ADOLAT 24

Вазирдан асослантирилган жавоб тақдим этиш сўралди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2024 йил 31 май куни бўлиб ўтган мажлисида Мактабгача ва мактаб таълими вазири Х. Умаровага “Умумий ўрта таълим ташкилотларида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди.

Унда умумтаълим мактабларида тиббиёт хоналари фаолиятини йўлга қўйиш, уларни зарур тиббий жиҳозлар, дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган.

2024 йил 14 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида мазкур парламент сўровига келган жавоб депутатлар, тегишли вазирлик вакиллари иштирокида дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим ва тиббиёт тизимларининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, соҳаларга илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар учун тиббий хизматни ташкил этиш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари масъул вазирликларнинг тегишли қўшма қарори билан тартибга солинган.

Мазкур ҳужжат билан Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Соғлиқни сақлаш вазири, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ҳамда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқларига қабул қилинган штат бирликлари асосида туман(шаҳар)ларнинг умумий ўрта таълим муассасаларида шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлар билан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тасдиқланган штат меъёрлари асосида таъминлаш ва назоратга олиш вазифалари юкланган.

Шунингдек, ўқувчиларнинг саломатлик кўрсаткичларини ўрганиш, уларга бирламчи тиббий-санитария ва профилактик ёрдам кўрсатиш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги 10 165 та умумий ўрта таълим мактабининг 9 085 тасида тиббий хоналар мавжуд. Улардан 4 984 таси тиббиёт хонасига мослаштирилган, 1 080 та мактабда тиббиёт хонаси мавжуд эмас.

Вазир жавобида қайд этилганидек, бугунги кунда 307 та умумий ўрта таълим муассасасининг тиббиёт хоналарини жиҳозлаш учун 4 миллиард сўмлик 6 турдаги тиббий жиҳоз ва буюмлар билан таъминлаш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда қўмита аъзолари парламент сўровида қўйилган саволларга етарлича жавоб берилмаганини қайд этиб, уларга тўлиқ ва асослантирилган жавоб тақдим этиш, шундан сўнг Қонунчилик палатасининг мажлиси кун тартибига киритишни маълум қилишди.

Tegishli xabarlar

Энтони ХОПКИНС: Бахт бу танловдир

admin

Улуғларини улуғлаган юрт

admin

ТАШҚИ СИЁСАТИМИЗНИНГ УЛКАН ЮТУҒИ

admin