ADOLAT 24

ҲАЁТ ва ИЖОД сабоқлари

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, салкам ярим аср давомида туман, вилоят ва республикамизнинг қатор газеталарида мухбир, бўлим муҳаррири ва бош муҳаррир вазифасида фаолият кўрсатиб келган, “Улуғ эл” газетаси бош муҳаррири Алишер Ибодинов катта ижод йўлини босиб ўтган фидойи инсон. У ўзининг турли мавзудаги пуб­лицистик мақолалари, “Гулсафсар ҳиди”, “Оқ, оппоқ булутлар”, “Қуёш ҳам олов”, “Латофат дўконидаги қатл”, “Соҳил яқин-яқин…” каби қисса ва ҳикоя­лар тўп­ламлари, “Қўрбоши Мадаминбек” , “Обод излар”, “Макайлик бир сулола” ҳужжатли қиссалари, “Уч баҳодир”, “Сарҳадларда синалганлар”, “Олтиариқ тарихидан лавҳалар” каби қатор очерклар тўпламлари, “Шафқатсиз тоғлар”, “Худоёрхоннинг сўнгги кунлари” каби роман ва қиссалари билан китобхонларнинг меҳрини қозонган ижодкорлардан. 

Бугунги суҳбатдошимиз “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Алишер Ибодиновнинг рафиқаси, ҳамкасби, Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Давр овози” газетасида мухбирликдан бўлим бошлиғи, бош муҳаррир ўринбосари, Олтиариқ туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари каби бир қанча масъул лавозимларда фаолият юритган, “Улуғ эл” газетаси масъул муҳаррири, “Мўътабар аёл”, “Маҳалла ифтихори”, “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари соҳибаси Холида Жабборовадир. 

– Холида опа, қиз бола – палаҳмоннинг тоши, қаерга бориб тушса, шу ер унинг оиласи, уйи деган ибора бекорга айтилмаган. Қашқадарёдан палахмонга солиб отилган тош Фарғонага келиб тушибди… Бу тақдирмиди ёки танлов?

– Тақдири илоҳий деган тушунча борлигига ишонаман. Жуда кўп ҳолларда ҳаётимда омад мен билан бирга бўлган. Умрим йўлдоши масаласида ҳам шундай омади чопганларданман. Фаришталар яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам “омин” дейди, деганлари ҳам рост, шекилли. Мактабда ўқиб юрган кезларимда менга хат ташиган дугоналаримни “Мен фарғоналик ё тошкентликка турмушга чиқаман”, деб кулдирардим. Аммо бу шунчаки ҳазил эди, аслида ҳеч қачон туғилиб ўсган, азиз болалигим кечган она юртимдан, меҳрибон ота-онамдан узоққа кетишни истамаганман. 

 Алишер акани илк бор институтга кириш имтиҳонида иншо ёзаётганимизда учратганман. Ёнма-ён парталарда ўтириб қолганмиз, орада йўлак бор эди. Тўғрисини айтсам, денгизчиларнинг йўл-йўл майкасини оқ нейлон кўйлак ичидан кийиб олиб, ёқасини чапаниларча қайир­ган, бакенбардлари (ўша пайтларда урф бўлган) ёноғини эгаллаган йигит менга ёқмаган. У эса менга – оқ шоҳи куйлак кийган, майда ўрилган қирқкокил сочлари устидан пушти сим рўмол ўраган қизга тикилиб-тикилиб қарарди. Мен “шу йигит қизларга қараб-қараб, охири иншодан “икки” олади-да, тезроқ ёзиб чиқиб кета қолай, тағин орқамдан тушмасин”, деган ҳадик билан ундан олдинроқ чиқиш ҳаракатида эдим. Кейинги кириш имтиҳонларида хонадош абитуриент қизлардан Алишер Ибодинов деган фарғоналик “моряк” йигит ҳам бизга имтиҳон топширяпти экан, уни ёзувчи Асқад Мухтор қўллаётганмиш, ҳикояси “Гулистон”да чиққан экан, деган гап-сўзларни эшитдим. Мен бу гапларга эътибор бермаган бўлсам ҳам, юрагимда шунақа орқасида “танкаси” борлар, иш стажи борлар кириб, биз – эндигина мактабни битириб чиққанлар қолиб кетмасак эди, деган ҳадик бор эди.

Омадим келиб, мандатда энг юқори балл олганлар қаторида менинг ҳам номим эълон қилинди… Ўшанда 1975 йилнинг 25 августи эди. Биз 25 нафар бахтиёр ёшлар ТошДУнинг журналистика факультетига ўқишга қабул қилиндик ва мандат эълон қилинганининг эртасигаёқ Тошкент туманига карам тергани олиб кетишган. Алишер акани шу ерда иккинчи марта кўрганман. “Вой, ҳалиги ёқимсиз йигит ҳам кирибди-да”, дедим ўзимча.  Шу воқеаларни ўйласам, икковимизнинг учрашувимизни тақдир, деб биламан. Чунки Алишер ака абитуриентлигимдаёқ менинг кўнглимга “ҳужум” бошлаб, бошқа танловга йўл бермаган… Шу билан аста-секин севги куртаги муҳаббат дарахтига айланган.

Турмуш қуриш вақтига келганда, албатта, қаршиликлар бўлган. Қизини юрт ошиб, бошқа вилоятга узатиш нари турсин, аслида ўша пайтларда кўпчилик ота-оналар қиз боланинг Тошкентга ўқишга боришини хоҳлашмаган. Оҳ, менинг дадагинам… Жуда кўнгилчан инсон эди. Ўзлари ҳам ижодга қизиқар, ҳавасга шеърлар ёзиб турар, вилоят газетасида, вилоят босмахонасида узоқ йиллар ишлаган зиёли инсон эди. Менинг шеър ёзишимни билиб, қувониб, қўллаб-қувватларди. Шеърларимнинг биринчи таҳрирчиси эдилар. Шу сабабли бўлса керак, балки “Майли, кўнгли синмасин, бир уриниб кўрсин, барибир киролмайди, кейин ўзи совийди”, деган хаёлдами, рухсат берган. Мактабимиз директори раҳматли Гадоев домла чақириб, “Қизим, олтин медаль олгансан, йиқилиб келсанг, мактаб шаънига яхши эмас, шу яқиндаги институтларга топширавер”, деб фикримдан қайтармоқчи бўлган. Мен қатъиятли қиз эдим: “Мана кўрасиз, кираман!” деб сўз берганман. Менимча, бу ҳам тақдир…

Кўп бора Алишер аканинг турмуш қуриш ҳақидаги таклифини “Мени икки дунё бир бўлсаям Фарғонага беришмайди”, деб рад этганман. Лекин “Мен уларни шундай рози қиламан-ки, совчиларни қайтаришолмайди”, деб қаттиқ туриб олган. Ўшанда ўқишни битириб, “Қашқадарё ҳақиқати”да энди иш бошлаган пайтларим эди. “Гулистон” журналидаги устозлар шогирд жонига оро киришган. Уч-тўрт киши бўлиб бориб, вилоят газетасидан редакторимиз ва бошқа обрўли одамларни олиб, совчиликка келиб, дадамни кўндиришган. Никоҳимиз Қаршида анча шов-шувли воқеа бўлган эди. 

– Қашқадарёда униб-ўсган қизнинг Фарғонада камолот пиллапояларидан юқорилаши, эътиборга тушиши, ҳурмат топиши учун анча меҳнат машаққатларини тотишига тўғри келгандир? 

– Оҳ-ҳо… Қийинчиликлар анча бўлган. Аввало мен, Тошкентдек шаҳри азим сувини ичган “шаҳарлик” Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги энг чекка ва қолоқ қиш­лоқларидан бири бўлган “Эскиараб”га келин бўлиб тушганман. Тошкентда яшашади, деган ваъдалар онамизнинг ва қайинсингилларимнинг битта кўз ёшлари билан саробга айлангани рост. У пайтларда шароитлар ҳаминқадар, қайнотам раҳматлик катта амалларда ишлаган бўлса-да, оила иқтисодий жиҳатдан қийналган эди. Анча вақтгача, барибир, Тошкентга кетамиз, туманда ишламайман, дея ёшлик ҳою ҳавас­лари билан ишга кирмай юрдим. Орадан бир йил ўтиб фарзандли бўлдик. Хонадонимизда фақатгина Алишер ака ишлар эди. Вилоят газетасига – Фарғона шаҳрига ҳар куни эрталаб кетиб, кечаси қайтади. Ўша ерда холалари яшаса-да, уларникида ётиб қолмайди, биламан, мени ўйлайди. Уй олиш имкони бўлса-да, олмайди, онасини ўйлайди… Ана шунақа кўнгилчанликлари учун ҳаётда кўп нарсаларни бой бердилар…

Катта қизимиз Нигора тўққиз ойлик бўлганида, тушуниб етдимки, ҳали-бери Тошкентга кўчолмаймиз. Ниҳоят, мени 1982 йилда туман газетасига ишга киритишди, унга ҳам вилоятдан кимлардир аралашиб. Аслида ўша пайтлар мен кўзга илмаган туман газетасига ишга кириш ҳам осон эмас экан… 

“Пахта учун” (ҳозирда “Давр овози”) газетасидагилар мени унча ишонинқирамай кутиб олишди. Масъул котибимиз Каримжон Қаҳҳоров (умрлари узоқ бўлсин, ҳозир 90 ёшдан ошдилар): “Битта журналист қиз келиб, бир сатр ҳам ёзол­май кетиб қолувди”, деб менга киноя қилди. Бу ажойиб устоздан ҳамда газета фотомухбири Маҳмуд ака Сангиновдан ўрганганларим, берган ёрдамлари учун ҳалигача миннатдорман. Муҳарриримиз Турсунали ака Азизов қишлоқ ҳаётини ўргансин деб, мени газетанинг қиш­лоқ хўжалиги бўлимига қўйди. Ўшанда талабалигимда “Қашқадарё ҳақиқати”нинг қишлоқ хўжалик бўлимида амалиёт ўтаганим асқотган. Бўлим мудиримиз Олимжон ака Ҳакимов қалами ўткир журналист, талабчан раҳбар эди, (ҳозир ҳам қаламни ташлаганлари йўқ. “Давр овози” газетасини республикага танитган тажрибали журналист). Аввалига менга мураккаб топшириқлар бер­яптилар, деб хафа бўлганман, лекин тўғри қилган эканлар, таҳририятдагилар “летучкаларда” мақолаларимни мақтай бош­лашди.

Унда қишлоқдан туман марказига автобус қатнамас, катта йўлга бир километр пиёда юриб чиқиш, йўловчи машиналарда ўн километрлик йўл босиб, туман марказига қатнаш, ёш болаларимни минг истиҳолада уйга, кекса қайнонамга ташлаб кетиш, тунги навбатчиликлар, уй-рўзғор юмушлари – булар менинг ўз юртимдан олисдаги кундалик ҳаётим эди. Лекин касбимни севганим учун сабр­ли бўлдим, қаламим анча чархланди, туманда обрў топдим. Таҳририятимизга кучли журналистлар йиғилган, ўзаро дўстона ижодий мусобақа кетарди. 1996-2000 йиллари энг сермаҳсул ижод йилларим бўлди. Рес­публика ва вилоят газеталарида мақолаларим кўрина бош­лади. Турли танловларда ғолиблик насиб этди. Кўпроқ оила ва хотин-қизлар муаммоларини олиб чиққаним учун мухлисларим, ўқувчиларим кўпайди. 1997 йилда туман хотин-қизлар қўмитасининг раиси, туман ҳокими ўринбосари вазифаларига тавсия этилишимда ҳам хотин-қизларни ҳимоя қилиб ёзган мақолаларим, тўғрироғи, кўп йиллик ҳалол меҳнатларим сабаб бўлган бўлса керак. Албатта, Қашқадарё қизининг Фарғонага келиб, ҳурмат-эътибор топишимда, муваффақиятларга эришишимда умр йўлдошимнинг улкан тоғ бўлиб ортимда туриши катта аҳамиятга эга эди.

– Ижод билан бирга келин сифатида урф-одатлар тўқнашувига кўникиш, ота-она, жигарлар, қишлоқ соғинчини енга олиш, гоҳида кўз ёшини аритиш учун ҳам сизни қўллаб-қувватловчи, руҳлантирувчи, меҳр берувчи муҳаббат булоғи, ёниқ қалб эгасининг фидойилиги даркор.

 – Урф-одатларда жуда катта бўлмаса-да, фарқ бор эди. Масалан, эрта тонгда туриб кўча супуриш мен учун янгилик бўлди. Чунки дадам Қаршининг эски шаҳардаги Бешгумбаз маҳалласининг тақводор туб оилаларидан бирига мансуб бўлиб, аёлларнинг тонгда кўчага чиқиб кўча супуриши ёки сув олиб келишини ёқтирмасдилар. Мактабга формада борсак-да, рўмол ўрар, айниқса, дастурхон бошида бош яланг ўтирганлар гап эшитарди.

“Эскиараб”да кўп оғир юмушлар аёллар зиммасида экан. Ўқишга муккасидан кетганим, тўртта синглим бўлгани учунми, мен бодрингни плёнка остида парваришлаш, мол-ҳолга қараш, тандирда нон ёпиш сингари юмушлардан йироқ эдим. Ўрганишга тўғри келди. Лекин Алишер ака аёлларнинг жисмонан оғир юмушларни бажаришига қарши эди. Қишлоқда плёнка остига бод­ринг экмайдиган биттагина оила бизнинг оила бўларди. Сигирни эса қайнонам раҳматликнинг вафотидан кейин соға бошладим.

Келин бўлганимда оиламиздагина эмас, бутун маҳаллада ичимлик суви муаммоси бор эди. Улар дарҳол артезиан қудуқ чиқариб беришди. Қаршидаги ҳовлимизда катта, кўркам, соя-салқин, юз йиллик тут дарахти бўлиб, мен унинг мевасини жуда яхши кўрардим. Ота уйидагидек муҳит бўлсин, деб, ҳовлига марвартак тут олиб келиб ўтқаздилар. Қаршини соғинганимни сезсалар, албатта, ўзлари бирга бориб, ташлаб келишарди. Кейинроқ машиналик бўлганимизда машинада олиб бориб, кетиш фурсати етганда, бориб олиб келишарди. Қашқадарё билан Фарғона ўртасидаги масофани назарда тутсак, бу ҳам эркак кишининг оиласига, фарзандларига кўрсатган жуда катта муҳаббати, мурувватидир. 

– Ҳаётда касбдошликнинг ўзига хос сирли томонлари борми?

– Касбдош бўлишнинг икки томони бор. Яхши томони – касбдаги машаққатларни тушунади. Бир касбдагилар ижодда ҳам бир-бирига кўмакчи, маслаҳатчи. Бу ўринда эркак кишига аёлининг бир касбда бўлиши кўпроқ фойдали, деб ўйлайман. Чунки ҳар бир мақола ёки асарнинг туғилишида, касбга доир бошқа ташкилий ишларда фақатгина биринчи ўқувчиси эмас, танқидчиси, ҳарф терувчи, компьютерчи сифатида ҳам менинг фойдам теккан.

Ёмон томони эса баъзида икки киши учун ишлайсиз, фикрлайсиз…

– Адиб билан биргаликда “Саргузаштлар олами” номли журнал чоп этган экансизлар. Бу журналнинг мақсад ва йўналиши ҳақида тўхталсангиз. Қарийб ўн тўрт йил самарали фаолият юритган “Улуғ эл” нашрини маълум маънода унинг узвий давоми десак бўладими?

– 1999-2007 йилларда чоп этилган “Саргузаштлар олами” журнали кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, унда асосан жаҳон адабиётидан, дедектив асарлардан таржималар берилар эди. Шу билан бирга, ўзбек ёзувчиларининг ҳам дедектив асарлари чоп этиларди. У пайтда дедектив жанрига деярли қўл урилмагани, яъни, бу йўналишдаги алоҳида нашр йўқлиги учунми, журнал тез орада шуҳрат қозонди.  

Сув ҳамиша ҳам бир хил оқавермайди, гоҳ тиниқ бўлса, гоҳ лойқаланиб оқади. Гоҳ шиддатли, гоҳ сокин… 2008 йилда Алишер акани ёқтирмаган баъзи раҳбарлар вилоят газетасидан “ўз аризасига биноан” ишдан бўшатишди. Ҳамиша югуриб-елиб юрадиган, тиниб-тинчимайдиган ижодкорнинг бундай пайтда ўзини элига кераксиз ҳис қилишининг ўзиёқ уни қаттиқ руҳий тушкунликка тушириши мумкинлигини бу вазиятни бошдан кечирганларгина яхши ҳис қилади… Шундай кунларнинг бирида адибга янги нашр – газета очиш таклифини бердим. Адабий-бадиий, ижтимоий нашрни Ватанимизга, элимизга бўлган эҳтиромимиз рамзи сифатида “Улуғ эл” деб номладик. Газетанинг ўқувчилари сони тезда орта борди. Бугунги кунда газетанинг расмий телеграмм каналини ҳам ташкил қилганмиз. Унда мухлисларимизни адибнинг ижодига мансуб асарлар билан бирга ўзбек ва жаҳон адабиёти вакилларининг энг сара асарлари билан ҳам таништириб борамиз, жаҳон ва мамлакатимиз ҳаётидаги кундалик воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор маълумот беришга ҳаракат қиламиз.  

– Шундай эркаклар бўладики, улар оилапарвар, ҳамиша рўзғорни бут қилиб қўйишади, барча муаммони ўз зиммаларига олишади. Баъзилари эса ҳаётини ишига, ижодига бағиш­лашади ва оиласини иқтисодий жиҳатдан таъминлайдию, бошқасини аёлига ишониб топширишади. Устоз қайси тоифага киради?

– Ёш оила сифатида қийналган пайт­ларимиз бўлган. Аммо болаларимизни ҳеч нарсадан кам қилмаганмиз. Турмуш ўртоғимнинг маошим билан ишлари йўқ эди. Шу рўзғорга ишлатади-да, деб ишонардилар. Ёшлик йилларимизда барча оғирлик­лар у кишининг зиммасида эди. Аммо ижодни ҳам баравар олиб борганлар. Муҳаррир бўлиб танилиб, катта ададли газеталарни бош­қарганларида ҳам рўзғор, болалар биринчи ўринда турарди. Ҳозир ўғилларимиз бизга камарбаста бўлишяпти, шукур…

– Ҳаёт ҳар бир инсонни турли синовлар билан синайди. Турмуш ўртоғингиз иқтисодий, ижтимоий ёки маънавий қийинчиликларни қандай енгади?

– Бундай қийинчиликлар ҳаётимизда кўп бўлган. Биргаликда сабр қилганмиз. Келадиган яхши кунга ишонганмиз. Ижтимоий ва маънавий қийинчиликлар эса инсонни занг каби емирар экан. Турмуш ўртоғим ниҳоятда таъби нозик инсон. Ишдаги баъзи муваффақиятсизликлар, ҳатто қаршиликлар деса ҳам бўлади, саломатлигини йўқотишига сабаб бўлди. Ҳаттоки, инфаркт, инсультни бошдан кечирди. Бугун ҳаммаси ортда қолди. Халқ барибир кимнинг кимлигини билар экан. Яқинда адибнинг 70 йиллик юбилейидаги эътирофлар бунинг яққол исботи бўлди.

– Орзулар, оила, фарзанд тарбияси ва ижод масъулияти… Икки ижодкор – қай бирингиз орзуларингиз этагидан тутдингиз, қай бирингиз ҳаёт измига бўйсундингиз?

– Ёшликда орзуларим кўп бўлган. Талабалигимда устозларим илмий иш қилишим лозимлиги ҳақида маслаҳат беришган эди. Тошкентдек шаҳри азимда яшайман, олима бўламан, деган ниятларим бор эди. Ҳатто тумандаги катта лавозимдан ҳам оилам, фарзандларим учун воз кечганман. Баъзида фақат аёллик вазифаси эмас, оналик масъулияти олдинга ўринга чиқди. Алишер акани бир неча бор пойтахтга, катта даргоҳларга, катта лавозимларга таклиф қилишган. Лекин оналарини ташлаб кетмадилар. Онаизорининг илтижолари, дуолари, қолаверса, ўз меҳнатлари билан вилоятда ҳам катта обрў-эъти­борга эга бўлдилар. Ижод масъулияти у киши учун ҳеч қачон оиласига ғамхўрлик қилишга халақит бермаган.

– Алишер аканинг қайси асарларида ўзингизни кўргандай бўласиз? Уларнинг қайсилари дилингизга яқинроқ?

– Адиблар тасвирларда кўпроқ ўз фантазияларига, тасаввурларига таянишади. Шунинг учун у кишининг асарларидаги бирор бир қаҳрамон менга ўхшайди, дея олмайман. Ўзимга ёқадигани “Кўл бўйида”, “Чақмоқ чақнаганда”, “Қуёш ҳам олов” ҳикоялари. Уларни қайта-қайта ўқишни яхши кўраман.

– “Олманинг тагига олма тушади”, дейишади, икки ижодкорнинг фарзандлари қандай касб эгалари бўлиб етишишди?

– Ҳа, қайнотам Мадумар Ибодинов ҳам мухбир бўлган. Агар барака топаман десанг, ота касбини танла, дейишган экан донишмандлар. Биз иккаламиз ҳам матбуотга дахлдор оилалар фарзандларимиз. Ўғил-қизларимиз, келинларимиз ҳам журналистиканинг машаққатли йўлидан юришди. Ўғлим Улуғбек, келиним Саидахон кўп йиллардан бери журналистика соҳасида меҳнат қилишяпти. Кенжа қизим Сурайё ҳозир нуфузли бир интернет-сайт­да ишлаяпти. Катта қизим Нигора шифокор, ўғлимиз Элбек вилоятда масъул идорада фаолият юритади, унинг рафиқаси муаллима. Қизиғи, улар қайси касб эгаси бўлишмасин, ижод қилишади. Невараларимнинг ҳам ижодга мойиллиги тобора намоён бўляпти. Муҳими, ижодкорлар оиласидан ҳеч қачон ёмон одамлар чиқмайди. Ҳаммалари бизга меҳрибон…

– Устознинг қандай хислатларини қадрлайсиз?

– Жаҳллари чиққанда ҳам ўзларини бошқара оладилар. Болаларга бирор марта қўл кўтармаганлар, менга хам. Инжиқ эмаслар, қаноатли инсон… У кишининг хулқ-атворлари ҳавас қилгулик: бағри кенг, дарёдил инсон, жуда сокин. Сокин дарё чуқур оқади, деганлари рост экан. Мен баъзи масалаларда жизғанак бўлиб қоврилиб, асабийлашиб турсам, у киши сокинлик, хотиржамлик билан ҳал қиладилар. Тўғрисини айтсам, кейинги вақтларда илгариги турмуш ўртоғимдаги аввалги баъзи хислатларни топа олмай қийналаман. Ҳасад, қарама-қаршиликлар, юрак изтироблари вужудларига касаллик заҳмини солган… Аммо мен уларни олдингидай катта ижод қучоғига қайтариш учун илҳомлантирувчи, мотивация берувчи омиллар излаяпман. Албатта бунга эришаман, деб ўйлайман. Бекорга мени дугоналарим ажриққа ўхшатишмайди. ”Сиз ижобий маънода ажриққа ўхшайсиз, бу ердан юлиб ташлашса, бошқа жойдан униб чиқаверасиз. Жуда иродали ва тиниб-тинчимас аёлсиз. Ўзгаларнинг тинчи учун ўз ҳаловатингиздан кечасиз”, дейишади. Бу ўхшатишга ҳозир кўнган бўлсам ҳам аввалига ажриққа ўхшатишгани учун ранжиганман. Чунки аёл ажриқ каби курашувчи эмас, оламга гўзаллик, хушбўйлик ифорини таратувчи гул каби бўлишни истайди. 

– Алишер Ибодинов жамиятда ижодкор сифатида юксак мавқега эга. У билан узоқ йиллар умргузаронлик қилган инсон сифатида айтинг-чи, устозни хурсанд қиладиган ёки жаҳл отига миндирадиган омиллар нима? 

– Яхшиликлар, ютуқлардан қувонади. Китоб ва газеталарни жуда қадрлайди. Китобнинг йиртилганини кўрсалар жаҳл отига миниб, ҳаммани бир-бир сўроқ қилади. Инсонларнинг мунофиқликларидан пинҳона сиқиладилар ва бунақа одамни ич-ичидан ҳурмат қилмайди. Шундай одамларни ўзига ёмонлик қилган одамларни билсалар-да, улар билан дўстона алоқада бўлаверади. Бу одатлари менга сира ёқмайди. Мен тескариси – ёмонга ёмон, яхшига яхшиман. Умр йўлдошимни ҳамма яхши одам, дей­ди. Одамлар бекорга мақтамаса керак. Демак, яхши дўст, оқибатли қариндош, яхши устоз ва яхши ота. Шогирдларига ҳамиша яхши муносабатда бўладиган, маслаҳатларини аямайдиган устоз. Яқинда ҳамкасбларимиз у кишининг меҳмондўстлигини газета ва журналларда хўп ва кўп эътироф этишди. Ҳозир-ку, шароитлар янча яхши. Уйлар кўп, иссиқ. Илгарилари баъзида қиш кунлари келган меҳмонларга иссиқ хонамизни бўшатиб бериб, ўзимиз совуқ уйга чиқиб ётардик…

– Инсон хато қилади, бусиз илож йўқ, гап хатодан тўғри хулоса чиқара олишда. Шундай эмасми? Сизнинг ҳам хатоларингиз, афсусу надоматларингиз борми? Устознинг-чи?

– Ота-онамнинг хизматларини ўрнига қўя олмаганимдан афсусланаман. Олдин ўқишда, кейин турмушга чиқиб, яна бола-чақа ташвиши билан бўлиб, уларга етарли эътибор беролмаганман, баъзида ҳатто ишни ўйлаб бир йилда бир мартагина бориб кўриб кела олардим, холос. Қани энди ҳозирги имконимиз бўлганида онам ва отамни бол бериб тарбия қилардим. Албатта, бу ҳар бир аёлнинг қисмати… Турмуш ўртоғимда ҳам шундай армон бўлса керак, деб ўйлайман. Қайнонам инфарктдан вафот этган. Ўтган асрнинг 90-йилларида тиббиётда юрак операциялари кам­ёб ҳодиса эди. Адибнинг ўзлари 2013 йилда юракка томир улаш амалиётини бошдан кечирди. Очиқ айтмасалар-да, мен дилларида онамни ҳам шундай даволатсам бўлар экан-ку, деган афсус борлигини ҳис қиламан. Режалаштирилган, туғилмай қолган асарлар армони эса адибни кўп безовта қилади. “Худоёрхоннинг сўнг­ги кунлари” романининг кейинги қисмларини тугалласам армоним йўқ, дейди.

– Холида опа, фарғоналиклар қашқадарёликларнинг сиздай қизини келин қилиб олишди. Сиз-чи? Сиз ҳам юртингизга қиз бердингизми?

– Йўқ, қиз берганим йўғ-у, Сурхондарёдан келин олганман. Қизларимни узоққа бергим келмади, ўзимга ўхшаб қийналишмасин, дедим. 

– Агар болаликка қайтиш имкони берилса, умрингизни қандай яшар эдингиз?

– Бу анъанавий саволга ҳамма қатори анъанавий жавоб берайми ёки тўғрисини айтайми, деб ўйлаб қолдим. Яна шундай яшаган бўлардим, дея жавоб беришим мумкин. Лекин мен фақат тўғри гапиришга одатланганман. Ҳаётда чиқарилган хулосалар, йўл қўйилган хатолар, камчиликлар, бошқа ҳаёт берилганда бошқачароқ яшаган бўлардим, дея жавоб беришимни тақозо қилади. Ҳаётнинг ўзи муаллим, у сабоқ беради. 

Саодат МАТЁҚУБ қизи суҳбатлашди

Tegishli xabarlar

Келажак пойдеворини Матбуотсиз яратиб бўладими?

admin

ФАРЗАНДИНГИЗГА КИТОБ ОЛИБ БЕРИНГ!

admin

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА БАЙРАМ ТАБРИГИ

admin