ADOLAT 24

Депутатлар ҳисобот берди: Энг холис баҳо сайловчилар фикрида намоён бўлади (Тошкент шаҳри Андижон ва Наманган вилоятлари)

Демократик жамиятда сайловчилар ўз вакиллари фаолиятини кузатиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга. Шу нуқтаи назардан, депутатларнинг ўз сайловчиларига ҳисобот бериши муҳим аҳамиятга эга. Бу жараён нафақат депутатнинг масъулиятини оширади, балки сайловчилар билан очиқ ва самарали алоқани таъминлаб, билдирилган ишончни тўлақонли оқлаш йўлида фаолиятини таҳлил қилиш имконини беради. 

Абу Али ибн Сино номидаги Сергели жамоат саломатлиги техникумида партия­миз фаоли, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Собир Турсуновнинг сайловчилар билан учрашуви ҳам юқоридаги жиҳатларга кўра аҳамиятли бўлди.

Дастлаб тадбирда сўз олган Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритар экан, депутатлар халқ вакиллари сифатида ўз сайловчилари олдида ҳисобдорлиги, уларнинг фаолиятига асл баҳони сайловчилар бериши ва, албатта, ҳисобот бераётган депутат билан биргаликда унинг партияси учун ҳам бирдек аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтди.

«Адолат» СДП Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ходимлари, депутат сайланган 28-Йўлдош сайлов округи жойлашган ҳудуддаги 9 та маҳалла фуқаролар йиғинлари масъуллари ҳамда сайловчилар, шунинг­дек, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, фахрийлар иштирок этган тадбирда депутат Собир Турсуновнинг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тинг­ланди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида депутат ўз фаолиятини мамлакатимиз қонунчилигининг асоси – Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси, ундан келиб чиқадиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва албатта, партия Сайловолди дастурида белгиланган таълим, суд-ҳуқуқ, аҳоли саломатлигини сақлаш, ижтимоий-иқтисодий йўналишлардаги қатор устувор мақсадлар асосида самарали ташкил этиб, бу борада салмоқли натижаларга эришган.

Жумладан, депутат томонидан ўтган даврда 250 дан ортиқ фуқаролар мурожаатлари юзасидан қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган масалаларга ижобий ечим топилган.

Шу билан бирга, ҳудудда жойлашган бир қатор мактабгача таълим ташкилотларининг бинолари таъмирланиб, уларни керакли жиҳозлар билан таъминлашга эришилган. Айниқса, болалар учун спорт ва ёзги ўйингоҳлар замон талаблари даражасида қайта таъмирланиб, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш­ларига хизмат қилмоқда. 

Шунингдек, ҳудуддаги маҳаллаларнинг кўчалари, тротуар йўлак­лари ҳамда улардаги ёритиш тизимларида аниқланган камчилик­лар борасида сайловчиларнинг депутатимизга қилган мурожаатлари тегиш­ли тартибда ташкил этилган амалий чоралар натижасида изчил равишда бартараф этилган.

Ўз фаолиятида аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратган сафдошимиз ижтимоий аҳамиятга эга бўлган касалликлар билан оғриган 50 нафарга яқин фуқароларга даволанишлари учун моддий ёрдам ажратиш, шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож бемор фуқароларни дори-дармонлар билан таъминлаш ҳамда турли даражадаги тиббий кўрик­ларни ташкил этишдек эзгу ишларга бош бўлди. 

– Аҳоли бандлигини таъминлаш ижтимоий барқарорликни мус­таҳкамлашга хизмат қилади, – деди ҳисобот давридаги фаолияти мобайнида 40 нафардан ортиқ ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга эришган депутат. – Зеро, касб-кори бор фуқаро, аввало, ўз оиласини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имкониятига эга бўлади. Бу эса оилаларнинг фаровонлигини оширади ва ижтимоий муаммоларни камайтиради.

Мухтасар айтганда, ташаббус­кор депутатимизнинг фаолиятига бағишланган сарҳисоб тадбири унинг ҳудуддаги кўп­лаб масалаларда сайловчилар ишончини оқлаши, аҳолини рози қилишга қаратилган амалий ишлари билан аҳамиятли бўлди. Қолаверса, келгусидаги муҳим вазифа ва мақсадлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Албатта, депутат фаолиятига ҳақиқий баҳони сайловчилар беради. Тадбирда сўз олган ҳудуддаги МФЙ раислари ҳамда сайловчилар депутат Собир Турсуновнинг фаолиятини ижобий баҳолаб, унинг ўтган даврдаги фаолияти билан боғлиқ қатор ижобий мисолларни айтиб ўтишди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

**

Ишончни оқлашнинг ўзи бўлмайди

Халқ депутатлари Избоскан туман кенгаши депутатлари тўғрисида гап борганда “Адолат” СДПдан сайланган халқ вакилларининг номи алоҳида тилга олинади. Бу бежиз эмас. Партиямизнинг тўрт нафар вакили ҳар доим жамоатчилик орасида, ҳудудлардаги муаммоларнинг ечимини топишда ташаб­бускор. 

Маҳаллий кенгаш сессиялари ва доимий комиссияларга масала киритишда ҳам, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда ҳам ўзига хос мактаб яратилган. Депутатлик гуруҳи аъзолари аниқ режа асосида иш юритадилар. Шундан бўлса керак, фуқаролар ўз муаммоларини “адолатчилар”га айтишга ўрганган. 

Шу ўринда депутат Дилфуза Аҳмедова фаолиятига назар ташласак. У жойлардаги муаммолар юзасидан кимдир мурожаат қилишини кутиб ўтирмайди. МФЙ фаоллари билан ҳудудларни ўрганиш баробарида жамоатчиликни қийнаётган муаммоларга ечим излайди.

Халқ депутатлари Избоскан туман Кенгаши депутати Дилфуза Аҳмедова ўз фаолияти юзасидан ҳисобот берди. 

– Сайлов арафасида сайловчиларга берган ваъдам кечагидек ёдимда, – деди туман кенгаши депутати. – Уларга қарата агар ишонч билдирсаларинг, албатта, ишончларингни оқлайман, дегандим. Бир қарашда бу оддий бир гапдек кўриниши мумкин. Бироқ мен учун катта синовга айланди. Сайловчиларни қийнаётган кичик бир муаммо ҳам тинчлик бермайди. Сарҳисоб қилсам, орадан ўтган вақт давомида 200 дан ортиқ мурожаатларга жавоб топишга интилдим. 125 та муаммога ечим топ­дим, 160 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлашга эришдим. Асосийси, сайловчилар оғир дамларда бизга мурожаат қилишга ўрганди.

Депутатнинг таъкидлаганича бор. Ишончни оқлашнинг ўзи бўлмайди. Бунинг учун тажриба, билим ва одамлар билан тиллаша билиш лозим. Халқ вакили буларнинг уддасидан чиқмоқда.

Узоққа бормайлик, шу йилнинг май ойида тумандаги “Ойбек” МФЙда яшовчи фуқаролардан келган мурожаатлар 12 тани ташкил этди. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Жумладан, “Янги аср” кўчасида яшовчи фуқаро Шуҳрат Маматов оилавий масалада депутат қабулига келди. Маълум бўлишича, у оилалик, бир фарзанди бор. Турмуш ўртоғи ишлаш баҳонасида Туркия давлатига кетган ва у ерда хорижлик фуқарога турмушга чиққан. Эндиликда Ш.Маматовдан ўз фарзандига оталик қилишдан воз кечишни сўрамоқда.

Ўзбек аёлига хос бўлмаган бу ҳаракат депутатнинг эътиборини тортди. Масала суд идораларига бориб тақалди. Депутат мурожаат асосида туман судига чиқди. Мақсад – қонуний ечим топиш. Айни вақтда тўп­ланган ҳужжатлар асосида иш Избос­кан туман судида кўрилмоқда.

“Меҳр” кўчаси, 102-уйда яшовчи Умида Насирдинова 2-гуруҳ ногирони, бир фарзанди бор. У ўзгалар кўмагига кўз тикиб ўтирмай, тикувчилик билан шуғулланишни истайди. Бироқ тикув машинаси йўқ. Д.Аҳмедова унинг мурожаати асосида масъул ташкилотларга чиқди. Натижада Умиданинг орзулари ушаладиган бўлди.

“Олмазор” кўчаси, 71-уйда истиқомат қилувчи Манзура Тожибоева ижтимоий кўмакка муҳтож. У фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиришда кўмак сўради. Ўрганиш асосида чиндан ҳам фуқаронинг имконияти чеклангани, фарзандини МТМга бериш учун тўлов қобилияти йўқлиги аниқланди. Депутат аралашуви билан масала ижобий ечим топди.

Юқоридаги каби мисолларни кўп келтириш мумкин. Бир сўз билан айт­ганда, избос­канлик халқ вакили сайловчиларнинг ишончини оқламоқда.

Андижон вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

**

РЎЗИГУЛНИ ТАНЛАГАН “адолат”чиларга раҳмат!

 Чуст Наманган вилоятидаги иқтисодий жиҳатдан ривожланиб, аҳолининг турмуш тарзи тобора яхшиланиб бораётган туманлардан бири. Аҳоли азалдан ўзини-ўзи банд қилиб, рўзғорига барака олиб келади. Қадимий ҳунармандчиликни замонавий касбга айлантириб, тадбиркор бўлган оилалар бугунга келиб йирик корхоналарга асос сола бошладилар. Натижада улар томонидан яратилган миллий маҳсулотлар ички бозордан дунё бозорига чиқмоқда. 

Маҳаллада бир-бирини танимайдиган одам йўқ. Шу билан биргаликда ким қандай яшаётгани ҳам ҳаммага маълум. 

Депутат маҳалла аҳлининг ишонган тоғи. Ўзи сайлаган депутатни кўрган борки, албатта, бир муаммони унинг олдига кўндаланг қилиб қўяди. Масалан, ободончилик, инфратузилма билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш, айниқса, ички йўллар, ичимлик суви, электр энергия­си ва газ таъминотини яхшилаш, таълим, соғлиқни сақлаш, спортга эътибор қаратиш, ёш оилаларни ер билан таъминлаш кабилар шулар жумласига киради. Депутат “бу иш менинг қўлимдан келмайди”, демайди. У ўз ваколатлари доирасида ҳаракат қилади: сессияга сўров киритади ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилади, депутатлик сўрови билан чиқади ва охир-оқибат муаммога ечим топади.

“Шербилак” ва “Баймоқ” маҳаллаларидан келган вакиллар ўз депутатларининг ҳисоботини эшитиш учун 35-умумтатаълим мактабига йиғилишди. Унда “Адолат” СДП вилоят кенгаши масъуллари, маҳаллалар еттилиги, турли ташкилот-муассаса хизматчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди. 

Учрашувни олиб борган “Шербилак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Яшнар Гулобов мазкур ҳудуд Қирғиз Республикаси билан чегарадош экани, 2718 нафар аҳолидан 750 нафари қирғиз миллатига мансуб кишилар бўлиб, икки қардош халқ узоқ йиллардан бери аҳил яшаб келаётгани ҳақида тўхталди. Оилаларда туғилиб вояга етаётган 668 нафар йигит-қиз улуғ мақсад йўлида ўсиб-улғаяётгани ва улар оиласи ҳамда ватан учун манфаат етказадиган паллада эканлик­ларини эслатиб ўтди. Сўнгра ҳисобот учун халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Рўзи­гул Анарқуловага сўз берди.  

– Мен депутатликка сайланган кунимдан қишлоқдаги сув муаммосига ечим топиш ҳаракатида бўлдим, – деди Рўзигул Анарқулова. – Шу мақсад йўлида иккита артезиан қудуғи кавлатишга эришдик. Тадбиркор Фурқатжон Валиев бу масала бўйича бизни молиявий қўллаб-қувватлади. Кейин қишлоқ қабристонини обод қилдик. Кўнгил ёришиб, ўшандан бери ҳаракатдан тўхтаганим йўқ. Ҳафтада икки-уч бор қишлоқларда бўлиб, хонадонларга кираман, одамлардан кўнгил сўрайман. Албатта, бир ўзим бўлсам ҳеч нарсага эриша олмасдим. Нима қилган бўлсак, ҳокимият, маҳалла, ташкилотлар, аҳоли билан бир бўлиб қилдик. Ўзим боғдорчиликка ихтисослашган “Гулрўз” фермер хўжалиги раҳбариман. Мевани қайта ишлайдиган корхона очдик. У ерда 10 нафар фуқарони, маиший хизмат уйида 25 нафар кишини иш билан таъминладик. Депутатлик ҳаётга бўлган қарашимни ўзгартириб юборди. Ҳамиша масъулият ҳиссини сезиб яшайман. 

Депутат ҳисоботи эшитилгандан сўнг сайловчиларга сўз берилди. 

– Рўзигулни танлаган “адолатчи”ларга минг раҳмат! – деди меҳнат фахрийси Муҳаммаджон Абдукаримов. – Ҳақиқатда бу аёл депутат сифатида виждонан ишлайди. Иккита қишлоқда кирмаган эшиги қолмаган. Ҳаммамизнинг ҳолимиздан хабардор. 

– Ҳудудда 12 та фермер хўжалиги бор, – деди Олимжон Усмонов. – Мен ҳосилотман. Рўзигул боғ ишини ҳам қотириб қўяди. Пухта тадбиркор. Хотин-қизларга “бекор ўтирманглар”, дейди. Фаб­рикадан иш топиб беради. Уйда товуқ, чорва боқинг, рўзғорга ёрдам бўлади, деб ундайди. 

– Мен Рўзигул опани қалби дарё, изланувчан, серғайрат аёл сифатида ҳурмат қиламан, – деди 73-мактаб директори Мунаввара Ҳайдарова. – Ҳақиқатан ҳам депутат опамиз ҳаммага ўрнак. Маҳалламиздаги фарзанди бетоб Фарида опадан мунтазам хабар олиб туради, кам-кўстига ёрдам беради. Мактабимиз 80 нафардан кўпроқ бола ўқийдиган кичик даргоҳ бўлса-да, муаммолар чиқиб қолади. Шунда Рўзигул опага арз-ҳол қиламиз. Бу киши дарров бир чорасини топади. 

Шундай қилиб, мажлисда халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши депутати Рўзигул Анарқулованинг депутатлик фаолияти сарҳисоб қилинди. Мажлисда сўзга чиққанлар бир овоздан депутат фаолиятига юқори баҳо беришди. 

Наманган вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ИХЧАМ ВА САМАРАЛИ БОШҚАРУВ ТИЗИМИНИ ЯРАТИШ ВАЗИФАСИ ҚЎЙИЛДИ

admin

ҚАҲРАМОН ОТА-БОБОЛАРИМИЗ ЖАСОРАТИ ВА   ХОТИРАСИГА ЮКСАК ҲУРМАТ-ЭҲТИРОМ

admin

Дабдабалар қурбонига айланаётган орзулар

admin