ADOLAT 24

Жамоатчилик назорати: Оромгоҳлар учун китоб керак эмасми?

Китоб инсонга илм беради. Маънавият, маданиятнинг ўчоғи ҳам айнан китоб ҳисобланади. Ҳаётда нафақат бола тарбияси учун, балки маънан юксалишни истаган ҳар қандай инсонга китоб тавсия этилади. Асрлар оша бизгача етиб келган қадимий китоблар инсониятнинг ноёб хазиналаридан биридир.

Бугун ҳам минглаб ноёб ва керакли китоблар сифатли чоп этилиб, китобсеварларга тақдим этилиб келинмоқда. Ўқувчини ўзига жалб қила оладиган ноёб асарлар дейсизми ёки мактаб дарслик­ларими, барчаси муҳайё. Мактабларда ўқувчиларнинг кутубхоналарни тўлдириб ўтиришганининг ёки ушбу зиё масканида дарс тайёрлаётганликларининг кўп бор гувоҳи бўлганмиз. Албатта, бу жараёнлар барчанинг нафақат кўзини, балки кўнглини ҳам қувонтирадиган ҳолатдир. 

Ўқувчилар бугун ёзги таътилда. Хўш, оромгоҳларда болалар учун кутубхоналар ташкил этилганми? Болалар ўзлари хоҳлаган китобларини мутолаа қила оляптиларми? Умуман, болалар оромгоҳларда китоб ўқишяптими?

 Бундай долзарб саволларга жавоб топиш учун Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши ва халқ депутатлари Самарқанд туман кенгаши депутатлари биргаликда Самарқанд туманида жойлашган “Камалак жилоси”, “Алпомиш” ҳамда “Илм зиёси” номли болалар ёзги дам олиш оромгоҳларида ўрганиш олиб боришди. Барча оромгоҳларда шарт-шароитлар замон талабига жавоб беради. Бундай шароитлардан барча дам олувчи болажонлар рози ва хурсанд эканлиги уларнинг чақноқ кўзларидан кўриниб турибди.

Лекин учала дам олиш оромгоҳида ҳам дилни хира этадиган камчиликлар учради. Мисол учун, “Камалак жилоси” оромгоҳида газ балони билан таъминланиш масаласида муаммо мавжуд. “Алпомиш” оромгоҳининг бола сиғими 200 кишига мўлжалланган, аммо ошхонада овқатланиш жойларининг камлиги сабабли дам олувчилар овқатланиш жараёнида навбат кутиб, болалар совиб қолган овқатларни истеъмол қилишларига тўғри келаётгани маълум бўлди. “Илм зиёси” оромгоҳида эса ётоқларнинг бир қисми эскиргани ва уларни янгисига алмаштириш кераклиги айтилди. Энг ачинарли ҳолат шуки, учала дам олиш оромгоҳининг ахборот-ресурс марказларида эски ва яроқсиз китоблар борлиги аниқланди. Шунча йиллардан буён болаларимиз ушбу оромгоҳларга нафақат дам олиш, балки маънавий озуқа олишлари учун шароит яратилмаган, яъни ҳеч бир ташкилот ёки ҳомий томонидан китоб тақдим этилмаган экан!

 Ушбу масалалар ва аниқланган бошқа муаммолар юзасидан депутатимиз томонидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Ушбу сўровлар мазкур оромгоҳларнинг муаммоларига ечим топиши, дам олувчи ҳар бир болажоннинг ёзги таътилни мазмунли ўтказишига кўмак бўлишига ишонамиз.

Самарқанд вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ҳокимнинг депутатларга раҳбарлик қилиши амалиётидан воз кечилади

admin

«Халқ банки»нинг Андижон филиали ходимлари 4,6 миллиард сўмни ўзлаштириб юборди

admin

Тараққиёт стратегияси – ислоҳотлар асоси

admin