ADOLAT 24

“Меҳр карвони”: ҲЕЧ КИМ ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДА ҚОЛМАЙДИ! (Бухоро, Самарқанд)

“Адолат” СДП ташаббуси билан тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, беғараз ёрдамни кучайтириш, болалар саломатлигини муҳофаза этиш мақсадида “Меҳр карвони” шиори остида хайрия тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Бухоро вилоятининг туман ва шаҳарларида имконияти чекланган болалар учун мактаб ва мактаб-интернатлар, “Мурувват” болалар интернат уйлари, Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларида даволанаётган бемор болажонлар учун ҳам шундай саховат тадбирлари ташкил этилди. 

Жумладан, “Адолат” СДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати Абдурауф Аҳмедов “Варахша” МФЙда яшовчи кам таъминланган ва имконияти чекланган болалар учун ана шундай тадбир ташкил этди. Депутат томонидан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болажонларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари олиб берилди.

Шунингдек, халқ депутатлари Когон туман Кенгаши депутати Шеҳроз Норов “Тараққиёт” МФЙда яшовчи 2-гуруҳ ногирони Лазиз Сайфуллаев ҳолидан хабар олди, унга кўмак кўрсатди. 

– Бу каби хайрия акциялари партиямиз томонидан кўплаб ўтказилмоқда, – дейди депутат Шеҳроз Норов, – Бу галги “Меҳр карвони” хайрия акциямизда ногиронлиги бўлган болаларнинг кўнглига қувонч улашишни ният қилганмиз. Партиямиз ҳудудий кенгаш раислари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигида хайрия акцияси кенг қамровли ҳамда ногирон болажонлар учун унутилмас лаҳзалар ва таассуротларга бой бўлишига ҳаракат қилмоқдамиз.

“Адолат” СДП Пешку туман кенгаши раиси Ҳаёт Бобониёзов Пешку тумани “Янгибозор” МФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Матлуба Пўлатованинг хонадонида бўлиб, унга озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларини олиб борди.

Партиямиз томонидан илгари сурилган лойиҳанинг яхши тарафи шундаки, ҳар бир кирган хонадонимизда барчанинг кўзларида меҳр-оқибат, юртимизга, қолаверса партиямизга бўлган улкан миннатдорлик ҳислари яққол сезилмоқда.

Моҳигул Раҳимқулова,

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

**

“Адолат” социал-демократик партияси ташаб­буси билан “Меҳр карвони” деб аталган хайр­ли ҳамда савобли лойиҳа йўлга қўйилди ва меҳр-мурувватга муҳтожлар, кам таъминланган оилалар ва ногиронлиги бор фуқаролар ҳолидан хабар олинмоқда.

Самарқанд вилоятининг туман ҳамда шаҳарларида ҳам кўплаб беғараз ёрдам тадбирлари амалга оширилди. Жумладан, Каттақўрғон шаҳрида яшовчи, ногиронлиги бўлган Адолат исмли қизчанинг айнан байрам кунларида туғилган куни эканлиги сабаб шаҳар кенгаши депутати Шаҳло Ботирова уни шифохонада табриклади. Бундан ташқари, “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд туман кенгаши ҳамкорлигида бетоб болажонлар учун терапия тиббиёт бўлимида хайрия байрами ташкил этилди ва болажонларга совғалар улашилди. Самарқанд шаҳар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар бўлимида даволанаётган бемор болажонлар ҳолидан ҳам хабар олинди. 

Самарқанд туман ва шаҳрида бемор болажонларга байрам дастурлари ташкиллаштирилган бўлса, вилоятимизнинг Иштихон тумани “Чақар” маҳалла фуқаролар йиғини, “Чақар” қиш­лоғидаги 36-умумий ўрта таълим мактабининг 4-5 ва 10- синфларида уйда таълим олаётган имконияти чекланган ўқувчилар ҳолидан туман кенгаши раиси Муталлиб Раҳимов хабар олиб, уларга мактаб томонидан яратиб берилган шароитлар билан танишди ҳамда ўқув қуролларини топширди.

Муҳиба Сайфиддинова,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши 

депутати

Tegishli xabarlar

Маҳаллалар обод бўлмоқда

admin

Ўзбекистон — Жанубий Корея: муносабатларида янги давр бошланмоқда

admin

Қалблар Колумбига айланган шоир

admin