ADOLAT 24

Жамоатчилик назорати: Оромгоҳлар мавсумга шайми? (Андижон, Хоразм)

Мактаб ўқувчилари учун ёзги таътил бошланди. Фарзандимизни соғломлаштириш ва кўнгилли дам олиш­ини ташкил этиш ҳар бир ота-онани ўйлантириши аниқ. Бу борада оромгоҳлар энг яқин кўмакчи. Савол туғилади: оромгоҳлар мавсумга тайёрми? Яратилган шароитлар қандай?

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари юқоридаги саволларга жавоб топиш мақсадида болалар оромгоҳларида жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Жумладан, Жалақудуқ тумани, “Охунбобоев” МФЙда жойлашган “Оқ булоқ” болалар соғломлаштириш оромгоҳида бўлган партиядошларимиз муассаса ҳаёти билан танишдилар.

150 ўринга мўлжалланган маскан ўзининг гўзал табиати билан эътиборингизни тортади. Спорт майдончаси дам олувчиларни турли спорт ўйинлари билан шуғулланишга чорлайди. Ахборот ресурс маркази ва компьютер хонаси билимларни оширишга хизмат қилади.

Ётоқхона, ошхона ва тиббиёт хоналари ҳам замонавий кўринишда, кўнгилдагидек жиҳозланган. Озиқ-овқат омбори витаминларга бой маҳсулотлар билан тўла. Бир сўз билан айтганда, болажонларнинг сифатли дам олишлари учун керакли барча шарт-шароитлар яратилган.

12 кунлик дастур ранг-баранг тузилган. Кунлик тадбирлар кичкинтойларнинг билимларини мустаҳкамлашга, ўзаро куч синашишига қаратилган. “Энг фаол китобхон”, “Энг чаққон бола” каби танловлар уларни фаолликка чорлайди.  

– Фарзандларимиз учун оромгоҳлар энг муносиб жой бўлиши керак, – дейди “Адолат” СДП Жалақудуқ туман кенгаши раиси Барнохон Бозорова. – “Оқ булоқ”ни ўрганиш давомида бунга амин бўлдик. Бугунги болалар жуда бахтли. Ёзги таътил давомида мароқли дам олиб, куч тўп­лашади. Бу борада оромгоҳ масъуллари ҳар бир ишга эътибор билан қарашаётганига гувоҳ бўлдик.

Андижонлик “адолатчилар” оромгоҳларда ўрганиш ишларини давом эттиришмоқда.

Андижон вилоят кенгаши матбуот хизмати

**

Партиянинг Хоразм вилоят кенгаши депутатлари ёзги оромгоҳларда болаларнинг дам олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида партия томонидан ишлаб чиқилган махсус саволнома асосида ўрганиш ишларини изчиллик билан олиб боришмоқда.

Хусусан, “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Улуғбек Қурязов раҳбарлигида тегишли ташкилотлар вакилларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Хонқа туман “Наврўз” маҳалласида жойлашган “Жайхун қуёши” болалар оромгоҳи фаолиятини ўрганишди. 

Оромгоҳда ҳозирда 200 нафар болажонлар дам олишмоқда. Мавсум давомида оромгоҳда босқичма-босқич 1000 нафар бола дам олиши режалаштирилган. Оромгоҳнинг ётоқхона, ошхона, омборхона биноларининг таъмирланганлик даражаси талаб доирасида экани, ошхона омборида таомномада кўрсатилган барча маҳсулотлар мавжудлиги, маҳсулотларнинг сифати, яроқлилик муддати белгиланган тартибда экани, уларнинг сақланиш ҳолати санитария нормаларига жавоб бериши, тоза ичимлик суви, тиббиёт хонаси зарур дори воситалари билан таъминланганлиги, оромгоҳга олиб борувчи йўлларнинг ҳолати талаб доирасида экани кузатилди. 

– “Жайхун қуёши” болалар оромгоҳида олиб борилган ўрганиш ишларидан кўнглимиз тўлди, – дейди ишчи гуруҳ раҳбари Улуғбек Қурязов. – Мазкур масканда саранжом-саришталик, тартиб-интизом, боғ-роғларнинг ободонлиги, кўкаламзорлаштириш ишлари аъло даражада амалга оширилгани, болажонлар учун оромгоҳдаги яратилган шарт-шароитлар юқори даражада эканлигинининг гувоҳи бўлдик. 

Воҳада болалар оромгоҳларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. 

 Хоразм вилоят кенгаши матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

ШОЯД МАСЪУЛЛАРГА ЕТИБ БОРСА…

admin

Зиёрат – туризмнинг барқарор тараққиёт омили

admin

КИТОБ ўқимаслик КАСАЛИ

admin