ADOLAT 24

Ўзбекистон — Жанубий Корея: муносабатларида янги давр бошланмоқда

Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларини қадимий дўстлик ришталари боғлаб туради. Икки халқнинг маданияти, менталитетида ўхшаш томонлар кўп. Тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган корейс­лар ўзбеклар билан дўст-биродар бўлиб кетган.

Гарчи икки давлат ўртасидаги масофа яқин бўлмаса-да, улар ўртасидаги илм-фан ва технологияларнинг илғор ютуқларини ўзаро алмашиш жараёни қадим тарихга бориб тақалади. Томонларнинг глобал ҳамда минтақавий аҳамиятга эга масалалар бўйича ҳам ёндашувлари ўхшаш ёки яқин.

Корея Республикаси ҳам, Ўзбекис­тон ҳам кўҳна тарих ва бой маданиятга эга давлатлар сифатида ўзининг тарихий-маънавий меросини сақлаб келмоқда. Олий даражадаги очиқ, дўстона, конструктив мулоқотлар эса мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш имконини бераётир.

1992 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкам ишонч ва дўстликка асосланган икки томонлама алоқалар ривож­ланди. Айниқса, 2019 йилда Корея Респуб­ликаси ва Ўзбекистон муносабатлари алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан кейин ҳамкорлигимиз янада яқинлик касб этмоқда.

Икки давлат ўртасидаги Парламентлараро алоқалар ҳам ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланди. Учрашувлар, делегациялар ташрифи, мулоқотлар – мамлакатларимиз парламентларида икки томонлама қонунчилик асосларини ишлаб чиқиш имконини бермоқда.

Расмий Тошкент ва Сеул ўртасида ҳамкорлик алоқалари кўлами таълим, фан ва маданият каби қатор йўналишларда ҳам янги босқичга чиқмоқда. Бугунги кунда республикамизда Корея етакчи олийгоҳларининг 4 та филиали муваффақиятли фаолият юритмоқда. Ўз навбатида, Жанубий Кореяда 11 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таълим оляпти.

Маданият соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. Маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида Республикамизнинг барча ҳудудларида Корейс миллий маданият марказлари фаолият юритмоқда. Улар корейс тили, маданияти ва анъаналарини асраб-авайлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Сўнгги йилларда иқтисодиётнинг барча соҳаларида чуқур алоқалар йўлга қўйилган. Истиқболли лойи­ҳалар портфели “яшил энергия”, рақамли технологиялар, машинасозлик, кимё саноати, электротехника, тўқимачилик саноати, инфратузилмани ривожлантириш, шаҳарсозлик ва бошқа кўплаб соҳаларни қамраб олди.

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида ахборот коммуникация технологиялари ва савдо иқтисодий йўналишда ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма қўмитанинг 12 та йиғилиши ўтказилди.

Бугунги кунда Жанубий Корея капитали иштирокида мамлакатимизда 726 та корхона фаолият юритмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 46 таси жорий йилнинг январь-апрель ойларида ташкил этилди. Тўғридан-тўғридан жалб этилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 7.5 миллиард АҚШ долларидан ошди. Қолаверса, 40 та инвестиция лойи­ҳаси амалга оширилмоқда.

Жанубий Кореянинг етакчи компаниялари билан технологик ва сармоявий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Айни пайтда Ўзбекис­тон – Жанубий Корея ўқув-амалий тўқимачилик парки, Ноёб металлар ва қотишмалар илмий-технологик маркази, Қишлоқ хўжалиги техникаси конструкторлик-технология маркази, “Электрон ҳукумат” соҳасидаги ҳамкорлик бўйича Ўзбекис­тон – Жанубий Корея маркази фаолият юритмоқда.

Ўзбекистондан Жанубий Корея Республикасига 50 турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш учун фитосанитар рухсатнома олинган. 2020 йил апрель ойида икки мамлакат иқтисодий ҳамкорлигини кенгайтиришнинг муҳим платформаси – “Корея – Ўзбекистон бизнес уюшмаси” (KUBA) Корея Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги томонидан рўйхатга олинди.

Жорий йилнинг март ойида эса Сеулда илк бор Ўзбекистон – Жанубий Корея савдо уйи очилди. Бу икки томонлама иқтисодий алоқаларни ривожлантириш тарихида муҳим қадам бўлди ва Жанубий Корея бозорида Ўзбекистон товар ва хизмат турларини яратиш, икки давлат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имконини яратади.

Расмий Сеул Ўзбекистоннинг етакчи савдо ва инвестиция ҳамкорларидан бири. Буни ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 2,5 миллиард долларни ташкил этгани ва корейс инвестициялари ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Туристлар оқими ҳам йил сайин ортиб, Тошкент ва Сеул ўртасида бир ҳафтада 10 та авиапарвоз амалга оширилаётир.

Президентимиз таклифига биноан Корея Респуб­ликаси Президенти Юн Сок Ёльнинг шу йил 13-15 июнь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни барча йўналишларда жадал ривож­лантиришда янги саҳифа очиши, шубҳасиз.

Зеро, ташриф доирасида икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида бўлиб ўтган музокараларда мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорликнинг барча соҳалари ва йўналишларини қамраб олган алоҳида стратегик шерик­лик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг кўп­лаб соҳаларини қамраб олган 17 та ҳужжат, айниқса, Алоҳида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳар томонлама кенгайтириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолангани ушбу ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди, десак айни ҳақиқат.

Муҳаммаджон ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 

«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

**

Жанубий Корея Шарқий Осиёда тараққиётнинг ойдин йўлига чиқиб олган, дунёнинг энг жадал ривожланаётган давлатларидан бири. Унинг тарихий юксалиш даврига эътибор берадиган бўлсак, мамлакат 1960 йилларгача жуда қолоқ, аҳоли жон бошига даромади Африка давлатларидан ҳам кам бўлганлигини кўрамиз. 2020 йилга келиб Жанубий Корея дунёда ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олди. Хўш, Жанубий Корея қисқа муддатда бундай муваффақиятга қандай эришди? Қуйида шу саволга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. 

Айни пайтда Жанубий Корея дунёдаги 130 та мамлакат билан дипломатик алоқалар ўрнатган. Мамлакат экспортининг катта қисмини электроника, автомобиллар, юк машиналари, юқори технологиялар ташкил қилади. Шу ўринда яна бир эътиборни тортадиган жиҳати, Жанубий Корея инновация соҳасига катта куч сарфлаяпти. Шунинг­дек, ялпи ички маҳсулотининг 4,3 фоизини илмий тадқиқот ва ишланмаларга йўналтиради. Мисол учун, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 0,8 фоиз. 

Жанубий Кореяда ўз даврида таълимга катта инвестиция киритилгани боис саводхонликда юқори кўрсаткичларга эришилган. Шу туфайли ҳам давлат тез тараққий этиб борди. “Daewoo”, “Samsung”, “Hyundai”, “LG electronics” каби компанияларда инсон ақлу заковати билан ишлаб чиқарилаётган замонавий маҳсулотлар жаҳон бозоридан муносиб ўрин эгаллаган. Шарқий Осиёнинг “иқтисодий мўъжизаси” дея эътироф этилаётган Жанубий Корея халқининг ўртача ойлик маоши уч минг АҚШ долларини ташкил қилади. Аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 83,5 ёш. 

Дарвоқе, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида Жанубий Корея муҳим ўрин тутади. 

Айни пайтда мамлакатимизда Корея Респуб­ликасидаги нуфузли 4 та университет ўз филиалини очган. Шулардан бири Аджу университети ҳисобланади. Мен Жанубий Кореяда ана шу Аджу университетининг халқаро муносабатлар йўналишида магистратура босқичида таҳсил олганман. У ердаги таълим тизими бизнинг юртимиздагидан анча фарқ қилади. Ўзбекистонда олий таълим муассасаларида мажбурий ва танлов фанларнинг ўқитилиши ва ушбу фанлардан қайси профессор-ўқитувчиларнинг дарс бериши асосан университет томонидан белгилаб берилади. Жанубий Кореяда эса қайси танлов фанларининг ўқитилишини талабаларнинг ўзлари ҳал қилади. Бундан ташқари, университетда маъруза ва семинар машғулотларининг соатлари камроқ бўлганлиги учун талабалар эркин, мустақил изланиш­лар олиб боришлари, касб-ҳунар ўрганишлари учун имконият яратилади. Ҳар бир талаба ўз иқтидори, қобилиятини ҳар томонлама намоён этиши учун кенг имконият яратилган. Таълим тизимида коррупция аралашувига мутлақо йўл қўйилмайди. Билими зўр, иқтидорли талабалар олийгоҳни тугатиши биланоқ, вазирлик, давлат идоралари, хусусий компаниялар томонидан дарҳол иш билан таъминланадилар. Корея таълим тизимида яна бошқа ўрганса арзийдиган жиҳатлар ҳам жуда кўп. 

Қарийб 51 миллион нафардан ортиқ аҳоли умргузаронлик қилаётган Жанубий Кореяда қонун устуворлиги таъминланган. Корейс халқи тартиб-қоидага қатъий амал қилади. Тақиқланган жойга чиқинди ташласангиз, шу заҳоти жаримага тортиласиз. Жамоат жойида баланд овозда гапириш, автомобиль йўлида ҳайдовчи, айниқса, светофорда сигнал бериб бош­қа ҳайдовчиларни хавотирга тушириши жавобгарликка сабаб бўлади. Умуман, белгиланган тартибга вазирми, амалдорми, ёшу-қари ҳамма бирдек амал қилади. 

Мен «Адолат» СДП аъзосиман. Мус­тақил тадқиқотчи сифатида Корея Рес­публикасининг ташқи сиёсати бўйича илмий изланиш­ олиб бораяпман. «Янги аср» университети ва Тошкент шаҳридаги иқтисодиёт ва технологиялар университети(Туркия унивeрситетининг филиали)да талабаларга ўз соҳам бўйича сабоқ бераман. Жонажон ватанимизнинг Жанубий Корея билан ҳамкорлиги кенгаяр экан, истиқболда, албатта, тараққиётга эришамиз.  

Фурқат Сахатов, 

Қашқадарё вилоят кенгаши «Ёш адолатчилар» қаноти фаоли

Tegishli xabarlar

ЎЗБЕКИСТОН ВА ПОКИСТОН: МАЪНАВИЙ ИЛДИЗЛАР БИР, ОРЗУ-ИНТИЛИШЛАР МУШТАРАК

admin

Бош мақсад – ташаббус ва амалий ҳаракат

admin

“Боқий Бухоро” мўъжизалар шаҳарчасига айланади

admin