ADOLAT 24

ЗАМОНАМИЗНИНГ ЗАБАРДАСТ ЗИЁЛИСИ

Умрининг 75 баҳорини қаршилаган Қозоқбой Йўлдошевни яқиндан билган, устознинг илмий маслаҳатчилигида “Мустақиллик даври ўзбек романлари поэтикаси” мавзуидаги докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилган шогирд мақомида унинг меҳрибонлиги ва нозиктаъб олимлиги, ташкилотчи раҳбар ҳамда аҳил оила бошлиғи эканини кузатган, ибратланган шахс сифатида юбилей муносабати билан қутлаш, ҳаёт ва ижодларини имкон қадар яна бир қур қайта мушоҳада этишга ниятландим. 

Дарҳақиқат, бу ном кейинги йигирма беш-ўттиз йил давомида Ўзбекистоннинг барча гўшаларида филология фанлари номзоди, педагогика фанлари доктори, профессор сифатида, нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва Қирғизистон (ўзбек тилидаги мактаблари) учун яратилган ўрта мактаб “Адабиёт” ўқув дарслик­лари муаллифларидан бири сифатида ҳам, айни чоқда, мустақиллик даври ўзбек адабиётининг жонкуяр синчиси мартабасида ҳам эъзоз­ланди. Илмий-ижо­дий ва услубий йўналишининг шу нуқталари уни ХХ асрнинг сўнгги ўн йиллиги ва XXI аср ўзбек адабиётшунос ва танқид­чилари, педагогларининг катта авлоди – бизнинг том маънодаги устоз­ларимиздан бири, дейишга имкон беради. 

1949 йилнинг 9 майида Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги Деҳқон­обод қишлоғида туғилган Қозоқбой Йўлдошев Сирдарё давлат педагогика институтини 1970 йилда имтиёзли диплом билан битиргач, Гулис­тон туманидаги ўрта мактабларда ўзбек тили ва адабиётидан ёшларга сабоқ берди. 

Шубҳасиз, Қозоқбой ака ижтимоий-педагогик меҳнат жараёнида анча тобланди. Ўзининг раҳбарлик салоҳияти, одамлар билан тил топиша олиш уқуви ва ташаббускору талабчанлигини кўрсатди. Ошкоралик йиллари бош­ланган пайтларда талантининг айрим янги қирраларини ҳам намоён қила бошлади. Илмга талпинган Қозоқ­бой ака олий таълим даргоҳига қайтиб борди ва пировардида ёш тадқиқотчи 1985 йилда “Ўзбек сатирик ҳикояларида характер тасвири эволюцияси” мавзусидаги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, филология фанлари номзоди илмий даражасини олди. 1986-1992 йилларда Гулистон давлат университетида ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, “Педагогика ва бош­ланғич таълим методикаси” кафедраси мудири, Ўзбек филологияси факультети декани лавозимларида меҳнат қилди. 

Илм-фан сирларини ўрганишга бўлган ички эҳтиёж боис олим пойтахтимиздаги устозлар билан яқиндан боғланиб, 1992-1994 йиллар орасида илмий ходим сифатида ижодий фаолият билан шуғулланди. Табиатидаги интилувчанлик, меҳнатсеварлик ва ташкилотчиликни қадрлаган устозлар унга 1994-1998 йилларда Қори Ниёзий номидаги илмий тадқиқот институтининг бўлим мудирлиги, илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлиги каби масъулиятли лавозимларни ишониб топширишди. 

Қозоқбой Йўлдошев ижтимоий фаолият билан илмий изланишларни қўшиб олиб боришга ўзида куч, қурб ва имкон топа олди. У педагогика соҳаси бўйича катта илмий-тадқиқот ишларини амалга оширди. Бунинг натижаси ўлароқ, 1997 йилда “Янгича педагогик тафаккур ва умумтаълим мактабларида адабиёт ўқитишнинг илмий-методик асослари” мавзусидаги диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб, педагогика фанлари доктори илмий даражасини олишга муваффақ бўлди. Орадан сал фурсат ўтмай, 2000 йилда унга профессор илмий унвони берилди. 

Устознинг меҳнат фаолияти 1998 йилдан эътиборан Ўзбекистон Миллий университети билан чамбарчас боғланди. Жумладан, 1998-2000 йиллар орасида олим бу улуғ даргоҳнинг Ўзбек филологияси факультети декани, 2000-2005 йилларда “Ҳозирги ўзбек адабиёти” кафедраси мудири, кейинчалик “Матншунослик, миллий уйғониш даври ва ҳозирги ўзбек адабиёти” кафедраси профессори лавозимларида ишлаб, минглаб талаба, кўплаб магистрант, ўнлаб катта илмий ходим-изланувчи ва мустақил тадқиқотчиларга устозлик қилди. 

Қозоқбой Йўлдошев таниқли педагог ва эътироф этилган адабиётшунос олим сифатида 1991-1998 йиллар мобайнида моҳиятан янгиланган “Адабиёт” дарсликларини яратиш ишчи гуруҳи аъзоси, 1998-2005 йиллар орасида мазкур гуруҳ раҳбари бўлди. “Ўқитувчи китоби”, “Адабий сабоқлар” каби қатор методик қўлланмалар муаллифи сифатида илмий-адабий жамоатчиликка фаол аралашди. 

Қозоқбой Йўлдошевнинг Жумабой Юсупов билан ҳамкорликда нашр қилдирган “Бадиий таҳлил асослари” (Урганч, 2008) ўқув қўлланмаси талаба ёшларнинг яқин ёрдамчисига айланди.

Юқорида саналганлардан таш­қари, Қозоғистон Республикасидаги ўзбек мактабларининг 5-11 синфлари учун 9 та ўзбек адабиёти дарс­лиги, 9 та методик қўлланмалар, Қирғизистондаги ўзбек мактаб­ларининг 6-синфи учун “Ўзбек адабиёти” дарс­лиги чоп этилди. Унинг “Ёниқ сўз” номли йирик асари истиқлолнинг дастлабки ўн-ўн беш йиллиги адабий жараёни билан боғлиқ долзарб масалалар тадқиқига бағиш­ланди. Бу асар бадиий адабиёт ва адабиётшуносликда юзага келган илмий-адабий жараёнлар, янгича тамойиллар, адабий рецепция муаммоларига қизғин, самимий, холис муносабат билдирилгани билан ўзига хослик касб этди. 

Қозоқбой Йўлдошев раҳбарлигида икки нафар фан доктори, ўнлаб фан номзодлари тайёрлангани ҳамда кўп­лаб тадқиқотчилар ўз илмий-ижо­дий изланишларини қизғин давом эттиришаётгани олимнинг атрофида ўзига хос илмий мактаб шакллангани нишонасидир. 

Сермаҳсул олим адабиётшунослик, педагогиканинг умумий муаммолари, адабиёт ўқитиш методикаси ва тилшунослик илмига дахлдор йўл ва йўсинларда битган барча дарслик, методик қўлланма ҳамда мақолалар умумий ҳажми жиҳатидан 1500 босма табоқни ташкил этади. 

Қозоқбой Йўлдошев табиатига хос аломатлардан бири ёниқ ва кес­кин мушоҳада юритишдир. У адабиёт ишини касб ёки жўн ҳунар эмас, балки қисмат деб биладиган куюнчак тадқиқотчи. Адабий ҳодисалардан тўғри ва асосли умумлашма фикр-хулосалар чиқарадиган, айни пайтда нигилистик тенденциялар, носоғлом йўналишларга кескин қарши чиқа оладиган олим. Энг аввало, ижод аҳли руҳияти, бадиий тафаккуридаги ўзига хос юксакликни кенг ва теран йўсинда англаш, образли тафаккур тарзи ва бадиият оламига эътибор қаратишга интилади. Адабиётшунослик ва адабий танқидчилик турлича қарашлар, илмий тафаккурлар курашининг кенг майдони эканини яхши англаган Қозоқ­бой ака ўз фикр-қарашларининг қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлишини билса-да, ҳақиқатга садоқат борасидаги жасорати боис, ҳеч қачон чўчимайди. 

Адабиётшунос истиқлол адабиётида инсон бош қадриятга айлангани, унинг мавқеи кўтарилгани, тас­вир жараёнида туйғу-сезимлари, фикр-ўйлар оқимига эътибор ҳар қачонгиданда ортганидан мамнунлигини яширмайди. Зотан, эркин плюралистик тафаккур имконлари даврида жўнликдан қутулиб, чин маъноси-ла мукаррам зотга айланган, ўзини таний бошлаган мураккаб яратиқни рўй-рост акс эттиришдек соғлом тамойил­дан миллий адабиётимизнинг бир вакили, тадқиқотчи олим ўлароқ, астойдил мамнун бўлишга тўла ҳақлидир. 

Дарҳақиқат, Қозоқбой Йўлдошев кўп ва хўп тадқиқотлар яратишга эришган ва эришаётган, ўзбек халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт, тилшунослик, адабиёт ўқитиш методикаси, янги давр ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигининг аксарият тур ва жанрлари, етакчи вакиллари ижодига хос сирлар, уларнинг бадиий ҳамда илмий қудратини таҳлиллар орқали кўрсатишга, ўрни билан мунозарага киришишга фаол интилаётган жасоратли ва жонкуяр инсондир. Муҳими, у дил сўзларини ахтаради. Яъни, бадиий матннинг ҳам ташқи, ҳам ботиний руҳий қатламига яширинган маънолар замиридаги гўзалликни излайди. Бизни ҳам тафаккурнинг ўзига хос оламига олиб киради. 

Биз устоз шоиру адибларнинг олқишлари, мунаққид имдодидан баҳраманд бўлган ижодкорлар иқрори, педагоглар эътирофи, танқидчилар қўллови ҳамда Қозоқбой Йўлдошевнинг умр йўлида йўлдош бўлган кўплаб инсонлар эҳтиромига таяниб таниқли адабиётшунос, етук методист, бетакрор педагогнинг табиатидаги шахслик хусусиятлари, олимлик салоҳияти ҳамда инсоний фазилатларини қуйидагича умумлаштиришимиз мумкин:

– дашт одамига хос жўмардлик, андак қайсарлик, чўрткесарлик, жангарилик ва дангаллик баробарида ҳазил-мутойибага мойиллик, ўрни келганида ҳатто ўз устидан ҳам беаёв кула олиш; 

– сийратидаги садоқат, кечиримлилик, куюнчаклик, кўнгилчанлик, ростгўйлик, беғуборлик, бағрикенг­лик, ҳалоллик, беғараз самимияту меҳрибонлик; 

– олимлик иқтидорига хос адабий-эстетик қарашларида янгиликка интилиш, кўнгил кўзининг тийранлиги; 

– ўз фикрини кескин, юз-хотирсиз, рўй-рост айтиш, ёзувчи ва унинг қаҳрамонлари ботинидаги руҳий қатламларни нозик ҳис этиб, меҳр билан чуқур тадқиқ қилиш; 

– миллат дарду ҳасрати билан нафас олиш, жаҳон адабиётининг ижодий тажрибаси билан яхши танишлик ва фидойилик. 

Қозоқбой Йўлдошев мустақиллик даври ўзбек адабиётшунослиги, тилшунослиги, педагогикаси ва методика илмининг етук вакилларидан бири. Шубҳасиз, самимиятга тўла жўшқин қалб амри билан битилган фикр-қарашларининг таровати бизни ҳамиша мунозарага чорлайверади. Зотан, чинакам илм нафақат ҳақиқат учун кураш, балки олимнинг ўз табиатини имкон қадар тўлароқ намоён этиш майдони ҳамдир. Сўзимиз ниҳоясида бадиий сўз моҳиятидан ҳайрат туйгувчи миллатимиз забардаст зиёлиси Қозоқбой Йўлдошевнинг эзгулик карвони олис манзилларга бешикаст етиб боришига тилакдош эканлигимизни изҳор этамиз.

Бу шунчаки тилак бўлиб қолмаслиги учун олимнинг барча изланишлари, вақтли матбуотдаги мақолалари ва дарсликларини кенг таҳлилга тортишдан тийилдик. Токи, устоз саксон билан сирлашиш, тўқсон билан тўқнашиш ва юз билан юзлашишлари арафаларида ҳам муносиб тўёналар тайёрлашга имконимиз бўлсин. 

Исломжон ЁҚУБОВ,

Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ Жаҳон адабиёти ва қиёсий адабиётшунослик кафедраси профессори, филология фанлари доктори

Tegishli xabarlar

“ДЕҲҚОН” СЎЗИ МАҒРУР ЖАРАНГЛАДИ

admin

Фирибгар “Қувурчи” жазоланди

admin

Ўзбекистон — Саудия Арабистони: ҳамкорликнинг янги босқичи

admin