Маълумки, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимида соғлиқни сақлаш соҳаси алоҳида ўринга эга. Зеро, ҳар қандай мамлакатнинг энг катта бойлиги – халқининг саломатлигидир.
Шу боис “Адолат” СДП дастурларида аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, халқ саломатлигини асраб-авайлаш масалаларига чуқур эътибор қаратиб келинади. Жумладан, фуқароларни сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, дорилар нархининг асоссиз оширилишига чек қўйиш масалалари партия фаолларининг доимий эътиборидадир.
Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда 2018 йилда 10 минг 764 та дорихона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб, уларнинг сони 16 мингга яқинни ташкил қилмоқда. Бу эса мамлакатда ўртача 2 300 нафар аҳолига битта дорихона тўғри келади, деганидир. Хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилиб кўрилса, бу кўрсаткич Данияда 18,5 минг, АҚШда 5,3 минг, Буюк Британияда 4,96 минг, Германияда 3,97 минг, Туркияда 3,36 минг аҳолига тўғри келмоқда.
Кўриб турганимиздек, Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич жуда ҳам катта тафовутни ташкил қилиб, дорихоналар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бунинг сабаби эса оддий: дори-дармон сотуви ва рекламаси билан шуғулланиш ҳақиқий “бизнесга” айланиб улгурган десак, муболаға бўлмайди. Сабаби, аҳолининг аксарият қисми шифокор маслаҳатидан кўра дори рекламаларига кўпроқ эътибор қаратади.
Реклама соҳасида энг ривож топган йўналишлардан бири ҳам айни шу соҳадир. Хоҳ ички реклама бўлсин, хоҳ ташқи баннер – аҳамиятсиз. Дори рекламаларини бозорлар ёнида, метрополитеннинг турли бекатлари ва эскалаторларда, йирик савдо мажмуаларида ҳам бемалол учратиш мумкин. Ҳолбуки, бу ерлар дорихона ва шифохоналардан анча узоқда жойлашган бўлса ҳам.
Мисол сифатида оғриқ қолдирувчи дори воситаларини олайлик. Бу каби препаратлар метрополитен бекати, ташқи баннерлар, телевидиние орқали реклама қилинади. Реклама ғояси пухта ўйлангани кундай равшан. Негаки, унда дориларнинг оғриқ қолдирувчи хусусияти аниқ тасвирланган.
Аммо рекламалар давомида оғриқ қолдирувчи воситалар таркиби нималардан ташкил топган, деган савол очиқ қолдирилади.
Ушбу оғриқ қолдирувчи дори воситаларининг аксарияти парацетамол, пропифеназон, пофеин, гвоздичное масло, махамауша таила, маханараяна таила каби фаол моддалардан таркиб топган.
Пропифеназон моддаси зарарлими?
Мутахассислиги шифокор бўлган инсон сифатида ушбу модданинг ўта зарарли эканини айтиб, буни қисқача шундай таърифлайман: ушбу кимёвий модда нафас сиқилиши ва ҳатто анафлактик шокка сабаб бўлиши мумкин.
Аммо рекламаларнинг ҳеч қаерида пропифеназон моддаси билан боғлиқ огоҳлантиришга кўзимиз тушмайди. Бу фақат битта препарат холос. Телевидение, радио, интернет тармоқлари орқали ҳам минглаб дорилар реклама қилинади. Уларнинг ҳам ҳеч бирида реклама қилинаётган дори воситаларида мавжуд бўлган ножўя таъсирларни кўрсатувчи огоҳлантиришлар берилмайди.
Apteka.uz фармацевтика портали жамоасининг 2020 йилда Ўзбекистон аҳолиси томонидан интернетда энг кўп қидирилган дорилар рўйхатини аниқлаш мақсадида ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, “Цинепар” (Ҳиндистон) оғриқ қолдирувчи воситаси ҳақида маълумот 55 минг мартадан кўпроқ қидирилгани аниқланган.
Иккинчи ўринни “Кюпен” (Ҳиндистон) анестетик препарати эгаллаган. Аслида эса иккала дори ҳам шифокор рецепти бўйича тақдим этиладиган дорилар рўйхатига киритилган. Кучли учликни антисептик препарат, “Лоробен” (Туркия) эгаллаган. Бундан ташқари, истеъмолчилар томонидан овқат ҳазм қилиш тизимини яхшиловчи дори воситалари қидируви ҳам кўп бора амалга оширилган.
Ўйлашга ундовчи томони, 2020 йилда коронавирус инфекцияси авж олганига қарамай, Ўзбекистон аҳолиси интернет орқали вирус даволовчи эмас, балки вақтинчалик оғриқ қолдирувчи дори воситаларини қидирганлигидир. Энг юқори ўринни эгаллаган “Цинепар” ва “Кюпен” дори воситаси шифокор рецепти асосида берилишининг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Аммо, энг муҳими, препаратларнинг ўргатиб қўювчи функциясидир. Боши ёки тиши оғриган бемор аввал ундан 1 таблетка қабул қилган бўлса, вақт ўтиши билан яна оғриқ сезилганда қабул қилиши туфайли доза ошиб бориши мумкин. Доза оширилмаган тақдирда эса препарат таъсир хусусияти камаяди. Шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳам ушбу дорилар рецепт асосида берилиши белгиланган.
Инсон ҳаёти ва саломатлиги ҳақида сўз борар экан, ҳеч биримиз бефарқ бўла олмаймиз. Зеро, бу борада “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, тиббиёт соҳасига замонавий АКТларни кенг жорий этиш, аҳолини хавфсиз дори-дармон воситалари билан таъминлаш, ушбу йўналишда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш чораларини кўришни устивор вазифамиз деб, ҳисоблаймиз.
Шу ўринда масъулларга бир неча савол билан мурожаат қилган бўлардим.
Рецепт асосида берилиши лозим бўлган дорилар нега рецептсиз сотилмоқда?
Дори рекламалари бор-у лекин нега энг кўп фойдаланиладиган дориларнинг салбий жиҳатлари ҳақида огоҳлантиришлар йўқ?
Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қарамлик ҳосил қилиши мумкин бўлган ёки қўллашда махсус кузатувни талаб этадиган дориларнинг ҳар қандай шаклдаги рекламасини чеклаш керак.
Муҳаррам Дадахўжаева,
Тошкент шаҳар кенгаши раиси
