Ўзбекистон «Адолат» СДП Марказий аппарати ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганлигининг бир йиллиги муносабати билан Бош қомусимизнинг партиямиз томонидан яратилган аудио китоби тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова, партия Марказий аппарати раҳбарияти ва масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарияти ва ходимлари, ОАВ вакиллари ҳамда ёшлар иштирок этишди.
Қизғин лаҳзаларга бой ўтган тадбирда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудиокитоби кутубхонага тақдим этилди. Шунингдек, мазкур аудиокитобнинг электрон шакли кутубхона тизимидаги барча ахборот-ресурс марказларининг интеграциялашган ягона тармоғига жойлаштирилди.
Эндиликда, ҳар бир фуқаро ўзи истиқомат қилаётган ҳудуддаги ахборот-ресурс марказларида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио форматини тинглаш ва юклаб олиш имкониятига эга бўлади.
***
Ана шундай тақдимот тадбирларидан яна бири Республика марказий Кўзи ожизлар махсус кутубхонасида бўлиб ўтди.
Тадбирда “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова иштирок этди.
Тадбир аввалида Робахон Махмудова аҳолининг барча қатлами учун Конституцион нормалар мазмун-моҳиятини қулай ва осон тарзда тушунтириш, иш, ўқиш ва кундалик ҳаётда Бош қомусимизнинг муҳим нормаларини самарали ўрганишга қаратилган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, тадбирда Республика кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори Гулчеҳра Султанметова ҳам сўз олиб, Бош қомусимизнинг партия томонидан яратилган аудио китоб шаклидаги варианти мамлакатимиз қонунчилик асосларида қатъий белгилаб қўйилган тенг ҳуқуқлилик принципларига асосан, имконияти чекланган фуқароларга ҳам Конституциямиз нормаларининг мазмун-моҳиятини қулай, осон тарзда тушуниш, эслаб қолиш имкониятини яратиб бераётганлиги билан аҳамиятли эканлигини эътироф этиб, “Адолат” партиясининг бу каби эзгу ишлари келгусида ҳам бардавом бўлишига ишонч билдирди.
Тадбир давомида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Ислом Ҳамроев иштирокчиларга янги таҳрирдаги Бош қомусимизнинг тарихий аҳамияти борасида сўзлаб, унда халқ манфаатини ифода этувчи, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли таъминлашга хизмат қилувчи муҳим нормалар акс этгани, партия томонидан яратилган аудио китобнинг асосий мақсад ва вазифаси аҳолига қулай ва интерактив усуллар ёрдамида Асосий қонунимиз мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилганлигини таъкидлаб ўтди.
Савол-жавобларга бой ўтган тадбир сўнггида янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио китоблари Республика марказий Кўзи ожизлар махсус кутубхонасига тақдим этилди.
Эндиликда мазкур марказ фойдаланувчилари ҳам янги таҳрирдаги Конституциямизнинг аудио форматини онлайн тарзда тинглаш имкониятига эга бўлади.
Аудио китоб тақдимотлари давлат ва нодавлат ташкилотларида давом этмоқда.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати