ADOLAT 24

Депутатлар халқ орасида

Аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, муаммоларини жойида ҳал этиш, одамларда адолатга, давлатга ишончни мустаҳкамлаш давлат идоралари, раҳбарлар олдидаги устувор вазифага айланди. Шунга монанд Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам ўз ҳудудларида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганмоқдалар, халқ билан фикр­лашиб, камчилик­ларнинг аксариятига шу жойнинг ўзида ечим топишга эришяптилар. 

Кейинги йилларда депутатлик институтига бўлган ишонч ортиб бормоқда. Халқ вакиллари жамоатчилик орасига кириб бориб, фукароларни қийнаётган муаммоларнинг ечимига йўл топмоқдалар. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова ҳам жойлардаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда махалла фаоллари билан биргаликда иш олиб бормоқда. Бу жараёнда сайловчиларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаяпти.

Андижон туманидаги “Гумбаз” МФЙ, “Шодиёна” кўчаси, 5-уйда яшовчи Нишонбой Исаевнинг мурожаати депутатни маҳаллага бошлади. Фуқаронинг имконияти чекланган, турмуш ўртоғи ҳам ногирон. Шу сабаб яшаш хонадони таъмирталаб, моддий ёрдам кўрсатиш лозим. У шу масалада депутатга мурожаат қилди. 

Депутат М.Адҳамжонова аралашуви билан фуқаронинг муаммоси ечим топмоқда. Хонадонини таъмирлаш чоралари кўрил­япти, унинг ўзи саломатлигини тиклаш учун шифохонага жойлаштирилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова ўз сайлов ҳудудидаги хонадонларда бўлиб, бу борада олиб борилаётган ишларни ўрганди. Тумандаги “Ёрқиш­лоқ”, “Қашқар” ва “Кўрпа” МФЙларида томорқадан фойдаланишда ўзига хос мактаб яратилган. 150 дан ортиқ хонадонларда иссиқхона ташкил этилган, 75 та хонадон эгалари бодринг, помидор, булғор қалампири ва карам кўчатлари етиштириш билан банд. Бунинг натижасида улар йил давомида тўрт маротаба ҳосил олиш билан бирга яхшигина даромад қилмоқдалар.

Халқ вакили тумандаги ўрганишларини “Абдуллабий” ва “Бешкарам” қиш­лоқларидан бошлади. Депутат бу ерда фуқаролар билан мулоқот ўтказиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар, жумладан, ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтирди.

Шунингдек, қишлоқ аҳлини ўйлантириб келаётган масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди. Тегишли идора ва ташкилотлар вакилларининг иштироки аксарият муаммоларни шу ернинг ўзида ҳал этишда туртки бўлди.

– Бу йил “Қашқар” маҳалласида яшовчилар ташаббус билан чиқдилар, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мами­рова. – Хонадонлар ва йўл четларидаги токлар остида лолазорлар ташкил этилди. Бу ана шу ҳудудни обод қилиш баробарида оилаларга даромад келтирмоқда. Яна бир томони, бу маҳаллада ишсизлик муаммосининг ечим топишига хизмат қилмоқда.

Депутат ўзаро мулоқот жараёнида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилашга устувор аҳамият қаратилаётгани, таълим олиш, бизнесни бошлаш истагида юрган опа-сингилларимизга барча зарур шароитлар, қулайликлар яратилаётганлигини қайд этиб ўтди.

О.Мамирова халқ депутатлари Жалақудуқ туман Кенгаши депутати Т.Али­боева билан бирга “Дўстлик” МФЙда яшовчи Тошхон ая Мўминова хонадонида ҳам бўлиб, унинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.

Юзма-юз мулоқот давомида фуқаро кўп йиллардан буён бетоблигини айтиб, ногиронлик аравачаси олишда кўмак сўради. Депутат ушбу мурожаатни ўз назоратига олиб, ижобий ҳал этишини билдирди.  

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Қодир Жўраев ўзи сайланган Вобкент туманида бўлиб, фуқаролар билан учрашув ва мулоқотлар олиб борди. 

Жумладан, туман ҳокимлиги биносида туман идора ва ташкилотлари билан бирга фуқароларнинг навбатдаги қабули ташкил қилинди. Қабул давомида 13 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди. Улар асосан уй-жой қуриш, ишга тиклаш, фарзандининг контракт тўловини тўлаш, қуёнчилик фермасида етиштирилган гўшт маҳсулотини реализация қилиш, ички йўлларни таъмирлаш, солиқ масаласида қарздорликнинг сабабларини аниқлаш ва бошқа масалаларда тегишли ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ариза ва шикоятлардир.

Депутат Қодир Жўраев тумандаги “Хайрхуш” ва “Хайробод” МФЙларда истиқомат қилаётган мўътабар онахонлар – Гулсара опа ва Зулайҳо опалар билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олди. Самимий мулоқот сўнггида муҳтарама онахонлар юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдилар. 

“Хайробод” МФЙ фаоллари билан бўлиб ўтган учрашувда маҳалла раиси О. Муродов маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилаётган ишлар, маҳаллада мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, хусусан, чет элдан қайтган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаётган корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. 

“Хайробод” МФЙ ҳудудида ҳал қилиниши лозим бўлган бирламчи вазифалар сифатида “Миришкор” қишлоғида теракдан бўлган 21 та қўлбола симёғочларни бетон устунларга алмаштириш ҳамда “Қумробод”, “Хайробод” ва “Миришкор” қишлоқларида 300 та хўжалик­ларга ичимлик суви қувурини ўтказиш масалалари кўтарилди. Депутат ушбу муаммолар туман ҳокимлиги мутасаддилари билан бирга кўриб чиқилишини маълум қилди. 

Депутат Қодир Жўраев туман Халқ қабулхонаси мудираси Л.Шарипова билан бирга “Шанба” МФЙ да маҳалла фаоллари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганди. Маҳалла раиси Л. Ражабова давлатимиз томонидан қабул қилинган тегиш­ли қарор асосида ёшлар ва ишсизларга 15-20 сотихдан ер берилаётгани, фуқаролардан шу пайтга қадар ер ажратишни сўраб 68 та ариза тушгани ва уларнинг 40 таси ижобий ҳал қилиниб, суғориладиган заҳира ерлар ажратилгани ҳақида маълумот берди. Л.Ражабова МФЙнинг янги биноси қурилишини жадаллаштиришда амалий ёрдам сўради. Депутат ушбу сўровни туман мутасаддилари билан маслаҳатлашиб, ижобий ҳал қилишини айтди.

Депутат Вобкент туманидаги 24-умумтаълим мактаби педагогик жамоаси билан учрашиб, уларга Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинаётган янги қонунлар, шунингдек, мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга амалга оширган расмий ташрифи ҳақида маълумот берди. Педагоглар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва ҳудуддаги айрим муаммолар, хусусан, мазкур МФЙ ҳудудида жойлашган Чашмаи Айюб меъморий обидасига олиб борувчи “Хайрхуш – Хайрабодча” автомобиль йўлининг 5 километрлик қисмини таъмирлаш масаласини кўтариб чиқдилар. Учрашув сўнггида мактабда таълим-тарбия жараёни самарадорлигини янада ошириш йўлида амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалар таҳлил қилинди. 

Ушбу мактабнинг ўзида депутат 11-синф ўқувчилари учун маҳорат дарсини ташкил қилди ва савол-жавоблар тарзида ўтган қизиқарли дарс мобайнида мамлакатимиз таълим тизимидаги ўзгаришлар, хусусан, олий таълимдаги янгиликлар ҳақида маълумот берди ва мустақил ҳаёт бўсағасида турган йигит-қизларга оқ йўл тилади. 

Депутат Халқ таълими бўлими мудири М. Фармонов билан Вобкент тумани “Ширин” МФЙ ҳудудидаги янги мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиши жараёни билан танишди ҳамда қурилиш ишларини сифатли бажариш, янги МТТни замонавий ўқув қуроллари билан жиҳозлаш бўйича ўз тавсияларини берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракция­си аъзоси Дилшод Ҳамзаевнинг Ғузор туманидаги 28-, 51- умумтаълим мактаб­лари педагог­лари, “Апарди”, “Чаноқ”, “Батош”, “Меҳнатобод”, шунинг­дек, Касби туманидаги “Муғлон”, “Касби” маҳаллалари аҳолиси билан учрашувларида баъзи мутасадди раҳбар ва ходимларнинг ишларни тизимли равишда, ўз вақтида амалга оширмагани, масъулиятни ўзидан соқит қилиб, арз билан мурожаат қилган фуқароларга нотўғри йўл кўрсатиб. “унга бор, бунга бор” қабилида иш тутишгани аён бўлди. Депутат фуқаролар мурожаати асосида аниқ чора тадбирлар белгилаб, унинг ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Ғузор туманидаги “Чаноқ” МФЙ фуқароси Ҳабиба Жабборова тикувчилик цехини очиб, уйда ўтирган 20 нафар хотин-қизларни иш билан банд қилган. Бундан ташқари, 15 нафар қишлоқ қизларига тикувчилик сир-асрорларини ўргатмоқда. Депутат улар билан мулоқот қилиб, якка тартибдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун давлатимиз томонидан яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий тушунча берди. 

Депутат аҳоли хонадонларида ҳам бўлиб, Сайхунобод тумани тажрибаси доирасида  олиб борилаётган кенг қамровли ишлар билан яқиндан танишди. Бир нечта ўнлаб оилаларда аҳоли дастурхонини қишлоқ хўжалик маҳсулотларига тўкин қилиш учун етиштирилаётган деҳқончилик экинларини кўздан кечирди. 

Депутат одамлар билан учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонунлар, жумладан, ер участкаларига бўлган мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусида ҳам тушунча берди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Инна Коржикова Навоий шаҳри ва Кармана туманларида бўлиб, ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказди.

Депутат дастлаб Навоий шаҳридаги “Янги ариқ”, “Истиқлол”, “Ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилган учрашувларда маҳалланинг бугунги кундаги ҳаёти, муаммо ва камчиликлари билан яқиндан танишди. Хусусан, “Янги ариқ” МЧЖ раиси иссиқ сув қувури ёрилиб кетгани, маҳалла биносининг авария ҳолатига келиб қолганлиги, жамоат транспорти ўз йўналишида тўлиқ ишга тушмаётганлиги ҳақида куйиниб гапирди.

“Истиқлол” МФЙда эса ирригация тизими бузилиб, оқава сув билан таъминланиш даражаси яхши эмаслиги сабабли аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш имконияти бўлмаяпти, натижада экин экиш ва дарахтларни суғоришда муаммолар юзага келмоқда. Шунингдек, марказлаштирилган канализациядан фойдаланиш муаммоси ҳам маҳалла аҳлини ташвишга солмоқда.

“Ҳаёт” МФЙ фуқаролари фарзандларининг бўш вақтларини ўз турар-жойлари ҳудудидаги болалар майдончасида ўтказишларини орзу қилишади. Маҳаллада бундай майдонча йўқлиги сабабли болалар бошқа маҳалладаги ўйин майдончаларига боришга мажбур. Бундан ташқари, ҳар учала маҳаллада ҳам маиший чиқиндиларни олиб чиқиш масаласи муаммолигича қолиб кетмоқда.

Шунингдек, И.Коржикова ижтимоий соҳа объектларида бўлиб, соҳадаги ютуқ ва камчиликлар билан танишди. Жумладан, Навоий вилояти қон қуйиш станциясида бўлиб, бош шифокор Барот Нормуродов билан суҳбатлашди ва станциядаги шарт-шароитлар билан танишди. Ушбу станция донорлардан олинган қонни тўлиқ қайта ишлаш имконини берувчи энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва технологиялар билан жиҳозланганлиги эътиборга молик. Таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда фуқароларимизнинг онгу шуури тубдан ўзгарди: улар ихтиёрий донорлар сафига қўшилиш орқали муҳтожларга ўз хоҳиши билан қон топширмоқда.

Партия ташаббуси билан ҳар йили икки маротаба “Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилаётганлиги ҳам донорлар сафи кенгайишига хизмат қилаётганлиги мамнуният билан таъкидланди.

Б.Нормуродов таъкидлаганидек, станция ҳар куни 50 дан ортиқ одамни қабул қилади, бу эса қон фондини тўлдириш имконини беради. Станция кеча-ю кундуз ишлайди, чунки исталган вақтда қайсидир беморда қонга эҳтиёж туғилиши ва инсон ҳаётини сақлаб қолиш зарурати пайдо бўлиши мумкин.

Сайловчилар станцияда хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш учун бинони капитал таъмирлаш ва катта ҳажмдаги ишларни бажарадиган мутахассисларни кўпайтириш лозимлиги бўйича депутатдан кўмак сўрашди.

Депутат Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев билан соҳанинг бугунги кундаги аҳволи ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида суҳбатлашди.

Бугунги кунга келиб соҳада бир қатор ижобий ўзгаришлар қайд этилган. Хусусан, бир қатор шифохоналар очилиб, янги жиҳозлар харид қилинмоқда. Бироқ Соғлиқни сақлаш тизимига рақамлаштиришни жорий этишда қийинчилик­лар юзага келмоқда, бу эса жадал ривожлантириш ва халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш зарурати мавжудлигини билдиради. Учрашувда фуқароларнинг тиббий суғуртаси зарурлиги ҳақида ҳам сўз борди. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар туфайли уни ривожлантириш ва такомиллаштириш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилаётганлиги қайд этилди.

Шунингдек, депутат вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ўринбосари Аброр Эрқулов билан Навоий шаҳар шифохонасида бўлиб, бахтсиз ҳодиса туфайли 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолган бемор – Меҳрибонлик уйининг ўқувчиси Олег Несновни бориб кўрди. Депутат унинг ногиронлик даражасини ҳисобга олиб, доимий тиббий даволаниши ва парвариш қилиниши учун шароит яратилиши лозимлигини таъкид­лади. Тўлиқ текширувдан ўтказилиб, тиббий ходимлар билан маслаҳатлашгандан сўнг, Олегни тегишли парвариш ва тиббий ёрдам, шунингдек, зарур реабилитация ва ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасига ётқизиш керак, деган хулосага келинди. Ушбу масала бўйича ҳозирги кунда зарурий чоралар кўрилмоқда.

Умуман олганда, депутат Инна Коржикованинг жойларда ўз сайловчилари билан ўтган мулоқотларида кўтарилган барча масалалар юзасидан тегишли соҳа вакиллари билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилиб, уларни ҳал этишга қаратилган зарурий чора-тадбирлар кўрилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг Фарғона вилояти Бағдод туманида аҳоли билан учрашувлари қизғин савол-жавоблар ва сайловчиларнинг фаоллиги остида ўтмоқда.

Тумандаги “Қўштегирмон” МФЙда жойлашган 40-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган учрашувда кейинги йилларда таълим соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумотлар берилди.

Бағдод тумани “Қўштегирмон-1” ва “Қўштегирмон-2” МФЙда яшовчи аҳоли вакиллари билан ўтган мулоқотлар давомида фуқароларни ўйлантириб келаётган масалалар ўрганилди ва тегишли идора вакиллари билан уларга ижобий ечим изланди.

Маълум бўлишича, мазкур маҳаллалар туман марказидан 16-18 километр олисда жойлашган. Аҳоли туман марказига бориб келишда транспорт тақчиллиги ва йўл ҳақининг қимматлигидан азият чекмоқда.

Депутат тумандаги аҳолига транспорт хизмати кўрсатувчи “Соҳибтранс” МЧЖ вакиллари билан бирга ушбу муаммони тезкор ҳал этиш чораларини кўрди. Натижада маҳалла аҳолиси учун янги микроавтобуслар қатнови йўлга қўйилди. Йўл ҳақлари ҳам анча арзонлаштирилди.

Очиқ ва самимий мулоқотлар чоғида депутат аҳоли вакилларига қуйи палата томонидан қабул қилинган қонун лойиҳалари, жумладан, мулк ва ижара ҳуқуқини эътироф этишга қаратилган қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтирди.

 «Адолат» СДП Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Навоий 

вилоят кенгашлари матбуот хизматлари

Tegishli xabarlar

10 йилда 2 мингдан ортиқ тиббиёт жиҳозлари берилган

admin

БАРЧА ЎЗГАРИШ ВА ЯНГИЛАНИШЛАР ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

admin

САЙЛОВОЛДИ УЧРАШУВЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА (Навоий вилояти)

admin