ADOLAT 24

Ҳофиз анъаналарининг давомчиси

Халқ орасида “Яратган томонидан хушсадо, гўзал овоз ато этилган киши ярим шоҳдир”, деган ҳикмат бор. Байрамларда, тўйларда хушовоз хонандаларни халқимиз уйига чорлаб, меҳмон қилади. Хонишларидан баҳраманд бўлади. Обод ва фаровон юртда эса бундай кунлар кўп бўлади ва бу, ўз навбатида, яхши санъаткорларни элга танитади. Зеро, инсоннинг маънавий камол топишида, руҳан покланишида санъат асосий мезонлардан бири саналади. 

Ўз даврида эл ичра довруқ солган ҳофизимиз Фахриддин Умаровнинг бетакрор қўшиқлари ҳамон қалбларни жўш урдиради. Улуғ ҳофиздан ўзига хос санъат мактаби қолган. Ана шу мактабнинг пешқадам вакилларидан бири – хушовоз хонанда Ҳожимурод Умаровдир. У раҳматли Фахриддин Умаровнинг акасини ўғли бўлиб, болалигидан бу мактабнинг яхши хусусиятларини қалбига жо қилиб олган. 

Ҳожимурод Умаров ижросидаги тиниқ, ширали ва жарангдор қўшиқларни тингласангиз, Фахриддин акага монанд овоз ва оҳангдан сармаст бўласиз.  

Унга бу истеъдод ота-она­сидан ўтган. Дутор чертишни қойиллатадиган отаси Саидпўлат Умаров ва қўнғироқдек овоз соҳибаси бўлган Рихсибуви она уни Тошкентдаги мусиқа билим юртида ўқийдиган тоғаси Тўйчи Эргашевга шогирдликка беришади. Кейинчалик у амакиси Фахриддин Умаровдан андоза олиб “Азиз ватаним”, “Ҳилол эмасму?”, “Жамолинг” каби қўшиқларни ижро эта бошлайди. Шу-шу мактабдаги, тумандаги маданий, оммавий тадбирлар унинг иштирокисиз ўтмайдиган бўлди. 

Ҳожимурод Умаров овоз имкониятларидан унумли фойдаланиб, қўшиқчилик сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Мумтоз мусиқа санъатининг бетак­рор оҳангларини, устоз санъаткорнинг хонишларини идроклашга ҳаракат қилди. Қариндошларидан хабар олгани келган Фахриддин Умаров унинг қўшиқларини тинглаб, маслаҳатларини бериб турарди. 

Узоқ йиллар Қибрай туман маданият уйида фаолият кўрсатиш билан бир қаторда Ҳожимурод Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг иқтисод факультетида таҳсил олди. У кўп йиллар ўз мутахассислиги бўйича меҳнат қилса-да қўлидан тори тушмади. Ҳамон эл-юрт орасида хушовоз ҳофиз сифатида донг таратиб келмоқда. 

– Фахриддин Умаров таъбири билан айтганда “Ҳар қандай ғамнинг ҳам поёни бор!” Ўз даврининг довруғ қозонган машҳур ҳофизининг халқчил ва бетакрор қўшиқларини ҳамон миллионлаб мухлислари севиб тинг­лайдилар. Шунга яраша биз устоз ҳофизимизнинг санъат мактабини изчил давом эттиришни ҳам фарз, ҳам қарз, деб биламиз, – дей­ди Ҳожимурод ака. – Бугун давр бошқача. Президентимизнинг қатъий саъй-ҳаракатлари билан мумтоз санъатимизни қайта тиклаш ва ривож­лантириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Худди шу жараёнда биз ҳам элимиз қалбидан мангу жой олган Фахриддин Умаровнинг мумтоз қўшиқчилик мактабини бугунги ёшлар қалбига жо этишни шарафли бурчимиз, деб биламиз. Келажагимиз ҳисобланган ёшлар ота-боболари севиб тинглаган мумтоз оҳанглар оғушида улғайсалар, комил инсонлар бўлиб камолга етадилар. 

Саодат МУСАЕВА, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

Халқимиз кўнглидаги иш бўлди!

admin

“АДОЛАТ”ЧИ АЁЛЛАР ҒАМХЎРЛИКДАН МИННАТДОР

admin

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ

admin