ADOLAT 24

ҲУКМДАН ОЛДИН ОТИЛГАН ВАЗИР (Биринчи мақола)

ХХ асрнинг 20-йиллари иккинчи ярмидан кейин Бутун­иттифоқ коммунистлар (большевиклар) партияси давлатда ҳукмрон кучга айланди ва ўзининг тажовузкорона ишларини амалга оширишга киришди. 20-йиллар охирлари, 30-йилларнинг бошларида партия аъзолари ва давлат ишларида “тозалаш” бошланади. Натижада партия ва давлат ташкилотларида фаолият юритаётган кўпчилик зиёлилар “халқ душманлари”, “буржуа миллатчилари”, “турли мухолифат” гуруҳлар вакиллари сифатида айбланиб, жазоланади. Москванинг буйруғига кўра 1929 йилнинг февраль-март ойларида Самарқандда ўтказилган Ўзбекистон Компартиясининг IV съезди “тозалаш” ва “жазолаш” компаниясининг бошланишига йўл очиб беради. 

Дастлаб Туркистон АССР ва Ўзбекистон Республикаси давлат ишларида фаолият юритган ўн саккизта жамоат арбоблари “Ўн саккизлар” гуруҳи номи билан айбланди. Ўзбекис­тон ССР Маориф халқ комиссари Раҳим Иноғомов бошчилигидаги маориф раҳбарлари “Иноғомовчилик”, Ўзбекистон ССР Олий суди раиси Саъдулла Қосимов бошчилигидаги ҳуқуқшунослар “Қосимовчилик”, республика Олий суди прокурори Шамсиддин Бадриддинов бошчилигидаги ҳуқуқ тизими вакиллари “Бадриддиновчилик”, Маориф халқ комиссари Маннон Рамзий етакчилигидаги халқ таълими вакиллари “Наркомпрос иши”, Мунавварқори Абдурашидхонов бошчилигидаги жадидлар “Миллий иттиҳодчилар”, “Миллий истиқлолчилар”, Ашурали Зоҳирий бошчилигидаги қўқонлик зиёлилар “Ботир гапчилар” каби гуруҳлар сифатида қамалдилар. Қамалганлар устидан суд ишларини Москвадан юборилган жазолаш органлари вакиллари — суд раиси Василев Южин, прокурор Катанян олиб бордилар. Улар ҳар бир ишга сиёсий тус бериб, юқоридаги гуруҳлар аъзоларини совет давлатига қарши кураш олиб боришда айбладилар. Айб­ланганларнинг аксарияти отиб ўлдиришга, бир қисми қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар.

30-йилларнинг бошларидаги “тозалаш” ва “жазолаш” жараёни туфайли Ўзбекистон ССРнинг давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларидан 25 фоиздан ортиғи партия сафидан чиқарилиб, жазоланган. Бу республикамизда шўро жаллодлари томонидан ўтказилган қатоғонларнинг бошланиши эди. Ана шу қатағон қурбонларидан бири – миллат фидойиси Бўтабой Дадабоев эди.

Бўтабой Дадабоев Туркистон Рес­публикаси Юстиция Халқ комиссари вазифасида ишлаганлардан ўнинчиси ҳисобланади. У бу лавозимда 1923 йилнинг 14 апрелидан 1924 йилнинг 8 январига қадар фаолият юритган. У таржимаи ҳолида ўзи ҳақида шундай маълумот беради:

“Мен Фарғона областининг Чуст шаҳрида 1888 йилда ишчи оиласида таваллуд топганман. Уйланганман, учта ўғлим бор. Фаолиятимни ишчиликдан бошлаганман, кейин турли соҳаларда хизмат қилдим. 1900 йилда, отам ҳаёт пайтида Чуст шаҳридаги рус-тузем мактабида тўққиз ой ўқидим. Лекин уни тугатиш насиб этмади. 1900 йилнинг қишида отам вафотидан кейин маблағ етишмаслиги, онамга мен ва учта укамни, кекса момомни боқиш қийин кечганлиги учун ўқишни ташлаб, Ниёзбой исмли пахта савдоси билан шуғулланадиган тожирга хизматкор бўлиб ишга кирдим. Унинг қўлида 1901 йилнинг охирига қадар ишладим.

Тожир билан ишлаш қийинлиги сабабли унинг хизматидан кетдим. 1902 йилдан бошлаб ёзда тери, қишда пахта тозалаш заводларида ишладим. Шу тариқа бу заводлардаги фаолиятим 1904 йилгача кечди. Кейин Чустдаги бу заводлар вақтинча ёпилди. Иш излаб Чустдан Наманганга йўл олдим. Наманганда таниқли савдогар Альперовичнинг дўконига қоровул бўлиб ишга кирдим. Бу ерда 1904 йилнинг охирига қадар хизмат қилдим. Сўнг яна Чустга, онам қарамоғига қайт­дим. Аммо яшаш оғир эди. Онам­нинг топгани оилани боқишга етмасди.

1905 йилнинг январида Тошкентга келдим. Иш излаб бир ярим ой вақтим кетди. Ниҳоят, шаҳардаги докторлардан бирининг амбулаториясига югурдак қоровул бўлиб ишга жойлашдим. Асосий вақтим амбулаторияда иш билан ўтар, иш тугагандан кейин шаҳарнинг турли жойларида яшайдиган одамларга амбулатория жавобларини тарқатардим. Ундан кейин шаҳар фельдшерининг уй юмушларига қарашардим. Бу хизматларим учун унинг уйида яшаш ва бепул овқатланиш имконига эга бўлдим. Фельдшернинг болалари гимназия­да таълим олишарди. Кечқурунлари улардан рус тилини ўргатишларини илтимос қилдим. Уларнинг ёрдами туфайли ва шаҳарда европаликлар орасида яшаганим учун рус тилида ёзиш, ўқиш ва гапиришни ўрганиб олдим. Амбулаторияда ишлаб, фельдшер уйида яшашим 1907 йилнинг кузигача давом этди. 1905 йилда шаҳарда бўлиб ўтган ишчилар исёнида қатнашдим. Одамларнинг Чор ҳукуматидан норозиликлари сабаб­ларини англай бошладим.

1907 йилда онам вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитганимдан кейин Чустга қайтдим. Учта укамни ва кўзи кўрмайдиган бўлиб қолган момомни ташлаб бошқа жойга ишга кетишим қийин эди. Шу сабабли чустлик мулла Маражаб деган пахтачилик билан шуғулланадиган бойга деҳқон бўлиб ишга ёлландим. Аммо бу ишда ҳам барака бўлмади. Ўша пайтларда Чустда аҳвол оғир эди. Шаҳардаги 5 та пахта тозалаш ва битта тери заводларида иш мавсумий бўлиб, ишчи кучи эса ортиб ётарди. Шунинг учун ишни Чустга яқин жойлардан ахтаришга тўғри келди. Исломий жиҳатдан ва рус тилидан билимим яхши бўлганлиги учун Наманган уездининг Чодак волостига қишлоқ котиби сифатида ишга кирдим. Бу ерда 1908 йилнинг баҳоридан 1910 йилнинг ёзигача ишладим. Сўнгра Наманган уездининг бошлиғи, полковник Авров томонидан бу волостдан қувилдим. Қувилишимга бир воқеа сабаб бўлди. Ўша пайтларда жойларда урядник лавозимлари ташкил этила бош­лаганди. Урядниклар Чор ҳукуматига хизмат қиладиган, халқнинг осойиш­та яшашига халақит берадиган лавозим эгалари эди. Мен маҳаллий аҳолини бундай лавозимни жойларда ташкил этилишига қарши туришга ташвиқ қилдим. Эвазига Чодак ва Ашт волостларида бу лавозим жорий қилинмади, лекин мен ишдан қувилдим. Бундан ташқари, ўша даврда мен уезд раҳбарлари томонидан 5 сўм штраф ва икки марта – бир гал 7 суткалик, иккинчи марта 14 суткалик қамоқ жазоси билан жазоландим. Бу жазоларга “раҳбарларга нисбатан ҳурмат сақламаганим” (рус миллатига мансуб раҳбарлар олдида бош эгиб, қуллуқ қилиб турмаганим) ва аҳоли орасида нотўғри ташвиқот юритганим учун лойиқ кўрилганман”.

Бўтабой 1911 йилнинг баҳоридан бошлаб “Зингер” компаниясининг Чуст­даги ваколатхонасида тикув машиналарини сотиб олган мусулмонларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш бўлимида иш бошлайди. Аммо бу соҳада кўп ишламайди. Шу йили Наманган уездининг бошлиғи Авров ишдан бўшаб кетганидан кейин яна Чодак волостига, аввалги ишига бориб жойлашади. Орадан кўп ўтмай Наманган уездига бошлиқ қилиб тайинланган полковник Богаевский Чодак волостига ҳам келади. Бу ерда Богаевскийга унинг таржимони Капсаломов Бўтабой ҳақида маълумот берганидан кейин, у Авровчасига иш тутиб, қайтиб келган котибни Чодакда қайта ишламайдиган қилиб “ҳужжатлаштириб”, ҳайдаб юборади.

У яна Чустга қайтиб келиб ишсиз қолади. 1914 йилнинг бошида Чуст шаҳар хўжалик бошқармасига журналист сифатида ишга жойлашади. Бунинг сабаби бор эди. Ўша пайтда шаҳар хўжалик бошқармасига мусулмондан чиққан Баҳовутдин Яхъин деган участка пристави бошчилик қиларди. У Бўтабойга ғамхўрлик кўрсатади. Бироқ шу йили ноябрь ойида капитан Закаржевс­кий Чустга раҳбар бўлиб келади ва бу ердаги хўжалик ишларига ўз одамларини жойлаштиради. Яхъин Марғилон уездига раҳбарликка ўтказилади. У Бўтабойни Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳрига журналист ва котиблик ишига таклиф қилади. Лекин бу ерда ҳам иш осон кечмайди. У 1916 йилдан кейин полиция таъқибига учрайди. Мардикорликка олишга қарши исёнларда иштирок этгани учун полицмейстерлар томонидан сўроқ қилинади. Областдан келган раҳбарга ўша давр қоидасига кўра “Ўрнидан туриб, унга қуллуқ қилиб, салом бермагани учун” жазоланади. Фарғонадаги ҳарбий йиғинлар ўтказиладиган бинода қўйиладиган спектаклга кириш учун борганида “сартга билет сотилмайди” деган жавобни эшитиб, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, театр раҳбарлари билан жанжаллашиб қолади. Жанжал оқибатида иши терговга оширилади. Агар 1917 йилда февраль тўнтариши юз бермаганда Бўтабой Дадабоевнинг узоқ муддатга қамалиб кетиши ёки Сибирга сургун қилиниши аниқ эди. Чунки мустамлакачилик қоидалари ана шундай эди…

Камол МАТЁҚУБОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Депутат сўровига жавоб: ВОБКЕНТ МИНОРАСИ РЕСТАВРАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

admin

Сифатли таълим учун ҳаммамиз масъулмиз

admin

“Адолат” партиясининг ХII Пленуми бўлиб ўтди

admin