ADOLAT 24

ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТЛАРИ ДОИМИЙ ЭЪТИБОРДА

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Руиддин Раупов ўз сайлов округида муаммоларга ечим топаётгани сайловчиларни мамнун этмоқда. 

– Айни пайтда депутатларимиз ва партия ташкилотларимиз масъуллари асосий эътиборни халқ билан мулоқот қилишга қаратмоқда, – дей­ди Р.Раупов. – Аҳоли билан очиқ мулоқот, вилоят, туман, шаҳар кенгашлари қошида очилган “Адолат қабулхонаси” ишини янада яхшилаш, жойларда партиямиз фаоллари ва депутатларимизнинг сайёр қабулларини ташкил этиш биринчи галдаги вазифа қилиб белгиланган…

Депутатимиз Қарши шаҳридаги “Темир йўлчилар” МФЙ аҳолиси билан юзма-юз мулоқот қилганида фуқаролар томонидан ҳал қилиниши зарур бўлган муҳим масалалар ўртага ташланди. Халқ ноиби аҳоли мурожаатлари асосида турли идораларга 45 та депутатлик сўрови юборди. Айни пайтда маҳалланинг 5 километрлик ички йўлларини асфальт қилиш, 3 та трансформатор, 50 та электр симёғоч ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Депутат саъй-ҳаракати билан аҳоли талаби асосида 300 дан ортиқ хонадонларнинг табиий газ таъминоти яхшиланди. Маҳаллада спорт майдончаси ташкил этилди. Маҳалладаги 26 нафар хотин-қизга тикув машинаси олиб берилди. “Темир дафтар”да рўйхатда турган 10 нафар ўзгалар ёрдамига муҳтож ногиронларга доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда.

“Адолат” СДП фаоллари ва депутатлик гуруҳи аъзолари Қарши шаҳридаги тиббиёт муассасаларида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашни янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам ўрганиш олиб боришди. Ўрганишларда тиббий хизмат талабга жавоб бермаётгани ва бошқа камчиликлар аниқланиб, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясига масала киритилди. Айни пайтда сессияда “адолатчи” депутатлар киритган масала юзасидан қабул қилинган қарор асосида тиббиёт муассасаларида камчиликларни бартараф этиш ишлари бошлаб юборилган. Депутатлик гуруҳи йиғилишларида ҳар ҳафтада бажарилган ишлар бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботи эшитиб борилаяпти.

Партиянинг “Адолат қабулхонаси”га “Кат” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли номидан Анвар Хўжақулов мурожаат қилиб, маҳаллада йил сайин аҳоли сони ортиб бораётгани, хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш эса муаммолигича қолаётганлигини билдирди. Бу масалада бир неча йиллардан буён мутасаддиларга мурожаат қилинмоқда. Афсуски, аҳоли арзини ҳеч ким тингламаяпти. Ушбу муаммони партия вилоят кенгаши раиси Руиддин Раупов назоратга олди ва аҳволни масъуллар иштирокида ўрганди. Тегишли идоралар томонидан 3600 метр масофага ичимлик сув қувурлари тортилса, аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади. Руиддин Раупов муаммони бартараф этиш юзасидан “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ директори Б.Шойимов номига депутатлик сўрови юборди. Депутат аралашуви билан маҳалла аҳлини ўйлантириб келаётган муаммо тез кунда ўз ечимини топадиган бўлди.

Жавоҳир Шокиров Қарши шаҳридаги “Маҳаллот” МФЙда яшайди. У ўз уй-жойига эга бўлиш учун ёрдам сўраб депутат Руиддин Рауповга мурожаат қилди. Мурожаатчининг оилавий аҳволи депутат томонидан ўрганилиб, Қарши шаҳар ҳокими Н.Холбоевга депутатлик сўрови юборилди. Айни кунларда ушбу масала шаҳар ҳокимлиги томонидан ўрганилмоқда.

Чорва моллари сотиб олиш учун кредит олишда ёрдам сўраган Аббос Жўраевга эса “Ипотека-банк” бўлими ҳамкорлигида кўмак кўрсатилди. 

“Пахтазор” МФЙда яшовчи Умида Ҳайдарова эса бандлигини таъминлаш масаласида депутатга мурожаат қилди. Депутат аралашуви билан Умида Ҳайдарова бандликка кўмаклашиш маркази томонидан мавсумий ишларга жалб этилди.

Ҳар қандай муаммоларнинг ечими ўзаро ҳамкорликдаги фаолиятига боғлиқ. Депутатлик гуруҳи аъзо­си, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропованинг вилоят ҳокимлиги оила ва хотин-қизлар бўлими, давлат, жамоат ташкилотлари билан таълимда масъулликни ошириш, “оила-маҳалла-мактаб” ҳамкорлигини кучайтириш, қизларни эрта турмушга узатиш ҳолатларининг олдини олиш, маънавий-маърифий ишларни юқори босқичга кўтариш, соғлом ҳаёт тарзини шакллантириш, навқирон авлоднинг китоб ўқишига зарур шарт-шароитлар яратиш борасида амалга ошираётган ишларидан воҳа жамоатчилиги мамнун бўлаётир. Ҳозиргача депутатнинг бевосита кўмаги билан оилада гендер тенг­лик масаласида муаммога дуч келган 46 нафардан ортиқ аёлларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. 250 нафар хотин-қиз мономарказларга касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди.

Жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Муҳаббат Шаропова “Шайхали” МФЙ фуқароларининг дардини тинглади. Муаммоларини ўрганди. Тўшакда ётиб қолган хасталар ҳолидан хабар олди. Юзма-юз мулоқотда маҳалла фуқаролари ички йўлларни тартибга келтириш, бандлик, кредит, даволаниш учун ордер олишга ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Депутат маҳалла аҳлидан тушган таклиф ва муаммоларнинг асосий қисмини шу ернинг ўзида ҳал этишга эришди. “Шайхали” шаҳарчасида тез тиббий ёрдам биноси қурилишини тугатиш ва замонавий тез тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминлаш борасида аҳолининг мурожаати асосида депутат вилоят ҳокими М.Азимов номига депутатлик сўрови юборди.

“Пахтазор” МФЙда яшовчи Дилаф­рўз Тўйчиеванинг бир ой аввал субсидия олиш ва уй-жой масаласида қилган мурожаати ҳам депутатнинг эътиборидан четда қолмади. Муҳаббат опа ушбу масалани ўрганиб, тегишлилиги бўйича Қарши шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги ташкилотга депутатлик сўрови юборди. Натижада фуқаронинг мурожаати ижобий ечим топди.

Қўйли Нарзуллаевни қашқадарёлик­лар фидойи, саховатпеша депутат сифатида эъзозлашади. Унинг куюнчаклиги туфайли Миришкор туманидаги Помуқ шаҳарчаси обод бўлиб бораётир. Биргина шу йилнинг ўзида аҳоли талаби асосида ва депутатнинг саъй-ҳаракати билан “Барҳаёт” маҳалласида йўллар таъмирланди. Депутат кўмаги билан 22-сонли умумтаълим мактаби ва элликка яқин давлат хизматчиларининг уйлари жорий таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди. 

– Мен боқувчиси йўқ, ўзгалар парваришига муҳтожман, – дейди “Помуқ” МФЙда яшовчи нуроний Равил Толачов. – “Адолат” СДПдан сайланган депутат Қўйли Нарзуллаев менга икки хонали уй қуриб берди. Унинг одамийлиги, меҳрибонлиги, саховатпешалигидан мамнунман. Ҳозирги кунда ушбу уйда тинч, осуда яшаб келаяпман. 

Шунингдек, депутат ташаббуси билан Помуқ қишлоғидаги эҳтиёжманд, ночор оила Санобар Бўриеванинг уч хонали уйи ҳам таъмирлаб берилди.

Депутат Дилрабо Темированинг ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, замонавий касб эгаллашлари учун муносиб шароитлар яратиш, иш билан таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш борасида амалга ошираётган ишлари ҳам ўз самарасини бермоқда.

Шаҳрисабз шаҳридаги “Боғишамол” МФЙда истиқомат қилувчи Гулчеҳра Ражабова субсидия ва уй олишда ёрдам беришни сўраб, депутатга мурожаат қилди. “Арабон” МФЙдан фуқаро Гўзал Сафарова тадбиркорликни бош­лаш учун банкдан 20 миллион сўм субсидия олишда депутатдан кўмак сўради. Депутат иккала ёшга ҳам амалий ёрдам берди.

Умуман олганда, ҳар бир мурожаат асосида инсон тақдири борлигини қашқадарёлик депутатлар яхши биладилар. Шунинг учун депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан амалга оширилаётган ишлар, истиқболни кўзлаб қилинаётган жонбозлик, ташаббускорлик ўз самарасини бермоқда. 

Қашқадарё вилоят кенгаши 

матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Маҳалладошлар ҳиммати

admin

БЕРУНИЙ ДАҲОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

admin

“АҚЛЛИ ТИББИЁТ” тизими қандай ишлаяпти?

admin