ADOLAT 24

Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти ўрганилмоқда

Жорий йилнинг 27 октябрида бўлиб ўтадиган Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови олдидан партиянинг барча ҳудудий кенгашларида сиёсий ўқувлар бўлиб ўтмоқда.

Семинарни Робахон Махмудова кириш сўзи билан очиб, сайлов кампанияси даврида партия томонидан келгусидаги мақсад ва режаларни белгилаб олиш, жараёнга пухта ва аниқ стратегик режалар билан тайёрланиш муҳим аҳамият касб этишига тўхталди. Шу мақсадда ўтказилаётган мазкур семинар ҳам, энг аввало, ҳар бир «адолатчи»нинг сайловда партияни қўллаб-қувватлаши, бу борада тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. 

Шундан сўнг «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги маърузаси йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.

Қайд этилганидек, 2023 йил 18 декабрда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан мамлакатимизда парламент қуйи палатаси сайловлари мутлақо янгича тизим – мажоритар-пропорционал сайлов тамойил­ларини ўзида мужассамлаштирган аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши белгиланди. Айтиш жоизки, Ўзбекистон дунё конституционализм амалиётида аралаш сайлов тизимини жорий этган 37-мамлакат ҳисобланади.

Семинар давомида Сиёсий Кенгаш раиси ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш, сайлов кампания­сининг турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари ҳамда муҳокамага сабаб бўладиган масалалар юзасидан жавоблар ва партияларнинг позициялари юзасидан маъруза қилди. 

Партия етакчиси аралаш сайлов тизимида ҳар бир овоз учун кескин кураш кетишини яхши англаган ҳолда сиёсий партиямизнинг сайловчиларнинг юксак ишончини қозониш, орзу-истак­ларини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи асослантирилган таклифлар ва ташаб­бусларни, эзгу ғояларни илгари суришини талаб этишини таъкидлади. 

Шунингдек, семинарда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов кенгаш томонидан сайловда муносиб иштирок этиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар, ишлар режаси бўйича йиғилганларга маълумот берди. 

Семинар якунида маърузачилар ва маҳаллий кенгашлар раислари сайлов кампанияси тадбирларини юқори савияда ўтказиш, сайловчиларнинг партияга қизиқишини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалиётга жорий қилиш бўйича таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Андижон вилояти

 Андижонда ўтказилган ўқув семинарида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Абдукамол Рахмонов, партиянинг вилоят кенгаши раиси Мадаминжон Мадазимов мамлакатимиз сайлов қонунчилиги йиллар давомида такомиллашиб бораётганлиги, сайловлар жараёнида сиёсий партияларнинг иштироки ҳам фаоллашаётганини таъкидлашди.

Жорий йилда мамлакатимизда Ўзбе­кистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Эътиборли жиҳати, жорий йилги сайлов янги таҳрирдаги Конс­титуцияда белгиланган мутлақо янги ижтимоий-сиёсий муҳит – аралаш сайлов тизими, яъни, мажоритар ва пропорционал тизим асосида ўтказилади. Мазкур жараён, айниқса, сиё­сий партиялар етакчилари ва аъзоларидан алоҳида фаоллик талаб этади.

Партиянинг вилоят, туман, шаҳар кенгашлари раҳбарлари, масъул ходимлари, фаоллари иштирокидаги ўқув семинарида янгича сайлов жараёнлари, мажоритар ва пропорционал тизим мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Ўқув семинарда мутахассисларнинг “Аралаш сайлов тизими: мазмун-моҳияти, ўзига хос жиҳатлари, хорижий тажриба таҳлили ва ушбу тизимда сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар”, “Ҳудудий партия ташкилотлари раис­ларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш: сайлов кампанияси турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари” мавзуларидаги маърузалари тинг­ланди.  

Иштирокчилар томонидан маърузалар, сайлов жараёнлари, мазкур жараёнда партиянинг иштироки борасидаги ишларни самарали ташкил этиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

Қорақалпоғистон Республикаси

Сайловда фаол иштирок этиш ва муносиб номзодларни илгари суриш долзарб вазифа бўлиб, бу сиё­сий партиялар зиммасига катта масъулиятни юклайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан партиянинг Қорақалпоғис­тон Республикаси Кенгаши ва маҳаллий кенгашлари ходимларини сайлов жараёнларига муносиб тайёрлаш мақсадида «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида сиёсий ўқув ўтказилди.

Унда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов, партиянинг Қорақалпоғис­тон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибой Қаипбергенов, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Сиёсий ўқувда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти, хорижий тажриба таҳлили ва ушбу тизимда сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар юзасидан маърузалар қилинди. 

Шунингдек, бўлажак сайловда қўлланилаётган янгича сиёсий амалиёт – аралаш сайлов тизими, бу бўйича ўқув иштирокчиларининг билими ва тизимдан хабардорлигини янада оширишга қаратилган масалалар ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Маърузачилар томонидан ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига муносиб тайёрлаш, сайлов кампанияси даврида партия ташкилоти иш фаолиятида самарадорликни ошириш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Бухоро вилояти 

Бухоро вилоятида ҳам бўлажак сайловларни юқори савияда ўтказиш ҳамда ходимларнинг амалдаги сайлов қонунчилиги, янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган муҳим нормалар бўйича сиёсий билимини кучайтиришга киришилди. Шу мақсадда партиянинг вилоят кенгаши вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, туман, шаҳар кенгаши раислари иштирокида сиё­сий ўқув машғулотлари ўтказилди.

Ўқувда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратов томонидан сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар, янги сайлов тизими ҳамда «E-saylov» ахборот дастури бўйича маъруза қилинди. Шунингдек, сайлов мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётидаги энг муҳим сиёсий жараён эканини, унда аҳоли, айниқса, ёшларнинг фаол иштироки мамлакат тараққиётини белгиловчи юксак мезон саналиши алоҳида таъкидланди.

Ўқув давомида ўтган Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва таклифларнинг вилоятдаги ижроси ҳам таҳлил қилинди ҳамда бўлажак сайлов олдидан тайёргарлик ишларини тизимли ташкил қилиш бўйича масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Навоий вилояти

«Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусида Навоий вилоят кенгаши ходимлари ҳамда туман-шаҳар партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига тайёрлаш бўйича ўқув машғулоти ташкил этилди.

Семинарда «Адолат» СДП Сиё­сий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратов маъруза қилиб, унда сайловларнинг аҳамияти, янги таҳрирдаги Конституцияга сайлов бўйича киритилган ўзгаришлар ва имзо йиғиш жараёнида фуқаролар томонидан эътибор берилиши керак бўлган вазифалар юзасидан маълумотлар бериб ўтди.

Ўқув машғулоти давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.

Сурхондарё вилояти

Айтиш жоизки, яқинлашиб келаётган юртимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови янги таҳрирдаги Конституция кучга кирганидан кейин илк бора бўлиб ўтадиган ўта муҳим сиёсий жараёндир.

Бунда ҳокимиятнинг ягона манбаи бўлган халқ ўзининг ушбу ваколатини айнан сайловлар орқали амалга оширишини унутмаган ҳолда партиялардан ташаббус, амалий натижалар кутади. 

Партиянинг Сурхондарё вилоят кенгашида Сиёсий Кенгаш томонидан ўтказилган «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусидаги сиёсий ўқувда сурхондарёлик «адолатчилар» фаол иштирок этишди.

Ўқув машғулоти аввалида «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев сўзга чиқиб, сайловни кураш майдони деб билишни, майдонга тушган полвон фақат ғалаба учун интилгани каби партиядошларимиз ҳам бу борада фаол бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлади. 

Ҳа, азал-азалдан алп келбатли полвонлар юрти бўлган Сурхон воҳасида ор учун кураш тушилган ва бу юртнинг танти, мард инсонлари учун ғурур ҳар недан-да, устун турган. Бу сўзлар партия ходимлари, шаҳар ва туман кенгашлари фаолларини руҳлантирди, кўтаринки кайфият бағишлади, дейиш мумкин.

Жараён давомида партия 2024 йилги парламент сайловларига ўзининг мутлақо янги стратегияси билан кириб келиши белгиланганлиги, сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегия доирасида партия халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини инобатга олишни мақсад қилиб қўйгани қайд этилди. 

Ўқув иштирокчилари ўртага ташланган мавзулар юзасидан ўзаро савол-жавоблар асосида сайлов ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳиятини ўрганишди.

Наманган вилояти 

“Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида бўлиб ўтган сиёсий ўқувда аппарат ходимлари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари иштирок этди.

Семинарда «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси биринчи ўринбосари Абдукамол Рахмоновнинг «Ҳудудий партия ташкилотлари раис­ларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш: сайлов кампаниясининг турли босқичларида партия ташкилотларининг вазифалари ва партиянинг позициялари ҳақида»ги маърузаси тингланди.

Шунингдек, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартириш­лар» ҳамда партия вилоят кенгаши раиси Исроилжон Жўраевнинг «Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларнинг хусусиятлари» бўйича маърузалари эшитилди.

Сиёсий ўқув сўнггида иштирокчилар ўртага ташланган мавзулар юзасидан барча саволларга жавоблар олишди.

Тошкент вилояти ва 

Тошкент шаҳри

«Адолат» СДП Марказий аппаратида бўлиб ўтган сиёсий ўқув машғулотида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий кенгашлар раислари ва масъуллари иштирок этишди.

Ўқув машғулотининг асосий мақсади – партия фаолларини сайлов жараёнларига тайёрлаш ва уларга зарур билим ва кўникмаларни етказишдан иборат бўлди.

Тадбир аввалида партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова сайлов бу ҳар қандай сиёсий партия учун ўтган даврдаги фаолиятига чинакам баҳо бериладиган муҳим сиё­сий жараён бўлиши билан биргаликда, вакиллик органларига ўз номзодларини кўпроқ сайлаш орқали мақсад ва ғояларини самарали амалга оширишда, жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда, бир сўз билан айтганда, келгусидаги муваффақиятларини таъминлаб берувчи асосий имконият эканлигини таъкид­лаб ўтди.

Шунингдек, партия етакчиси ушбу муҳим сиёсий жараёнда партиянинг муваффақияти кўп жиҳатдан партия вакиллари ва кадрларининг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлиги ва касбий салоҳиятига боғлиқ эканлигига урғу берди.

Тадбир давомида партия Марказий аппаратининг масъул ходимлари ҳамда экспертлар томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилиниб, иштирокчиларга сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти юзасидан қимматли маълумотлар берилди. 

Қашқадарё вилояти

Ҳар қандай демократик жараёнлар ичида энг муҳими ҳисобланган сайловларни фақат қонун доирасида амалга оширилишига эришиш ва унда фаол иштирок этиш муҳим аҳамият касб этади. Бўлажак сайловларда юртимиздаги сиё­сий партиялар ролини ошириш, уларнинг ўз кучи, мақсад ва имкониятларини амалда намоён этиши учун аралаш, яъни мажоритар-пропорционал сайлов тизими жорий этилди.

Шу муносабат билан «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан «Сайлов қонунчилиги ва сиёсий партиялар фаолиятига оид қонунларнинг мазмун-моҳияти» мавзусидаги ўқув машғулоти партиянинг Қашқадарё вилоят кенгашида бўлиб ўтди.

Дастлаб «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроевнинг ҳудудий партия ташкилотлари раисларини сайлов жараёнларига олдиндан тайёрлаш, сайлов кампаниясининг турли босқичларида партиялар позициясига оид чиқиши кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортди ва қизғин савол-жавоблар ҳамда баҳс-мунозараларга кенг йўл очди.   

Шундан сўнг сиёсий ўқув иштирокчилари партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Иномжон Қудратовнинг «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар» мавзусидаги маърузасини тингладилар. Маърузачи аралаш сайлов тизими, фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданияти, хорижий тажриба, сиё­сий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар ҳақида фикр юритди.

Шунингдек, сайловга оид қонунлар, депутатликка номзодлар кўрсатиш, дебатлар, партия дастури, сайловга имзо тўплаш жараёнлари юзасидан бериладиган саволларга ҳаётий мисоллар орқали жавоб қайтарилиб, бу каби сиёсий ўқувларни тизимли ўтказиш ва бунда партиядошларимизнинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Хоразм вилояти

Сайлов кампанияси арафасида партия тизимидаги ходимларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, уларнинг сайловда партиянинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган таклиф ва ташаббусларини инобатга олишга қаратилган сиёсий ўқув жараёнлари ҳудудларда уюшқоқлик билан ташкил этиляпти. 

Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-ама­лий тиббиёт маркази Хоразм филиали мезбонлигида ўтказилган нав­батдаги ўқув ҳам савол-жавоблар, қизғин муҳокамаларга бой бўлди.  

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Расулов бошчилигида ташкил этилган ўқувда вилоят кенгаши ходимлари, шаҳар ва туман кенгаши раислари, партия хайрихоҳлари ва бир гуруҳ ёшлар сайлов қонунчилиги борасидаги билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бир қатор сиёсий мавзуларни ўрганишди. 

Жумладан, «Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар», «Аралаш сайлов тизимининг мазмун-моҳияти» мавзулари мисолида сиёсий партиялар эътибор қаратиши зарур бўлган жиҳатлар ёритилган тақдимот ва маърузалар орқали йиғилганларга атрофлича маълумот ва тушунчалар берилди.

Шу билан бир қаторда сайлов кампанияси доирасида партиянинг аҳоли орасида танилувчанлигини ошириш, илгари сураётган ғоя ва ташаббусларидан фуқароларнинг хабардорлигини ошириш бўйича қилиниши керак бўлган вазифалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

Аёлларнинг сиёсий фаоллиги янада қўллаб-қувватланади 

admin

Адлия вазири, партия Сиёсий Кенгаши аъзоси “Дўстлик” ордени билан мукофотланди

admin