ADOLAT 24

Аҳолини ўйлантираётган муаммолар ҳал этиладиган бўлди

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш борасида улкан ишлар амалга оширилаяпти. Барча ислоҳотлар замирида юртдошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдек олий қадрият мужассам. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда аҳоли билан мулоқотга киришиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш чораларини кўришмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаётир.

Андижон. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова сайловчилар билан ишлашда доимо маҳалла фаоллари билан бирга. Айни кунларда ўз сайлов ҳудудида иш олиб бораётган халқ вакили Андижон туманидаги “Гумбаз” МФЙда бўлди. 

Маҳаллада тиббиёт ходимлари томонидан хонадонларда соғлом турмуш тарзига қаратилган тарғибот тадбирлари ва патронаж ҳамширалар фаолияти тизимли йўлга қўйилган. Айни пайтда бу йўналишда муаммолар ҳам йўқ эмас. “Гумбаз ота” кўча, 53-уйда яшовчи фуқаро Барчиной Назирова жигар циррози касаллигига чалинган, лекин даволанишга имкони йўқ. Депутат ўрганиш натижасида унга моддий ёрдам зарур деган хулосага келди. МФЙ фаоллари ҳомийлар кўмагида бемор онани даволанишига ёрдам кўрсатадиган бўлишди. 

Шунингдек, Мавлуда Адҳамжонова Андижон туманидаги “Дўстлик” МФЙда бўлиб, маҳалла еттилигининг фаолияти билан қизиқди. Мазкур маҳаллада 4013 нафар фуқаро яшайди, шундан 1943 нафари ёшлар. Ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, ёшлар билан ишлаш талаб даражасидами? Афсуски, бу саволга дадил “ҳа” деб жавоб бериш қийин. Сабаби, янги тизим бўйича ёшлар етакчиси этиб тайинланган Хуршид Қодиров зиммасига юклатилган вазифани ҳалигача тушуниб етмаган. Маҳалла ёшлари билан ишлашда сусткашлик қилмоқда.

МФЙ раиси Баҳромжон Эргашев тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар билан ишлаш, ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда атрофидагиларни фаолликка ча­қир­япти. Агар янги тизим бир бўлиб иш юритса, маҳаллада муаммога ўрин қолмайди. М.Адҳамжонова юқоридаги каби муаммоларга ечим топиш юзасидан тавсиялар берди.

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова ўз сайлов ҳудудидаги МФЙлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб боряпти. 

Жумладан, депутат Жалақудуқ туманидаги “Узун кўча” МФЙда фаолият олиб бораётган “еттилик” билан учрашувда фуқаролик жамиятини ривожлантириш биринчи навбатда маҳалладан бошланиши, мазкур институт олдида турган вазифалар ва амалдаги ислоҳотлар тўғрисида тушунчалар берди. 

– Бугунги маҳалла фуқаролар йиғини раиси зиммасига катта вазифа юклатилган, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Олтиной Мамирова. – Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори фаолиятини баҳолашда маҳалла раисларининг мақоми оширилгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Агар етакчи фуқаролар билан ишлашда тажрибали ва ташаббускор бўлса ана шу ҳудудда ўсишга эришиш аниқ. Бунинг учун “еттилик” ҳар бир ишга масъулият билан қараши лозим.

**

Сирдарё. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Жонибекова Гулистон шаҳридаги “Аҳиллик”, “Янгиҳаёт”, “Шодлик” маҳаллаларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказди.

Суҳбатлар чоғида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Учрашувларда маҳалладаги муаммо ва камчиликлар юзасидан “маҳалла еттилиги” билан суҳбатлашилди. Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турувчи фуқороларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати маъсуллар иштирокида муҳокама қилинди.

Одамларни ўйлантириб келаётган масалалар, йиғилиб қолган тизимли муаммолар тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиладиган бўлди.

**

Қашқадарё. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтованинг навбатдаги учрашувлари таҳлилий руҳда кечди. Депутат жойларда аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Бириктирилган соҳа ва объектларни ўрганди. Улар фаолиятининг самарадорлигини таҳлил қилди ва тегишли хулосалар чиқарди. 

Мамлакатимизда тиббиёт муассасалари тармоғи фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтириш, соҳани халққа яқинлаштириш, зарур шарт-шароитлар яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кўплаб ишлар амалга оширилаяпти. Аҳоли учун тиббиёт муассасалари бунёд этилиб, улар замонавий асбоб-ус­куналар билан жиҳозланмоқда. Депутат Миришкор тумани “Жейнов” қишлоғида янги таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган оилавий поликлиникада бўлди. Бу ердаги шароит, имконият, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш борасида қилинган ишлар билан танишди. Электрон тизим, рақамлаштиришнинг афзаллик­лари хусусида тиббиёт ходимларига тушунчалар берди. 

“Чандир” қишлоғида 4 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Депутат маҳаллалар еттилиги билан мулоқотга киришди. Аҳоли хонадонларида бўлди. Одамларни қийнаб келаётган камчиликларни мутасаддилар иштирокида бартараф этиш юзасидан тавсиялар берди.  

– Маҳаллаларимизда қўшимча трансформаторга эҳтиёж бор, – деди “Чандир” МФЙ раиси Ўктам Хабитов. – Ички йўллар таъмирталаб. Пиё­далар йўлакчаси йўқ. Симёғочлар эскириб қолган. 

Махфурат Хушвақтова аҳоли муаммоларини обдон ўрганиб, камчиликларга шу ернинг ўзида туман ҳокимлиги ва масъуллар иштирокида ечим топишга эришди. Маҳаллаларга 1 июндан қўшимча трансформатор ўрнатиладиган бўлди. Июль-август ойларида эса симёғочларни бетон устунларга алмаштириш белгиланди. 

Депутат ҳудудларда касалликка чалиниб, тўшакда ётиб қолган беморлар ҳолидан ҳам хабар олди. Кўп йиллардан бўён азият чекиб келаётган, сурункали хасталикка учраган беморларнинг ногиронлик гуруҳига чиқарилишига кўмаклашди. Баъзи хасталарга эса вилоят кўп тармоқли шифохонасида даволанишга имкон яратилди. 

Махфурат Хушвақтова тумандаги трансформатор ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод фаолияти билан ҳам танишди. Ёш тадбиркорлар билан истиқболдаги вазифалари хусусида суҳбатлашди. Камчиликларини ҳал этишда амалий ёрдам берди. Қўшимча иш ўринлари яратаётган ишбилармонларга ҳуқуқий тушунтириш­лар берди. 

**

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП Фракцияси аъзоси Абдуғани Умировнинг Нишон тумани аҳолиси билан учрашувларида юртдошларимиз мамлакатимизда Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлардан мамнун эканликларини таъкидлашди. Шу билан бирга депутатга фуқаролардан бандлик, коммунал ва маиший хизмат, тадбиркорлик, банк соҳаларига доир мурожаатлар бўлди. 

Хусусан, “Пахтазор” МФЙ аҳолиси билан жонли мулоқотда одамлар бир талай камчиликларни ўртага ташлади. МФЙ раиси Салим Примов фуқаролар номидан “Мустақиллик хиёбони” кўчасида жойлашган, 1971 йилда қурилган 10 та кўп қаватли уйнинг том қисмини таъмирлаш, 7 километрлик масофадаги ички йўлларга қум-шағал ётқизиш, “Лолазор” кўчасидаги 40 дан ортиқ хонадонга оқова сув етиб бормаётгани, маҳалладаги яроқсиз ҳолга келиб қолган 300 та симёғочни бетон электр устунларга алмаштиришда ва 4 та трансформатор ўрнатиб бериш ҳамда 5500 нафар аҳоли истиқомат қилаётган ҳудудда тижорат банки томонидан банкомат ўрнатиб беришга амалий ёрдам кўрсатишини сўради. Албатта бу каби камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Депутат аҳоли мурожаатларини ҳар томонлама пухта ўрганиб, камчиликларни мутасаддилар иштирокида бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилади. 

– Депутат ҳокимият вакиллик идораларида халқнинг ишончли вакилидир, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Фарҳод Ўролов. – Шу маънода жонкуяр депутат Абду­ғани Умировнинг ҳар сафар аҳоли билан учрашиб, уларнинг муаммоларига, ташвишларига жиддий эътибор бераётганидан жуда мамнунмиз. Шундай депутатларимиз сафи кенгаяверсин.  

Андижон, Сирдарё ва Қашқадарё вилояти
кенгашлари матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Ўзбекистон ЮНЕСКО қўмитасига аъзо бўлди

admin

Қилмиши қора кимсалар

admin

Олий мақсад йўлида

admin