ADOLAT 24

Нон сотувчи қиз

Бу воқеа Суданнинг Рифий ал-Маноқил деб номланган минтақасида бир муаллим билан бўлиб ўтган.

Бу муаллим қизлар ибтидоий мактабида геометриядан дарс берар экан. Бир куни у мактаб деразасидан кўринишидан беғуборлиги кўриниб турган кичкина қизчани кўриб қолади. У онаси пишириб берган нонларни сотар экан. У мактаб ёшига етган, аммо оилавий шароити туфайли мактабга бормаган эди. Унинг тўртта ака-укаси бўлиб, отаси вафот этган, тирикчилик учун онасига ёрдам берар экан. Укаларининг мактабга киришларини, ўқишларини жуда-жуда истар экан.

Муаллим бир куни қизларга геометриядан бир масалани шарҳлаб турар экан, нон сотувчи қизча мактаб деразасидан мўралади. Муаллим ўқувчиларга қийин бир масалани бериб, ким тўғри жавоб берса, мукофотлашини айт­ди. Муаллимнинг саволига ҳеч бир ўқувчи жавоб бера олмади. Шунда нон сотувчи қизча саволга жавоб бермоқчи бўлиб деразадан қўлини силкитиб: “Устоз, устоз!” деди. Муаллим унинг жавоб беришига рухсат берди. Қизча саволга тўғри жавоб берди. 

Ана шундан кейин муаллим унга эътибор бера бошлади. У ўзининг маблағидан қизчанинг мактабда ўқиши учун нима керак бўлса, барчасини олиб берди. Мактаб мудири билан гаплашиб, қизчани имтиҳон билан мактабга қабул қилишини сўради. Имтиҳондан сўнг уни бирданига учинчи синфга тингловчи сифатида қабул қилишга қарор қилишди. Муаллим бошқа устозлар билан ҳам гаплашиб, қизча уларнинг дарсини ҳам тинглаши учун рухсат олди. Улар бунга рози бўлишди. Муаллим бу қарорни қизчанинг онасига етказди.

Хуллас, муаллимнинг эътибори ва ёрдами билан қизча ибтидоий босқичдан токи санавий босқичга ўтгунича яхши ўқиди.

Муаллим ишлаш учун Суданни тарк қилишига ва хорижга кетишига тўғри келди. Қизча билан алоқаси узилиб қолди… 

Қизчанинг укаларидан бири катта бўлиб, аравада сув сотиб юриб, унинг мактаб харажатларини қоплаб турди.

Хуллас, орадан ўн беш йилча ўтиб муаллим яна Суданга қайтди. Унинг Хартумдаги тиббиёт университетида бир ҳамкасб дўсти бор эди. Шу таниши муаллимдан университетга ишга келишини илтимос қилди. 

Бир куни муаллим университет ошхонасида турганида бир қиз унга узоқ тикилиб қолганини сезди. Муаллим унинг нега бунча термулиб қолганининг сабабини била олмади. Муаллим дўс­тидан қизни таниш-танимаслигини сўради. 

Дўсти деди:

– Албатта, танийман. Бу қиз тиббиёт факултетининг профессори-ку!

Шунда ҳалиги қиз югуриб келиб муаллимнинг қўлларини ўпа кетди. У ҳўнграб йиғлар эди. Ошхонадагилар ҳайрон бўлиб уларга қарашарди. Кўпчилик муаллимни қизнинг отаси, деб ўйлади. 

Шунда қиз йиғидан ўзини тийиб деди:

– Устоз! Мени танимадингизми? Мен синиб, парчаланган бир инсон эдим. Сиз у синиқлардан бутун бир инсонни бино қилдингиз. Менинг мактабга киришимга сиз сабаб бўлгансиз. Ўз маблағингиздан менга сарф қилгансиз. Буларнинг барчаси, аввало, Аллоҳнинг фазли, қолаверса, сизнинг эътиборингиз, инсонийлигингиз туфайли бўлди. Мен қизингизман!

Муаллимнинг хаёлидан “Шу онларда биринчи бор ўзимни устоз ва инсон ҳис қилдим!” деган сўзлар ўтди.

Саломлар бўлсин бундай улуғ устоз­ларга! Бизнинг қалбимизга ҳаётнинг маъносини эккан зотларга минглаб саломлар бўлсин!

Доктор Ҳассон Шамсий Пошо

Tegishli xabarlar

Депутатлар халқ орасида

admin

ТЕРГОВДА АЙБЛАНГАН ШАХС судда оқланди

admin

Янгиланаётган Конституция — юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

admin