ADOLAT 24

Депутат сўровига жавоб: ВОБКЕНТ МИНОРАСИ РЕСТАВРАЦИЯ ҚИЛИНАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Ўзбекис­тон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривож­лантириш жамғармаси Маданий мерос агентлиги директори Б.Абдикаримовга Бухоро вилоятининг Вобкент шаҳрида жойлашган Вобкент минорасини реставрация ва консервация қилишнинг истиқболли режаси юзасидан депутатлик сўрови билан мурожаат этди. Мурожаатда, жумладан, шундай дейилади:

“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарори билан «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати» тасдиқланган бўлиб, ушбу рўйхатга Бухоро вилояти Вобкент шаҳрида жойлашган “Вобкент минораси” ёдгорлиги ҳам киритилган.

Бироқ, бугунги кунда Вобкент минорасининг айрим жойларида, хусусан, пойдевор қисмида жиддий шикастланиш, туз қопламаларининг ҳосил бўлиши ва деворнинг емирилиш ҳолатлари яққол кўзга ташланмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу салбий тенденция давом этадиган бўлса, келгусида миноранинг мавжудлиги хавф остида қолиши мумкин. Минорада кузатилаётган хавфли ҳодисаларнинг олдини олиш учун унинг пойдеворини очиш, ер остида бўлаётган жараёнларни ўрганиш ва шу асосда минорани мустаҳкамлиги ва умрбоқийлигини таъминлашнинг илмий асосланган чораларини белгилаш зарур.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт Кенгаши томонидан 2021 йил 25 август куни ўтказилган мажлисда Вобкент минорасини таъмирлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш бўйича лойиҳа таклифи кўриб чиқилган ва тегишли қарор қабул қилинган бўлса-да, бироқ бугунги кунга қадар таъмирлаш ишлари олиб борилмаган.

Шу муносабат билан, сиздан Вобкент минорасининг техник ҳолатини чуқур ўрганиш асосида уни реставрация ва консервация қилишнинг алоҳида режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласига жиддий эътибор қаратишингизни сўрайман”.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги депутат сўровига расман жавоб қайтарди. Қуйида ушбу жавобнинг матни келтирилмоқда:

“Бухоро вилояти Вобкент шаҳрида жойлашган Вобкент минораси маданий мероси объектини реставрация ва консервация қилишнинг истиқболли режаси тўғрисидаги сўровингиз Маданий мерос агентлигида кўриб чиқилди.

Маданий мерос агентлигининг 2023 йил 11 январдаги 3-Р-сонли буйруғига асосан, 2023 йил асрашга доир ишлар амалга ошириладиган маданий мерос объектларининг манзилли рўйхатини шакллантириш бўйича тузилган ишчи гуруҳ томонидан Вобкент минорасида ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш якунига кўра, Вобкент минораси 2023 йилда асрашга доир ишлар амалга ошириладиган маданий мерос объектларининг манзилли рўйхатига киритилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур объектда 2023 йилда реставрация ишлари олиб борилишини маълум қиламиз.

Баҳодир АБДУКАРИМОВ,

Маданий мерос агентлиги директори”

Tegishli xabarlar

2024/2025 ЎҚУВ ЙИЛИ УЧУН ДАВЛАТ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ ҚИЛИШНИНГ ДАВЛАТ БУЮРТМАСИ ПАРАМЕТРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

admin

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРЛАР КЕНГАШИНИНГ БИРИНЧИ ЯЛПИ МАЖЛИСИДАГИ НУТҚИ

admin

ЖАЗО КУЧАЙМОҚДА: жарима 12 баллдан ошса, ҳайдовчи транспорт бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади

admin