ADOLAT 24

Бургутни какликка айлантирмайлик

Ҳар бир йигит учун болалигиданоқ биринчи идеал қаҳрамон ҳамиша отаси бўлиб келган. Отамиз тимсолида куч-қудратни, бош­қарувчанликни, бир сўзли бўлишни ўрганамиз. Боиси оиладаги манъавий-маърифий, иқтисодий муҳит барқарорлиги оила бошлиғининг қатъияти, масъулиятига узвий боғлиқ. Шунданми уларга нисбатан муносабат, азалий қарашлар ўзига хос бўлган. Масалан, ҳали-ҳануз миллий одатларимизга кўра эркак киши келаётганда хотин-қизларнинг унга рўбарў юриб келиши, йўлини кесиб ўтиши номақбул саналади.  Юқоридаги фикрлар орқали айтмоқчи бўлганим – китоб­ларда ёзилмаган, бироқ одатга айланган миллий анъаналаримизда эркак кишининг салобати, улуғворлиги мужассам. Аммо ҳозир-чи? Ҳаётимиз сония сари ўзгараётган ҳамда ғарб ва шарқ маданияти турли ташқи омиллар орқали “омухта” ўзлаштирилаётган бир пайтда ўзбек оилаларидаги ота қатъияти, йигитлик ғурури, ор-номус, лафз тушунчаларини аввалгидек сақлаб қола оляпмизми? Жавоб беришга келганда ер чизиб қолаётганимиз оғриқли томонимиз эмасми? 

Ҳа-а, эркак, эркак…

Ижтимоий тармоқлар чиқди, хўп киройи иш бўлди-да. Нега дейсизми? Биргина қўлимиздаги кичик қурилма орқали ҳар қандай маълумот, ОАВ маҳсулотини осонликча қабул қила оламиз. Бундай интернет манбаларида юксак савиядаги медиа маҳсулотларидан тортиб, қайнона-келин можароси, машҳурларнинг “эртакнамо” ҳаёт тарзи акс этган контентлардан истаганингизча топилади. 

Лекин улардаги қаҳрамонлар… Масалан, инстаграм тармоғида кўплаб йигитлар рақсга тушиш, қўшиқ айтиш орқали аудитория йиғишга зўр беряпти. 

Севган қизи ташлаб кетгани учун кўприкдан сакрамоқчи бўлган, иши юришмаганда айюҳаннос солиб, муаммоларини айтганча кўзёш тўкадиганлар ҳам кун сайин ортиб боряпти. Хотинчалиш, на йигитлигини, на аёллигини билиб бўлмайдиган нусхалар пайдо бўлмоқда. Бундай ҳолатлар миллатнинг асл йигитлари шаънига доғ бўлиб тушмоқда. Натижада инстаг­рам тармоқларида уларга нисбатан эътирозли фикрлар янг­рамоқда: 

Йигитлар томонидан “Ҳа-а, эркак, эркак…”, “Ўзбекистонда газ ёки свет тугаса ҳам бундайлар тугамайди” қабилидаги изоҳлар ёзилса, қизлар томонидан “Армия ўзимизга қолиб кетди”, “Дуго­налар, сафимиз яна биттага ортди” кўринишида фикрлар қолдирилган. Катта авлод вакиллари эса “Афсус, сен туғилганингда отанг бечора ўғил кўрдим, деб элга ош берганди”, “Сенгамас, ота-онанг­га қийин бундай иснодни кўтариб юриш” дея изоҳлар ёзишган. 

Адабиётимизнинг таниқли дар­ғаси Чўлпон халқимиз бошига оғир истибдод занжирлари солинган ўша машъум даврда, қони қайноқ, миллатпарвар асл эр йигитларга чорлов сифатида ўтинч билан “Юрт эгаси – сор бургутлар қаерда?” деб ёзади. Мажозан олганда, бугун айрим йигитларимиз бургут эмас, майна бўлиб қолаётгандек… 

Буни кўпчилик ғарб таъсири, деб баҳоламоқда. Лекин шарқона фарзанд тарбияси миллатимизда ҳамиша эътибор марказида бўлиши, дилбанд камолоти эса кечиктириб бўлмайдиган масъулият эканини инобатга олсак, нега жамоатчилик бунга бефарқ бўляпти? Ижтимоий тармоқлар орқали бундай “йигитлар”нинг танилишига сабаб­чи бўлаётганимиздан кўра уларни тартибга чақириш ўринли эмасми? Муаммо илдизи эса оилага бориб тақалади. Ҳа, яна оила… 

Оилада аёл бош бўлса … 

…Ўқишга бориш учун қўшни туманга қатнайдиган автобусга чиққанман. Йўловчилар асосан нуронийлар, ёшлар, хотин-қизлардан иборат. Бир бурчакда жуссаси кичик келин тиши оғриётгани учун дастрўмолини ёноғига босганча, ёнида ўтирган эрига баланд овозда гапириб келяпти: “Кеча Шерзоднинг оқ кўйлагини ювмабсиз. Мана, болам бояқиш, кир кўйлакда кетди мактабга. Бундай уй юмушларини қачон ўз вақтида бажарасиз? Аёл ҳолим билан бозор қилиб, кечани кеча, кундузни кундуз демай, оёғимдан заx ўтказиб, сизларни боқяпман. Нима, оғирлик қиляптими уйда ўтириш?! Чиқинг бозорга, менинг ўрнимда ўтиринг, жон дейман уйда қолиб, бекалик қилишга”. Эркак бундан ажаб­ланмас, хотинининг таъна-ю дашномларини эшитиш одатий ҳолми, парво қилмайди. Келиннинг бўлса бора-боргунча эрига айтмоқчи гап­лари қайнар хумча мисол “тошиб” чиқаверади. Буларни эшитаётган йўловчилар орасида ёши тахминан 75-80 даги отахон ниҳоят “ёрилди”. 

– Келинпошша, бу кимингиз?

– Эрим. Эрим бўлгани билан рўзғор менинг гарданимда. Уйда ўтиради, мен эса кўчада. 

– Ия, куёвтўра. Салобатингиз бор, бардамгина экансиз. Хотинни ишлатиб, уйда ўтириш мақбул ишми? Уялинг. 

Йўловчилардан кўпи эрнинг ношудлигидан гапирса, айримлари аёл бечорага ачинарди. Мени эса ўша оилада тарбия олаётган фарзандлар тақдири ташвишлантирарди. Ўкинчимдаги сабаб эса оиладаги муҳит бузилган, масъулият борасида эркак ва аёл ўрни алмашиб қолган. 

– Бугун ўзбек аёли оилада ҳукмронликни даъво қилмоқда, – дейди олий тоифали психолог-консультант Муножат Шерова. – Янги келинчаклар, ёш оналарнинг оилада гегемонликка интилиши, ўз фикрини эрига ўтказишга уринишини нормал ҳолат, деб бўлмайди. Эрини болаларининг олдида изза қилувчи, ҳатто болаларини отаси айтганини бажармасликка ундовчи аёллар, афсуски, кўпайиб бормоқда.

Психолог фикрича, бугун Ўзбекистонда эркаклар аёлларга нисбатан ўртача ҳисобда 5-8 йил кам умр кўришяпти. Чунки уларнинг организми жисмонан бақувват бўлса-да, маънавий-маиший муаммоларга, қийинчилик­ларга нисбатан чидамсиз. 

Бошқа сабаблар ҳам бор… 

Давлат қадриятларга асосланган оилада тарбия оладиган баркамол фарзандлар билан ўз келажагини қура олади. Ота-онанинг жараёндаги роли муҳимлигини инобатга олсак, ота бир сўзли бўлиши, фарзандлар ундан ҳайиқиб туриши керак. Айниқса, ўғил болалар. Хўш, айрим ўғил болаларнинг аёлмонанд бўлиб қолаётганига, муаммо ва тўсиқлар олдида ожизлик қилаётганига яна қайси омиллар сабаб бўляпти? Шу савол билан турли соҳа вакилларига юзландик. 

– Мактабларда 20-30 йилдан буён таълим ва тарбия бериш асосан аёл ўқитувчилар қўлида қолиб кетяпти, – дейди Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи Олимжон Тошбоев. – Болалар уйда онадан, мактабда муаллимадан сабоқ ола бошлади. Ва аксар ҳолларда бу ҳолат ўғил болаларда йигитлик хусусиятларининг шаклланишига, метин ирода соҳиби бўлишига халақит беряпти. Муаммонинг асосий сабаби сифатида мен шуни келтира оламан. Чунки тарбияни ўғил бола эркакдан олиши керак. Шундан келиб чиқилса, мактаб­ларга эркак ўқитувчиларни қайтариш керак. 

– Яқинда бир таниқли шахснинг ўғли ўз жинсини ўзгартиргани ўзбек аудиториясида катта норозилик резонансини вужуд­га келтирди, – дейди “Тонг юлдузи” газетаси ижодий ходими, журналист Ҳусниддин Ғуломжонов. – Аслини олганда, тармоқларда мана шу каби ўзбекчиликка ёт ҳаракатлар, мафкуралар фаол тарғиб қилинаётганининг салбий оқибатлари айнан сиз айтган ҳолатлардир. Омма бунга кўникяпти, муросасизлик кайфияти паст. 

Дард устига чипқондек… 

Халқимизда бир пурмаъно фикр бор: “Топган – гул, топмаган – бир боғ беда”. Ижтимоий тармоқлардан мавзу доирасида топ­ган оғриқли мисолларимиз бир боғ эмас, бир том бўлиб кетгандек. Яқинда телеграмда турмуш ўртоғининг машинасида 68 маротаба маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган ва 28 миллион сўмлик жарима тўловини қайнотасига тўлатган куёв ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. 

Бир аёл блогер ёзяпти: “Ҳамма эримни ландaвур, хотинқули дейишади. Буни қарангки, хотинини урадиган, у билан баб-баробар айтишадиган эркакларда аёллик гормони кўп бўларкан. Бундан кўринадики, менинг эрим – ҳақиқий эркак. У ҳеч қачон мен билан жанжаллашмаган. Айтганимни қилган. Мен нима десам, шундай бўлади”. Бамайлихотир кимнинг эри ҳақиқий, кимники хотинчалиш эканини айтиб ўтирадиган, “оила бошлиғи” бўлган аёл блогерга кўпчилик эътироз билдиришди. 

Инстаграмга кираман. Таниқли йигитлар чиройини кўз-кўз қилиш орқали ўзини бозорга солаётганини кўриб ажабланаман. Чунки шундай йигитларга қизлар танишайлик, деб ёзишаркан. Ахир, авваллари оила қуришда қизлар томон йигитлар ташламаган эдими дастлабки қадамни? 

Ваҳоланки, бугунги тармоқ вайн­ларида тутyриқсиз мавзуларни олиб чиқишдан чарчамайдиган “қаҳрамон” блогерларимиз эр ва хотин ўртасидаги муносабатларда эрни хотиндан қўрқадиган шахс эканини, дам олиш ёки чойхонага боришда хотинидан рухсат олишини тарғиб қилмоқда. Буларни кўраётган ёшлар бундан қандай хулоса олади, билолмадим… Дард устига чипқон деганлари шу бўлса керак. 

Келинг, шу ўринда ўзбек оилаларидаги ота ўрнини бир таҳлил қилайлик. Кўп ҳолатларда фарзандлар отасига фикрларини очиқ-ойдин айта олмайди, айниқса, қиз болалар онаси воситачилигида отаси билан мулоқот қилади. Эркак аёлини ўз исми билан чақирмайди, балки катта фарзандининг исми билан мурожаат қилади. Бу эса оилада маънавий-ахлоқий муҳит барқарорлигини кўрсатадиган омиллардан бири. 

– Оилада 1 ўғил, 6 қиз катта бўлганмиз, – дейди 66 ёшли Мақсуда ая. – Онам раҳматлик бўйга етиб, то турмушга чиққунимизча дадамнинг гап-сўзларини, танбеҳ ёки юмушларини бизга айтиб турган. Ўзингиз биласиз, 6 қиз 6 хил характер, дегани. Ишонмаслигингиз мумкин, опа-сингиллар бир маротаба бўлса ҳам тортишмаганмиз. Чунки онам: “Ҳой, даданг сезмасин. Жаҳли чиқса, яхши бўлмайди”, дердилар. Отамиздан қўрқардик, тик қараш хаёлимизга келмасди. Вақтлар ўтиб, ота-она­мизнинг раъйи билан турмушга чиқдик. “Эринг – пиринг” деб уқтиришган бизга. Ҳомиладорлик пайтида уйга келсак, озгина ўтирганимиздан кейин онам: “Энди кўзинг ёримагунча, отанг ва аканг олдида бундай юриш жоизмас”, деб келинлик уйи­мизга қайтариб юборарди. Ҳозир-чи? Аёл бир сўм топса, эрни ҳурмат қилмайди, оилада бош бўлишга интилади. Ажралишлар сонининг ошаётгани ҳам шундан эмасми? Оилада ҳурмат ва ишонч ҳукм сурса, аёллар эри билан тортишмасдан, хўп деса, бахт қўрғони мустаҳкам бўлишини унутмаслик керак. 

– Илгарилари ўзини бир неча ёшга каттартириб, уруш оловига юз тутганлар адоқсиз эди, ҳозир бир ойлик армияга боришдан ҳадиксираётганларни кўриб юртни Алпомишлар ташлаб кетдими, деб ўйлайман, – дейди журналист Суғдиёна Саид. – Ҳатто аёл доминантлик қилган ғарб кинофильмларидан мутаассир айрим миллий киноларимизда ҳам эркак эмас, айнан аёл устуворлик қилган саҳналарга дуч келасиз. Мазкур эпизодлар аудитория­га ўз таъсирини ўтказмай қўймайди, албатта. Тағин бир жиҳат – охирги пайтларда аксар аёллар оиладаги моддий таъминотни, бошқарувчанликни ўз бўйнига олган. Шундан кейин ҳам ўша «ожиза» эркакка қуллуқ қиладими?! Менимча, аёллар ўрни келганда ҳатто рўзғордаги кичик ишларда ҳам лутф ила умр йўлдошидан кўмак сўрагани маъқул. Шунда эркак ўзининг оиладаги ўрнини чуқурроқ англайди. Бош­қача айтганда, бургутни макиён какликка айлантирмайлик!

Мухтасар қилиб айтганда, эркак – оила ҳимоячиси, бахт қўрғонининг асосий устуни. Унинг ҳурматини жойига қўйган аёл оилада тотувликни таъминлайди, фарзандлари тарбиясида улкан ютуқларга эришади. Шундай оилаларда камол топган йигитларгина аёлларни эъзозлашни, кези келганда, хонтахтага мушт тушириб бўлса ҳам тартиб ўрнатишни ўрганадилар. Индаллоси, йигитларнинг қиз бола характер бўлиб қолмаслиги, жинс этикасида алмашинув кузатилмаслиги ҳам айнан шунга боғлиқ. Демак, оилада эркакнинг ўрнини мустаҳкамлаш учун жамиятдаги умуминсоний қадриятларга зид тарғиботларга қарши курашиш, оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитни иҳоталаш керак. Агар бунга эътиборсизлик давом этса, жамият учун фожиага айланиши ҳеч гап эмас. 

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,

“Адолат” СДП Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Tegishli xabarlar

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас… Аёл бир йил ичида икки марта пора олаётиб қўлга тушди

admin

“Меҳрим кўп, улашгим келади…”

admin

ОНА ЗАМИН ҚАЛҚОНИ

admin