ADOLAT 24

Юзма-юз мулоқот

Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек олий қадрият мужассам. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда аҳоли билан мулоқотга киришиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш чораларини кўришмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамланмоқда.

“Садда таги”даги гурунг

Кейинги йилларда республикамизда маҳалла институтига бўлган эътибор кескин ортди. Чунки маҳалла халқимизнинг турмуш тарзи, маънавий эҳтиёжи, тафаккури, инсонларнинг ўзаро қўшничилик алоқалари, оилавий муносабатларни шакллантирувчи ўзига хос мас­кан демакдир. Эндиликда барчамиз янги бир иш бош­лашда ҳам, мавжуд муаммолар ечимини топишда ҳам МФЙга суянамиз. Айтиш мумкинки, маҳалла аҳолига ижтимоий кўмак кўрсатишнинг адолатли ва таъсирчан институтига, одамларга энг яқин халқчил тузилмага айланмоқда. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова иштирокида Андижон туманидаги “Садда таги” МФЙда ўтказилган давра суҳбати айни шу мавзуга бағиш­ланди. Унда сўз олган халқ вакили кейинги вақтда қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар, маҳалла институти олдига қўйилган вазифалар ва фуқаролар билан ишлашда берилган имкониятлар тўғрисида тушунча берди. “Маҳалла еттилиги” бугун жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланаётгани, фуқароларнинг ҳар қандай муаммоси ўша жойнинг ўзида ечим топаётганини кўрсатиб ўтди. 

Ўз ўрнида “Садда таги” МФЙ фаолларининг иш фаолиятига эътибор қаратилди. Ушбу маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ободонлаштиришда ўзига хос мактаб яратилгани эътироф этилди.  

– Президентимизнинг 2023 йил 21 декабр­даги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида бугун маҳалла чин маънода юртдош­ларимизнинг энг ишончли институтига айланмоқда. Жумладан, “Садда таги” МФЙда амалга оширилаётган ишлар бизни қувонтирди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова. 

Жалақудуқда “Бувижонлар мактаби”  

Бугунги кунда жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданияти ва маънавиятини юксалтириш долзарб вазифага айланди. Чунки аёл нафақат оиланинг, балки бутун жамиятнинг тарбиячисидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова Жалақудуқ туманида фаолият юритаётган “Бувижонлар мактаби” кенгаши аъзолари билан айни шу мақсадда маҳаллаларга кириб борди. Уй бекалари ва кекса онахонлар иштирокида ташкил этилган тадбирда аёлнинг жамиятдаги роли, оила инс­титутини мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясида кекса авлод вакилларининг ўрни хусусида сўз борди. Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жамиятда гендер тенгликни таъминлашда уларнинг фаоллиги асосий омил эканлиги таъкидланди.

Миллийлигимизни ифодаловчи саҳналаш­тирилган чиқишлар, миллий либослар кўргазмаси жалақудуқлик аёлларнинг фаоллигини кўрсатди. Пиру бадавлат онахонларнинг оила ва фарзанд тарбияси мавзусидаги сўзлари иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Акбаржон Назаров,

Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

 ** 

Чашмаи Айюб мақбарасида ободонлаштириш-реставрация ишлари билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қ.Жўраевнинг 31-сайлов округида сайловчилар билан қатор учрашувлари бўлиб ўтди.

Депутат Вобкент туманида бўлиб, аҳоли билан мулоқот олиб борди, корхона ва ташкилотлар фаолияти билан танишди, мурожаатларни ўрганди, мутасаддилар билан учрашди.

Жумладан, тумандаги “Хайрхўш” МФЙда жойлашган 25-мактабда ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда депутат Қ.Жўраевдан ташқари туман ҳокими Ф.Умаров ва 3-секторнинг барча мутасаддилари ҳам иштирок этдилар. Жами бўлиб, 20 га яқин ёшларнинг мурожаатлари, муаммо ва таклифлари эшитилди. Булар асосан, ишга жойлаштириш, контракт тўловини тўлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, 25-мактаб стадионини таъмирлаш, субсидия асосида тикув машинаси олишга кўмаклашиш ҳамда йўл таъмири ва бошқа масалаларга оид мурожаатлардир.

Ёшлар билан учрашувда мазкур мурожаатларни қонун доирасида ўрганиб чиқиб, ижобий ҳал этиш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

 Депутат Қ.Жўраев туман Халқ қабулхонаси мудираси Л.Шарипова билан бирга Вобкент туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабига ташриф буюриб, мактабнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишди. Мактаб директори Олим Бақоев билан суҳбатда касб-ҳунарга ўргатиш ишларини янги босқичга кўтариш, хусусан, ўргатилаётган касб-ҳунарлар номенклатурасини янада кенгайтириш, мактабнинг моддийтехник базасини кенгайтириш, дуал таълимнинг сифатини ошириш, хусусан, ишлаб чиқаришга жалб қилинган ўқувчиларни профессионал билим ва кўникмаларини доимий назорат қилиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.

 Шунингдек, халқ ноиби ўз сайлов округида Вобкент тумани ҳокими Ф.Умаровнинг навбатдаги фуқаролар қабулида иштирок этди. Қабулда ҳоким ўринбосарлари, Халқ қабулхонаси мудираси ва туман мутасадди ташкилот раҳбарлари иштирок этди. Мурожаат билан келган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлашиб, уларнинг мурожаатлари бирма-бир тингланди. Булар, асосан,даволаниш, ишга жойлаштириш, бола пули олиш, контракт тўловларини тўлаш, уй-жойни таъмирлаш, қарздорликни бартараф этиш, қурилаётган арзон уй-жойлардан олиш, тикув машинаси олишда кўмаклашиш билан боғлиқ мурожаатлардир.

Қабул давомида жами 21 нафар фуқароларнинг мурожаатлари эшитилди. Уларнинг 3 таси шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, 5 тасига зарур ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қолган масалалар ўрганиш ва ижрога қаратилди ҳамда назоратга олинди.

 Депутат Вобкент тумани ҳокими билан бирга “Хайрабод” МФЙ ҳудудида жойлашган тарихий обида – Чашмаи Айюб мақбарасида ободонлаштириш-реставрация ишлари билан танишди. Маълумки, XII-XIII асрларда бунёд этилган, уникал геометрик композицияга эга бўлган мазкур обида 2023 йилда “Буюк ипак йўли: Зарафшон-Қорақум корридори” номзодномаси доирасида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган эди.

Мақбарани реставрация ва консервация қилиш юзасидан 2023 йилда Маданий мерос агентлигига юборилган депутатлик сўрови натижасида у реставрация ва консервация қилинадиган маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган бўлиб, эндиликда тегишли ишларни амалга оширишга киришилди.

Ташриф давомида депутат ва ҳоким томонидан реставрация ва консервация ишларини ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан мутасадди ташкилотларнинг раҳбарларига зарур кўрсатмалар берилди.

 Амин Ҳамидов,

депутат ёрдамчиси

**

Мактаб иситиладиган бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоевнинг Хоразм вилояти Хонқа туманидаги сайловчилар билан учрашди.

“Агробанк” АТБ Хонқа филиалида бир гуруҳ туман кенгаши депутатлари ва банк ходимлари билан учрашувда Хонқа туман иқтисодиёт ва молия бўлими раиси Дилшод Абдуллаевнинг  2024 йил биринчи ярим йилликдаги маҳаллий бюджет ижроси, шунингдек, маҳаллий бюджет даромадларининг қўшимча манбаларини шакл­лантириш ҳамда манбалардан фойдаланиш йўналишлари юзасидан ҳисоботи тингланди ва муҳокама этилди. 

Шундан сўнг депутат “Намуна” қишлоғида жойлашган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 47-сон оилавий поликлиникага борди ва поликлиникани тўлиқ реконструкция қилиш учун Урганч таъмирлаш МЧЖ қурилиш корхонасига 2,5 миллиард сўм пул ажратилганлиги юзасидан ўрганиш олиб борди. 

Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллалар фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 334-сон қарорини тарғиб қилиш мақсадида депутат Намуна қишлоғидаги “Туркис­тон” маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” аъзолари томонидан амалга оширилган ишлар бўйича учрашув ўтказди ва мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти юзасидан батафсил маълумот берди.

Шунингдек, “Қирк ёп” қишлоғида “Обод” маҳалласида жойлашган 52-сон умумий ўрта таълим мактабидаги учрашув ҳам фикр ва мулоҳазаларга бой бўлди. Учрашувда ўқитувчилар ҳамда маҳалла аҳолиси иштирок этди. Билим даргоҳи директорининг мактабга янги иситиш қозони қўйиб беришда ҳамда унинг атрофига темир панжара ўрнатиб беришда ёрдам сўраб қилган мурожаати эътиборга олинди. Депутатнинг саъй-ҳаракатлари билан туман Молия бўлими томонидан мактабга тез кунда янги иситиш қозони ўрнатиб бериладиган, мактаб теварак-атрофини темир панжара билан ўраб олиш масаласи ҳам тез кунда амалга ошириладиган бўлди. 

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Barcha tadbirkorlik subyektlari diqqatiga!

admin

Ҳудудларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш чоралари белгиланди

admin

Ўзбекистон – ЮНЕСКО: олий даражадаги анжуманга пухта тайёргарлик билан

admin