ADOLAT 24

Сифатли таълим учун ҳаммамиз масъулмиз

Таълим соҳасида ўтказилаётган бугунги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад таълимнинг сифатини оширишга эришишдир. Хўш, сифатли таълим тушунчаси ўзида қандай маъноларни акс эттиради, қандай таълимга сифатли таълим дейилади? 

Сифатли таълим – бу, ўқувчининг ҳар бир фан бўйича Миллий ўқув дас­турида кўзда тутилган билимлар минимумини пухта ўзлаштириб олишини таъминлайдиган ва ўқувчиларда жамоа бўлиб ишлай олиш; ўқитувчи билан мулоқат қила олиш; янгиликларга қўл ура оладиган, янги ғоялар ўйлаб топадиган, ихтирочилик, муаммоларни ўзи ҳал эта оладиган; ўзининг мустақил фикрига эга бўлиш ҳамда уни ифодалай олиш, у ёки бу масалага танқидий ёндаша олиш кўникмаларини шакллантириши зарур бўлган таълимдир. 

Сифатли таълим тушунчасининг мазмунини ташкил этувчи санаб ўтилган 5 та унсурни пухта билиш, уларни ўқувчиларда қарор топтиришга имкон берувчи замонавий методларни пухта эгаллаб олиш ҳар бир ўқитувчининг касбий вазифасидир.

Таълимнинг сифати ўз-ўзидан ошиб қолмайди, албатта. Бунинг учун, аввало, мустаҳкам ҳуқуқий ва меъёрий асослар яратилмоғи лозим эди. Шунинг учун ҳам Президентимиз 2022 йилнинг 11 май куни таълим соҳасида ўтказилаётган ислоҳотларнинг 2026 йилгача бўлган йўналишини белгилаб берувчи икки муҳим ҳужжатни – “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича Миллий дас­турни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон ва “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Мазкур ҳужжатларга кўра: 

– мактаб таълимига илғор халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурини босқичма-босқич тўла жорий этиш; 

– мактаб ўқувчиларида билим ва кўникмаларни шакллантириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш; 

– ўқитувчи касби нуфузини ва уларнинг сифат таркибини ошириш; 

– замон талабига жавоб берадиган дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни тайёрлаш; 

– мактабларнинг халқаро стандартларга мос келадиган замонавий моделини яратиш талаб этилади.

Педагогикада “Таълимнинг сифати – ўқитувчиларнинг сифатидан юқори бўла олмайди”,  деган қоида бор. Бироқ бу қоида кўп йиллар давомида унутилди. Бу қоида эслангач эса ўқувчиларда замон талабига мос билим ва кўникмаларни шакллантириш биринчи навбатда ўқитувчининг ўз фани бўйича билими ва касбий маҳорати даражасига боғлиқлиги яна эътироф этилди. Шунинг учун ҳам педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизими ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этиш бошланди. Ана шу баҳолаш тизими асосида ўқитувчи билим ва касбий маҳорати баҳолангач, унга тегишли сертификат берилади ва ўқитувчига ҳар ойлик қўшимча устама сертификатларнинг даражасига – халқаро, миллий ёки Давлат тест маркази томонидан жорий этилганига қараб тўланади. 

Ўқувчиларга пухта билим бериш ва уларда зарур кўникмаларни шакллантириш муаммосини ҳал этиш, айни пайт­да, ўқитувчининг ўқитишнинг замонавий методларини қанчалик пухта эгаллаб олишига ҳам боғлиқ. Бу муаммони ҳал этиш учун педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказлари (Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлари негизида) ва А.Авлоний номли институт негизида Педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти ташкил этилди. 

Президент қароридаги муҳим янгиликлардан яна бири – 2024 йилдан бош­лаб умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи синфларида якуний давлат аттестациясининг (имтиҳонининг) Давлат тест маркази томонидан ўтказилишининг назарда тутилаётганлигидир. 

Агар бу тартиб амалда қўлланилса, ҳеч шубҳасиз, ўқувчиларнинг, ота-она­ларнинг, жамоатчиликнинг ҳам таълимга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиради. Ўқитувчида эса ўқувчиларга пухта билим беришдан бошқа имконият қолдирмайди. 

Ана шунда Президент фармони ва қарори халқ таълимини сифат жиҳатдан замон талаби даражасига кўтаришга хизмат қилади. 

Шу ўринда савол туғилади, нега ўтган 30 йил мобайнида таълим сифатига эъти­бор берилмади? 

Аввало, юқори раҳбар ташкилотлар масъулларининг хатоси туфайли жамиятда халқ таълимига, ўқитувчиларга нисбатан паст назар билан қараш муҳити шаклланди. Ўқитувчи меҳнатининг қадрланмаганлиги ва мактаб­лар моддий-техника базасининг ночор аҳволда қолдирилиши устозларда лоқайдликни вужудга келтирди.

Иккинчидан, замон талабига жавоб берадиган Миллий таълим тизими яратилмасдан туриб, совет таълим тизимидан кўр-кўрона воз кечилди. 

Оқибатда, 1998 йилдан бери таълимни ислоҳ қилиш шиори остида мактабларда амалда ҳеч қандай наф бермаган, ҳали у давлатнинг, ҳали бу давлатнинг антиқа педтехнологиялари татбиқ этила бошланди. Чунки бизда таълими бўйича қарор қабул қилиш ва унга раҳбарлик қилиш бу соҳада лозим даражада тушунчага эга бўлмаган, таълим тизимида ишлаб кўрмаганлар қўлида қолди. Ана шу компетентсизлик оқибати ўлароқ амалда ўзини оқламаган 9 йиллик умумий ўрта таълим жорий этилган эди. Касб-ҳунар таълими эса касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари иш билан таъминланмаганлиги учун жамиятда обрўсизланди.  

Қанча ва қанақа қарорлар қабул қилинмасин, таълим сифатини оширишда асосий фигура – ўқитувчи ҳисобланади. Ўқитувчи ўз меҳнатига яраша иш ҳақи олмас экан, сифатли таълим ҳақидаги фикрлар, кўрсатмалар орзу-умидлигича қолиб кетаверади.

Бинобарин, таълим сифатини оширишнинг асосий омили – ўқитувчи меҳнатига тўланадиган иш ҳақининг юқори бўлишидир.

Бу ўринда Сингапур давлатининг собиқ Бош вазири Ли Кун Юнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтиш жоиз. “Мамлакатни ривож­лантириш учун мен ҳеч қандай мўъжиза яратмадим. Мен ўқитувчининг обрўси ва мавқеини юқори даражага кўтардим. Унинг ойлик маошини мамлакатда энг юқори маош даражасига олиб чиқдим, холос. Натижада ўқитувчилар мамлакатни ривожлантирдилар. Бунинг учун улардан миннатдорман”.

Хўш, бу масалада бизда ҳозир аҳвол қандай? Яқинда Ўзбекистон телевидениесида ўқитувчиларнинг иш ҳақи мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи шкаласида  охирги ўринда туриши очиқланди.

Бундан ташқари, ўқув режаларида дарс соатлари камайтирилиб борилмоқда. 

Масалан, 2021-2022 ўқув йилида дастлаб умумтаълим мактаблари ўқув режаси 10 фоизга камайтирилди. Лекин ўқитувчи ставкасининг миқдори (бош­ланғич синфларда – 18 соат, 5-11 синф­ларда – 20 соат ) ўзгаришсиз қолдирилди. Аслида ставка миқдори ҳам 10 фоизга камайиши керак эди, яъни энди 1 ставка миқдори бошланғич синф­ларда 16 соатга, юқори синфларда эса 18 соатга туширилиши лозим эди.

Тўғрисини айтганда, мактаб жамоалари эртага яна қайси штат бирлиги ёки қайси фанга ажратилган ўқув соатлари қисқартирилиши мумкинлигидан хавотирга тушиб қолишган. Шундай шароитда вазирлик ўқитувчи манфаатини қанчалик ҳимоя қила олади? 

Ахир ўқитувчининг 1 ставка ҳаж­мида ишлашга ҳақи бор-ку! Бизнинг яқин тарихимизда бошланғич синф­ларда 1 ставка миқдори 14 соатни, юқори синф­ларда 16 соатни ташкил этган даврлар ҳам бўлган эди.

Ҳурматли мутасаддиларимиз айт­синлар-чи, ҳозирги кунда республикамизда ўқитувчиларнинг неча фоизи тўлиқ бир ставка юклама билан ишлаётир экан? Негаки, ўқитувчининг базавий таъриф ставкасини тоифасига қараб 5-6 миллион сўм этиб белгилаш ҳам унинг ўз ишига муносабатини кес­кин ўзгартириб юборишига шубҳа йўқ. 

Энди икки оғиз сўз – синфларни бўлиб ўқитиш тўғрисида. Маълумки, ҳозир синфда ўқувчи сони 25 ва ундан ортса айрим фанларни (информатика, технология, жисмоний тарбия, рус тили, чет тили) бўлиб ўқитишга рухсат этилган. Бу ўринда асосий муаммо – технологияни бўлиб ўқитишда. Агар ўқувчилар сони 24 нафар бўлса ҳам, бу фан бўйича ўғил ва қиз болаларга битта ўқитувчи дарс бермаслиги керак. Шунинг учун юқорида санаб ўтилган фанларни ўқувчилар сони 20 ва ундан ортиқ бўлганида, технология фанини эса синфдаги ўқувчи сонидан қатъи назар иккига бўлиб ўқитишга рухсат этилиши лозим. 

Тўғри, давлат бюджети ҳисобидан умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг иш ҳақини бир вақтда тўла даражада ошириш имконсиз. Бироқ мактаб ўқитувчилари иш ҳақининг энг паст даражада қолиши ҳам адолатдан эмас.  

Яна бир ҳақиқат шундан иборатки, таълимнинг сифатини ошириш унинг моддий-техника базасининг қанчалик замонавий бўлишига ҳам боғлиқ. Сир эмаски, бугунги кунда бизда кимё, биология, физика ва айниқса, технология фанларининг моддий базаси ўта ночор аҳволда.

Бу муаммолар босқичма-босқич ҳал этилади, албатта. Бироқ Президент қарорининг 7-бандида вилоятлар ҳокимликлари олдига қўйилган 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб, тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида умумий ўрта таълим муассасаларининг технология фани устахоналарини ҳамда касб-ҳунар амалиёти хоналарини босқичма-босқич ташкил этиш ва жиҳозлаш чораларини кўриш, қарорнинг 4-бандида қайд этилган 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб 400 нафаргача ўқувчиси бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида Интернет тезлиги камида 40 мбит/с, ўқувчилар сони 400 нафардан юқори бўлганларда камида 100 мбит/с бўлишини таъминлаш ҳақидаги топшириқларнинг амалда бажарилиши таъминланмаётганлиги ачинарлидир. 

Умид қиламизки, мутасаддилар юқорида айтилган танқидий фикрларга эъти­бор қаратадилар. Зеро, таълимнинг сифати учун ҳаммамиз бирдек масъулмиз.

Ўткир Жўраев, 

Бўка туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими,

“Соғлом авлод” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби,

халқ депутатлари туман Кенгаши депутати

Tegishli xabarlar

Боқий шаҳар абадияти

admin

Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

admin

Ўзбек онаси

admin