ADOLAT 24

Ким айбдор? Томоша кўрсатаётган болаларми ёки?!

«ЯНГИ ДЎСТ»

Автобусда кета туриб, қизиқ воқеага гувоҳ бўлдим. Навбатдаги бекатдан бир йигитча чиқиб, ёнимдаги бўш жойга ўтирди. Автобус ҳаракатлана бошлаган пайтда орқа ўриндиқда ўтирган бошқа бир бола ёнимдаги боланинг қулоғига пичирлаб, нималардир дея бошлади. Унинг узуқ-юлуқ овозидан исминг нима, қаёққа кетяпсан, қаерда ўқийсан, деган мазмундаги саволларни бераётганлигини илғаб олдим. Бироздан сўнг у: «Ёнингда қанча пулинг бор? Йўлкирага бериб туролмайсанми?» деб сўради. Ёнимдаги бола чўнтагини кавлаб, икки минг сўмлик пулни унга узатди. Орқа ўриндиқдаги бола узатилган пулни чўнтагига солди.

Бу ҳол диққатимни жалб қилди, ўгирилиб, орқа ўриндиқда ўтирган боланинг кўзларига боқдим. У кўзларини мендан олиб қочди ва бироздан сўнг «ҳазиллашдим», деб икки минг сўмни эгасига қайтариб берди. 

Телефонимга хабарнома тушди, ўқиш учун уни ёқдим. Ортимда ўтирган бола энди мен томонга энкайиб, бамайлихотир: «Ака, телефонингизни бериб туринг», деди. «Нима қиласан?» дедим. У: «Россияга қўнғироқ қиламан», деди. Мен бунинг иложи йўқлигини тушунтирдим. У «Телефонингизни қизғаняпсизми?» дея тиржайди. Бу гапдан асабийлашдим. Лекин ёш бола билан тенглашмайин, дея ўзимни тийиб, телефонимни чўнтакка солдим. 

 Бола ўрнидан туриб, автобуснинг олд қисмига йўл олди. Бора туриб, йўловчиларнинг қўлидаги нарсаларига синчков назар ташлай бошлади. Ҳайдовчининг ёнига бориб, у билан нималарнидир гаплашди ва яна ортига қайтиб келиб, ёнимда ўтирган болага: «Ошна, сенга ҳам йўлкира тўлаб қўйдим, учрашамиз», дея нав­батдаги бекатда тушиб қолди. 

Ёнимдаги содда бола «янги дўст» орттирганидан хурсанд бўлди, шекилли, у билан самимий хайрлашиб қолди. Ўзимча ҳеч кимдан тап тортмайди, омма орасида ўз ҳолича юриб ўрганган «кўча боласи» шу бўлса керак, деган хаёлга бордим. Балки у ўзининг «саховати» билан яна бир тенгдошини қармоғига илинтиргандир…

«ИСТЕЪДОД»

Мактабда ишлаб юрган пайтимда истеъдодли болаларни излардим. Олтинчи синфга кириб, ўқувчилардан орангизда шеър ёзадиган, расм чизадиган ёки қўшиқ айтадиганлар борми, деб сўрадим. «Ҳа, бор, манави зўр қўшиқ айтади», деб қорамағиз, кўзлари ёниб турган, кўринишидан сўзамолгина болани кўрсатишди. 

Уни хонамга олиб кириб, қани, бир эшитайлик-чи, дедим. У ҳеч тортинмай, «Бир дўстим бор» қўшиғини менинг наздимда маромига етказиб ижро этди. «Яна айтайми?» деди сўнгра. «Айт!» дедим. У яна ва яна айтди. Ёш қўшиқчининг бошини силаб: «Мусиқа тўгарагига қатнаш, сендан зўр қўшиқчи чиқади», дедим. У: «Хўп, домла!» деди ва хонамдан чиқа туриб: «Уйингиз қаерда?» деб сўраб қолди. Манзилимни айтдим. 

Дарсга қўнғироқ чалинди. Бир оздан сўнг дафтарчамга ёш истеъдоднинг ими-шарифини ёзиб олмаганим эсимга тушиб, синфига кирдим. Дарс ўтаётган ўқитувчидан рухсат олиб, ҳалиги болани суриштирдим. Болалардан бири ўрнидан туриб: «Унинг исми Атамбой, сизларникига кетди», деди. «Бизникида нима қиларкан?» дедим ҳайратим ортиб. «Билмадим, – деди бола елка қисиб, – дарсга кирмайсанми, десам, «домланикига бориб келай», деб кетди-ку»…  

 Мактаб ҳовлисида жисмоний тарбия ўқитувчиси турган экан. Унга «истеъдод»ли бола ҳақида сўзлаб бердим. У гапимни тугатиб-тугатмасимдан роса қотиб кулди. «Нега куласиз?» десам, «Атамбой аллақачон кашф этиб бўлинган. Унга ҳушёр бўлмасангиз, уйингизни супуриб кетади», деди. «Қанақасига?» дедим ҳайрон бўлиб. «Мен аҳмоқ бўлмасам, – деди у, – дарс пайтида уйда ҳақиқий футбол тўпим борлигини айтаманми. Кечки пайт уйга борсам, хотиним, «тайинлаган экансиз, қиммат тўпингизни бир бола келиб олиб кетди», дей­ди. Кимакан, у, деб суриштирсам, ўша «истеъдодли» Атам бўлиб чиқди. Мактабга бир ҳафта келмади. Синф раҳбари топиб келди. «Тўп қани?» десам, «Сот­вордим», деб турибди. Ҳуш­ёр бўлмасангиз бўлмайди. У якшанба кунлари шаҳарга кетиб, тиланчилик ҳам қилар экан, профилактика инспекторининг рўйхатида туради…»

Хавотир олиб, уйга борганда хотинимдан суриштирсам, ундай бола келгани йўқ, деди. Хайрият. Орадан бир-икки кун ўтиб, ўша «ёш истеъдод» қаршимдан чиқиб қолди. «Қаерда юрибсан, кўринмайсан?» десам, ер чизиб: «Мусиқа мактабига тўгаракка қатнаяпман», деди. «Аммо ҳуш­ёр бўл, одамларни алдама, ўғирлик қилма, ақлли йигит бўлгин, сен истеъдодли боласан», дедим унга танбеҳ бергандай бўлиб. «Хўп! – деди у кўзлари ёниб, кейин ортимдан, – Домла, ўша куни уйингизни излаб тополмадим, қаерда яшайсиз, ўзи?» деб сўраб қолди. Мен унга жавобан, «Уз-з-о-о-оқда, бу ердан кўринмайди», деб қўя қолдим. 

ЁШ ҚАРОҚЧИ

Банкка боргандим. Одам гавжум. Навбат кутиб ўтирибман. Ранги оқариб кетган бир аёл безо­вта ҳолатда у ёққа боради, бу ёққа келади. Ўтирган-турган кишининг юзига қарайди. Орадан ўн-ўн беш дақиқалар чамаси ўтгандан кейин банк қўриқчилари озғин, чиллаширга ўхшаган бир ўсмирни банкнинг иккинчи қаватидан етаклаб тушиб, аёлга рўпара қилишди. Аёл нафаси бўғзига тиқилиб: «Ҳа, шу йигит», деди. «Холанинг плас­тик карточкаларини сен олганмидинг?» деди қўриқчилардан бири ўсмирга. «Ҳа», деди у. «Нега олдинг?». «Ўзлари пул ечиб, бергин, деб бердилар». «Ҳа, тўғри, – тасдиқлади аёл. – Пул оладиган жойда одам кўп экан. Нафасим сиқилади. Шу бола ташқарида турган экан, ўғлим, мен тушунмайман, пул ечиб беринг, деб шу боладан илтимос қилгандим. Бу бола паролини айтинг, деди. Паролни айт­дим, ичкарига кириб ниманидир суриштириб чиқаман, деб банкка кириб кетди. Ярим соатдан бери банкомат олдида турибман, қайтиб чиққани йўқ». «Қани плас­тик карточкалари?» сўради ўсмирдан қўриқчи. Ўсмир шимининг орқа чўнтагидан плас­тик карточкани олиб, қўриқчининг қўлига тутқазди. 

Аёл: «Ҳа, ана шу пластик меники», деди суюниб. «Пул ечмадингми?» сўради қўриқчи йигитдан. «Е-е-ч­дим!», деди у ҳамон ички қўрқувни енга олмасдан. «Қанча ечдинг?». «Уч юз…». «Хола, пластигингизда қанча пул бор эди?». «Беш юзу эллик минг, болам». «Қанча пул ечишингиз керак эди?» «Уч юз минг!». Қўриқчилар банк ходимларидан бири билан аёлнинг плас­тик картасидаги пулнинг ҳисобини чиқаришди. Айтилганидай, плас­тик карточкадан уч юз минг ечилиб, икки юз эллик минг қолдиқ қолибди. «Пулни ечганингга ярим соат бўлибди, нега опага бермадинг?». «Бермоқчи эдим. Холани қидириб тополмадим». «Опа сени ташқарида кутиб турибди, чиқмабсан. Бунинг устига иккинчи қаватда яшириниб юрибсан… пулни чиқар». Ўсмир ички чўнтагидан учта юз минг сўмликни олиб, қўриқчига тутқазди. Қўриқчи пулни опага берар экан: «Опа, плас­тик картангизни ҳар кимга ишониб бераверманг-да», деди. 

Аёл: «Хўп, ўғлим! Бунақа бўлишини қаёқдан билай», деди ўсмирнинг юзига ачиниш билан қараркан. «Иккинчи бу ерда қоранг­ни кўрмайин!» деди қўриқчи болага. Ёш қароқчи эсон-омон қутилиб қолганига шукр қилиб, банкдан отилиб чиқиб кетди.

Банкда ишим битиб, ташқаридаги банкомат ёнидан ўтаётганимда нарироқдаги каштан дарахти панасида турган таниш қиёфага кўзим тушиб қолди. Эсладим, бу ҳали заҳил юзига қон югуриб улгурмаган, кўзлари олазарак бўлиб, навбатдаги ўлжасини сабр билан кутаётган ўша йигитча эди…

ХОТИМА ЎРНИДА

«Кўча боласи» бўлиб шаклланаётган уч болакай ҳақидаги ҳикояни ниҳоясига етказганимдан сўнг туғилган бир савол мени унга жавоб излашга ундади. Хўш, болалар нима учун бундай аҳволга тушиб қолишди? Уларнинг келажакдаги ҳаёти қандай ўтади? Фарзандига тўғри тарбия бера олмай ҳаловатидан айрилган ота-оналарни қандай ситамлар кутмоқда?

Ҳикояда тасвирланган болакайларнинг борар манзили бир, улар токи ўша манзилга етгунларига қадар, аввало, ўз ота-оналарини, кейин эса бутун бошли жамиятни ташвишга солиб яшайдилар. Хўш, болалар феълидаги бу иллат қаердан пайдо бўлди ва бунда ота-онанинг айби борми? Албатта, бола тарбиясида, энг аввало, ота-она айбдор! Чунки фарзандига муносиб исм қўйиш, яхши тарбия бериш ва чиройли касб ўргатиш ота-онанинг бурчи ҳисобланади. Бу уч амалнинг қай бирида кемтик бўлса, бу кемтик умрининг охирига қадар асоратини кўрсатади. 

Балоғат ёшига етган ўғил ва қизнинг ақли ҳамма нарсага етадиган, феъли шаклланиб бўлган бўлади. Ундан у ёғига камдан-кам ҳолларда ташқи тарбия таъсир қила олади. 

Куни кеча ҳикояда тилга олинган «ёш қароқчи» ва «истеъдодли бола» билан тасодифан учрашиб қолдим. «Қароқчи йигит»нинг қассобдан текинга гўшт олмоқчи бўлиб, зўравонлик қилаётганига гувоҳ бўлган бўлсам, «истеъдодли бола»кай эса аллақачон оғир тарбияси туфайли алоҳида интернат-мактабда таълим олаётган экан. Демак, тарбияси издан чиққан болалар ҳозирдан ўз «томошалари»ни кўрсата бошлашган. Жадид бобомиз Абдулла Авлоний: «Энг бой мерос, бу – яхши тарбия!» деганди. Дарҳақиқат, оилада тарбия топмаган бола бир умр таъқиб остида яшайди. У на ишда, на турмуш ва на жамиятда ўз ўрнини топа олади. Бола ҳаққини, яъни тарбиясини ўз вақтида адо этмаган ота-она эса бир умр товон тўлаб ўтишга маҳкум бўлади. 

Муҳиддин ОМАД,

Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

ЯХШИЛИК ҚИЛИНГ, БИЛСА БАЛИҚ, БИЛМАСА ХОЛИҚ…

admin

Ташаббуслар бардавом бўлади

admin

Мен қанд миқдорини текширтирдим.  СИЗ-ЧИ? 

admin