ADOLAT 24

“Илм саховати”да бепул таълим берилади

Фарғоналик “адолат”чиларнинг “Хайр-саховат инсонни янада улуғвор ишларни амалга оширишга ундайверади”, деган ташаббус атрофида бирлашгани ҳам эътиборга сазовор. Жумладан, Қурбон ҳайити муносабати билан юзлаб эҳтиёжманд оилаларга кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва совға-саломлар билан кириб борган халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, “Марғилон саховати” хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов яна бир хайрли ишга қўл урди. Халқимизда “Қўл билан берганга қуш тўймас” нақлини эшитганмиз. Ҳар ойда юзлаб эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган оилада камолга етаётган, ота ёки онасидан эрта айрилган болаларни қўллаб-қувватлаб келаётган депутат ўғил-қизларнинг келажагини ишонч­ли кафолатлаш мақсадида “Илм саховати” ўқув марказига асос солди.

Марғилон шаҳрининг “Хиёбон” кўчасида жойлашган мазкур марказнинг очилиш маросими давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида катта тантанага айланиб кетди. Алвон ленталар қирқилиб, марказ биносида илм истагида бўлган ёшлар учун яратилган имкониятлар кўздан кечирилди. 

– Ўқув марказимизда энг сара устозлар томонидан инглиз, рус, араб тили, архитектура дизайнерлиги, қизларга эса замонавий гул ясаш ҳунарлари ўргатилади. Ҳозирги кунда 70 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари рўйхатдан ўтган бўлса, бу рақамлар соат сайин ортиб бормоқда, – дейди ташаббус­кор депутат Аъзамжон Аҳмаджонов. – Муҳими, бу ерда таълим мутлақо бепул. Ҳатто ўқувчиларимиз қийналмай марказга келишлари учун бепул транспорт хизматларини ҳам ташкил этдик. 

– Бу ерга келиб кўзларимга ёш қуйилди. Бу қувонч ёшлари, албатта. Телевизорларда муҳташам ўқув марказларининг рекламаларини кўриб, фарзандларимнинг ҳам шундай чиройли таълим масканларида ўқиш­ларини орзу қилардим, – дей­ди Камола Ботирова. – Турмуш ўртоғим вафот этган. Илоҳим адолатли ҳаракат эгалари кам бўлмасин. 

Бу каби миннатдорлик фикрлари бисёр. Муҳими, янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги эгалари бўлган болажонларимиз учун илм олиш ва касб-кор эгаллаш имконияти яратилди. Улар Ўзбекистонимиз чинакам маънода жаҳон эътиборидаги мамлакат бўлиши йўлида астойдил хизмат қиладиган, кўплаб тилларни мукаммал эгаллаган мутахассислар бўлиб етишадилар. 

Келгуси режалар эса бундан ҳам аъло. Мукаммал тил ўрганган ўғил-қизлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қиладилар. 

Гулчеҳра АҲМЕДОВА,

Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Tegishli xabarlar

Болаларимиз олдида айбдор бўлиб қолмайлик

admin

СУБСИДИЯ БОР, аммо УЙ ЙЎҚ… Субсидия олиш учун ойлик маош 4 млн. сўмдан ошмаслиги керак, ойлик кредит тўлови эса 5 млн. сўмдан кам эмас…

admin

Рақобат ҳам “ИНСОФСИЗ” бўладими?!

admin