш каби компетенциялардан ташкил топ­ган, шунингдек, оғзаки ва ёзма равишда мулоқот қила олиш учун ўрганилади, луғат бойлиги ва грамматикани билиш эса тушуниш ва мулоқот учун хизмат қилади. Лексик ва грамматик билимлар коммуникатив компетенциялар орқали текширилиши мумкин, яъни инсоннинг оғзаки ва ёзма матнларни қай даражада тушуниши, ёзма ва оғзаки нутқини баҳолаш орқали унинг сўз бойлиги ва грамматик билимлари тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Aйнан шунинг учун ҳам хорижий тиллар бўйича халқаро миқёсда тан олинган барча имтиҳон тизимлари — инглиз тили бўйича IELTS, TOEFL ёки Cambridge Exams, немис тили бўйича TestDAF ёки Goethe-Zertifikat, француз тили бўйича DELF ёки DALF ва бошқалар — айнан нутқ малакаларини текширади.

Янги методлар, хорижий имтиҳон тизимлари, ташкил қилинаётган амалий курслар ўрганувчининг тилни аутентик материаллар ёрдамида ўрганиш, тилнинг ижтимоий ҳодиса сифатида ривожланишини, мулоқот орқали такомиллашиб боришини ва осон ҳамда тез ўрганиш имкониятини бермоқда. 

Бозор шароитида энг яхши сифатни таъминлаш механизми — бу «талаб ва таклиф занжири». Яъни, шахсий, таълимий ёки касбий мақсадларда хорижий тилларни ўрганишга бўлган табиий эҳтиёж ва бу эҳтиёжни қондириш учун мос методика, китоблар, ўқув муассасалари, тест тизимларини танлаш имконияти. Давлатнинг вазифаси эса — адолатли, очиқ, соғлом рақобат учун тенг имкониятларни таъминлаш ва сифат талабларига риоя этилишини холис назорат қилишдир. Хорижий тилларни ўқитиш ҳам ҳозирги кун талабидан келиб чиққан ҳолда, хусусий секторда, таълим-тарбия муассасаларида, индивидуал тарзда ўргатилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа талаб қилинмоқда. Натижа эса маълум. Чет тилида эркин мулоқот қила олиш қобилиятини шакл­лантириш ва жаҳонга рақобатбардош кадр­ларни етиштириб бериш, хорижда таҳсил оладиган ёшларимиз сонини кескин ошириш ва дунё­­га очилиш. Шу мақсадлар доирасида олиб борилаётган сиёсат, чиқарилаётган қарор ва қонунлар ўз натижасини кўрсатса ва тил ўрганиш имкониятлари кенгайса, ўз ишининг усталари бўлган мутахассислар тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5117-сонли қарори хорижий тиллар ўқитувчилари ва талабалари учун ўз мақсадлари йўлида олға қадам ташлашлари ва тил кўникмаларини ривожлантиришга ҳаракат қилиш­лари учун руҳий кўмак бўлди.  

Қарорга кўра 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб таълим муассасаларининг камида C1 даражадаги миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойда 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.

Хорижий тилларни ўқитиш масаласи Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари учун муҳим ташаб­буслардан бирига айланди. Бу амалий ишлар натижасида тил ўрганувчилар турли ютуқларга эришиб келишмоқда. Жумладан, Хорижий тиллар факультети бакалавр босқичи талабаларидан 200 га яқини турли халқаро ва миллий сертификатларни қўлга киритишди.

Узлуксиз таълимнинг барча босқичларида ёш авлодни чет тилларига ўқитиш сифатини яхшилаш, чет тилларида эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ушбу йўналишдаги ўқув дастурларининг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида чет тилларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизими жорий этилган. Узлуксиз таълим тизимининг барча босқичларида чет тилларини ўзлаштириш даражасини давлат таълим стандартларида белгиланган «Тинг­лаб тушуниш» (Listening), «Ўқиш» (Reading), «Ёзиш» (Writing), «Гапириш» (Speaking) кўникмалари асосида баҳолаб бориш механизми ишлаб чиқилган.

Бухоро давлат университети хорижий тиллар факультетида профессор-ўқитувчилар учун дарсдан ташқари вақтда тегишли мутахассислик фанларини чет тилида ўқитиш бўйи­ча хизмат кўрсатадиган курс­лар ташкил этилган. Тил ўрганишни хоҳловчи талабалар учун мулоқот даражасида тил ўргатиш бўйича интенсив курслар фаолияти йўлга қўйилган, мутахассисликлар бўйича атамалар луғатлари яратилган, чет эллик етакчи мутахассислар ўқув жараёнига жалб этилган, мутахассислик фанлари бўйи­­ча чет тилларида маърузалар ташкил этиш учун имконият яратилган. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, хорижий тилларни ўргатиш бўйича келажак учун мустаҳкам пойдевор бўладиган янги тизимни йўлга қўйиш вақти-соати келди.

Отабек ФАЙЗУЛЛАЕВ, 

Бухоро давлат университети 

кафедра мудири,

Меҳринигор АҲМЕДОВА,

доцент

Tegishli xabarlar

Темир йўл йўловчиларига яна бир қулайлик

admin

Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди

admin

Фалак тоқига юксалган аллома (22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун)

admin