ADOLAT 24

Ҳудуд ободлиги — юрт ободлиги 

Ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш, ҳашар орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш кўнгли очиқ, самимий халқимизнинг аждодларидан, ота-боболаридан қолган азалий қадриятларидан бири саналади. Халқимиз “Тоза уйда дард қолмас”, “Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам, дард юқмас” каби нақлларни бежиз айтмайди. 

Таассуфки, бугунги шиддатли глобаллашув, аҳоли сонининг ошиши, шаҳарлашув жараёнларининг жадаллашиши натижасида сўнгги пайтларда бу каби одатларимиз бироз унутилгандек. Атрофни кузатар эканмиз, чиқиндиларни исталган жойга улоқтириш, белгиланмаган жойларга, ариқларга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, бак­лашка, целлофан пакетларни ташлаш каби ҳолатлар деярли ҳар қадамда учраб туради. Табиийки, табиат ҳам бу каби муносабатга ўзининг жавобини бераётганга ўхшайди. 

Бугун инсоният глобал иқлим ўзгаришлари шароитида яшаяпти. Табиат кес­кин ўзгармоқда, эртанги кунни башорат қилиш мураккаблашмоқда, бу ҳолат аҳоли саломатлигига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. 

Экологик ҳалокатнинг оқибатлари билан курашгандан кўра, унинг олдини олишни маъқул деб биладиган, барча экологик муаммолар ечими ва улар билан боғлиқ фуқаролар саломатлиги муҳофазаси масалаларини фақатгина давлатга юклаб қўйиш нотўғри, деб ҳисоблайдиган “Адолат” СДП Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида жойларда партия фаоллари ташкилотчилигида бир қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Ҳудудлар ободлиги, тозалигини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган кўнгиллилар ҳашари кўп­лаб юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотиб, жамоатчилик диққатини жалб этаётганлиги қувонарли.

Жумладан, “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Ургут туманидаги “Катта Камангарон”, “Хўжа Аҳрори Валий”, “Камангарон”, “Қуйи Камангарон” маҳалла фуқаролар йиғинларида оммавий ҳашарлар уюштирилди. Ушбу ҳашарда партия Самарқанд вилоят ҳамда Ургут туман кенгаши вакиллари ва маҳалла фуқароларидан иборат мингдан ортиқ кўнгиллилар эрта тонгдан ўзлари истиқомат қилаётган маҳалла, турар жойлар атрофини ободонлаштириш, озода ва покизалигини сақлашда фаол иштирок этдилар. Ҳашарда ҳудуддаги қабристон ҳам ободонлаштирилди. 

– Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Бу нақл мазмунидан инсон маънавияти, тарбияси унинг ён-атрофга, табиатга муносабатида ҳам акс этишини англаймиз, – дейди “Хўжа Аҳрори Валий” маҳалласи раиси Хуршид Ҳамроқулов. – “Адолат” партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси асосида ташкил этилаётган тадбирлар фуқароларда тозалаш-обо­донлаштириш ишларига, озодаликка, саранжом-саришталикка риоя этиш, яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилмоқда. Бугунги ҳашарнинг ўзида мингдан ортиқ кўнгиллилар бирлашганини сўзимнинг далили сифатида келтиришим мумкин.

– Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда партия ҳамкорлигида ташкил этилган ҳашар орқали нафақат маҳалла, кўча, қабристонлар ободонлаштирилди, – дейди халқ депутатлари Ургут туман Кенгаши депутати Азиз Ашрапов. – Қувонарлиси, кишиларнинг бирлашиб, бирдамликда ҳаракат қилиши ёшларга намуна бўлди. Шу билан бирга, аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг табиат олдидаги масъулиятини ошириш, тиббий маданиятини юксалтиришга эришилди. Биз, сиёсий куч фаоллари учун аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган чиқиндиларни олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш жуда муҳим. 

– Бугун жамиятимизнинг энг илғор қатлами сифатида биз, ёшлар атроф-муҳит тозалигини сақлашда намуна кўрсатишимиз керак, – дейди партия “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Руслан Очилов. – Шу маънода партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳасини амалга ошириш йўлида ёшларни бирлаштиришимиз, кўнгиллилар ҳашарларини ташкил этишда ташаббускор бўлишимиз лозим. 

Таъкидлаш жоизки, саранжом-саришталик бор жойда кишининг баҳри-дили очилади. Кўча ва боғлар, хиёбонлар, ташкилотлар, мактаб ва боғчалар, шифохоналарнинг атрофлари, умуман, жамоатчилик масканларининг озода ва ободонлиги барчага яхши кайфият улашади. Албатта, ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалигига, атроф-муҳит мусаффо бўлишига улуш қўшсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб, ишимизда унум ортаверади. Зеро, ҳар бир ҳудуд ободлиги юртимиз ободлиги саналади.

Дарвоқе, биз бежизга сўзимиз бошида халқимизнинг меҳр-оқибати ҳақида сўз юритмадик. Ҳашар баҳонасида кўнгилли ҳомийлар кўмагида Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олинди, катта қозонларда ош дамланиб, тарқатилди. Юртдошларимизнинг хайрли ташаббусимизни қўллаб-қувватлаб, бир мақсад, яъни, юрт ободлиги йўлида бирлашганини кўриб англадикки, биз, “адолатчи”ларнинг ташаббусимиз бесамар кетмади.

Асқар Холиқов, 

Самарқанд вилоят кенгаши раиси ўринбосари

Tegishli xabarlar

КЎППАРТИЯВИЙЛИК ВА УНИНГ РИВОЖЛАНИШ БОСҚИЧЛАРИ: КЕЧА ВА БУГУН

admin

ВОДИЙ ЖАВОҲИРИ – ФАРҒОНА ЙИРИК САНОАТ МАРКАЗИГА АЙЛАНМОҚДА

admin

Барча ислоҳотлар инсон қадри учун

admin