ADOLAT 24

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ баркамол ёшлар, малакали кадрлар зиммасида

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекис­тон халқига Мурожаатномаси кириб келаётган йилда мамлакатимиз тараққиёти, жамият равнақи, юртдошларимизнинг фаровон ҳаёти учун хизмат қиладиган дастуриламал ҳужжат бўлди, десак янглишмаймиз. Бу ҳужжатдан кўзланган энг олий мақсад эса инсон қадрини улуғлашдир.

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишида “Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат” деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак. Ҳозирги кундаги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтишга қодир бўлган миллий давлатчилигимиз асосларини мустаҳкамлашимиз зарур”, дея алоҳида таъкидлаб ўтгани бежизга эмас.

Дарҳақиқат, жонажон диёримизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асосий ҳуқуқий мезони Конституциямиздир. Конституциявий ислоҳотларнинг, бу борадаги муҳокамаларнинг қизғин кечаётгани, фуқароларимизнинг айни жараёнларда фаол иштирок этаётганининг боиси ҳам шунда. Ушбу мавзуга тўхталиш асносида Президентимиз “Муҳокамалар қизғин давом этмоқда. Бу жараёнда депутатларимиз, сиёсий партияларимиз масъул ва фаол бўлиб, ҳар бир таклифга жиддий ёндашаётганини кўриб турибмиз. Бунинг учун уларга раҳмат айтаман”, дея алоҳида таъкидлагани сиё­сий партиялар меҳнатининг эътирофидир. Албатта, бундай баҳо бизга катта масъулият ҳам юклайди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Президентимиз томонидан кириб келаётган янги, 2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном берилиши халқимизнинг руҳини янада кўтариб юборди. Зеро, инсон қадри улуғланган жамиятда тараққиёт бўлади. Таълим сифатини ошириш эса – Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўли эканлиги Мурожаатномада алоҳида қайд этиб ўтилди.

Гап таълим сифати ҳақида борганида давлатимиз раҳбари маърифатпарвар жадид боболаримизнинг “Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади” деган пурмаъно ҳикмати депутат ва сенаторлар, сиёсий партиялар, маҳаллий кенгашлар, бутун давлат аппарати, кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши кераклигини таъкидлади. Эътироф этиш керак, сўнгги йилларда республикамизда олийгоҳлар 2,5 баробар кўпайиб, 198 тага етди, қамров даражаси 9 фоиздан 38 фоизга ошди. Албатта, келгуси йилларда бу кўрсаткични янада ошириш кўзда тутилган. Эндиги вазифа эса таълим сифатини юксалтиришдир.

Бунда олий таълим муассасалари жамоалари зиммасига катта масъулият юкланади. Яъни, олийгоҳ ректорлари, профессор ва ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, янги, илғор методикаларни жорий қилишлари керак. Негаки эртанги ёруғ келажагимиз бугун етишиб чиқаётган замонавий кадр­ларимизга ҳар жиҳатдан боғлиқ.

Бундан ташқари, Президентимиз келгуси йилда олийгоҳ талабаларига имтиёзли таълим кредитлари учун 1,7 триллион сўм, илм-фан ва инновацияларга эса 1,8 триллион сўм ажратилиши, олимларнинг иш ҳақи 4,5 баробар оширилганини билдирди. Айни пайтда, бу эътиборга жавобан энди олимларимиз сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби бугунги кундаги долзарб йўналиш­ларда аниқ натижалар кўрсатишлари кераклигини ҳам уқтириб ўтди.

Албатта, эътибор ва рағбат бор жойда ижобий ўзгариш бўлади. Шундай экан, олий таълим тизимида давлатимиз раҳбари тилга олган шарт-шароитлар яратилгач, профессор ва ўқитувчиларнинг ҳам, бўлажак кадрларнинг ҳам салоҳияти юксалади. Янгидан-янги кашфиётлар, илмий изланишлар бўй кўрсатади. Олийгоҳларимиз дунёнинг нуфузли таълим муассасалари қаторидан ўрин олади. Қўшни давлатлардан ва хорижий мамлакатлардан келиб, бизнинг институт ва университетларда таҳсил олаётган талабалар сафи кенгаяди. Энг муҳими, Янги Ўзбекистон ёшлари буюк аждодларга муносиб авлод бўлиб етишади.

Умуман олганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси “Адолат” социал-демократик партияси ғояларига ҳамоҳанглиги билан бизни янада кўпроқ мамнун этди. Шу билан бир қаторда, биз “адолатчи”лар Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида олдимизда катта ғайрат-шижоат билан забт этишимиз лозим бўлган юксак довонлар турганлигига, бунинг учун астойдил меҳнат қилишимиз шартлигига яна бир бор иқрор бўлдик. Зеро, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, “тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади”.

 Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Tegishli xabarlar

ЯХШИЛИК УЛАШАЁТГАН ИНСОН Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, социология фанлари доктори, профессор Тошпўлат Матибаев 60 ёшда

admin

Инсон исмни табаррук қилади, ИСМ ИНСОННИ ЭМАС!

admin

ЎЗБЕКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ РОССИЯ ТАШҚИ СИЁСИЙ ИДОРАСИ РАҲБАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

admin