ADOLAT 24

Боқий шаҳар абадияти

Самарқанд ҳамма даврларда барча халқлар томонидан гўзал маскан, обод шаҳар сифатида эътироф этилган. Абулқосим Ибн Ҳавқал “Юксак ердан туриб назар солсангиз Самарқанд гўзал иморатлари, ғаройиб боғлари, бетимсол қўрғонлари билан одамни ҳайратга солади. Буюк-буюк бинолари олдида лол қоласиз. Ложувард тусли фалак дунё юзига томоша кўзини очгандан бери бунга ўхшаш гўзал ва безакли иморатларни кўрмаган”, деб ёзган эди. Бу сўзлар олис тарихда, ўрта асрларда айтилганди. Ўша даврларда амалга оширилган бунёдкорликлар Самарқандни Шарқнинг гавҳарига айлантирганди. Бугунги кунда амалга оширилаётган қурилишлар, яратувчиликлар шаҳарнинг “рўйи замин сайқали” эканлигини яна бир бор намоён этмоқда.

Бу шаҳар ҳақида, хусусан, қурилиши ҳақида сўз борганда тарих ва бугун ёнма-ён тилга олиниши, эсланиши бежиз эмас. Негаки, шаҳар гўзаллигини, латофатини аждодларимиз томонидан бунёд этилган қадимий обидалар – мадрсалар, масжидлар, хонақолар, мақбаралар, миноралар ва бош­­қа архитектура ёдгорликларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун шаҳардаги бугунги бунёдкорликлар, энг аввало, ўша обидаларни қайта қуриш, асл ҳолида таъмирлаш, тарихий ҳақиқатни қайта тиклашдан бошланади. Шу маънода шаҳарда Регистон, Шоҳи Зинда, Амир Темир, Бибихоним, Хожа Дониёл, Руҳобод, Ҳазрати Хизр, Расадхона, Даҳбед, Нодир девонбеги, Хўжа Аҳрор Валий ёдгорлик мажмуалари тарихий қиёфасига мос тикланди, Мотурудий мақбараси қурилди.

Эндиликда яна бир муқаддас қадамжо – ислом оламининг табаррук зиёратгоҳларидан бири Имом Бухорий мақбараси билан боғлиқ мажмуа қайтадан бунёд этилмоқда. Тўғри, бу маж­муа мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида таъмирланиб, обод қилинган эди. Лекин кейинги йилларда бу зиёратгоҳга келувчилар сони кўпайди. Айни пайтда бу ерда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби очилди. Натижада бу мажмуани қайтадан қуриш, кенгайтириш зарурати туғилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мажмуани қайта қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ана шу лойиҳа асосида мажмуада ўн минг намозхонни бағрига сиғдирадиган масжид, масжид атрофида айвонлар, шунингдек, қадим шаҳарсозлик анъаналарига мос келадиган тўртта юксак минора қад ростламоқда. Булардан ташқари, ушбу мас­канда Европа ва Шарқ анъаналари асосида меҳмонхоналар, овқатланиш муассасалари, чойхоналар, савдо расталари, дам олиш даргоҳлари, автобуслар бекати, автотураргоҳлар ҳам бунёд этилмоқда. Имом Бухорий қаб­­ри, мақбараси атрофи янада ободонлаштирилмоқда. Мажмуага олиб борадиган йўллар атрофлари боғ-роғларга айлантирилган. Умуман, қадим Хартанг қишлоғи ва бу ердаги улуғ аллома номи билан аталган мажмуа ҳам илм-фан, ҳам зиёратгоҳ, ҳам сайёҳлик шаҳарчасига айлантирилмоқда.

Шаҳардаги яна бир қадимий мавзе Конигил ҳам ўзининг асл тарихий қиё­фасини тикламоқда. Маълумки, бу жой ўрта асрларда ҳунармандлар учун хом­ашё маскани бўлган. XIV-XV асрларда Амир Темур ва Темурийларнинг истироҳат боғларидан, халқ кўнгил очадиган масканларидан бирига айланган. XIX-XX асрларда бу ер эътиборсиз қолиб кетганди. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин бу ерга ҳаёт қайтди. Икки томонидан бир тегирмондан сув ўтадиган чорбоғ яна ҳунармандлар ҳудудига айланди. Бу ерда Самарқанднинг дунёга машҳур бўлган ипак қоғозини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ипак қоғозлардан эса элликдан ошиқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Сиёб соҳилларида жойлашган устахоналар, мойжувозлар, сув тегирмонлари, кулолчилик чархлари, халқ амалий санъати намуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар – ҳаммаси халқимизнинг яратувчилик, ижодкорлик тарихини намоён қилади. Конигил эндиликда Самарқанднинг экотуризм марказига айланмоқда.

Самарқанд қадим-қадимдан илм-фан шаҳри сифатида ҳам шуҳрат қозониб келган. Бу шаҳарда яшаб ижод қилган, фан билан шуғулланган алломаларнинг, мадрасалар, илм масканлари, марказларининг санаб адоғига етиб бўлмайди. Бугунги кунда ҳам шаҳар ҳаётида ана шу руҳ сақланиб қолган. Яқинда барпо этилган Самарқанд халқаро аэропорт терминалининг меъморчиликда ўзига хос кўриниш – очилган китоб шаклида яратилгани ҳам бежиз эмас. Негаки, шаҳарнинг ҳар бир иншооти, иморати, йўл-йўлаклари, боғ-роғлари, умуман, шаҳарсозлик қиёфасида унинг ҳаёти, борлиқ моҳияти, тарихи, тақдири ва бошқа жиҳатлари акс этиб туриши керак. Аэропорт биносининг очилган китоб шаклида қурилиши шаҳарнинг илм-фан маркази эканлигини яна бир бор намоён этади. Айни пайтда бу очилган китобнинг ярми тарихнинг ўқилган улуғвор саҳифаларидек фикр уйғотса, қолган ярми келгусидаги яратувчиликлар, бунёдкорликлар битиладиган варақлар мисол таассурот қолдиради. Самарқанд бу ерга ташриф буюрадиган ҳар бири инсонни гўёки қалб китоби билан кутиб олаётгандек кўзга ташланади.

Мамлакатимизда ўндан ортиқ шаҳарлар “тарихий шаҳар” мақомига эга. Бундай шаҳарларнинг бугунги меъморчилигида тарихий ва замонавий шаҳарсозлик анъаналари ўзаро уйғунлашиши керак. Ана шунда шаҳар ўзига хос, бетакрор қиёфа касб этади. Шундай тарихий шаҳарлардан бири ҳисобланган Самарқанд шаҳарсозлигида ҳам қадимий меъморчилик ва замонавий архитектура санъатининг энг яхши намуналари – иншоотлар кўриниши, қиёфаси, безалиши, маҳобати, муҳташамлиги, улуғворлиги ва бошқа жиҳатлари билан ҳамоҳанглик касб этмоқда. Бу ҳамоҳанглик шаҳарда яқинда фойдаланишга топширилган “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва “Боқий шаҳар” маж­муасида яққол кўзга ташланади. Марказ ва мажмуа яхлитликда ўндан ортиқ объектдан иборат. Марказ таркибида ниҳоятда муҳташам “Конгресс холл”, 2 та 5 юлдузли, 2 та 4 юлдузли, 4 та 3 юлдузли меҳмонхоналар ва амфитеатр ҳамда бошқа иншоотлар мавжуд. Шаҳарда бундай “халқаро туризм маркази” қад ростлашининг сабаблари бор. Аввало, шаҳар нафақат мамлакатимизда, балки бутун Шарқда сайёҳлик марказларидан бири саналади. Қолаверса, Самарқанд халқаро миқёсдаги анжуманлар, конференциялар, йиғилишлар, фестиваллар, кўрик-танловлар, тўю томошалар шаҳри. Йилига ўнлаб турли хил анжуманлар ўтказиш бу шаҳар учун одатий ҳол бўлиб қолди. Шунинг учун ушбу шаҳарда конгресс­лар ўтадиган ниҳоятда маҳобатли иншоот ва кўплаб меҳмонхоналар қурилиши ҳаётий зарурат эди.

Марказда Конгресс холл, меҳмонхоналардан ташқари сунъий сув ҳавзалари, 60 метр баландликка сув сачратувчи фавворалар, минглаб манзарали дарахтлар экилган боғ, гулларга бурканган хиёбонлар ҳам бунёд қилинган. Буларнинг ҳаммаси Амир Темур бунёдкорликларини, боғларини эсга солади.

Марказнинг яна бир гўзал объекти — ноёб меъморий режага асосан қад ростлаган “Боқий шаҳар” мажмуа­­си ҳисобланади. Мажмуа таркибида Карвонсарой комплекслари ўрин олган. Карвонсарой яхлит ҳолатда Самарқанд ва Шарқ тарихини намоён этади. Бу ерда аждодларимиз томонидан бир неча асрлар давомида ўлмас мерос сифатида сақланиб келган ва бугунги кунда ҳам авлодларимиз давом эттираётган халқ амалий санъати ҳамда ҳунармандчилик санъати дурдоналари, шарқ бозорлари, тужжорлари ҳаёти билан боғлиқ жараёнлар, дунё халқларини, маданиятларини, маънавиятларини бирлаштиришга хизмат қилган карвонлар фаолиятига, Буюк ипак йўлига оид лавҳалар, ҳозирги кунда амалий санъат намуналарини яратаётган усталар ишлари ўрин олган. Худди эртаклардаги, афсоналардаги сингари шарқона муҳит намоён бўлган. Маж­муадаги миллий галереяда юртимиздаги ҳар бир ҳудуднинг бой маданий мероси намойиш этилади. Сайёҳлар бу ерда усталар, ҳунармандлар билан бевосита учрашиш, улар яратаётган гўзал санъат намуналари билан танишиш имкониятларига эга бўладилар.

Мамлакатимиз Президенти ушбу ноёб мажмуанинг очилиш маросимида “Самарқандни йирик туризм марказига айлантиришда” “Боқий шаҳар” меъморий ансамбли алоҳида ўрин тутади. У келгусида бутун Самарқанднинг ўзига хос “ташриф қоғози”га айланади, деб ишонаман”, дея тилак билдирди.

Йигирма олти метрлик минора “Боқий шаҳар”га янада ўзгача кўрк ва тарих файзини беради. Мажмуадаги Ёзги маданий тадбирлар ўтадиган саройнинг деворлари “Афросиёб” музейидаги деворий суратлар нусхаси асосида яратилган. Сарой безак­лари юртимизнинг машҳур усталари ҳамда самарқандлик ҳунармандлар томонидан амалга оширилган. Хуллас, “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази ва “Боқий шаҳар” мажмуаси шарқ ва дунё меъморчилигининг қадимий ва замонавий андозалари асосида бунёд қилинган. Марказ ҳамда мажмуа қадим кентнинг тарих ва келажак чорраҳасидаги ғаройиб мўъжизаси деса арзийди.

Сўнгги йилларда шаҳарда бир қанча йирик объектлар қуриб фойдаланишга топширилди. Жумладан, Олма­ота – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз магистраль автомобиль йўлининг 1083 километрида янги йўл ўтказгич, Сиёб канали устидан галерея типдаги йўл ўтказгич, Бўстонсарой ва Рудакий кўчалари кесишган нуқтада ер ости йўли барпо этилди. Булар шаҳар ва шаҳар атрофида машиналар, автомобиллар қатнови, йўловчилар оқими учун қулайликлар яратди. Юз мингга яқин аҳоли яшайдиган кўп қаватли тураржойлардан иборат “Қорасув” массиви бунёд қилинди. “Янги Ўзбекис­тон” массивида 1294 та квартирали 36 та кўп қаватли тураржой қад ростламоқда. Шунингдек, шаҳарга туташ нуқтада 43 гектарлик “Ёшлар саноат зона”си ташкил этилмоқда. Шу тариқа шаҳар асл ҳолида таъмирланган қадамжолари, тарихий масканлари, кўп қаватли тураржой массивлари, сайёҳлик марказлари, саноат объектлари, равон йўллари, кўчалари, меҳмонхона комплекслари, илм-фан масканлари билан янги қиёфа касб этмоқда.

Бугунги кунда нафақат Самарқанд шаҳрида, балки бутун вилоятда қурилиш, бунёдкорлик ишлари давом қилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг шу йил 22 январдаги “Ўзбекистон Рес­публикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ вилоятда йил давомида 193 та объектда, жумладан, 48 та умумтаълим мактаблари, 22 та мактабгача таълим муассасалари, 11 та тиббиёт, 2 та олий ўқув юртлари биноларида қурилиш, қайта қуриш, капитал таъмирлаш ишлари режалаштирилганди.

“Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дас­турлари асосида 28 та қиш­лоқ ва 4 та маҳалланинг архитектуравий қиёфасини янгилаш, ҳудудларини ободонлаштириш, 16 та маҳалланинг биноларини қуриш, капитал таъмирлаш белгиланган эди. Бу ишлар айни пайтда муваффақиятли амалга оширилмоқда. Ипотека дастури асосида вилоятда 13 та массивда 3126 та хонадонга мўлжалланган 54 та кўп қаватли тураржойлар қурилмоқда. Умуман, воҳада 4420 хонадондан иборат 90 та кўп қаватли тураржойлар қад ростламоқда. Шу билан бирга шаҳар ва туманларнинг 16 тасининг марказий кўчалари замонавий асосда барпо этилмоқда. Вилоятдаги 32 та қишлоқ ҳамда маҳалла аҳли учун 382,6 километр узунликдаги ичимлик ва оқова сув тармоқлари ишга туширилмоқда. Ана шунча қишлоқ ҳамда маҳаллаларда салкам 185 километрлик йўлларга шағал ётқизилиб, темир-бетон, асфальт тўшалмоқда. Ҳудудларни ободонлаштириш доирасида 3595 та якка тартибдаги уй-жойлар таъмирланди, 37 километрдан иборат пиё­далар йўлак­лари қурилди. Бозор инфратузилмаси борасида янги бозорлар, савдо шохобчалари, 39 та савдо мажмуа­­си, 27 та маиший хизмат корхонаси, 10 дан ортиқ кичик турдаги ишлаб чиқариш муасасаси, 7 та турли хил объект­лар қурилиши давом этмоқда.

Вилоятда йирик ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Пастдарғом туманида аҳолининг қурилиш молларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқилди. Ўтган йили бу туманда 100 та лойиҳа амалга оширилиб, 600 дан ошиқ иш ўрни яратилган эди. Иккита янги цемент заводи ишга туширилганди. Бу йил эса туманда кунига 500 тонна цемент ишлаб чиқарадиган янги завод фойдаланишга топширилиш арафасида. Каттақўрғон туманида ҳам ҳар куни етти ярим минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган, лойиҳа қиймати 350 минг долларлик завод барпо этилмоқда.

Жомбой туманида интенсив боғдорчиликни ривожлантириш жараёнида қуёш энергиясидан фойдаланилмоқда. Тумандаги аксарият боғдорчилик хўжаликлари қуёш панелларини ўрнатгани учун энергия нархлари ҳам арзон бўлмоқда, ҳам маблағ тежалмоқда. Бу ерда водий услубида узум етиштириш ҳам йўлга қўйилган.

– Вилоятда аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, даромадларни ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов. – Жорий йилда маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла раислари, фаоллари тавсия­лари ва хулосалари асосида салкам 1,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ юқоридаги масалаларни ҳал қилишга йўналтирилди. Вилоятда бу йўналишда келгусида янада катта ишларни амалга оширишни мўлжаллаганмиз. 2026 йилга қадар вилоятда камида 250 мингта доимий иш ўрни яратишни, воҳада ишсизлик даражасини икки баробарга камайтиришни режалаштирганмиз. Бунинг учун 8 миллиард долларлик инвестиция лойи­ҳаларини ишлаб чиқаришга жорий этиш кўзда тутилган. Вилоятда бу ишларни амалга ошириш учун тўла имкониятлар бор.

Кейинги йилларда Самарқанд вилоятида табобат соҳасини ривожлантириш, айниқса, фармацевтика саноатини юксалтириш асосий масалалардан бирига айланди. Айни пайтда вилоятда саккизта фармацевтика ишлаб чиқариш корхонаси, етмиш еттита улгуржи, икки мингга яқин чакана савдо ташкилотлари фаолият юритмоқда. Шулардан бири “Самарқанд ингл эко медикал” МЧЖ ўзбек-инглиз қўшма корхонасида ўттиз тўрт хил эритма ва йигирма хилдан ошиқ дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Дорилар ва эритмаларнинг асосий қисми мамлакатимиз дорихоналарида сотишга чиқарилмоқда. Дориларнинг сифати доимий назорат қилинади.

Саккиз хилдаги шифобахш ўсимлик­лардан тайёрланадиган малҳамларни қадоқлашга ихтисослашган яна бир корхона хомашё бўлган доривор ўсимликларни Самарқанд вилояти ўрмон хўжалиги ва улар таркибидаги фермер хўжаликларидан олади. Корхона шаҳардаги “Шарқ табобати” илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда дорилар ишлаб чиқариш мақсадида янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқда. Вилоятнинг Фарҳод шаҳарчасида улуғ байрам арафасида, яъни шу кунларда яна иккита фармацевтика корхонаси фаолият бошлайди. Буларнинг барчаси Самарқанд вилоятида, мамлакатимизда аҳоли саломатлиги, “эл азизлиги, инсон азизлиги” учун хизмат қилади. Самарқанд аҳли амалга ошираётган ушбу ишлар уларнинг яратувчилик, бунёдкорлик фаолиятининг бир қисми. Улуғвор ишларни тўлароқ кўрмоқчи, улардан баҳра олмоқчи бўлсангиз қадим ва ҳамиша навқирон кентга ташриф буюринг!

Бугун Самарқанд кенгликларида бир ифор кезиб юрибди. Бу табиатнинг сахийлик ифори, самарқандликларнинг яратувчилик, бунёдкорлик ифори. Чилилик машҳур шоир Пабло Неруда “Самарқанд инсониятнинг Ер юзидаги бунёдкорлигига, яратувчилигига тимсол бўлган мангуликка, абадиятга дахлдор шаҳар. Унинг боқийлиги олис ўтмишга ҳам, бугунги кунга ҳам, келажакка ҳам дахлдор”, деб ёзганди. Ҳа, улуғ шоир ҳақ! Самарқандда бугунги кунда қилинаётган улуғвор ишлар боқий шаҳарнинг абадиятидан дарак беради.

Камол Матёқубов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Tegishli xabarlar

Танишини тунаган товламачи

admin

Ҳуқуқий, ижтимоий давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам

admin

ТУРКИЯ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗГА ТАШРИФИ САМАРАЛИ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛДИ

admin