ADOLAT 24

“Адолат” ташаббуси: Қўштепада 50 нафар болажонга хатна тўйи ўтказилди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят кенгаши ҳамда халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, “Марғилон саховати” хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов ташаббуси билан 50 нафар болажонга хатна тўйи ўтказилди. Қўштепа туманидаги “Райҳон” тўйхонасида саховатли инсонлар ҳомийлиги ва кўмагида ўтган шодиёна тўй болалар ва уларнинг яқинларининг умр дафтарларига зарҳал ҳарфлар билан битилди, десак муболаға бўлмас.

Хатна тўйида болаларни қутлаш учун давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, саховатли инсонлар, туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши жамоаси ва партия фаоллари иштирок этдилар.

Дастлаб болажонларни туман ҳокими Анваржон Абдуллаев қувонч­ли онлари билан қутлаб, мус­таҳкам соғлик, ота-оналари уларнинг роҳатини кўришларини, Ватанга муносиб ўғлонлар бўлиб воя­га етишларини тилади.

Шундан сўнг Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари, “Адолат” газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев сўзга чиқиб, хайрли тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорлигини билдирди. Шунинг­дек, кўплаб хайрли ишлари билан “Адолат” партиясининг халқ орасидаги нуфузини оширишга хизмат қилаётган халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, тадбир ташкилотчиси Аъзамжон Аҳмаджоновга партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудованинг миннатдорлигини етказди ҳамда партия ташаккурномасини топширди.

Эл ардоғидаги хонандалар ва созандаларнинг дилрабо куй-қўшиқлари, меҳмонларнинг самимий тилаклари барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

“Тўй баҳона эгним янги либос кўрди”

– Ёлғиз аёл ош еса ҳам жонига тош­дек ботади, деганлари рост экан, – дейди Санобархон. – Турмуш ўртоғим вафотидан кейин учта норасида гўдагим билан чирқиллаб қолдим. Шаҳарда яшасанг бош­қа, ишлаб, турмушингни яхшиласанг бўлади, аммо қишлоқда яшаш осон эмас. Янги либос кийиш у ёқда турсин, рўзғорнинг камини тўлдириш мушкул. Тўй ҳақида-ку, хаёл ҳам қилмасак бўлади… 

Қишлоқнинг тўйлари ўзгача бўлади. Карнай-сурнай садолари, ошга чорлов ҳасад қилганимдан эмас, болаларим олдидаги чорасизлигимдан юрагимга наштардек ботарди. “Ё тангрим, менга ҳам нажот бер… Болаларим тўй кўрсин…” деб нола қилардим.

Бир куни ўғлим мактабдан йиғлаб келди. Билсам, синфдошининг хатна тўйи бўлган экан.

– Ойи, бугун жуда хафа бўлдим, – деди у. – Агар дадам вафот этмаганларида менга ҳам тўй қилиб берардиларинг-а?! Ўртоғим чиройли костюм кийибди, бобоси тўйига велосипед олиб келибди…

Боламни бағримга босиб, юм-юм йиғладим… Тақдир шу қисматни менга раво кўрса-да, болаларим соғ-омонлиги учун шукрона қилдим. Худога нола қилиб, яхши кунларга бизни ҳам етказишни тилаб, дуолар қилдим.

Бугун боламнинг кўзларидаги қувончнинг чек-чегараси йўқ. Ўзи орзу қилганидек, янги костюм-шим кийди, қоп-қора машиналарда тўйхонага келдик. Уят бўлса ҳам айтаман, саховатли инсонлар тўй қилиб бериш­лари ҳақидаги хабардан минг қувонсам, эгнимда янги кийи­мим йўқлигидан хижолатда эдим. Депутатимиз Аъзамжон ва бошқалар менга ўхшаган оналарни ёлғизлатиб қўйишмади. Оналарга ҳам янги либос олиб беришди. Илоҳим, шундай адолатли инсонлар кўпайсин. Менинг болам ҳам кун келиб, шулар каби саховатли, илмли, адолатли инсон бўлсин.    

Велосипед совға қилишаётганда роса йиғладим. Боламнинг орзуси, менинг армонларим ушалди… 

Бугун мендан бахтлироқ она борми дунёда?!

“Тўйга қариндошлар билан келдик”

– Байрам келса юрагим зирилларди. Боламни чиройли кийинтира олмаганим бир армон бўлса, унинг тўйини қилиб беролмаганим яна бир армон эди, – дейди Муборакхон Юнусова. – Ўғлим Ҳайдаралининг бўйи чўзилган сари юрагим эзиларди. Ўғлим тенгдошларининг тўйи­дан йиғлаб келган кунлари бўлган. Ўзим қўни-қўшниларникига хатна тўйларига кирсам, туни билан худога нола қилардим. Она бўлиб боламни ўкситяпманми, деб тунлари йиғлаб чиқардим.

Аъзамжон депутатимиз болаларга хатна тўйи қилиб бераркан, дейишганди, хурсанд бўлиб кетдим. Кеча ўғлим қатори 50 нафар болага янги кос­тюм-шим, туфли, чиройли кўйлак­лар олиб беришди. Оналарни ҳам ясантиришди.

Тўйхонага дабдаба билан олиб келишганда ҳаммамиз қувондик. Бизни жуда кўп одамлар тантанали кутиб олишди, ҳашаматли тўйхона, тўкин дастурхон… Санъаткорларни айтмайсизми?!

Яхши одамларнинг борлиги яхши-да. Ҳаммага мақтадим, “Адолат”чи депутат бор-ку, ўша ўғлимга тўй қилиб беряпти”, дедим. Яна бир нарсани айтмасам, гуноҳ бўлади. Тўйга ўғлим билан ёлғиз келмадим, қариндош-уруғлар билан келдик. Бувалари, холалари хурсанд. Она бўлиб армоним ушалди. Мен қайси тўй боланинг онасидан камман?! Тўйда маза қилиб рақсга тушдим. Бу кун оиламиз ва ўғлимнинг ҳаётидаги энг унутилмас кун бўлиб қолади. 

Мен қатори Рўзихон, Маҳлиёхон каби кўнгли кемтик оналарнинг ҳам армонлари ушалди. 

Илоҳим, юртимизда яхши одамлар кўп бўлсин…

“Адолат”нинг шундай депутати борлигидан фахрланамиз”

– Аъзамжон Аҳмаджонов халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашига “Адолат” партиясидан депутат этиб сайланган. У “Марғилон саховати” хайрия ҳаракати раҳбари ҳам. Жуда самимий, тиниб-тинчимайдиган инсон. Қачон қараманг, ватандошларимизни бирлаштириб, эзгу ишларни амалга оширишни яхши кўради, – дейди “Адолат” СДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева. – У бошчилигида саховатли инсонлар ўтган йили 10 нафар эҳтиёжманд оилага ҳовли қуриб, жиҳозлари билан топширишганида тан бергандим. Ҳозирги кунда тўй қилиш ҳазилакам иш эмас. Ҳашаматли ресторан ва дас­турхонлар – ҳаммаси аъло даражада. Аъзамжон бошчилигида қўллари кўксида саф тортган йигитларни кўриб ҳавасингиз келади. Бу ҳалоллик ва адолатнинг натижаси. Аъзамжон ягона мақсад йўлида саховатли инсонларни бирлаштира олди, улар ишонч билан хайрли ҳаракатларга ажратган маблағларига хиёнат қилмади, ҳисоб рақамига тушган ҳар бир сўм адолатли сарф этилишига эришилди. Шу боис хайрия ҳаракати кенг қулоч ёзяпти.

Бугун юртимизнинг эртанги куни эгаси бўлган тўй болаларнинг, уларнинг оналари, оталари, яқинларининг қувончи бир олам. Инсонда истак ҳаракат билан уйғунлашса, улуғвор ишларни амалга ошириш мумкинлигига депутатимиз Аъзам­жон Аҳмаджонов мисолида яна бир бор гувоҳ бўлдик. Халқ учун ёнадиган, Ватан келажаги учун қайғурадиган депутатларимиз янада кўпайсин. “Адолат” партияси сафида шундай фидойи инсонлар борлигидан фахрланаман.

Юракларни тўлқинлантирган дил сўзлари

– Жуда хафа эдим. Ўртоқларимнинг тўйига борганимда уларга ҳавасим келарди. Менинг тўйим қачон бўлади, менга ким велосипед совға қилади, деб ўйлайверардим. Қаранг, куёв бола бўлиб қолибманми, – дей­ди хурсандчилиги ичига сиғмаётган тўй бола Бобуржон. – Амакиларим велосипед ҳам совға қилишди. Бугун шунақанги хурсанд­ман.

– Ўғлим дардга чалингани учун ёши ўнга кирса ҳам набирамга тўй қилиб беролмаётгандик. Йўққа қалам юрмайди, дейишади-ку. Соғлом бўлганимда Муҳаммаджонга тўй қилиб берардим, қарнай-сурнай чалдирардим, деб ич-этини еярди шўрлик ўғлим, – дейди яна бир тўй боланинг бувиси Санобар опа. – Келиним дард туфайли оламдан ўтган. Набирамни тузук-қуруқ кийинтиришга ҳам қурбимиз етмасди… “Адолат”чилар Муҳаммаджонни чиройли кийинтиришди, дабдабали тўйхонага олиб келишди. Ҳаммаси зўр. Набирам хурсандлигининг чек-чегараси йўқ. Ҳеч бир боланинг бағри кемтик бўлмасин. Ўксик болаларимизнинг бағрини бутун қилган инсонлар икки дунё кам бўлмасин. Бугун қариндошлар билан тўйга қатнашдик. Ҳамма ёқда “Адолат» деган ёзувларни кўрдик. Адолат борлигини ҳис қилдик. Адолатли инсонлар кўпайсин, деб дуолар қилдик…

– Бугун менинг ҳам икки ўғлимнинг тўйи, – дейди Маҳлиёхон Раҳимова. – Фарзандларимизнинг қувончини кўриб биз, оналар ўзимизни ҳеч қаерга сиғдира олмаяп­миз. Биз каби эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаган, шундай чиройли тўйлар қилиб, болаларимизнинг орзуларини рўёбга чиқарган инсонларга таъзим қиламиз. Шундай тинч ва осуда юртда яшаётганлигимиз, яхши инсонлар эъти­боридалигимиз учун шук­роналар келтираман…

“Мени қувватлаган ватандошларимдан миннатдорман”

– Бугун жуда бахтиёрман. Ҳар сафар хайрли мақсадимни ватандошларимизга айтганимда доимо мени қўллаб-қувватлаётганлик­лари учун ҳам раҳмат, – дейди халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, “Марғилон саховати” хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов. – 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан қўштепалик эҳтиёжманд оилалар фарзанд­ларига тўй қилиб берсак, деган ташаббусни айтганимда бажонидил қабул қилишди. Хайрия ҳаракатимизни қўллаб-қувватлаётганлар сафи кун сайин ортиб бормоқда. Улар орасида оддий фуқаролардан тортиб, таниқли тадбиркорлар, хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз ҳам бор.

“Боламга қандоқ тўй қилиб бераман”, деган ўкинч билан яшаётган оналарнинг, соғлиғидаги муаммо туфайли қўли калталик қилаётган оталарнинг бугунги қувончини ҳеч қандай бойликка алишиб бўлмайди. Саховат ва эзгу ниятни дилига туккан инсонлар кўмаги билан ташкил этилган бугунги тўй тантанаси болаларимиз ҳаётида энг унутилмас лаҳзаларга айланишига ишонаман.

Мени қўллаб-қувватлаган барча ҳомийларга, туман ҳокими, сектор раҳбарларига, “Адолат” партиясига минг раҳмат. Ҳали биргаликда халқимиз учун кўплаб хайрли ишларни амалга оширамиз.

Хулоса ўрнида

Ҳа, тўй тўйдек бўлди. Тўй шукуҳидан кўнгиллар ҳам тўлди. Эзгу мақсадлар инсонларни бирлаштирганда неча-неча ўксик дилларга даъво бўлишига яна бир бор иқрор бўлдик. Муҳими, пок ниятли инсонлар бирлашса, кўп ишларга қодирлигини ҳам англадик. Яна англаганимиз, депутатлар халқ хизматкорига айланиб, дардига қулоқ сола олса, муаммоларни барҳам топтириш учун интилса, қадри улуғланар экан.

“Адолат” социал-демократик партиясидан халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгашига сайланган Аъзам­жон Аҳмаджоновнинг фидойилиги ва ибрат олса арзигулик ишлари бисёр. Улар алоҳида бир мавзу. Бу ҳақда, албатта, келгуси мақолаларимизда батафсил сўз юритишни мақсад қилдик.

Tegishli xabarlar

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: Сенат ваколатлари кенгаяди

admin

Қадрнинг бозори қайда?!

admin

“Боқий Бухоро” мўъжизалар шаҳарчасига айланади

admin