ADOLAT 24

ЗУМЕРЛАР – янги авлод вакиллари

Бугун кекса авлод вакиллари билан суҳбатлашсангиз, аксарияти невараси ёки кичик ёшдаги фарзандининг қўл телефонининг “у ёғидан кириб, бу ёғидан чиқиб кетишидан” нолийди. Бундан фахрланадиганлар ҳам кам эмас. Ёхуд чақалоқнинг телевизор ёки планшет экранига қараб жим ётиши, гўёки уларни томоша қилиб тушуниши бизга ғалати туюлади. Хавотир олманг: ҳамма гап авлодлар ўртасидаги фарқда. 

Фанда бу “Авлодлар назарияси” деб номланади. Уни 1991 йилда АҚШлик социологлар Н.Хоув ва В.Штраус амалиётга киритишган. Эъти­бор қилсангиз, авлодларнинг хусусиятлари улар туғилиб ўсган даврга жуда ҳам боғлиқ ва бу кўплаб муаммолар ечимига хизмат қилади. 

Айни вақтда таълим даргоҳларида Z авлод вакиллари таълим олишмоқда. Улар 2000-2013 йилларда туғилганлар бўлиб, “зумерлар” деб номланади. Уларнинг асосий хусусиятларига қараб, бугунги ёшларнинг маънавияти, дунёқараши ҳақида хулоса чиқариш мумкин. 

Бу даврда туғилганлар ҳаётини интернетсиз тасаввур қила олишмайди. “Қўлида телефон билан туғилган” деган ҳазил таърифлар аслида чин. Улар ахборот технологияларини ҳаётининг ажралмас бўлагига айлантиришган ва дўст орттириш, иш топиш, машҳур бўлиш учун фақат ва фақат интернетдан фойдаланадилар. Анъанавий таълим уларни қониқтирмайди. Уларга онлайн курс­лар ва мус­тақил таълим кўпроқ мос келади. Жуда ақлли ва билимли бу болалар табиатнинг, экологиянинг хавф остида қолаётгани, ҳаттоки сиёсатчиларнинг қарорларини муҳокама қилиш даражасида бўладилар. (Ҳар бир оилада бундай болалар бор). Улар ҳар бир инсон шахсиятини ҳурмат қилади, одамларнинг так­рорланмас эканлигига ишончи кучли бўлади. 

Уларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ота-оналар ва педагогларга тавсиялар ҳам мавжуд. Жумладан, зумерларга бақириб, овозни баланд кўтариб гапириб бўлмайди, уларни тўғридан тўғри танқид қилиш мумкин эмас. Улар расмий ёндашувларни ёқтиришмайди. Кўпчилик ўйлаганидек, уларни интернетдан узиш, телефонини чеклаш кутилган натижа бермайди. Қайтага уларнинг ижтимоийлашуви, шахс сифатида шакл­лануви, теварак-атроф билан танишуви ўша технологиялар орқали содир бўлади. Уларга узоқ гапиришдан кўра қисқа роликлар, инструкциялар ва ривожлантирувчи ўйинлар кўпроқ тушунарли кечади. Ижодкорликни ривожлантириш барча болалар каби зумерлар учун ҳам муҳим. Бу уларнинг дунёқарашини ривож­лантириш, пул ишлаб топишнинг янги шаклларини ўйлаб топишда асқотади.

Ҳаммада бўлгани каби бу авлод вакилларида ҳам заиф томонлар бор. Қисқа ва тезкор маълумотлар чуқур мулоҳаза юритишга имкон бермайди. Улар тайёр хулосалар, аниқ фикрларга таяниб қолишган. Маълумотни тез излаб топиш хоҳиши уларни хотирада сақлаб қолишдан кўра муҳимроқ. Шу сабаб тезкор хотира уларда ниҳоятда устун бўлади. Турфа янгиликларга ўч бўлгани учун севимли машғулотини тез-тез алмаштириб туради. Бу эса ота-она ва ўқитувчини асабийлаштириши мумкин. Яққол кўзга ташланувчи жиҳати эса уларнинг мулоқотга кириша олмаслиги. Улар учун реал ҳаётдан кўра онлайн мулоқот кўпроқ қулай ва қизиқарлидир. 

Бу эса анъанавий таълим шаклларини авлодлар ўртасидаги фарққа кўра ўзгартиришни тақозо этади. Маъруза, назорат иши кабилар керакли натижа бермаслиги аниқ. Бу каби тадқиқотлар бугун кўпчилик ўйлаётганидек, интернет ва телефон ёшлар тарбиясига фақат салбий таъсир кўрсатиб қолмасдан, қайтага уларнинг туғма интилиш ва қобилиятиларини очиб бериши, истеъдодини намоён этиши, бинобарин, ҳозирги ёшларни тушунишга ёрдам бериши мумкин. Ота-оналар ва педагоглар олдидаги асосий вазифа ҳозирги ёшларни яхшини ёмондан, оқни қорадан ажратишга ўргатишдир. 

Мафтуна Алимова, 

Жиззах давлат педагогика университети талабаси 

Tegishli xabarlar

ИСТЕЪМОЛ БОЗОРЛАРИДА НАРХЛАР БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

admin

Ибодат одобини унутманг!

admin

ЁШЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЮРТИМИЗНИНГ ФАОЛ ВА ТАШАББУСКОР ЁШ АВЛОД ВАКИЛЛАРИДАН БИР ГУРУҲИНИ МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

admin