ADOLAT 24

Аждодларимизнинг мангу оромгоҳини асраб-авайлайлик

Тарих ҳар бир халқнинг ўтмиши тўғрисида ҳикоя қилувчи улуғ донишманддир. Тарихий хотира улуғворми, шарафлими ёки маҳзунми – уни ўзгартириб бўлмайди. Қадимий Самарқанд, Бухоро, Кеш, Шаҳрисабз ва Хива каби шаҳарларимизда аждодларимиз томонидан кўпгина архитектура дурдоналари барпо этилди. Мамлакатимизда ҳамон жаҳон аҳлини лол қолдирувчи минглаб тарихий обида ва қадамжолар қад ростлаган бўлиб, улар халқимизнинг асрлар давомида сақланиб келаётган бой маънавий ва диний қадриятларини ҳамда яратувчанлик ва бун­ёдкорлик салоҳиятини ўзида мужассам этган.

Бугунги кунда ота-боболаримиз томонидан бунёд этилган иншоотлар нафақат халқимиз томонидан, балки жаҳон халқлари томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда. Буни биз жаҳоннинг нуфузли ташкилотларидан бири ҳисоб­ланган ЮНЕСКО рўйхатига Ўзбекистон ҳудудида жойлашган тўрт мингдан ортиқ тарихий обидаларнинг киритилишида яққол кўришимиз мумкин. Албатта, биз аждодларимизнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлаб, қалбимизда абадий сақлаймиз.

Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб архитектура ёдгорлиги сифатида эъти­роф этилган Амир Темур мақбарасининг қурилиши Соҳибқирон Амир Темур томонидан 1403 йилда бошланган бўлиб, унинг набираси Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида тугалланган. Мақбара Самарқанд шаҳрининг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, ХIV аср охирида Амир Темурнинг набираси Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган. 1404 йили Амир Темур набираси Муҳаммад Султон хонақоси ва мақбарасини бирлаштириб турувчи айвоннинг жанубий қисмида Гўри Амир ёки Гўр Мир (халқ орасида Амир Темур мақбараси) мақбараси барпо этилади. Дастлаб бу ерга Амир Темурнинг пири, унинг кўплаб ҳарбий юриш­ларида ҳамроҳлик қилган Ислом динининг кўзга кўринган вакили Мир Саййид Барака дафн этилади.

Кейинчалик эса бу жой Темурийлар сулоласининг оилавий даҳмасига айлантирилган. Муҳаммад Султон 1403 йилда Кичик Осиёга қилган ҳарбий юриш вақтида тўсатдан касалликка чалиниб, вафот этади. Унинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ансамблнинг жануб томонидаги даҳмага дафн қилинади. Кейин эса, Амир Темур шаҳзодага атаб мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Шундан кейин даҳма устига саккиз қиррали бино барпо этилади.

Амир Темур вафот этгандан сўнг унинг ўғли Шоҳруҳ Мирзо Ҳирот шаҳрини пойтахтга айлантириб, ўғли Мирзо Улуғбекни эса Самарқандга ҳоким этиб тайинлайди. Мирзо Улуғбек мамлакатда илм-фан ва маданиятга катта эътибор қаратиб, бунёдкорлик ишларини олиб боради. Мирзо Улуғбек Амир Темурга ҳурмат юзасидан мазкур саккиз қиррали мақбарани темурийлар авлодлари дафн қилинадиган мақбарага айлантиради. Мақбара битгач, Амир Темурнинг пири ва устози Мир Саййид Бараканинг жасади мақбарага кўчирилади. Ушбу мақбарага Амир Темурнинг ўзи ҳам дафн этилган бўлиб, шу билан бирга темурий шахзодалар Шоҳруҳ, Мироншоҳ, Умаршайх, Улуғбек, Муҳаммад Султон ва икки нафар чевараларининг жасадлари қўйилган.

Амир Темур мақбараси архитектураси дастлабки мадраса – хонақо комплексидан умумий тасвирий қурилиши жиҳатидан фарқ қилади. Мад­раса хонақода мутаносиблик ва нозикликнинг ажойиб уйғунлиги намойиш этилган. Амир Темур вафотидан сўнг Мир Саййид Барака қаб­ри пастки қисмида мозорлар пайдо бўлади, у ерда Темурийлар авлодлари дафн этилган. Бу ердан мақбарага кириш мумкин, мақбара интеръерининг асоси ҳаворанг, деворлари эса нақш билан безатилган. Мақбаранинг жануб ва ғарб томонидаги ғиштдан ясалган пештоқли гумбаз қачон қурилганлиги номаълум. Айрим тадқиқотчилар уни ХVI-ХVII асрларга оид десалар, айримлари эса Улуғбек даврида қурилган деб таъкидлайдилар.

Мақбара тузилишига кўра, икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қавати ернинг остки қисмида жойлашган. У ерда қабр­лар мавжуд. Бу ер ортиқча безак­лардан холи бўлиб, жуда оддий тарзда ишланган. Юқори қават жуда ҳашаматли қилиб безатилган. Унинг деворлари ва кошинларига мовий ва зарҳал безак­лар орқали жило берилган. Марказий қисмида эса нақшли панжаранинг ўртасида тўқ яшил рангдаги машҳур нефрит тоши жойлашган. Тарихий манбаларга кўра, қабрларнинг турган жойи Улуғбек даврида ўймакор нақшлар билан беза­тилган панжара билан ўралган. 1424 йили унинг буйруғи билан мақбаранинг шарқ томонида тўрт қуббали галерея қурилади.

Айтиш жозики, Амир Темур мақбарасидаги ёзувлар лингвист олимлар томонидан илмий жиҳатдан тадқиқ этилган. Сақланиб қолган қабртошдаги ёзувлар асосан Қуръон оятлари ва эътиборга молик мазмундаги битиклар билан безатилган.

Пастки тарафда қабрларнинг устига қўйилган тошларда уларнинг кимлигини кўрсатувчи ёзувлар мавжуд. Фақатгина Мироншоҳ мирзо қабрида ҳеч қандай ёзув йўқ. 1941 йилда амалга оширилган экспедиция иштирокчилари юқори қаватдаги қабр устидаги ёзувдан унинг қабрини аниқлаганлар.

Дастлаб мақбарага шимолий эшикдан кирилган. Мирзо Улуғбек томонидан шарқий эшик 1425 йилда очилган, чунки Мир Саййид Бараканинг бош томонларидан киришни Мирзо Улуғбек ҳурматсизлик деб ҳисоблаган. 1868 йилда Чор Россияси истилоси йилларида мақбара дарвозалари ўғирлаб кетилган. Ҳозирда соҳибқирон Амир Темур саройининг дарвозаларидан бири Лондонда, яна бири Эрмитажда ва учинчи эшик эса Ўзбекистон маданияти ва тарихи давлат музейи фондида сақланмоқда. Ҳовлининг шарқ томонидаги девор ортида Муҳаммад Султон мад­расасининг қолдиқлари кўриниб туради.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида меъморий обидада таъмирлаш ишлари олиб борилди. Кўҳна Самарқанд шаҳ­рида жойлашган мажмуа тарихимизда катта из қолдирган буюк аждодларимиз мангу ором олган жой бўлиб, биз бугунги кунда унга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, асраб-авайлашни ўз бурчимиз, деб биламиз.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори, профессор

Tegishli xabarlar

Касбида қандай муаммолар ҳал қилинмоқда?

admin

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ     МИРЗИЁЕВНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ РАҲБАРЛАРИНИНГ ТЎРТИНЧИ МАСЛАҲАТ УЧРАШУВИДАГИ НУТҚИ

admin

ПОЙТАХТ БОҒлари ЙЎҚОЛИБ БОРЯПТИ…(ми?!)

admin