ADOLAT 24

Эришилаётган муваффақиятлар фидокорона фаолият самарасидир

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова партия тизимини янада такомиллаштириш, ҳудудий кенгашлар фаолиятидаги муаммо ҳамда камчиликларни ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида республикамиз бўйлаб ҳудудлар кесимида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Партия етакчисининг навбатдаги хизмат сафари Хоразм вилоятига бўлди. 

Робахон Махмудованинг вилоят бўйлаб ўрганишлари партиянинг Хива туман кенгаши фаолияти билан танишишдан бошланди. Дастлаб ҳудудий кенгаш жойлашган бино ҳолати, шарт-шароитлари ўрганилгач, туман кенгаши раиси Шукурой Мадаминова билан мавжуд камчиликлар, ютуқлар ва бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар юзасидан фикр- мулоҳазалар алмашилди.

Бугунги кунда туман кенгаши таркибида 4517 нафар аъзо бўлиб, улар 26 та БПТга бирлашган. 3 нафар депутатдан иборат депутатлик гуруҳи шаклланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида улар томонидан халқ депутатлари туман кенгаши сессиясига битта масала киритилган. Доимий комиссия йиғилишларида эса 7 та масала муҳокама этилган. Шунингдек, 4 та мансабдор шахс эшитуви ташкил этилган ҳамда 6 та депутатлик сўрови чиқарилган. 

Ўрганишлар жараёнида аъзолар сони, аъзолик бадалларининг тушуми, партия туман кенгашининг режасига мувофиқ тадбирларнинг қандай кўламда ташкил этилаётгани, «Ёш адолатчилар» ва «Аёллар» қанотларининг иш режаси ва фаолиятини ривож­лантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда бошқа бир қатор масалалар танқидий таҳлил этилди. 

Шунингдек, мансабдор шахс эшитуви, доимий комиссияларга масала киритиш, депутатлик гуруҳи фаолиятини янада жонлантириш каби бир қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Партия раҳбари Хоразм Маъмун академиясида бўлиб, мазкур илм даргоҳида амалга оширилган ишлар кўлами билан ҳам танишди.

Учрашув давомида партия раҳбари мамлакатимизда кечаётган муҳим сиёсий, ижтимоий, иқтисодий жараёнлар замирида илм-фаннинг бемисл ҳиссаси борасида тўхталиб, давлатимиз томонидан юртимиз олимлари фаолиятини янада кенгайтириш, такомиллаштириш, ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган қатор лойиҳалар баробарида «Адолат» СДП Сайлов­олди дастурида илм-фанни ривожлантириш, олимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида илгари сурилган таклиф ва ташаббус­лар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. 

Р.Махмудова учрашув давомида академия қошида ташкил этилган кутубхона, музей-экспозициядаги ўзгаришлар, лабораториялар, замонавий талабларга тўла жавоб берадиган бино имкониятлари билан танишди. Партия етакчиси эришилаётган муваффақиятлар Маъмун академияси жонкуярларининг фидокорона фаолиятлари самараси эканлигини алоҳида эътироф этди. 

Шундан сўнг Робахон Махмудова Урганч Давлат университетида педагоглар, талаба ёшлар, партия фаоллари ва кенг жамоатчилик иштирокида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан асраймиз» мавзусида ташкил этилган тадбирда қатнашди. 

Партия етакчиси тадбирда хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ижтимоий, иқтисодий соҳалар баробарида сиёсий жараёнларда ҳам бирдек фаоллашиб бораётганини таъкидлаб ўтди. 

Робахон Махмудова жамиятимизда зўравонликка учраётган, тазйиқ ва босим остида яшаётган хотин-қизлар борасидаги статис­тика энг оғриқли нуқталаримиздан бири эканлигини, бу каби ҳолатлар нафақат жамиятдаги ижтимоий иллатлар оқибати, балки хотин-қизларимизнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари билан боғлиқ ҳолда юзага келаётганига эъти­бор қаратди.

Тадбир якунида партия ғояларига хайрихоҳлик билдирган бир гуруҳ талаба ёшлар партия аъзолигига қабул қилинди. 

Робахон Махмудова тадбиркорлик субъектлари билан яқиндан танишиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ билан биргаликда Хива шаҳрида жойлашган «Xiva gilam kombinati» МЧЖда бўлди.

Мазкур комбинат махсус лойи­ҳа асосида анча вақтгача фойдаланилмай ётган бино ўрнида 2020 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Корхона Германия, Бельгия, Авс­трия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан келтирилган энергия тежовчи ускуналар билан жиҳозланган. Комбинатда полипропилен ип, гилам ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Тайёр ип маҳсулотлари АҚШ, Россия, Хитой, Қозоғис­тон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон давлатларига экспорт қилинади.

Комбинатда 750 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 4 миллион квадрат метрни ташкил этмоқда. Маҳсулотнинг 45 фоизи чет элга сотилиши, йиллик экспорт 5 миллион доллардан ошиши кутилмоқда.

Партия етакчиси корхона жамоаси билан суҳбатлашиш жараёнида уларнинг эл-юрт равнақи йўлида қилаётган меҳнатларини юқори баҳолаб, давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот инсон қадр-қимматини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли эканлигини таъкид­лаб ўтди. 

Учрашув сўнггида партияга аъзо бўлиш истагини билдирган комбинат ишчи-хизматчиларига партиянинг аъзолик билетлари топширилди. «Xiva gilam kombinati» МЧЖ қошида бош­ланғич партия ташкилоти тузилди.

“Адолат” СДП етакчиси Робахон Махмудованинг вилоят аҳолиси ва партия фаоллари билан учрашувлари давом этмоқда.  

Замира АБДУЛЛАЕВА,

Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Президентликка номзоднинг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда

admin

ШУКРОНА АЙТ…

admin

Коррупцияга қарши кураш: Давлат дастури яратилди

admin