ADOLAT 24

Бор меҳримиз сенга, болажон!

Таҳлилларга қараганда, бир мамлакат аҳолисининг қонга бўлган талабини қаноатлантириш мақсадида ҳар 1000 кишига донор сони 30 нафарни, қон компонентлари билан таъминлаш учун донорлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 нафар кишига камида ўнтани ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши керак. Бугунги кунда юртимизда бу кўрсаткич 1000 кишига 5 тани ташкил этмоқда. Агар донорларимиз сони минг кишига 10 нафарга етганида эди, қонга бўлган талаб тўлиқ қаноатлантириларди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳар йили 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни арафасида «Адолат» СДП анъанавий тарзда ташаббус билан чиқиб, жамоатчиликни донорликка чақиради. 

Маълумотларга кўра, ўтган 7 йилдан буён партия ташаббуси билан ўтказиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акцияларида 24 753 нафар фуқароларимиз кўнгилли донор сифатида иштирок этишган. Натижада 8 663 литр ҳаёт томчилари йиғилиб, 42 612 нафар болажонларнинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилган.

Жорий йилнинг 31 май куни партия Марказий аппарати ташаббуси билан пойтахтимиздаги Рес­публика қон қуйиш марказида бу йилги мавсумга старт берилди. Шу куннинг ўзида кўплаб давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбийларимиз, кўнгилли фуқаролардан иборат 700 нафарга яқин донорлар иштирок этиб, 200 литрдан ортиқ ҳаёт томчилари йиғилди. 

Шунингдек, қон топшириш акцияси барча вилоятларда ҳам ўтказилди. 

Қорақалпоғистон Республикаси

Мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидан бирида мазкур акция эрта тонгдан республика қон қуйиш марказига депутатлар, партия фаоллари, олий таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, ҳарбийлар ва кўнгилли фуқароларнинг оммавий келиши билан бошланди. 

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқаролар, айниқса, болажонларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғоя­ларини кенг тарғиб қилишга қаратилган тадбирда 250 нафарга яқин инсон бир мақсад йўлида бирлашди ва жами 46,67 литр қон захираси яратилди. 

– «Адолат» социал-демократик партияси ҳар йили анъанага мувофиқ меҳр улашиш мақсадида бемор болажонларимиз учун беғараз донорлик акциясини ташкил этиб келмоқда, – дейди респуб­лика қон қуйиш маркази донорлар бўлими мудираси Жадира Габбарова. – Ушбу акцияга келган ҳар бир фуқаро ихтиёрий равишда қон топшириб, эвазига ҳеч қандай рағбатлантириш талаб қилмайдиган хайрли ишларга қўл урди.

Андижон вилояти

Андижон шаҳридаги қон қуйиш марказида уч кун давом этган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» акцияси ўзига хос эзгулик ва саховат тантанасига айланди, дейиш мумкин. 

Тадбир қатнашчиларининг сафи бу йил янада кенгайгани эътиборли. 2023 йилда 156 нафар сафдошимиз хайрли ишда қатнашиш истагини билдирган бўлса, бу йил 262 нафар кўнгилли болалар саломатлигига бефарқ эмаслигини кўрсатди.

Бухоро вилояти

Бу галги акцияда вилоят миқёсида жами 70 нафардан ортиқ донор иштирок этиб, 18,5 литр қон йиғилди. Ушбу қонлар 60 нафардан ортиқ қонга муҳтож мурғак қалбларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилади.

Наманган вилояти

Акцияда вилоятдаги кўплаб ташкилот, муассасаларда фаолият юритиб келаётган юзлаб саховатпеша кишилар инсонийлик фазилатларини намоён этишди. Уч кун давом этган жараёнда вилоят қон қуйиш марказига болажонлар учун қон топширишни мақсад қилган 250 нафар фуқаро виж­дон амри билан ташриф буюрди. 

Кўнгилли донорлардан 62,586 литр қон йиғилди. Бундан ташқари, ўтказилган тадбирларда туманлардаги эҳтиёжманд оилалар ва боқувчисини йўқотган болаларга мурувват кўрсатилди, уйда ва шифохоналарда ётган беморлар ҳолидан хабар олиниб, ўксик қалбларга қувонч улашилди. 

Сурхондарё вилояти

 Жамиятда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож, онкологик касалликларга чалинган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят қон қуйиш марказида ташкил этилган акция бу йил ҳам оммавий тус олди. Партиядошларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, шунингдек, вилоят суди ходимлари ҳам ўз инсонийлик бурчини адо этиш учун марказга тўпланишди.

– «Адолатчи»ларнинг хайрли ташаббуси туфайли вилоят бўйича жами 116 киши қон топширди, – дейди вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори Мирзоҳид Ўроқов. – Жами 46 литр 400 грамм қон йиғилгани биз, шифокорларни мамнун этди. Кўнгилли донорларнинг барчасига миннатдорлик билдирамиз.  

Донорлик акциясида фаоллик кўрсатган турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда тиббиёт ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ва кўнгилли ёшлар вилоят кенгаши томонидан ташаккурнома билан тақдирланди.

Тошкент вилояти

Бу йил ҳам мурувват ва олийҳимматлилик тантанаси Тошкент вилояти бўйича кенг қанот қоқди. Партия фаоллари, депутатлар, корхона-ташкилотлар ишчи-ходимлари ва ёшларни бир мақсад йўлида бирлаштирган акция манзиллари Чирчиқ шаҳридаги вилоят қон қуйиш маркази ҳамда Олмалиқ шаҳар қон қуйиш бўлими бўлди.

– Орамизда шаҳар, республика ва жаҳон чемпиони бўлган спортчиларимиз бор, – дейди Чирчиқ Олимпия захиралари коллежи директори Равшан Ғофуров. – Улар партия томонидан ташкил этилган акцияда бажонидил иштирок этишди. Ният қиламизки, фарзандларимиз ҳамиша соғ-саломат бўлишсин, ҳеч қачон дард кўришмасин. Ака-опаларидек чемпионлар сафида бўлишсин!

Чирчиқ шаҳрида кўнгилли бўлиб қон топширганлар сони 57 нафарни ташкил қилган бўлса, Олмалиқ шаҳрида 50 нафарни ташкил этди. Бемор болажонларимиз учун 49,2 литр қон захираси йиғилди. 

Қашқадарё вилояти

Хайр-саховат, меҳр-мурувват йўналишидаги эзгу тадбирларда фаол қатнашиб, истиқболимиз эгаларига қайта ҳаёт улашишда беминнат хизмат қилган воҳадошларимиз бу йил кўпчиликни ташкил этди. 

Вилоятдан 458 нафар инсон беғараз донорлик акциясида қатнашиш истагини билдирди. Кун давомида қашқадарёликлар 85 литр 504 грамм миқдорида қон топширишди. 

Хоразм вилояти

Кўҳна Хоразмда ҳам «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акциясини юқори савияда ўтказишга жиддий эътибор қаратилди. Вилоят қон қуйиш маркази кун давомида хайрли ишга эш бўлган юзлаб хоразмликлар билан гавжум бўлди. 

Акцияда 150 нафар кўнгилли донорлар иштирок этишди, бемор болажонлар учун 19,74 литр қон йиғилди.

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” беғараз донорлик акцияси республикамизнинг барча ҳудудларида юқори савияда ташкил этилиб, минглаб саховатпеша юртдошларимизни эзгу мақсад йўлида бирлаштирди.

Бир сўз билан айтганда, партиямиз томонидан саховат, меҳр ва одамийликни тарғиб қилган, республикамизда кўтаринки кайфиятда ўтказилган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акция­си мурғак қалбларга қувонч бағишлаш билан бир қаторда уларни соғломлаштиришда катта аҳамият касб этади. Айни пайтда партия ташаб­буси билан ҳар йили анъанавий равишда ўтказиладиган мазкур акция жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. 

Tegishli xabarlar

ТУРКИЙ ДАВЛАТЛАР ТАШКИЛОТИНИНГ НАВБАТДАН ТАШҚАРИ САММИТИДА МУҲИМ ТАШАББУСЛАР ИЛГАРИ СУРИЛДИ

admin

Кашта сабаб топилган бахт

admin

“ЁШҒАЙРАТ”НИНГ ғайратли депутати

admin