ADOLAT 24

Шурхок ерларда кўркам боғлар яратилади

Атоқли шоиримиз Абдулла Орипов “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” шеърида “Қорликларни макон этган бўлсайдинг, Меҳрим бермасмидим ўша музларга?” деб ёзган эди. Ватанга муҳаббат, чин фарзандлик садоқати ана шундай бўлади. “Музликлар” эмас, “тузликлар”га меҳр берган қорақалпоқ халқининг киндик қони томган ерга меҳру муҳаббатини, том маънода, мазкур шеър ғоясининг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин.

Қорақалпоғистонни тубдан ривожлантириш мақсадида давлат томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, айниқса, мислсиз маблағ ва ресурслар эвазига Орол бўйи минтақасида яратилаётган ўзига хос экотизим мураккаб шарт-шароитда яшаётган бовурларимизнинг эртанги кун – ёрқин келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.

Сир эмас, Орол қуришидан юзага келган майдонлардан кўтарилаётган тузли чанг-тўзон нафақат Қорақалпоғистон ҳудуди, балки бутун минтақа табиатига жиддий зарар етказмоқда. Хусусан, Навоий, Бухоро, Жиззах ва ҳатто Сурхондарё вилоятининг энг чекка ҳудудларида ҳам ернинг шўрланиш ҳолатлари кузатила бошлади. Айниқса, Термиз, Қизириқ, Ангор туманлари иқлими билан Қорақалпоғистон иқлимида муайян умумийликлар кўзга ташланди. Деҳқончилик, боғдорчилик соҳаларида муваффақиятга эришиш осон бўлмай қолди. Бободеҳқонлар оддий тирикчилик важидан ҳам муаммонинг оқилона ечимини излаб, мўъжаз кашфиётлар қилишга мажбур бўляптилар. Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати, тадбиркор Ислом Худойбердиев эса узоқ йиллик изланишлардан сўнг шўр ерда боғ яратиш йўлини топди.

АНГОРЧА БОҒ ЯРАТИШ УСЛУБИ

Термиз, Қизириқ, Ангор туманларининг аксарият қисми яримчўл ҳисобланиб, яримқумлоқ ва шўр ерда экин-тикин қилиш, боғ яратиш қийин. Бироқ бутун дунёда демографик ўсиш суръати, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли бандлигини таъминлашдек долзарб масалалар шаҳарлашув жараёнини чўли биёбонлару тоғ-тошларга кўчираётган бир пайт­да фойдаланилмай ётган, ишловга келтириш мураккаб амалиётни талаб қиладиган яроқсиз ерлардан ҳам унумли фойдаланишни тақозо этади. Муаммонинг моҳиятини чуқур тушунган сурхондарёлик деҳқонлару боғбонлар иқлим шароити оғир ҳудудларни ўзлаштириш орқали кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни, табиийки, бунинг орқасидан, даромад орттиришни ҳам мақсад қилганлар. Машаққатли жараён шу ишга бел боғлаганлардан янгича ёндашув, тажриба ва билим-кўникмаларни талаб қилади, эзгу мақсад йўлида озми-кўпми моддий йўқотиш­лар ҳам бўлиши табиий. 

Чумчуқдан қўрққан тариқ экмаслигини яхши билган Ислом Худойбердиев банкдан 7 миллиард сўм кредит олиб, кўчат етиштиришни йўлга қўйди. Сувсизликка чидамли, игнабаргли кўчатлар парваришига алоҳида эътибор қаратди. Тажрибали мутахассислар билан бамаслаҳат Термиз, Қизириқ туманларининг шўрхок ерларида кўчат ундириш, боғ-роғ яратиш усулларини тажриба қилиб кўрди. Сурхондарёда деҳқончилик ва боғдорчилик соҳасида мактаб яратган деновлик Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев (марҳум), сариосиёлик Носирхон ота Тўрақулов тажрибасидан унумли фойдаланилди. Натижа шу бўлдики, шўрхок ер гўнг ва биогомус аралашмаси билан тўйинтирилиб, маълум вақт суғориб турилса, тупроқнинг шўрини аритиб, кўчат етиштириш имконини берар экан. Бошқа муаммоларни сувсизликка чидамли кўчатларнинг ўзи “ҳал” қилавераркан. 

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов воҳа боғбонларининг ташаббусини оммалаштиришга қарор қилди. Сариосиёдан то Термизгача бўлган катта магистрал йўлнинг четларига ҳар жойнинг ўзига хос иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳар хил мевали ва манзарали дарахтлар эктирди. Субтуропик иқлим чўллаша боргани сари навлар ҳам янгиланиб, сувсизликка чидамли шароитбоп кўчатлар қадала бошланди. Кўп ўтмай Сурхондарёнинг белида ям-яшил белбоғ пайдо бўлди. Натижалар ижтимоий тармоқлар, ютуб, телеграм каналлари ва Ўзбекистон телевидениесида намойиш қилинди. 

– Бир куни Қўнғирот тумани ҳокими Бекзод Мадаминов қўнғироқ қилди, – дейди Ислом Худойбердиев. “Ўзбекистон-24” каналида эфирга узатилган кўрсатувни кўрган экан, Қорақалпоғистонга таклиф қилди. 

Бу таклиф вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовга ҳам жуда маъқул келди. Давлат раҳбарининг Тахиатош туманига ташрифидан сўнг Сурхондарё вилоятига бириктирилган туманни пою пиёда кезиб, ўрганиб чиққан ҳоким ҳам ўз ташаббус­ларини илгари сурди. Маълум бўлишича, Тахиатош­да 600 ўринли тикув фаб­рикасини қуриб ишга тушириш, 400 дан ортиқ хонадоннинг томи ва фасад қисмини янгилаш ҳамда ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсад қилинган экан. Шундай қилиб, Сурхон таж­рибаси дастлаб Қўнғиротга, ундан Тахиатошга кўчди. 

Айтганча, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида Қўнғирот туманидаги 32 та давлат муассасасининг ҳар бирига кўкаламзорлаштириш учун 62 гектардан ер ажратилган. Бундан ташқари, шаҳар атрофи ва ичкариси, йўл четларини ободонлаштириш ҳам кўзда тутилган. Ўтган вақт мобайнида Қўнғирот туман ҳокимлиги, прокуратураси ва касалхонасига бириктирилган майдонлар ҳамда “Ёшлар” истироҳат боғи Сурхон тажрибаси асосида кўкаламзорлаштирилди.

ЯШАСИН ЯШИЛЛИК!

Ўзбекистоннинг бир-биридан олис уч нуқтаси – Қорақалпоғистон, Сурхондарё ва Тошкент – бу улкан учбурчак… экология жонкуяри Ислом Худойбердиевнинг ўзига хос йўл харитаси десак, муболаға бўлмайди. Она юртини “ям-яшил макон ичида” кўришни орзу қилган тадбиркор, мана, ўн йилдирки, келажак авлодга озод ва обод Ватан қолдиришдек эзгу ғоя билан нафас олмоқда. Бир ойча аввал у, гарчи ўзи Қорақалпоғис­тонда туриб, шўрхок ерни кўкаламзорлаштириш билан машғул бўлса-да, Сурхондарёдан Тошкентга, яъни “Дўрмон ижод уйи”га ўз ҳисобидан 400 донадан ортиқ арча, қарағай кўчатларини жўнатганди. Мақсад – пойтахт ҳавосини мусаффолаштиришга озми-кўпми, ўз ҳиссасини қўшиш. Қолаверса, ижод боғи янада сўлимлашиб, бетакрор ҳавоси билан узоқ йиллар қалам аҳлига хизмат қилишини истади. Ўзиям шоиртабиат тадбиркор-да.

Дам олиш кунлари ҳашарга чиққан ижод аҳли синган, қуриган кўчатлар ўрнига янгиларини экдик. Ким ер кавлаб, ўғит солган, ким экилаётган кўчатни ушлаб, унинг бўйи-бастига қарайди, бошқа биров сув қуйиш билан банд. Яна кимдир тадбиркорнинг фаолияти билан қизиқади. 

Дарвоқе, депутатимиз бир неча йил муқаддам “Чағониён Агро томорқа хизмати” МЧЖни ташкил этиб, 32 гектар майдонда кўчат етиштирди. Эрон, Россия, Туркия ва Хитойдан манзарали ва мевали дарахт уруғларини келтириб, ноёб кўчатларни иқлимга мослаштирди. Ангор туманидан 280 гектар ер олиб, яримчўлни кўкаламзорлаштириш учун 52 минг туп кўчат қадади. Артезиан қудуқлар қаздириб, сув чиқарди, қаторлар орасида деҳқончилик қилишни йўлга қўйди. Тожикистонга 50 минг долларлик манзарали дарахт кўчатлари, Эрон ва Покистонга 370 минг долларлик қовун-тарвуз экспорт қилди. Ўнлаб ишсиз ёшларни ишли қилди. Қурғоқчилик, тупроқ эррозиясининг олдини олиш, тоза ҳаво манбаи – “яшил ўпка”ни ёшартириш масалаларига эътибор қаратди.

– Айтганча, у киши ҳозир қаерда? – сўрайди тадбиркор билан яқиндан танишишни истаган таниқли ижодкорлардан бири.

Ўша вақтда тадбиркор Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида жойлашган Ҳаким ота (яъни, Хожа Аҳмад Яссавийнинг издоши Сулаймон Боқирғоний) ва Довуд ота мақбараларини ободонлаштириш, туманлардаги кутубхона фондларини бойитиш билан банд эди. Бир сўз билан айтганда, Сурхондарё таж­рибаси асосида Қўнғиротда 5 гектар майдонни соғлом тупроқ билан тўлдириб, шўри ариган ерда замонавий боғ барпо этган тажрибали боғбонни қорақалпоқ бовурларимиз айни экиш мавсумида осонликча қўйвормаслигини тушунтиришга тўғ­ри келди.

Ҳа, пойтахтда ўзингдан ортиб, чоғроқ ҳовлингни обод қилолмасангу, 760 километр олисдаги воҳадошинг келиб, сен яшаётган ҳудудни ободонлаштирса… Бунинг устига, Қорақалпоғистонда 2 минг гектар ерни кўкаламзорлаштиришга бел боғлаган бўлса, ҳамюртинг қилаётган ишлардан чексиз фахрланасан, ғурурланасан. Шундай инсонлар борлиги учун ҳам юртимиз обод бўлишига ишонасан!

Шуҳрат АЗИЗОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Tegishli xabarlar

«Инсон қадри учун» ғояси: тергов фаолиятида муҳим қадам қўйилди

admin

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Иккинчи мақола)

admin

Таълим — барча соҳаларнинг асосий пойдевори

admin