ADOLAT 24

Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллигини эришган ютуқларимиз, мамлакатимизда амалга оширилаётган муваффақиятли ислоҳотлар билан кутиб олдик. Албатта, ўтган йилларда Ўзбекистон том маънода ўзгарди. Бу жиҳатлар халқимиз дунёқараши, мафкураси янгиланганида, ҳаёт фаровонлиги юксалганида, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз қайта жонланганида, айниқса, яққол кўзга ташланади.

Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлига чиққанидан кейин мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди. Халқаро саҳнадаги фаоллик Ўзбекистонда шу кунгача ҳуқуқ ва қонун устуворлиги борасида эришилган ютуқларни асраб-авайлаш учун имкон беради. Боз устига, бу жиҳатлар давлат идораларида масъулиятни ошириш, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, мажбурий меҳнатга қарши кураш, афв этиш ва оқлов, адлия ислоҳоти, суд мус­тақиллиги, уруш майдонларидан ватандошларни олиб келиш, қийноқларга барҳам бериш, жазони ўташ муассасаларини мониторинг қилиш, гендер тенглик ва бошқа жабҳаларда ҳам ижобий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттириш гарови ҳамдир. Ўзбекистон фуқаролик жамиятини тараққий эттириш, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, қамоқхона ва ҳибсхоналардаги вазиятни янада яхшилаш, суд мус­тақиллиги ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари устидан демократик назорат ўрнатиш томон жадал ҳаракат қилмоқда. Қисқа вақт ичида мамлакатимизда мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. БМТнинг фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан 70 минг юртдошимизга Ўзбекис­тон фуқаролиги берилди. Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик мустаҳкамланмоқда. Коррупцияга қарши муросасиз кураш янги босқичга кўтарилди.

Хорижий экспертларни ва ватандошларни жалб этиш, давлат идораларида уларнинг кўмагига таянган ҳолда, ўзгаришлар қилиш, иқтисод, молия ва сармоя ҳамда давлат бошқаруви ва умуман, тизимли ислоҳотларда йирик халқаро ташкилотлардан маслаҳатчиларни таклиф этиш бугунги Ўзбекис­тон учун нормал ҳолга айлангани ҳам айни ҳақиқат. Янги қонунлар устида ишлашдан тортиб, уларни амалга ошириш ва назорат қилишгача, халқаро мутахассисларнинг тавсиялари инобатга олинмоқда.

Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс сари далил одимламоқда. Таълим соҳасига эъти­бор ҳар доимгидан кучли. Ривож­ланган мамлакатларда таълим бу — бизнес. Зеро, жаҳон тараққиётининг ҳаракатлантирувчи кучи, тараққиётни тезлаштирадиган омил бу малакали, замон талабларига жавоб бера оладиган, профессионал мутахассислар ҳисоб­ланади. Бутун дунё тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк эта оладиган илм-фан, таълим ва тарбия­­га алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Мамлакатимизда малакали кадрларни тайёрлаш, таълим тизимини замонавийлаштириш, уни коррупциядан холи қилиш учун жаҳон тажрибасидан кенг фойдаланмоқда. Улардан бири кредит-модуль тизимидир. У ҳар бир ўқув модули таркибини тузишга асосланган модулнинг ўқув натижалари ва якуний назоратни кузатиб бориш орқали таълим олувчиларнинг билим, кўникма ва компетенцияларини мунтазам равишда баҳолаб борувчи ўқув дастурини ўзлаштириш жараёнини ташкил этиш тизими ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг 8 октябрида “Ўзбекис­тон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонини имзолади. Ушбу муҳим дастуриламал ҳужжатда “респуб­ликадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш ва олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш” белгилаб берилганди. Шунингдек, 2030 йилга қадар рес­публикадаги барча олий таълим муассасасининг 85 фоизи, жумладан, 2020/2021 ўқув йилининг ўзида 33 та олий таълим даргоҳини кредит-модуль тизимига ўтказиш кўрсатиб ўтилди. Кредит тўплаш ўлчовининг киритилиши талабага катта эркинлик бериш билан бир қаторда, танлаган соҳасининг рақобатбардош мутахассиси бўлиб етишиши учун академик жараённи келажакда мустақил режалаштириш имконини ҳам тақдим этади.

Айни чоғда, баҳолаш тизими ва таълим технологияларининг такомиллашишига ҳам олиб келади. Aмалдаги ўқитиш тартибидан фарқли ўлароқ, кредит тизимида мажбурий фанлардан ташқари танлов фанлари ҳам талабанинг индивидуал дарс жадвалига киритилади. Мазкур тизимнинг олий таълимга жорий қилиниши ўқитиш сифатини ошириш, шаффофликни таъминлаш, коррупцияга бар­ҳам бериш, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқариш ҳамда талабанинг мус­тақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратади.

Бундан беш йил олдин қабул қилинган Ҳаракатлар стратегия­си ва бу йил қабул қилинган Тараққиёт стратегиясининг туб мазмун-моҳиятини мухтасар ифода этадиган бўлсак, ушбу ҳужжатларда Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк вазифалар стратегик мақсад қилиб қўйилган эди. Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида шундай рақамларни келтирди. Мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилди, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилди. Ҳолбуки, 2016 йилда республикамиздаги олийгоҳларнинг сони 77 та эди. Қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришганимиз, ҳеч шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатларимиз натижасидир.

Дунёда воқеалар ривожи нав­батдаги уйғониш даври Шарқдан бошланишидан далолат бераяпти. Қадимдан илм-фан, маданият бешиги бўлган Марказий Осиёнинг юраги бўлмиш Ўзбекис­тон Учинчи Ренессанснинг марказига айланишига шубҳа йўқ. Бунинг учун эришилган ютуқларимизга маҳ­­лиё бўлмай, янгидан-янги улуғвор марраларни эгаллашни жадал давом этишимиз зарур ва шарт.

Гап мустақил тараққиётимиз ҳақида борар экан, ке­йинги беш йилда жаҳон сиёсат майдонида “Янги Ўзбекис­тон” атамаси пайдо бўлганини алоҳида фахр билан тилга оламиз. Дарҳақиқат, сўнгги йилларда юртимизда инсон манфаатига йўналтирилган ислоҳотлар мисли кўрилмаган даражада жадаллашди. Жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, ҳар бир ишни халқимиз билан баҳамжиҳат амалга ошириш Президентимиз юритаётган сиёсатнинг бош ғоясига айланди. Халқ ва ҳокимият ўртасидаги деворлар олиб ташланди. Халқимизнинг давлат раҳбарига тўғридан-тўғри мурожаат қилиши учун янги тизим яратилди. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Ҳокимлар халқ ичига кириб, одамлар дардини эшитишни ўрганди, муаммоларга жойида ечим топила бош­лади. Шу тариқа аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар тез фурсатларда барҳам топ­­моқда. Бу Президентимизнинг “Халқимизнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга қўйилган баҳодир”, деган хайрли таъкид­ларининг ҳаётий ҳақиқатга айланиб бораётганини яққол ифода этади.

Сўнгги йилларда жиноят содир этган шахсларни афв этиш бўйича 10 га яқин фармон қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди. Жаслиқ қўрғонидаги жазони ижро этиш колонияси ёпилгани инсонпарварлик сиёсатининг амалий намунаси бўлди. Озодликдан маҳрум этилган шахсларга пенсия ва ижтимоий суғурта тўлаш тартиби биринчи марта амалиётга киритилди. Жиноий жазоларни либераллаштириш борасидаги муҳим қадамлардан бири — судланган шахсларнинг 74 фоизига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинлангани ҳам адолатли қарордир. Бугунги кунга қадар “Меҳр” операциялари доирасида нотинч мамлакатларда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 438 нафар юртдошимиз мамлакатимизга олиб келинди. Биргина “Меҳр-5” операция­­си туфайли Сурия ҳудудидаги “қайноқ нуқталар”га бориб қолган 24 нафар аёл ҳамда 69 нафар бола Ватанга қайтарилиб, уларга зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди. Инсонпарварликка йўғрилган “Меҳр” операциялари бир марталик тадбир бўлмай, изчил давом эттирилмоқда. Халқаро ҳамжамият Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги сиё­сатини ва амалга ошираётган эзгу ишларини олқишламоқда.

Ижтимоий ҳимоя ва келажак авлод тарбияси йўлида янги тизим юзага келди. Оилалар тинч­лиги ва фаровонлигининг асл бешиги — маҳалла. Шу боис, сўнг­­ги йилларда маҳалла тузилмасини ривожлантиришга эътибор кучайди. Маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” юритилмоқда. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари дои­расида ҳудудларимиз чирой очмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, миллий қадриятларимизни тарғиб этишга оид қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасидаги ишлар ҳам алоҳида эътироф­­га лойиқ. Сўнгги йилларда бу йўналишда имкониятлар кенгайиб бораётгани туфайли жамиятда аёлларнинг фаоллиги ошмоқда, сенатор, депутат, прокурор, судья, ҳоким ва бош­­қа лавозимларда ишлаётган аёллар сони кўпайди. Шу билан бирга, оналар ва болаларнинг ҳуқуқий, тиббий-ижтимоий ҳимояси ҳам кучаймоқда. “Соғлом она — соғлом бола” ғояси хайр­­ли ишларнинг бош мақсадига айланди.

Тиббиёт тизимида бу йўналишда амалга оширилган ишлар натижалари коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнида ўз самарасини кўрсатди. Айни пайтда бу соҳадаги ишлар изчил давом эттирилиб, аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, оналик ва болаликни тиббий-ижтимоий ҳимоялашга оид лойи­ҳалар кўлами тобора кенгаймоқда. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар мазмундорлиги, халқчиллиги билан халқимиз кўнглини кўтармоқда. Бундан руҳланган юртдошларимиз Ватанимиз тараққиёти учун, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида белини маҳкам боғлаб, фидокорона меҳнат қилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Биз яратаётган Янги Ўзбекис­тоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади”. Зеро, бу умуминсоний тушунчалар, инсониятга соғлом ва фаровон келажак бахш этиш, дунёда тинчлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим пойдевордир.

Tegishli xabarlar

ОСИЁ СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРИ: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

admin

СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР – фуқаролик жамиятининг муҳим элементи 

admin

Янги йил кечаси

admin