ADOLAT 24

МЕН “АДОЛАТ”НИ ТАНЛАДИМ!

Хабарингиз бор, 31 июль куни Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиниб, уларга партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилганди. Сайлов қонунчилигига кўра, сиё­сий партиялар бўлажак сайловда иштирок этиши учун камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Ҳар қандай мамлакат сиёсий ҳаётидаги муҳим жараёнлардан бири, бу – сайлов. Партиянинг мавқеи ва нуфузи ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишига боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан ҳудудларда ўтказилаётган имзо йиғиш жараёнлари қизғин паллага кирди. Бу жараёнда партиямиз томонидан сайловчилар ишончини қозонишга, олдинда белгиланган устувор вазифа ҳамда мақсадларни тушунтириш ва маълумотлар беришга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Сирдарё вилояти

«Адолат» СДП томонидан ўтказилаётган шундай тадбирлар Сирдарёда ҳам кенг қанот қоқиб, вилоятдаги «адолатчилар» аҳолининг турли соҳа вакилларини бир мақсад атрофида бирлаштирди. Жумладан, партиянинг Сирдарё вилоят кенгаши томонидан Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмасида ташкил этилган имзо йиғиш жараёнида Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлар ходимлари, партия фаоллари, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар иштирок этди. 

Партия етакчиси имзо йиғиш жараёнини кузатар экан, унда қатнашаётган сайловчиларнинг партия фаолиятидан қай даражада хабардорлиги, лойиҳа ва ташаббуслари бўйича фикрларини билишга қизиқди. Қайд этиш жоизки, партия электоратининг катта қисмини ташкил этадиган тиббиёт соҳаси вакилларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатда соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, тиббий маданиятни юксалтиришда соҳа ходимларига елкадош бўла олади. 

Ўтган даврда партиянинг ғоя ва мақсадларидан келиб чиқиб, барча ҳудудларда бўлгани каби Сирдарёда ҳам «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!», «Бор меҳримиз сенга, болажон!», «Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида!», «Қандли диабетга қарши курашиш ҳафталиги» лойи­ҳалари асосида кенг кўламли тадбирлар ташкил этилди. Мулоқотларда асосан сайловчилар манфаати, орзу-истаклари рўёбига қаратилган таклиф ва ташаббусларни илгари суриш, уларни амалиётга татбиқ этиш орқали кўламдор натижаларга эришиш партиянинг диққат марказида эканига урғу берилди. 

Робахон Махмудова жараёнга жалб этилган партия вакиллари билан суҳбат чоғида бу йилги сайловларнинг ўзига хос томонлари, амалдаги сайлов қонунчилигида рўй бераётган ўзгариш ва янгиликлардан бохабар бўлиб бориш, бу борада партия хайрихоҳларининг сиёсий билимларини ошириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, сирдарёлик «адолатчилар» бўлажак сайловда фаоллик билан қатнашишига, «Адолат»нинг ғоялари ҳар бир маҳалла, хонадонга кириб боришида жонбозлик кўрсатишига ишонч билдирди. 

Андижон вилояти

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан ҳам жойларда аниқ режа асосида ташкил этилаётган тадбирлар партияга хайрихоҳ бўлган кўнгилли фуқароларимизнинг фаоллиги билан ўтмоқда. Жумладан, Хонобод шаҳрида ўтказилган имзо йиғиш тадбирига маҳалла фаоллари биринчилардан бўлиб чиқдилар.

– Мен «Адолат» партияси фаолиятини узоқ йиллардан буён қизиқиш билан кузатиб бораман, – дейди фуқаро Ўткирбек Зокиров. – Партиянинг тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш, айниқса, сифатсиз дори воситалари савдосига қарши фаолият олиб бораётганлиги менга маъқул. Ишонаманки, сайловларнинг Ватанимиз тараққиётидаги аҳамиятини яхши англаган юртдошларимиз ушбу муҳим сиёсий жараёнда муносиб иштирок этадилар.

Партиямизнинг сайловда иштирокини қўллаб-қувватлаётганлар «Адолат» СДПнинг фаолияти, мақсад ва ғоялари тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Партиямизнинг жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, таълим тизимига ўзгартиришлар киритишга қаратилган ташаббус­лари аҳоли вакиллари томонидан эътироф этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси

Нукус шаҳридаги «Дўстлик уйи»да партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган имзо тўплаш жараёнида кўплаб қора­қалпоғистонлик юртдошларимиз партия мақсад ва вазифаларини маъқуллаб, фуқаролик позициясини имзо варақаларида намоён этди. Қувонарлиси, партияни қувватловчилар орасида турли миллат вакиллари, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар кўпчиликни ташкил этмоқда.

 – Партиянинг Қорақалпоғистон кенгаши билан ҳамкорлик алоқаларимиз давом этаётганига кўп вақт бўлди, – дейди Рус миллий-маданий маркази ходими Светлана Лихицкая. – “Адолат”нинг айнан миллатлараро дўстликни тарғиб этишга қаратилган самарали лойиҳаларини юксак баҳолаб, марказимизда тадбирлар, дўстлик кечаларини улар билан ўтказишга катта эътибор беряпмиз. Ҳамкорлигимиз давомий бўлиши учун ўз имзомиз билан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватладик. 

Жараён партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» аъзолари иштирокида иш, хизмат, ўқиш ва яшаш жойи, шунингдек, имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда очиқ-ошкора амалга оширилмоқда.

 Бухоро вилояти

Сайлов жараёнининг муҳим қисми бўлган имзо йиғиш жараёнлари Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят кенгаши томонидан уюшқоқлик билан бошлаб юборилди. Санитария ва эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати Бухоро шаҳар бўлимида партия вакиллари томонидан имзо берувчи кўнгиллиларга шароитлар яратилди.

– «Адолат» партиясига ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўнгилли равишда имзо йиғиш жойига келдим, – дейди бўлим ҳамшираси Хуршида Абдурасулова. – Партия фаолияти мени доимо қизиқтирган. Масалан, ўтган июнь ойида вилоят кенгаши томонидан ўтказилган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз хайрия донорлик акциясини кузатиб, партия­нинг бундай савобли лойиҳалари кўп эканини билдим. Шу жиҳатдан ушбу партиянинг сайловда иштирок этишини истаб, имзо чекдим.

Имзо йиғиш жараёнида партия Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Иномжон Қудратов ҳам иштирок этиб, яратилган шарт-шароитлар, тарғибот воситалари ҳолати билан танишди. Шунингдек, ҳудудий кенгашнинг масъул ходимларига жараённи юқори савияда ўтказиш учун ўз тавсияларини берди.

Жиззах вилояти

Жиззах вилоят кенгаши томонидан ҳам жойларда партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини йиғиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирлари давом этмоқда. Улардан бири Ўзбекис­тон Миллий университети Жиззах филиалида бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, депутатлар, университет ўқитувчилари ва талабалари, бошланғич партия ташкилоти аъзолари иштирок этишди.

– Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш сайловчининг ихтиёрий хоҳиши ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Миллий университети Жиззах филиали ўқитувчиси Сарвиноз Отамуродова. – Бунинг учун сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан яқиндан таниш бўлиши керак. Шу ўринда жойлардаги бош­ланғич партия ташкилотлари раислари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиянинг «Аёллар қаноти» ва «Ёшлар қаноти» аъзоларининг ёрдами билан бу жараён қамрови кун сайин ортиб бораётганини таъкидлаш ўринли. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро ушбу жараёнга бефарқ эмаслигини уларнинг имзо тўплаш пайтидаги фаоллиги орқали ҳам кузатишимиз мумкин.

Жиззах вилоят кенгаши раиси ўринбосари Пўлат Ҳамзаев томонидан фуқароларга сиёсий жараёнларда партия томонидан амалга оширилаётган ишлар, имзо тўплаш жараёнининг мазмун-моҳияти, сайловда фаол иштирок этиш ҳамда партиянинг иштирокини қўллаб-қувватлашга доир имзо варақасини тўлдириш талаблари ва мақсади тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди. 

Самарқанд вилояти

Партиянинг Самарқанд вилоят кенгаши раис ўринбосарлари А.Холиқов, Л.Сайидова ҳамда Ургут туман кенгаши раиси З.Абдураҳмоновалар бошчилигида Ургут туман Тиббиёт бирлашмасида имзо йиғиш тадбири ўтказилди. Унда 300 га яқин юртдошимиз партиянинг амалга ошираётган ишлари, турли соҳалар ривожига қаратилган таклиф ва ташаббуслари билан танишиш баробарида ўз имзо­лари билан партиянинг жорий сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватлашди.  

– Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ёшларга имкониятлар эшиги очилишида етакчилик вазифасини бажаряпти, – деди муҳандис Хуршид Насимов. – Яқинда давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим тизимида муҳандислик касб ихтисослигига ўқитишни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Ҳақиқатан ҳам, сўнгги йилларда соҳада кадрлар тайёрлаш сифати оқсаётганди. Видеоселектордан сўнг партия етакчисининг мавзуга доир ижтимоий тармоқларда эълон қилган муносабати эътиборимни тортди. Муносабатда партия илмий ва инженер-техник ходимлар манфаатларининг самарали ҳимоясини таъминлашга ҳам жиддий эътибор беришни мақсад қилгани маълум қилинган экан. Ўйлайманки, партия келгусида ҳам бу йўналишдаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва ташаббуслари билан жараённи қўллаб-қувватлайди. 

Самарқанд вилояти бўйлаб партиянинг барча ҳудудий кенгашларида партия вакиллари, аъзолари, депутатлар ҳамда фаоллар иштирокида сайловчиларнинг имзосини тўплаш давом этмоқда.

Наманган вилояти

«Адолат» СДП Наманган вилоят кенгаши томонидан Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида имзо йиғиш жараёни бўлиб ўтди.

 – Партиямизнинг сайлов компаниясидаги энг муҳим жараёни – имзо тўплаш тадбирларини белгиланган муддатда режани бажарамиз, – дейди партия фаоли Шаҳзод Нўмонов. – Ушбу тадбир юқори савияда, олдингиларидан мутлақ фарқли равишда уюшқоқликда, шаффоф тарзда ташкиллаштирилди. Имзо йиғиш пункт­ларига келаётган фуқароларга партия ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу эса фуқароларда партия фаолиятидан хабардорликни оширишга хизмат қилади.

Жараёнда Сиёсий Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Рахмонов ҳам иштирок этиб, сайловчилар имзосини йиғиш жараёнларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдирди.

Тошкент шаҳри

Партиямизнинг Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари томонидан пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек туманида имзо йиғиш жараёни юқори уюшқоқлик билан ўтказилди.

 Унда Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Муҳаррам Дадахўжаева бошчилигидаги партия вакиллари оммавий ахборот воситалари ходимлари ва фуқароларга партия фаолияти хусусида керакли тушунчалар беришди.

– Партиямизни қўллаб-қувватлаш истагида бўлган хайрихоҳларимизга, ғояларимизга бефарқ бўлмаган юртдошларимизга қулай бўлиши учун барча шароитларни яратдик, – дейди Тошкент шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Алишер Тоштемиров. – Бундан ташқари, имзо йиғиш пунктимиз зарур ахборот технологиялари билан ҳам таъминланган. Имзо қўйиш ва партиямизни сайловда қўллаб-қувватлаш учун йиғилган ватандош­ларимиз ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоблар олишди. «Буюк ипак йўли» метроси олдида ташкил этилган имзо йиғиш жойи фуқароларга қулай бўлиши учун замонавий ахборот технологиялари билан таъминланди ва жараёнга таж­рибали мутахассислар жалб этилди.

Тошкент вилояти

Тез кунда мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 7 август куни «Адолат» СДП Тошкент вилоят кенгаши томонидан «Тошкент иссиқлик электр станцияси» маъмурий биноси олдида имзо йиғиш жойи ташкил этилди. Мазкур жараёнда вилоят Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, «Энергетиклар» бошланғич партия ташкилоти аъзолари, партия хайрихоҳлари, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Имзо йиғиш пунктида фуқаролар яратилган қулайликлардан фойдаланиб, партия ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлаб имзо қўйишди. Замонавий ахборот технологиялари ёрдамида имзо йиғиш жараёни тезкор ва самарали ташкил этилди.  «Адолат» партияси ўзининг ғоялари ва дастурлари билан кенг жамоатчиликнинг эътиборини қозонмоқда. Партиянинг адолатли жамият қуришга қаратилган мақсадлари фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

-Айни пайтда юртимизда сайлов кампанияси қизғин паллага кирган. Мен учун сайловларда қатнашиш ва ўз фикримни билдириш жуда муҳим, – дейди корхона ходими Хуршид Абдувалиев. – «Адолат»нинг мақсадлари ва дастурлари менга жуда ёқади. Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш ва имзо йиғиш жараёнида қатнашишга қарор қилдим. Уларнинг адолатли жамият қуришга қаратилган ғоялари мен учун аҳамиятли. Мен ўзимнинг фикримни билдириш ва партияни қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлганим учун хурсандман. Бу жараён орқали биз ўз келажагимизни белгилаймиз.

Имзо йиғиш жараёнида станция атрофидаги Фаровон, Бунёдкор маҳаллаларида яшовчи фуқаролар ҳам фаол иштирок этдилар. Тошкент вилояти бўйлаб партиянинг барча маҳаллий кенгашларида партия вакиллари, аъзолари, депутатлар ва фаоллар иштирокида сайловчиларнинг имзосини тўплаш уюшқоқлик билан давом этмоқда.

Фарғона вилояти

Фарғона шаҳридаги Аҳмад ал-Фарғоний номли истироҳат боғида ташкил этилган имзо йиғиш жойига фуқароларнинг сиёсий билимини ошириш, сайлов қонунчилигидан хабардорлигини оширишга қаратилган маълумотлар, кўргазмали воситалар, партия шиорлари жойлаштирилди. 

– «Адолат» партияси ёшлар учун жуда кўплаб лойи­ҳаларни амалга ошириб келмоқда, – дейди талаба Саб­ринабону Неъматова. – Шахсан ўзим Сиёсий Кенгаш томонидан ўтказилган «Конституция билимдони» республика кўрик-танловида иштирок этиб, шарафли биринчи ўринни эгалладим. Бу мени ғурурлантиради. «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойи­ҳасини нафақат ўрта ва олий таълим даргоҳларида ўқиётган, балки уюшмаган ёшларни бирлаштирувчи катта лойиҳалардан, деб биламан. Шу боис ҳам биринчилардан бўлиб, партиямизнинг муносиб номзодлари сайловларда иштирок этиши ва юқори натижаларни қўлга киритиши тарафдориман.  

Маълумот ўрнида қайд этиб ўтайлик, бугунги кунда «Адолат» партиясининг Фарғона вилоятида 500 дан зиёд бошланғич партия ташкилоти ва уларда 71 минг 350 нафардан зиёд аъзоси мавжуд. Айни пайтда партия сафи фидойи инсонлар ва шижоатли ёшлар билан янада кенгайиб бормоқда. Имзо тўплаш жараёнида партиянинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва сиёсий соҳадаги, шунингдек, қонун устуворлиги ҳамда адолатли жамият қуриш йўлидаги саъй-ҳаракатлари кўплаб юртдошларимиз томонидан қўллаб-қувватланиб, ижобий фикрлар билдирилди.

Хоразм вилояти

Ўтган беш йил давомида партия Сайловолди дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилгани, сайловчилар қалбидан муносиб жой эгаллангани сайловни ташкил этишнинг муҳим босқичи бўлган имзо йиғиш жараёнида ўз ифодасини топмоқда, десак муболаға бўлмас. Бу ўз нав­батида, партиянинг сайловда муносиб қатнашишидаги бирламчи омилдир.

– Имзо йиғиш тадбири бўлаётганини эшитиб, партиянинг шиорлари акс этган ва дид билан безатилган имзо йиғиш бурчагига биринчилардан бўлиб келдим, – дейди Урганч шаҳридаги «Кўҳна қалъа» маҳалласи раиси Гавҳар Ҳасанова. – Айтишим мумкинки, бу партияга меҳрим бўлакча, унинг фаолларини доим одамлар орасида, аҳолининг оғирини енгил қилаётган пайт­да учратиб қоламан. Партия томонидан аёллар орасида онкологик касалликларнинг олдини олишга қаратилган тиббий кўрикларда ҳам бир неча бор иштирок этганман. Ҳеч иккиланмай «Адолат» учун имзо қўйиб, сайловда ғолиб бўлиши учун фаоллар билан елкама-елка туришни мақсад қилдим. Мен “Адолат”ни танладим!

270 нафар хоразмлик буни теран англаган ҳолда партия таклифлари, бераётган ваъдаларидан келиб чиқиб, танлов имкониятини амалга оширишди. Урганч шаҳридаги Амир Темур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган тадбирда уларга партиянинг амалга оширган ишлари, илгари сурадиган ғоялари ҳақида ҳам маълумотлар берилди.

Имзо йиғиш тадбирлари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда давом этмоқда.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ҳофиз анъаналарининг давомчиси

admin

ХАЛҚИМИЗ ЯНГИЧА ЎЗГАРИШЛАР, ЯНГИ ТАШАББУСЛАРНИ КУТЯПТИ

admin

Ҳақиқатга тик боқиб бўлмаяпти

admin