ADOLAT 24

Муносиблар тақдирланди

Жасорат, ҳақиқатпарварлик, қатъият, шижоат… Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларининг асосий фаолият принципига айланган бу сифатларни яна давом эттириш мумкин. Чунки, улар жамиятга маърифат улашишда, воқеа-ҳодисалардан хабардор қилишда, энг муҳими, замон билан ҳамнафас бўлишда бор куч ва ғайратини аямайди.

Шунинг учун ҳам 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунининг кенг миқёсда тантана қилиниши, соҳа жонкуярларининг меҳнати юксак ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олиниши мамлакатимизда “тўртинчи ҳокимият”нинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ўрни мус­таҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиё­сий Кенгаши ҳам байрам арафасида партия тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ журналист ва медиа соҳаси вакилларини эътироф этди, уларнинг фаолиятида ижодий баркамоллик ва касбий муваффақиятлар тилади.

Тақдирланганлар орасида партиянинг ҳудудий Кенгашларида фаолият юритаётган матбуот котиблари ҳам бор. 

“Адолат” СДП Наманган вилояти кенгаши матбуот котиби Муҳиддин Имомадиевнинг юқори салоҳияти, касбий маҳорати билан партия фаолиятини холис ва ҳаққоний ёритишга қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътирофга арзийди. Айни пайт­да Муҳиддин Имомадиевнинг партия кўзгуси – “Adolat” газетасида долзарб мавзудаги мақолалар эълон қилиниб келинмоқда. Шубҳасиз, бу партия матбуот котиб­ларининг ҳам ижтимоий тармоқларда, ҳам газетада танилувчанлигини оширяпти.

Замира Абдуллаеванинг Хоразм вилоят кенгаши жамоасида ўз ўрни бор. Чунки унинг салкам 15 йиллик меҳнат фаолияти “Адолат” СДП билан бевосита боғлиқ. Сўнгги йилларда хоразмлик “Адолатчи”лар, партиядошларимизнинг амалга оширган ишлари, фаолияти Замира Абдуллаева томонидан тезкорлик билан ёритиб келинмоқда. 

Партиянинг Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби Акбаржон Назаровнинг фидокорона меҳнати ҳам эътибордан четда қолмади. 2011 йилдан шу вақтга қадар мазкур лавозимда ишлаётган Акбаржон Назаров партия матбуот хизмати билан узвий алоқада бўлиб, Андижондаги янгиликлар, ислоҳотлар, депутатлик гуруҳлари фаолиятини тарғиб қил­иб келмоқда.

Комил Сахатов аввалига партиянинг “Adolat” газетасида вилоят бўйича махсус мухбир сифатида ишлаган. Бора-бора унинг ташаббускорлиги, профессионал маҳорати 2010 йилда “Адолат” СДПнинг Қашқадарё вилояти кенгаши матбуот котиби бўлишига замин яратди. Воҳанинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида “Адолат”чи вакиллар иштироки, аҳоли фаровонлиги йўлида олиб борилаётган ишларни ёритишда журналист Комил Сахатовнинг меҳнати эътиборга арзигулик.

Гулчеҳра Аҳмедованинг “Адолат” СДП Фарғона вилояти кенгашида ўз иш фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмади. Шунга қарамасдан матбуот хизмати ишини жонлантириб, тармоқ саҳифаларида бериб бораётган пост ва контентлари савияси ошмоқда. Шунинг­дек, Г. Аҳмедова томонидан тақдим этилаётган медиа маҳсулотларда партия илгари сураётган ташаббус ва таклифлар тушунарли, содда ва равон тилда оммага етказиляпти.

Tegishli xabarlar

Дори-дармонлар савдоси талаб даражасидами?

admin

Таҳририятдан: “ДИЛКИ МИЛЛАТ ҒАМИДА ҚОН ЎЛДИ” ёхуд қачонгача лоқайд томошабин бўламиз?

admin

Ҳамжиҳатлик — эзгу мақсадлар ифодаси

admin