ADOLAT 24

Улуғларини улуғлаган юрт

Оқибатли халқимизнинг тарихда муносиб ном қолдирган фидоий фарзандларини унутмасликдек ажойиб қадрияти бор. Ўзбек жамоатчилиги шу кунларда атоқли давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовни бот-бот эслаб, менинг ҳам хотираларимни жонлантириб юборди. Марказқўмда бирга ишлаган даврларимизда Шароф Рашидович менга ҳам оталик, ҳам устозлик қилиб, кўп муаммоларни тўғри англаб етишга ўргатган эдилар.

У киши Ўзбекистон Компартия­­си Марказий Қўмитасини бош­қарган чорак асрлик даврнинг ўзи ниҳоятда завқли, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ривожланишнинг серқирра босқичларидан иборат, унутилмас саҳифаларни ташкил қилади.

Шароф Рашидовнинг ҳаёт таж­рибасидан орттирган одам танлаш, инсонни қадрлашдек ажойиб одатлари атрофларида етук билим ва ишчанлик қобилияти, масъулияти ва омилкорликка эга бўлган садоқатли ҳамда фидоий инсонларнинг жамланишига, умуммақсад йўлида мадад оладиган фаолларнинг йиғилишига зарур муҳит яратганди. Шунинг учун улар отани чексиз ҳурмат қилишар, ташаббусга тўла ғайрат ва шижоат билан фаолият кўрсатар эдилар.

Биргина ўзимнинг иштирокимда амалга оширилган тадбирларни эсласам, ҳали-ҳали ҳая­жон босади. Ҳар бир ишимизда ўзлари бош-қош, маслаҳатгўй эдилар. Оқибатда самарали натижаларга, жамоатчиликнинг эътирофига эришардик. Бундай ўйлаб қарасам, у кишининг оталиқларида мамлакатимизда фаннинг ривожи беқиёс бўлди. Мактаб, ўрта-махсус ва олий таълим тизими ҳам сон, ҳам сифат жиҳатларидан шу даражада юксалдики, бунинг натижасида республика жўшқин ҳаётининг барча соҳаларида кадр­лар ва мутахассисларга бўлган эҳтиёж тўла қондирилди. Адабиёт, санъат, оммавий ахборот воситаларимиз халқаро даражагача кўтарилди.

Шароф отанинг даврларида саноатимиз, капитал қурилишни авж олдириш, қишлоқ хўжалигини аграр-саноатга айлантириш сингари улкан режаларга қўл урилди. Бунинг натижасида Ўзбекистон машинасозлиги, енгил саноати, электр энергияси, гази, олтини, урани, рангли металлар корхоналари, кимё саноати билан жаҳонда ўз ўрнини топди. Дунё хариталарида ўнлаб саноат шаҳарлари, янги вилоятлар номлари қайд этилди. Чет элликларнинг Ўзбекис­тонга бўз ерларни ўзлаштириш, сув омборларини бунёд этиш каби масалаларда таж­риба ўрганишга келиб кетиши оддий ҳол бўлиб қолди. Тошкент зилзиласи оқибатларини бартараф этиш, Тошкент метросини қуришнинг ўзи қанчадан-қанча хорижликларнинг диққат марказида бўлди. Шароф Рашидовнинг номи, бадиий асарлари, тилларда достон бўлган дип­ломатик фаолияти Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманлар билан хорижий жамоатчиликка яхши таниш эди. Лекин Ўзбекис­тон мустақилликка эришгачгина Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан Шароф Рашидовнинг 75 ёшлик юбилейлари ўтказилди, у кишига тўнкалган барча туҳмату бўҳтонлар олиб ташланди. 2017 йили эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ш.Рашидовнинг 100 йиллик юбилей тантаналари ўтказилгани бу буюк инсоннинг халқимиз, жаҳон аҳли томонидан янгидан англанишига сабаб бўлди. Баъзи олимлар, жамоат арбоблари Шароф Рашидов деганда ўзбек халқини, ўзбеклар деганда – Шароф Рашидовни анг­лашларини айтишгани ҳам бежиз эмас.

Мана, сизга инсоннинг буюклиги, мана, сизга буюкларнинг халқ хотирасида мангулиги. Ўйлайманки, ёш авлод ана шундай буюкликлардан намуна олиши керак.

Зеро, улуғларини улуғлаган юртнинг келажаги ҳам буюк бўлади.

Оқил САЛИМОВ,

Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш

“Улуғбек” жамғармаси раиси, академик

Tegishli xabarlar

Ўзбек онаси

admin

Алдаш – гуноҳ

admin

Шоҳида ИСМОИЛОВА: томошабиннинг эътирофи — санъаткорнинг бахти

admin