Нариман УМАРОВ, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси
Партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг жорий йил 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоятлар, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг иштироки тўғрисидаги маърузасини эшитдик.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда сиёсий партияларнинг сайловларда муносиб иштирок этиши учун тенг шарт-шароитлар яратилган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий жараёнларнинг бевосита фаол иштирокчиси сифатида ҳар бир йўналишида ўсиш ва ривожланиш кўрсаткичларини намоён этиб, етук сиёсий кучлардан бирига айланиб улгурди.
Агар ўтган йиллардаги сайловларга назар ташласак, айниқса, мамлакатимизда 2019 йилда бўлиб ўтган сайловлар жуда қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда ўтганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, сиёсий партияларнинг сайловолди тарғибот жараёнларидаги йирик оммавий тадбирлари, митинглар, теледебатлардаги чиқишлари, оммавий ахборот воситалари орқали тортишувлар нафақат халқимиз, балки бутун дунёга мамлакатимиздаги сайловлар демократиянинг бош талаби – очиқлик-ошкоралик, шаффофлик ва тенг курашлар остида ўтганини тан олиб, барча бирдек қойил қолди, дейишимиз мумкин.
Албатта, бу йилги сайловлар аввалгиларга нисбатан ҳам муросасиз курашлар, қизғин тортишувлар билан ўтади. Чунки янгиланган Конституциямиз, амалдаги сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгартиришлар шундан далолат бермоқда. Чунки мамлакатимизда фаолият юритаётган барча партиялар, жумладан, бизнинг “Адолат” социал-демократик партиямиз ҳам бўлажак сайловларга янгича руҳ, янгича ижтимоий-сиёсий муҳитда қизғин тайёргарликни бошлаб юборишди,
Бу борада “Адолат” социал-демократик партияси сайловчилар билан таъсирчан усулларда муносабатга киришади ва ўзининг халқчил Сайловолди дастури орқали уларнинг ишончига эришиб, бўлажак сайловларда ғалаба қозонади. Сўзимни якунлар эканман, мен барчангизни сайлов компаниясида фаол иштирок этиб, “Адолат” социал-демократик партиясини қўллаб-қувватлашга чақираман.
**
Хуршид ФОЗИЛОВ, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, сенатор
Партиямиз ҳар доим сайлов жараёнларига киришишда жамиятнинг энг долзарб муаммолари ечимига эътибор қаратади. Бу йилги Сайловолди дастуримизда ҳам анъанага содиқ қолган ҳолда партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, жамиятимизда ечилиши лозим бўлган муҳим масалаларга эътибор қаратилса, халқимиз муаммолар ечимини “Адолат” партиясининг дастурида кўра олса, албатта, бизнинг партиямиз ва номзодларимизга овоз беради.
Шу сабабдан дастурни шакллантириш жараёнида ҳар бир соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, улардан таклифлар олиб, олимлар, экспертлар билан муҳокамалар ўтказиш зарур.
Яна эътибор қаратилиши муҳим бўлган жиҳат, бу барча соҳада, айниқса, соғлиқни сақлаш йўналишида Россия, Европа давлатлари, АҚШ, Осиё ва МДҲ давлатлари, Скандинавия давлатлари, Сингапур каби ривожланган хориж давлатларининг илғор тажрибаларини ўрганган ҳолда дастурда истиқболли мақсадларни акс эттиришимиз лозим.
Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш бўйича улкан ишлар қилинди.
Лекин шунга қарамасдан, ушбу соҳада ечимини кутаётган, халқни қийнаб келаётган оғриқли муаммоларимиз талайгина.
Хусусан, соғлиқни сақлаш йўналишида Тиббий суғуртани амалиётга татбиқ этиш, “Ақлли тиббиёт” тизимини жорий этиш, онкология соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда ҳали-ҳануз ечимини кутаётган муаммолар мавжуд.
Биз ўз Сайловолди дастуримизда юқоридаги муаммолар ечимини тезлаштириш, электоратимиз ҳисобланмиш тиббиёт ходимларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ушбу соҳадаги мавжуд камчиликларимизни бартараф этиш бўйича аниқ ва самарадор ҳаётий ташаббусларни илгари суришимиз лозим.
Зеро, бугун тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида илгари сурадиган ғояларимиз келажак авлодни соғлом ўсишига хизмат қилади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, партиямиз Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш йўналишидаги муаммолар ечимига эришиш таклифлари акс этиши лозим, деб ҳисоблайман.
Шу боис, Сайловолди дастурини такомиллаштиришда партиямиз сафида бўлган бир миллион бир юз минг нафардан ортиқ аъзоларимизни фаол бўлишга чорлаб қоламан.
**
Қодир ЖЎРАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси, Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари
Сайлов жараёнларида сиёсий майдонга халқчил ва мамлакат тараққиётини таъминловчи ҳаётбахш ғоялар билан чиқиб келишда партиянинг Сайловолди дастури муҳим роль ўйнайди.
Тобора такомиллашиб бораётган ташқи сиёсат борасидаги миллий қонунчилик ҳамда бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, куч ишлатмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш қоидаларига амал қилиш, шунингдек, ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектларини мамлакат ҳудудида жойлашишига ва ҳарбий хизматчиларимизнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операциялар ва ҳарбий можароларда иштирок этишига йўл қўймаслик каби тамойиллар асосида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати батамом янги мазмун-моҳиятга эга бўлди.
Биз партиянинг келгуси беш йилликка мўлжалланган Сайловолди дастурида бугунги халқаро муносабатларимизни инобатга олган ҳолда Марказий Осиёда ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш, уни барқарор, ҳар томонлама ривожланган ва яхши қўшничилик алоқалари йўлга қўйилган минтақага айлантиришга эътибор қаратишимиз лозим. Чунки мамлакатимизнинг тақдири минтақадаги қўшни мамлакатлар тақдири билан чамбарчас боғлиқдир.
Биз бўлажак сайловларда муносиб иштирок этиш мақсадида партия Сайловолди дастурини халқчил ғоялар асосида ишлаб чиқишимиз ва Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятидаги иштирокини янада кенгайтириш каби вазифаларни қўйишимиз мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.
Барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз, жаҳон бозорларида рақобат тобора кескинлашиб бораётган айни пайтда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатига янги талабларнинг пайдо бўлиши мавжуд хомашё маҳсулотларидан рақобатга чидамли, бозорда талаб юқори бўлган буюмлар ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда.
Бу борада мамлакатимизда сўнгги йилларда дунё бозорларида талаб юқори бўлган ярим тайёр ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш, хомашё экспортидан тайёр маҳсулотлар экспортига ўтиш, саноат ривожини сифат жиҳатидан янада юқори босқичга олиб чиқиш бўйича жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Натижада, мамлакат экспортида ҳам тайёр маҳсулотлар улуши ошмоқда. Бу борада айнан ЖСТга аъзолик миллий иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни тезлаштириши, унинг рақобатбардошлигини ошириши, барқарор савдо муносабатларини ўрнатиш имконини беришини инобатга олган ҳолда, ушбу масалага алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.
Партия Сайловолди дастурини тайёрлаш жараёнида кенг жамоатчиликдан ҳаётий ва халқчил таклифлар олишимиз, уларни эспертлар иштирокида такомиллаштириб, ҳар томонлама мукаммал, аҳоли манфаатларини кўзловчи дастур ишлаб чиқишимиз лозим.
Зеро, халқаро майдонда изчил, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий фаолиятини давом эттириб, Марказий Осиё давлатлари ва жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлик алоқаларини жадал олиб бориш Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштиришга, унинг халкаро нуфузини юксалтиришга, пировардида эса, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
**
Беҳзод ТЎХТАМУРОДОВ, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол бўлиб улғайиши, уларнинг қилган меҳнати ҳамда эришган ютуқларига яраша рағбатлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Адолат” социал-демократик партияси ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдори бўлиб, ўз Сайловолди дастурларида мамлакат тараққиётини кўзловчи, жамиятни юксалтирувчи муносиб ғоялар ва чақириқлар билан иштирок этиб, ёшлар масаласига алоҳида урғу бериб келган.
Шу пайтгача ҳам партия Сайловолди дастурларида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, масофавий таълимни жорий этиш, таълим сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, квоталарни бекор қилиш, ОТМларни босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тартибига ўтказиш, камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингининг биринчи 1000 та олий таълим муассасалари рўйхатига, жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 та олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлигининг ва бугун бу борада партиянинг кўп ғоялари амалга ошганининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Албатта, бизнинг партиямиз бўлажак сайловларда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг манфаатларини кўзлаган, уларга фаровон турмуш шароитларини яратишни мақсад қилган таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этиши керак.
Сайловолди дастуримизни ишлаб чиқиш жараёнида ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини қўллаш, таълим жараёнларига илғор замонавий технологияларни жорий этиш, ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларни нафақат жисмонан, балки сиёсий, маънавий ва аҳлоқий етук, комил инсон қилиб вояга етказиш, ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган иродали, фидоий ва ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялаш, “IT”, хорижий тиллар, спортга жалб қилиш, хориждаги ёшлар билан ишлаш каби муҳим масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.
Зеро, замонавий билим ва кўникмаларга эга, мамлакатнинг муносиб келажаги учун жавобгарликни ўз зиммасига ола биладиган баркамол, мақсадга интилувчан ва серғайрат ёшларни тарбиялаш мамлакатни барқарор ва илдам ривожлантиришнинг энг муҳим шартларидан биридир. Шундай экан, барча партиядошларимизни бўлажак сайловларда бир ёқадан бош чиқариб, Ватан келажаги ва тараққиёти учун хизмат қиладиган мукаммал Сайловолди дастури билан иштирок этишга чақириб қоламан.
**
Нурлыбай ҚАЙПБЕРГЕНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси
Олдимизда барчамиз учун ғоятда муҳим саналган сиёсий тадбир турибди. Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоятлар, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловда “Адолат” социал-демократик партияси муносиб иштирок этишига ишонаман.
Бугунги кунда республикада ҳудудлар кесимида экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ҳудудларнинг санитар ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасидаги сиёсат изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, юртимизда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, денгиз тубидаги суви қуриган ҳудудларда ўрмонзорларни кенгайтириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қолаверса, Оролбўйи аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан биргаликда кенг кўламли ишлар давом этмоқда.
Лекин шунга қарамасдан, экология, атроф-муҳитни асраш ва сув танқислиги муаммолари ҳали ҳамон долзарблигича қолмоқда.
Бугун дунё бўйлаб 780 миллиондан ортиқ одам тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга эмас. 1,7 миллиард одам тоза сувга муҳтож. Дунёда тоза сув етишмаслиги ва антисанитария туфайли ҳар йили минглаб одамлар ҳалок бўлади. 2 миллиард 300 миллиондан ортиқ одам эса санитария талабларига жавоб бермайдиган сув истеъмол қилишга мажбур.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, 2050 йилга қадар сувга бўлган талаб яна 50 фоизга ошади. Шу рақамларнинг ўзи ҳам табиатнинг бебаҳо неъмати бўлган оби-ҳаётдан тежамкорона, оқилона фойдаланишга ундайди.
“Адолат” СДП ҳам аҳоли манфаатларини кўзлаган ҳолда «Орол муаммоси» каби янги муаммо пайдо бўлмасдан туриб, жойларда ҳамон давом этаётган тоза ичимлик сувига бўлаётган «тажовуз»ларни тўхтатиш тарафдори.
“Адолат” СДП Конституциямизда белгиланган “Ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқи”ни амалда тўлақонли рўёбга чиқариш йўлидан боришни мақсад қилган бўлиб, юқорида тилга олинган муаммоларнинг нафақат бизнинг мамлакатимиз, балки бутун дунё учун ҳам долзарблигини англаган ҳолда бу каби муаммоларни бартараф этиш бўйича аҳолининг, экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, ўзининг янги Сайловолди дастури лойиҳасида акс эттиришга ҳаракат қилмоқда.
Бугун экология ва атроф-муҳит масаласи Тошкент шаҳрида ҳам муаммога айланганидан барчангизнинг хабарингиз бор. Шу сабабли партиямизнинг Сайловолди дастурида юртимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ҳамда аҳолига барқарор ҳаёт кечириш имконини яратиш юзасидан ташаббусларни илгари суришимиз лозим.
**
Шаҳноза ҒАНИЕВА,
Фарғона вилоят кенгаши раиси
Мамлакатимизда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш жараёнига аралаш сайлов тизимининг жорий қилинганлиги, энг аввало, республикамизда фаолият олиб бораётган сиёсий партияларнинг янада самарали фаолият олиб боришига, парламент аъзоларининг тегишли партия олдидаги масъулияти ортишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда.
Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, янги таҳрирдаги Конституциямизда белгиланган нормаларни ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида Сайлов кодексининг 70- ва 91-моддаларига ўзгартишлар киритилиб, сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг 30 фоизидан 40 фоизга ошириш назарда тутилди.
Бу эса гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқаришга имкон беради.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг сиёсий, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, уларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий-ҳуқуқий фаоллиги ошиб, давлат бошқарувидаги иштироки янада кенгайиб бормоқда. Биргина мисол, айни пайтда Қонунчилик палатаси депутатларининг 32 фоизини, Сенат аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 25 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Аёл депутатлар палатанинг норма ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти, фракциялар ва қўмиталар томонидан олиб борилаётган ишларда алоҳида фаоллик кўрсатиб келмоқдалар. Жумладан, тўртинчи чақириқ Қонунчилик палатаси фаолиятининг ўтган даврида, яъни 2020-2023 йиллар давомида аёл депутатлар 23 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва парламент муҳокамасига киритишда бевосита иштирок этган. Бу, ўз навбатида, давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим бўлган қонунлар ва қарорларнинг қабул қилинишида хотин-қизларнинг сўзи, фикри инобатга олинаётганлигини кўрсатмоқда.
“Адолат” СДПнинг хотин-қизларни олий таълимга жалб қилиш орқали ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини юксалтириш, раҳбарлик лавозимларида хотин-қизлар сонини кўпайтириб, уларнинг, ташаббусларини қўллаб-қувватлаб келаётгани ҳам сайловчилар томонидан ижобий баҳоланиб, партия сафида хотин-қизлар сонининг ошишига олиб келди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бўлажак сайловларда ўз номзодларини илгари суриб, уларнинг фаол иштирок этиши масалаларини ҳал қилиб олишимиз мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман ва барчангизни сайлов кампаниясида фаол иштирок этишга чақираман.
