ADOLAT 24

АДОЛАТ – ҲАР БИР ИНСОН УЧУН

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова таъкидлаб ўтганидек, жорий йил 27 октябрь куни мамлакатимизда муҳим сиё­сий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтиши ҳақида Марказий сайлов комиссиясининг 26 июлдаги қарори билан сайлов кампаниясига старт берилди.

Биз адолатчилар, албатта, ушбу сайловларда юқори даражада муносиб иштирок этишимиз зарур. Шу мақсадда, 27 июль куниёқ Сиё­сий Кенгаш ижроия қўмитасининг йиғилишини ўтказиб, сайловга қатнашиш истагимиз юқори эканлигини кенг жамоатчиликка маълум қилдик.

Сизларга яхши аён бўлганидек, сайловда самарали иштирок этишнинг икки жиҳати бор. Бири муносиб номзодни илгари суриш бўлса, иккинчиси халқимизга манзур бўладиган Сайловолди дастурини тақдим этишдир. 

Бизнинг мақсадимиз сиёсий майдонга пухта ишланган, партиянинг 2024-2029 йилларга йўналтирилган халқчил ва мамлакат тараққиётини таъминловчи ҳаётбахш ғоялари билан суғорилган Сайловолди дастури билан чиқиб боришдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 128-моддасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, партиянинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дас­тури лойиҳасини ишлаш жараёни жорий йилнинг январь ойиданоқ бош­ланган. 

24 январь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг 52-сон мажлиси 2-сонли қарори асосида “2024 йилда Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга Ўзбекис­тон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурини тайёрлаш” бўйича чора-тадбирлар режаси, ишчи гуруҳи ва экспертлар гуруҳи тасдиқланиб, ишга киришилди. 

Ижроия қўмита қарори асосида 50 нафардан ортиқ мамлакатимизда ва хорижий давлатларда фаолият олиб бораётган академиклар, олимлар, вазир ўринбосарлари, Омбудсман вакиллари, ОТМ ректорлари, профессор-ўқитувчилари, ёш тадқиқотчилар ва жамоатчилик вакилларидан иборат экспертлар гуруҳи ишни электорат фикрини ўрганишдан бош­лади. 

Сайловолди дастури лойиҳасини тайёрлаш учун экспертлар маслаҳатлашуви жараёнида дастлаб 7 та муҳим йўналиш белгилаб олинди. Аммо жамоатчилик вакиллари фик­рини ўрганиш, таҳлил қилиш жараёнида дастур йўналишлари 9 тага етказилди. 

I. Ҳуқуқий давлат барпо этиш – пировард мақсадимиз.

II. Адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ва демократик институтларни ривожлантиришга доим шаймиз.

III. Иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлаш муҳим вазифамиз.

IV. Кучли ижтимоий сиёсат – халқ фаровонлигининг кафолати.

V. Халқ саломатлиги – улкан бойлик, жамият барқарор ривожланиши фаровон турмуш гаровидир.

VI. Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш ва болаларнинг ҳимоясини кучайтириш муҳим вазифамиз бўлади.

VII. Мусаффо ҳаво, яшил табиат, сув тежамкорлиги – узоқ умр ва барқарор тараққиёт кафолатидир.

VIII. Коррупцияга қарши курашиш – устувор вазифамиз. 

IX. Тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат: миллий манфаатлар устуворлиги йўналишлари.

“Халқдан олиб халққа берамиз” шиори остида қизғин давом этган жараёнларда халқимиз орасидан 20 мингдан ортиқ таклифлар, ғоялар йиғиб олиниб, соҳа мутахассислари, экспертлар ва олимлар томонидан таҳлил қилинди. 

Таклифларни шакллантириш, ғоя­лар жамият ҳаётига уйғунлигини аниқлаш ҳамда энг долзарбларини белгилаб олиш мақсадида ҳар бир йўналиш бўйича экспертларимиз томонидан соҳа мутахассислари, тегиш­ли вазирлик ва идоралар вакиллари билан муҳокамалар ўтказилди. 

Шу билан биргаликда, Сайлов­олди дастурида фойдаланиш мақсадида 150 дан ортиқ хорижий давлатлар таж­рибаси (Россия, Европа давлатлари, АҚШ, Осиё ва МДҲ давлатлари, Скандинавия, Сингапур ва бошқа ривож­ланган давлатлар), сиёсий партиялари фаолияти, социал-демократик партиялар Сайлов­олди дастурлари таҳлил қилиниб, Ўзбекистонга мос бўлган 1000 га яқин илғор таклифлар устида муҳокамалар ўтказилди.

Миллий ва хорижий илғор таж­рибаларга таянган ҳолда дастурларимиз лойиҳасида замонавий социал-демократиянинг энг илғор ғоя­лари, қадриятлари ва мақсадлари миллий қадриятларимизга мос ҳолда сингдирилади. Уларда социал-демок­ратиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик ғоялари устуворлик касб этган.

Шунингдек, сайлов тарғиботи ва чақириқлари учун 100 дан ортиқ шиорлар тайёрланиб, экспертлар муҳокамасига ҳавола этилди. Сайловолди дастури бобларига мутаносиб ва энг жарангдор бўлган 2 та бош шиор, 8 та қисқа ва 15 та умумий шиор танлаб олинди.

Бундан ташқари, партиянинг ҳудудий Кенгашлари ҳам ўз ҳудудий муаммоларидан келиб чиқиб, Сайловолди дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ишларини амалга оширишмоқда.

Шу билан бирга, янги ишлаб чиқилаётган Сайловолди дастури лойи­ҳасида илгари сурилаётган жами 200 дан ортиқ таклифлар таҳлил қилинди, улар зарурати юзасидан асос­лантирилган маълумотлар тайёрланди.

Сайловолди дастурини кенг тарғиб қилиш мақсадида ҳозирданоқ сайловолди ташвиқоти бошланиши билан марказий ва маҳаллий ОАВлари орқали ташкиллаштириладиган дебатларда, кўрсатувларда, шу билан бирга, сайловчилар билан учрашувларда сўзлайдиган фаол, сиёсий жараёнлардан хабардор, нотиқлик маҳоратига эга, воизлик қобилияти мавжуд бўлган партия фаоллари, депутатлар ва хайрихоҳлардан иборат 300 нафарга яқин партия фаоллари рўйхати шакллантирилди.

Инсон ҳуқуқларини олий қадрият даражасида эътироф этиш ва бу борада мустаҳкам ҳимоя қўрғони яратиш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий келиб чиқиши, миллати, диний мансублиги, жинси, ёши ва бошқа белгиларидан қатъий назар камситилишига қарши курашиш, адолат – ҳар бир инсон учун тамойилига амал қилиш дастуримизнинг асосий йўналишларида ўз ифодасини топмоқда. Зеро, ушбу таклифлар халқимиз, хусусан, электоратимиз манфаатларига хизмат қилсин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси буюк мақсадларга фақат адолат билан эришиш мумкин деб ҳисоб­лаб, сайловларга барча учун тенг имкониятлар ва адолатли жамиятни қарор топтириш мақсадида кириб келмоқда.

Биз дастур лойиҳаси устида янада кўпроқ ишлашимиз, ҳар бир банди юзасидан мунозарали муҳокамалар уюштиришимиз, партия Қурултойига узоқ ва яқин келажак учун асослантирилган, партиянинг ғоя ва мақсадлари сингдирилган дас­турий вазифаларимизни тақдим этишимиз зарур. Бунинг учун ҳар биримиздан, айниқса, Сиёсий кенгаш аъзоларидан янада фаоллик талаб этилади.

Дастуримиз ҳар бир инсоннинг адолатли турмуш кечириши учун хизмат қиладиган дастуриламал ҳужжат бўлишига ишонамиз. 

Абдукамол РАХМОНОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг 

биринчи ўринбосари

Tegishli xabarlar

Иқтисодий ҳамкорликнинг минтақавий салоҳияти

admin

Инсон ҳуқуқларини таъминлашда қонун устуворлиги муҳим

admin

ЭТНИ ТИРНОҚДАН АЖРАТИБ БЎЛМАЙДИ

admin