ADOLAT 24

Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланиш йўлида

Бугунги кунда “Инсон қадри учун” тамойили Янги Ўзбекистоннинг асосий принципларидан биридир. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асослар йилдан- йилга такомиллашиб бормоқда. Мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти халқ фаровонлигини ошириш, иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликни жадаллаштиришга қаратилган бўлиб, пировард мақсад, барча жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлашдан иборатдир. 

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Янги Ўзбекистон ҳуқуқий, дунёвий ва ижтимоий давлат сифатида ривожланишининг ижтимоий, фалсафий, иқтисодий ва сиёсий масалалари” мавзусида ташкил этилган илмий-амалий халқаро конференция ҳам мазмун-моҳиятан халқимиз ва давлатимиз манфаатларига хизмат қилувчи масалалар муҳокамасига бағишланди. 

“Адолат” социал-демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорликда “2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йилига бағишлаб ташкил этган мазкур халқаро илмий-амалий конференция­да Ўзбекистон Респуб­ликаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” социал-демократик партия­си, турли вазирлик ва идоралар вакиллари, хориж ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, магистр ва талаба ёшлар иштирок этишди. 

Конференция давомида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Г.Тешабоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Р.Махмудова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари З.Ибрагимова, Олий Мажлис Сенати қўмита раиси Н.Умаров, ТДИУ проректори Г.Қалан­дарова ва яна бир қатор профессор-ўқитувчиларнинг илмий изланиш­лари асосида тайёрланган маърузалари тадбир иштирокчиларининг эътирофига сазовор бўлди.  

– Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт нисбатан тез суръатлар билан ривожланмоқда, – деди “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ўз маърузасида. – 2020 йил октябрь ойида ҳукумат рақамли инфратузилмани, электрон ҳукуматни ривожлантириш, ишлаб чиқаришни рақамлаштириш, миллий IТ секторини яратиш ва IТ таълимни кучайтириш мақсадида “Рақамли Ўзбекис­тон – 2030” стратегиясини қабул қилди. Рақамлаштириш ва инновациялар барқарор ривожланишнинг барча миллий мақсад ва вазифаларига хосдир. 

Қолаверса, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳукуматимиз диққат марказида турган муҳим масалалардан биридир. Ўзбекистонда аёлларни ҳар қандай дискриминациялардан ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилишни тартибга солувчи барча асосий халқаро шартномалар ратификация қилинган.

Гендер тенглигини таъминлаш мақсадида “Хотин-қизлар ва эркак­лар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари қабул қилинди. Малакали аёл кадрлар сонининг ортиб бораётгани ҳаётнинг барча жабҳаларида фаолликни оширишга хизмат қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда бошқа раҳбарлик лавозимларида хотин-қизларнинг сиё­сий фаоллиги ва салмоғи ортиб бормоқда. Ахборот технологиялари соҳасида гендер тенглиги барқарор ўсиб бормоқда: мобил телефон ва интернет фойдаланувчилари бўлган аёллар улуши кўпаймоқда. Яқиндагина пойтахтимизнинг Миллий медиа бирлашмаси томонидан ўтказилган “Миллий медиа маҳсулот яратишда аёллар сиймоси” мавзусидаги халқаро конференция ҳам фик­римизнинг яққол исботидир.

Айтиш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларга хайрихоҳлик ва қатъий ишонч ўзининг ижобий ҳосили ва самарасини бермоқда. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон қилиб олинди. Ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланди. Шу нуқтаи назардан, ушбу халқаро конференцияда ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-фалсафий асос­лари юзасидан олиб борилаётган тадқиқот ишлари тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди. 

Анжуман иштирокчиларининг “Ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш – стратегик вазифа”, “Мактаб таълими – Учинчи Ренессанснинг устунларидан бири сифатида”, “Янги Ўзбекистонда тадбиркор маънавиятини шакллантириш зарурати”, “Туркий халқлар фалсафасининг замонавий талқини”, “Янги Ўзбекистонда нодавлат таълим ривожи – таълим сифатини оширишнинг муҳим омили сифатида”, “Ижтимоий давлат ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда сиёсий менталитетнинг роли” каби мавзулардаги маърузалари тингланди. 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, конференция давомида тингланган маърузаларнинг ҳар бири ўзининг чуқур илмий асослари, муҳокама мавзулари бугунги кунда халқаро ҳамжамият учун бирдек муҳимлиги билан иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

Турли баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган конференция сўнггида юртимиз ва халқаро экспертлар иштирокида ўтган бу каби илмий-ама­лий анжуманларни анъанавий тарзда ташкил қилиш барча учун манфаатли эканлиги таъкидланди.

Конференция иши доирасида ёш олимлар “Энг мазмунли маъруза”, “Нотиқлик маҳорати”, “Энг яхши тақдимот” йўналишлари бўйича рағбатлантирилди.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

Tegishli xabarlar

Бириккан элни ҳеч ким, ҳеч қандай куч енга олмайди

admin

ҚАДРИ БАЛАНД ХАЛҚНИНГ ҚАДДИ ҲАМ БАЛАНД!

admin

Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига ҚАРШИМИЗ!

admin