ADOLAT 24

“Меҳр карвони” – болалар ҳузурида

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Респуб­ликаси Кенгаши ходимлари Нукус шаҳридаги 10-кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига ташриф буюриб, муассасада яратилган шароитлар билан танишишди.  

Мазкур мактабда бугунги кунда 274 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Болалар имконияти чекланган бўлишига қарамай, тенгдош­лари сингари китоб ўқишга, мусиқа, санъат, спортга иштиёқи баланд. Улар респуб­лика миқёсидаги нуфузли кўрик-танлов ва фестиваллар, спорт мусобақалари ҳамда фан олимпиадаларида муваффақиятли қатнашиб, сов­ринли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда.

Партия ходимлари ўқувчи-ёшлар ва мактаб жамоасини эришилган ютуқлар билан табриклаб, келгуси фаолиятида омад ёр бўлишини тилашди.  

Тадбир якунида “Меҳр карвони” акцияси доирасида 1 июнь – Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан ўқувчиларга совғалар топширилди.

Ташриф давомида мактаб маъмурияти билан ҳамкорликда келгусида мазкур даргоҳда турли маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирларини ўтказиш борасида режалар тузиб олинди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ ЎзА (фото)

***

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фарғона вилоят кенгашининг “Меҳр карвони” вилоят бўйлаб сафарга отланди.

Вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, раис ўринбосари Орифжон Ўлмасов дастлаб Тошлоқ туманидаги “Oбод маҳалла” давлат дас­тури асосида янги қиёфа касб этган “Пиёзчилик” маҳалласидаги 39-умумтаълим мактабининг уйда якка тартибда таҳсил олувчи ўқувчилари хонадонида бўлдилар.

“Муҳандис” кўчасидаги 137-хонадонда яшовчи Муфаззалхон Иброҳимовани маҳалладошлари энг иродали, илмга чанқоқ қиз сифатида ҳурмат қилишади. У хасталикни бардош билан енгиб, гарчи тенгдошлари қатори мактабда таълим ололмаса-да, барча фанларни тўлиқ ўзлаштириб, 6-синфни аъло баҳоларга тамомлашга муваффақ бўлди. Партия етакчиларининг йўқлови қизалоқнинг кайфиятини кўтариб юборди. 

– Мен ҳамиша кучли бўлишга ҳаракат қиламан, – дей­ди Муфаззалхон Иброҳимова. – Албатта, мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, келгусида малакали шифокор бўлиш учун бор куч-ғайратимни ишга соламан. Бугун “Адолат” социал-демократик партия­сининг вакиллари уйимизга келиб, йўқлаганидан бошим осмонга етди.  

Мазкур кўчада жойлашган 83-хонадонда яшовчи Солиҳа­бону Мухторжонова ҳам уй шароитида таълим олаётган иқтидорли ўқувчилардан бири. Байрам туҳфаси сифатида тақдим этилган эртак китоблар Солиҳа­бонуга олам-олам қувонч бағишлади. 

Вилоят кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниеванинг Фузулий кўчасидаги 18-хонадонда истиқомат қилувчи Озодбек Обиджонов билан қилган самимий мулоқоти оила аҳли учун кўтаринки руҳ бағиш­лади. Гарчи барча тенгдош­лари қатори фикрларини нутқида ифодалай олмаса-да, йигитчанинг кўзидаги миннатдорлик ва бахтиёрлик туйғуси йўқловчиларга ҳам кўчди.

“Меҳр карвони” лойиҳаси қатнашчилари Озодбек Обиджоновнинг уйидан чиқиб, “Бахмал” кўчасида жойлашган 54-уй томон йўналди. Оиланинг қадрли фарзанди Муаззамхон Эркинбоева ҳам жорий ўқув йилида 6-синфни аъло баҳоларга тамомлади. Ҳаёт синовларига қарамай, Муаззамхон ҳам халқимиз ва давлатимизнинг умидли вориси сифатида моҳир чевар бўлишни ният қилган.

– Мактабимиздаги ўқувчилардан 5 нафарида турли хасталиклар туфайли тенгдошлари қатори таълим олиш имконияти чекланган, – дейди 39-умумтаълим мактаби директори Муҳайё Охунова. – Аммо ўқитувчиларимиз уларнинг ҳар бири билан индивидуал шуғулланиб, якка тартибда таълим беришади. Бу ўқувчиларимиз илмга чанқоқлиги билан бизни ҳайратлантиришади. “Адолат” социал-демокрактик партияси айнан мана шундай ўқувчиларимизни йўқлаб келганидан жуда хурсанд бўлдик. Чунки иш тажрибам давомида ҳали бирор марта бундай йўқлов амалга оширилганини кўрмаганман. Бундан ота-оналар, ўқувчилар, педагогик жамоамиз ҳам хурсанд бўлдик. “Меҳр карвони” нафақат болажонларимизга, балки уларнинг атрофидаги барча яқинларига қадр-қиммат, олийҳимматлилик каби инсоний туйғуларни ёдга солди…

 Дарҳақиқат, инсонга берилган озгина эътибор ва меҳр унинг қалбига улуғворлик тортиқ этади, юрт тараққиётига дахлдорлигини юксалтиради. “Адолат”чиларнинг меҳр улашувчи карвони эса ҳамиша йўлда.

Гулчеҳра АҲМЕДОВА, 
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби 

**

“Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни” республикамизда ҳар йили кенг нишонланади. Халқимиз келажагимиз эгаларига меҳр ва эътибор кўрсатади. Бу, айниқса, болалар байрами арафасида янада кенг қанот ёзади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам бу борада янги ташаббус билан чиқди. Бу йил партия томонидан “Меҳр карвони” акцияси эълон қилинди. Байрам арафасида “Меҳр карвони” Андижон шаҳридаги болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази болалар онкология бўлимига борди. Бу ерда даволанаётган болажонларнинг қайсидир маънода кўнгли ярим. Андижонлик “Адолат”чиларнинг йўқлови уларнинг қалбига олам-олам қувонч олиб кирди. Партия фаоллари ҳам бир муддат болаликка қайтиб, кичкинтойлар билан суҳбатлашдилар.

Дунёда боланинг қувончидан, онанинг хурсандчилигидан бахтли онлар бўлмаса керак. “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари томонидан совғалар топширилганда даврага янада файз кирди. Ўйинчоқларни қайси бола ёқтирмайди дейсиз? Бемор болалар қўғирчоқ ва машиначаларни бебаҳо совғадек қабул қилдилар.   

– Бу ердаги болаларнинг кўзларидаги маюсликни кўриб, уларга нисбатан ўз-ўзидан қалбингизда меҳр уйғонади. Соғайиб бораётганини кўриб, улар билан бирга қувонамиз. Биз ҳар доим “Адолат”чилар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Йил давомида бемор болаларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш тадбирларини ҳам биргаликда ўтказамиз, – дейди гематология бўлими бош шифокори Манзура Эгамбердиева. 

Бемор Муҳаммаджон Исмоилов эса кўнглидагиларини шундай изҳор қилди:

“Ҳар йили байрамда болалар боғига борардим. Бу йил ўйланиб тургандим. Партия фаолларининг табриги ва совғалари кайфиятимни кўтарди. Катта бўлсам уларнинг изидан бораман”.

Барча меҳрли инсонларни “Меҳр карвони”да қатнашишга чорлаймиз. Акция болалар шифохоналари ва муассасаларида давом этмоқда.

Жанона Раҳимова,  

 “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси

* * *

Юртимизнинг қайси бир гўшасига борманг, болаларга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг гувоҳи бўласиз. Фарзандлар кўзидаги қувончни кўриб, қалбингиз фахр ва ғурурга тўлади. Меҳр-мурувват, хайр-саховат каби эзгу фазилатлар халқимизнинг азалий қадриятлари сирасига киради. Айни шу мақсад барчамизни келажагимиз эгаларига эътиборли бўлишга ундайди.

Бола – бу дунё, бола – бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон, мусаффо осмонда эркин парвоз қилаётган қалдирғоч мисоли. Халқаро байрам арафасида болаларга қувонч улашиш мақсадида «Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши аъзолари Андижон вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази гематология бўлимида бўлиб, «Болаларга беринг дунёни» шиори остида тадбир ўтказишди. 

– Бугун касаллигимни ҳам унутдим. Партия фаолларининг бизларни йўқлаганидан ниҳоятда хурсанд бўлдик. Меҳр-муҳаббатлари учун “Адолатчилар”дан миннатдормиз, – дейди Шаҳриниса Комилова.

Зумрадхон Солиева,  

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши мутахассиси

**

Меҳр-мурувват кўрсатиш, саховатпешалик халқимизга хос гўзал қад­риятлардан бири ҳисобланади. Ҳукуматимиз томонидан ногиронлиги бор шахс­ларнинг ҳаётини яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Биз буни янги таҳрирдаги Конституциянинг 57-моддасида ногиронлиги бор шахсларга алоҳида эътибор қаратилгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Давлатимиз томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга касб-ҳунар ўргатиш, таълим бериш, банд­ликни таъминлаш чора-тадбирлари кучайтирилмоқда.

“Болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни” муносабати билан Ўзбекис­тон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаб­буси асосида барча ҳудудий Кенгашларда, шу жумладан, Сирдарё вилоятида ҳам “Меҳр карвони” шиори остида байрам тадбирлари ўтказилмоқда.

Навбатдаги саховат тадбири “Меҳр карвони” лойи­ҳаси доирасида Сирдарё туманидаги 71-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисос­лаштирилган ёрдамчи мактабида ўтказилди. Ҳозирги кунда мактабда 242 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жорий йилда мактабнинг 9-синфини 31 нафар ўқувчи битиради.  

Байрам тадбирида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов, Бахт шаҳар ҳокими Олимжон Бердиев, “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Жамол Комилов, Сирдарё вилоят кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, партия фаоллари, туман (шаҳар) кенгаши раислари, депутатлар, Сирдарё тумани 71-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган ёрдамчи мактаби раҳбари Рустам Иргашев ва ота-оналар иштирок этди.

Тадбир давомида партия Марказий аппарати томонидан юборилган эсдалик совғалари болаларга топширилиб, уларга байрам дастурхони ёзилди. Саховат тадбири концерт дастурларига уланиб кетди. 

Сирдарё вилоят кенгаши 
матбуот хизмати

Бағрикенглик, саховатпешалик, меҳр-мурувват каби гўзал анъаналар улуғланаётган шу кунларда “Адолат” СДП томонидан ташкил этилган “Меҳр карвони” шиори остидаги тадбирлар республикамизнинг барча вилоятларида давом этмоқда. 

Tegishli xabarlar

АЗМУ ШИЖОАТЛИ ЁШЛАРИМИЗ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БУНЁДКОРЛАРИДИР

admin

ЙЎЛКИРА: эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси(ми?!)

admin

ЁШЛАР БИЛАН ИШЛАШ ВА СПОРТ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ ЯХШИЛАШ БЎЙИЧА КЎРСАТМАЛАР БЕРИЛДИ​

admin