ADOLAT 24

Таълим — барча соҳаларнинг асосий пойдевори

Бугун юртимиз ҳар томонлама ўсиш ва ривожланиш йўлидан дадил одимламоқда. Албатта, бу ўзгаришлар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат натижасидир.

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида юртдошларимизни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳамда давлатимиз янада тараққий этишида муҳим бўлган ташаббусларни илгари сурди. Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, Мурожаатномада кўтарилган вазифалар халқимиз томонидан билдирилган таклифлар асосида шакллантирилгани ҳам давлатнинг асосий тамойили “инсон – жамият – давлат” эканлиги билан аҳамиятлидир. Билдирилган таклифларга эътибор қаратсак, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт йўналишларида эканлигини кўришимиз мумкин. Демак, бугун барча фуқароларимиз юрт равнақи йўлида бефарқ эмас.

Халқимиздан келиб туш­ган таклифлар асосида давлатимиз раҳбари томонидан келаётган 2023 йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Бу инсон қад­рини мус­таҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлади. Шу билан бир қаторда таълим соҳасини чуқур ислоҳ қилиш орқали ўсиб келаётган ёшларни билимли, теран креатив фикрлайдиган, Ватанни севиб қадрлайдиган этиб тарбиялаш барчамизнинг олдимизда турган асосий вазифамиздир.

Маълумки, таълим барча соҳаларнинг пойдеворини яратиб беради. Шу боис таълимда ўқитувчи ва мураббийлар фаолиятини такомиллаштириш, уларга барча имкониятларни яратиб беришимиз кераклиги Мурожаатномада алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бу – таълимни қўллаб-қувватлаш. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш ҳам адолатли ташаббус бўлди. Чунки олдимизга қўйган катта режаларни бажаришимиз учун аввало жамият таянчини тарбияловчи устозларнинг қадр-қимматини жойига қўйишимиз шарт.

Инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар ва одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш зарурлиги давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Келгуси йилдан барча фуқароларимиз бирдек малакали ва сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиши учун имкониятлар янада кенгая­­ди. Бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган турини қонун билан белгилаб, ажратилаётган маб­лағларнинг ҳар бир беморга етиб боришига хизмат қиладиган тиббий суғуртага ўтиш Тошкент шаҳрида бошланиб, босқичма-босқич бошқа ҳудудларда ҳам жорий қилинади.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришни қуйи бўғиндан бошлаш мақсадида маҳаллада “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати бошланади. Бу каби лойиҳалар фуқароларимиз саломатлигини мус­таҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади.

Шунингдек, аҳолига сифатли тиббий хизматни кўпайтириш мақсадида кейинги йил қўшимча 140 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, 520 та олис ва чекка маҳаллада ихчам тиббиёт пунктлари ташкил этилиш ҳам юртдошларимиз учун янада қулай имкониятлар яратади.

Шу билан бирга, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича уч йиллик катта дастур қабул қилиниши, шу асосида барча туғруқ комплексларини тўлиқ таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш, ўринлар сонини 35 фоизга кўпайтириш ҳам “инсон қадри учун” тамойилининг яна бир амалдаги яққол исботидир.

Мурожаатномада бугунги кунда аҳоли томонидан кўплаб эътирозларга сабаб бўлаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги камчиликлар, одил судлов сифатини оширадиган янги тизим яратиш зарурияти хусусида ҳам фикр билдирилди. Албатта, адолатнинг қарор топишида суд ҳокимиятининг ўрни катта. Суд ҳокимияти мус­тақил, судлар эса адолат қўрғонлари бўлиши керак. Мурожаатномада илгари сурилган бу вазифалар “Адолат” социал-демократик партия­сининг асосий мақсад ва вазифаларидан бири эканлигидан келиб чиқиб, барча партия вакилларини янада шижоат ва ғайрат билан меҳнат қилишга чорлаймиз.

Ҳақиқатан, Мурожаатнома халқимизнинг орзу-истакларини акс эттиргани, келгуси йилда қилиниши лозим бўлган устувор мақсадларни ҳамда келажагимиз учун муҳим пойдевор бўладиган вазифалар ва ташаббусларни ўзида мужассам қилганлиги билан барчамизни қувонтирди.

 Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикерининг ўринбосари,

«Адолат» СДП фракцияси раҳбари

Tegishli xabarlar

Юрт келажаги ёшлар қўлида

admin

Янги Конституция — фаровон ҳаётимиз учун ҳуқуқий асос

admin

Депутат сўровига жавоб қани?

admin