ADOLAT 24

Ўзбекистон – ЮНЕСКО: олий даражадаги анжуманга пухта тайёргарлик билан

Маълумки, ўтган йилнинг ноябрь ойида Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференция­сининг 42-сессиясида ташкилотга аъзо 194 та давлатнинг барчаси сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга юксак баҳо бериб, Бош конференциянинг навбатдаги 43-сессиясини Ўзбекистон заминида ўтказиш бўйича қарор қабул қилишган эди. 

Таъкидлаш жоизки, Бош конференция ЮНЕСКОнинг олий органи бўлиб, унинг сессиялари ҳар икки йилда бир марта бўлиб ўтади. Ўтган 40 йилдан ортиқ вақт давомида Бош конференция сессиялари фақат Париж шаҳрида ўтказиб келинади ва бу давр мобайнида иккинчи бор (1985 йил Болгариянинг София шаҳрида бўлиб ўтган) Франциядан ташқарида ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Респуб­ликаси Пре­зидентининг “2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўриш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат нуфузли халқаро анжуманни юқори савияда ва ташкилий жиҳатдан юксак даражада ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилгани билан аҳамиятлидир.  

Қарорда олий анжуманга тайёргарлик билан бирга Ўзбекис­тон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари ҳам белгилаб берилди. 

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги тегишли маданий мерос объектларини асрашга доир ишлар ҳамда иммерсив ва мавзули кўргазмалар ташкил этилади; мамлакатимизнинг Маданий ёдгорликларни сақлаш ва реставрация қилиш бўйича халқаро тадқиқот марказига аъзо бўлиши учун расмий ариза топширилади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги шаҳарлар, ноёб маданий ва табиий мерос объектларини тегишлича ЮНЕСКОнинг Ижодкор шаҳарлар ҳамда Таълимни тарғиб этувчи шаҳарлар тармоқларига ҳамда бошқа халқаро рўйхатларга киритиш чоралари кўрилади. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекис­тоннинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциясини чуқурлаштиришда ҳамда халқаро обрў-нуфузини юксалтиришда ЮНЕСКО ташкилоти муҳим роль ўйнамоқда. 

Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг ушбу ташкилот билан ўзаро ҳамкорлиги анча самарали кечмоқда. Бунга мисол тариқасида ўзбек халқи моддий ва номоддий маданий меросининг қатор дурдоналари ЮНЕСКО рўйхатларидан жой олганини алоҳида қайд этиш мумкин. Жумладан, 2023 йилда “Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум коридори” номзодномаси ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди. 

Албатта, ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг бош қароргоҳи сифатида Самарқанд шаҳри танлаб олиниши бежиз эмас, бунда чуқур рамзий маъно мужассам. Зеро, ушбу кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар азал-азалдан тарихий учрашувлар, тамаддунлар учун мулоқот маркази бўлиб келган. Бу ерда турли маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини тўлдириб, бойитиб келган. Бунга мисол сифатида ўрта асрларда фаолият юритган Буюк ипак йўлини эслашнинг ўзи кифоя. 

Ҳозирги кунда ҳам “Шарқ гавҳари” бўлмиш Самарқанд мамлакатимизнинг энг муҳим халқаро ва дипломатик ташаббусларини илгари суриш учун ўзига хос платформа вазифасини ўтамоқда. 

Сўнгги йилларда бу ерда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик қатор тадбир ва анжуманлар ўтказилди. Масалан, “Марказий Осиё: ягона ўтмиш ва умумий келажак, барқарор ривож­ланиш ва фаровонлик йўлидаги ҳамкорлик” мавзуидаги халқаро конференция (2017 йил), Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми (2018 йил), Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми (2020 йил), ШҲТ давлат раҳбарлари саммити (2022 йил), Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари саммити (2022 йил), Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблея­сининг 25-сессияси (2023 йил) каби қатор йирик форумлар айнан Самарқанд шаҳрида ўтказилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. 

ЮНЕСКО Бош конференцияси 1995 ва 1997 йилларда бўлиб ўтган 28 ҳамда 29-сессия­ларида шахсан иштирокчиси сифатида шуни таъкидлашим мумкинки, ушбу олий анжуман, ҳақиқатан ҳам йирик оламшумул воқелик ҳисобланади. Зеро, унда “инсониятнинг виждони” бўлмиш ЮНЕСКО ташкилотининг стратегик мақсад ва вазифалари қабул қилинади. Қолаверса, олий анжуман ишида ташкилотга аъзо барча давлатларнинг нуфузли делегациялари билан бирга ЮНЕСКО раҳбарияти ҳам тўлиқ таркибда иштирок этади. 

Самарқандда бўлиб ўтадиган анжуманнинг тарихий аҳамияти шундаки, у ЮНЕСКО ташкил топганининг 80 йиллик юбилейи билан ҳамоҳанг тарзда ўтказилади. Шу аснода 1945 йилда ташкил топган мазкур тузилманинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти сарҳисоб қилиниб, нафақат истиқболдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб олинади, балки тобора мураккаблашиб бораётган дунёдаги ўрни ва масъулияти қандай бўлиши ҳақидаги концептуал ёндашув ҳам шакллантирилади.  

Шу билан бир қаторда, ЮНЕСКО янги Бош директорининг айнан Самарқанд шаҳрида сайланиши ҳам бўлажак анжуманнинг нуфузини янада оширади. 

Олий анжуман асносида Ўзбекистоннинг маданий-тарихий, илмий-маърифий, туристик имкониятлари, унинг дунё тамаддунига қўшган оламшумул ҳиссаси дунё ҳамжамиятига яна бир бор намойиш этилади. Халқимизнинг қадимий тарихи билан боғлиқ кўпдан-кўп маданий ёдгорликларни жаҳон тажрибалари ва халқаро эътироф этилган меъёрлар асосида сақлаш ва реставрация қилиш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқилади. 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 

Халқаро ишлар ва парламентлараро 

алоқалар қўмитаси раисининг ўринбосари

Tegishli xabarlar

ҲАР БИР МУРОЖААТ ОРТИДА ИНСОН ТАҚДИРИ

admin

Илм- маърифатга бешик бўлган юрт

admin

ЛАМИН ЯМАЛ ВА ҚОНУНЛАРГА МУНОСАБАТ ҲАҚИДА

admin