ADOLAT 24

ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИ САҲИСОБ ҚИЛИНДИ

Пойтахтдаги «Тараққиёт стратегияси» марказида «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг IX Пленуми бўлиб ўтди

Пленумда «Адолат» социал-демократик партиясининг Ўзбекис­тон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, 2023 йилда амалга ошириши режалаштирилган устувор йўналиш­ларни белгилаб олиш ва 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг ижроси ҳамда партия Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси таркибига қисман ўзгартириш киритишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Пленумда партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия кенгашлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, партия экспертлари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилди.

«Адолат» социал-демократик пар­­­тиясининг 2022 йилдаги фаолияти «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Президент фармони, «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури, давлат раҳбарининг 2021 йил 2 февралда сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида белгиланган устувор вазифалар, партиянинг «Тараққиёт стратегияси»дан келиб чиқадиган 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси ҳамда «Адолат – ҳар бир инсон учун» Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга йўналтирилди.

Бундан ташқари, йил давомида партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадрлар захирасини мус­таҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш ва тўлиқ таъминлаш, партия фаолларининг сиёсий билимлари ва фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилганлиги қайд этилди.

Қолаверса, «Адолат» СДП 2022 йилда партиянинг дастурий вазифаларини амалга ошириш мақсадида партия электорати ва аҳолининг кенг қатлами билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилди. Учрашувларда аҳолини қийнаб келаётган, жамият ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйи­­ча таклифлар ишлаб чиқиш бўйи­­ча барча даражадаги депутатлик корпусларининг ҳамкорлиги тизимли йўлга қўйилди. Бунда айниқса «Фракция – марказ – вилоят – туман» концепцияси ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Шу билан бирга, маърузада қайд этилганидек, ҳисобот даврида партия аъзолари сони 41 102 нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 558 308 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 372 тага ўсиб, 6 750 тани ташкил қилди.

Қайд этиш жоизки, 2022 йил 9 ой давомида партия томонидан 6910 та турли мавзулардаги тадбирлар ўтказилиб, жараёнларда жами 253 720 нафар иштирокчи қатнаш­­ди ва айни мақсаддаги 2840 дан ортиқ тадбирлар марказий ва ҳудудий ОАВларда ёритилди.

Шу жумладан, «Адолат» СДП томонидан жорий йилнинг 24 июнидан 1 августига қадар Конституция­вий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб 3810 та тадбирлар ўтказилди ва уларда 165 573 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Шунингдек, ҳисобот даврида партия фаоллари томонидан жами 4495 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, 87 756 нафар иштирокчи қамраб олинди. Ташкил этилган сиёсий ўқувлар оммавий ахборот воситалари орқали 812 маротаба ёритилди.

Ўтган давр мобайнида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган беғараз инсонпарварлик акцияси доимий равишда ташкил этиб келинаётгани алоҳида қайд этилди.

Хусусан, жорий йилнинг 1 июнь куни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ўтказилганлигини, мазкур донорлик акциясида респуб­ликанинг барча ҳудудларидан 3345 нафар кўнгиллилар қатнашиб, 1170,75 литр донорлик қони йиғилганлиги алоҳида таҳсинга сазовор. Айни кунларда ҳам мазкур хайрли тадбирда иштирок этишни хоҳлаган кўнгиллилардан мурожаатлар келиши давом этаётганлиги партия раҳбари томонидан айтиб ўтилди.

Таъкидланганидек, бугун Юртбошимиз бошчилигида Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш сари дадил қадамлар қўйилаётган давр­­да, инсон қадрини улуғлаш, аввало, аёлга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, мўътабар оналарни эъзоз­лаш, опа-сингилларни қадрлаш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Айтиш жо­изки, партия томонидан хотин-қизлар билан мақсадли ва манзилли ишлаш амалиёти, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, хотин-қизларнинг соғлиғини сақлашга қаратилган муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозим, партия Марказий аппарати, ҳудудий кенгашлар ҳамда депутатларининг саъй-ҳаракатлари туфайли «Бир ойда – бир иш ўрни» лойи­ҳаси доирасида жами 1776 нафар хотин-қизлар ва ёшлар иш билан таъминланди.

Шунингдек, ҳисобот даврида «Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоя­­чи» лойиҳаси дои­расида хотин-қизларни турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя­лаш мақ­садида «Аёлларни зўра­вонлик­лардан ҳимоялаймиз» мавзуларида жами 840 марта учрашувлар ташкил этилиб, уларда 65 300 нафар хотин-қизлар қамраб олинди. Суҳбатлар давомида хотин-қизларга «Ҳимоя ордери»ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 183 нафар аёлларга «Ҳимоя ордери» олиб берилди.

Партия томонидан ёшларга эъти­бор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият қаратиб келинмоқда. Жумладан, «Депутат ва ёшлар» лойи­ҳаси асосида 378 та давра суҳбати ташкил қилиниб, жами 18 560 нафар ёшлар қамраб олинди ва ушбу жараёнларга оид 365 та тадбир ОАВда ёритилди.

Шу билан биргаликда, ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 3000 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилиб, 2135 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги «Адолат» СДП депутатлик гуруҳлари томонидан Қорақалпоғистон Рес­публикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиш учун доимий комиссияларга 1067 та, сессияларга эса 537 та масалалар киритилган. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилди ҳамда Кенгашнинг тегишли комиссияси томонидан қарорлар ижроси назоратга олинди.

Сессияларга масалалар киритиш бўйича партиянинг халқ депутатлари Қорақалпоғистон Рес­публикаси (72 та), Навоий (153 та), Бухоро (81 та), Самарқанд (63 та), Жиззах (52 та) вилоятларидаги депутатлик гуруҳлари фаоллик кўрсатганлиги алоҳида қайд этилди.

Ҳисобот даврида матбуот хизмати томонидан партиянинг дас­турий мақсадлари оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этилиб, Сайловолди дастурини амалга ошириш юзасидан 2022 йилга мўлжалланган медиа режада белгиланган вазифалар ижросига оид ўтказилган тадбирлар юзасидан кенг жамоатчилик, партия электоратининг хабардорлиги таъминланди.

Ўтган тўққиз ой мобайнида ҳудудий кенгаш матбуот котиблари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқариш, уларнинг малакасини ошириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш мақсадида 7 марта онлайн семинар, 3 марта конференция ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табриклари, хорижга сафарлари, вилоятларга чиқишлари ҳамда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида қабул қилинган қонунлар, қарор ва фармонлар юзасидан партия Сиёсий Кенгаши ва Қонунчилик палатасидаги фракция­­си аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда экспертларининг «Adolat» газетасида 126 та, партия расмий сайтида эса 498 та муносабатлари эълон қилинди.

Партия ва депутатлик корпуси томонидан ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва ахборот сайтларида 1642 дан ортиқ мақолалар эълон қилинди. Уларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзуларга партиянинг муносабати ва нуқтаи назари билдирилди.

Республика телеканалларида 174 марта, ҳудудий телеканалларда 482 марта партия фаолларининг интервьюлари берилди. Партия веб-сайтида жами 2586 та партия фаолияти бўйича маълумот ва хабарлар ёритилди ҳамда ҳар бир ҳудудий кенгаш ижтимоий тармоқлардаги ўзининг расмий саҳифаларида кундалик маълумотлар янгилаб борилди.

Шунингдек, Пленумда 2022 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасининг 9 ойлик ижросидаги бир қанча ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, 2023 йилда амалга ошириши режалаштирилган устувор йўналишлар ва аҳамият қаратилиши керак бўлган қатор масалалар қайд этилди.

Бундан ташқари кун тартибидан ўрин олган партия Сиёсий Кенгаши таркибига қисман ўзгартириш киритишга оид масала ҳам кўриб чиқилди. “Адолат” социал-демок­ратик партияси Сиё­сий Кенгаши аъзолигига Ўзбекис­тон Республикаси Адлия вазири – Тошқулов Акбар Жўрабаевич ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзо­­си – Валиев Муҳаммаджон Шералиевич сайланди. 

Пленум сўнггида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, сўзга чиққанлар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида партиянинг келгуси фаолиятига доир чора-тадбирлар белгиланди.

**

Сўз Пленум иштирокчиларига

Умиджон СУЛАЙМОНОВ,

партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

– Бугунги Пленумда партия­мизнинг ўтган давр­даги фаолиятини ҳар жиҳатдан сарҳисоб қилиб, амалга оширилган ишларга атрофлича эътибор қаратдик. Албатта, жараён таҳлилий ва ўз ўрнида танқидий руҳда кечмоқда. Бунда биз эришилган натижалар билан бир қаторда йўл қўйил­ган айрим камчилик­ларга ҳам холисона баҳо бериб, келгуси фаолиятимизда уларни бартараф этиш ва бошлаган ишларимизнинг самарадорлигини янада оширишга доир қатор устувор вазифаларни белгилаб олдик.

Маълумки, партиямиз ўзининг дастурий мақсадларида Ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, «ижтимоий давлат» ва «барча учун фаровонлик таъминланган» адолатли фуқаролик жамиятини қуришнинг социал-демократик моделини таклиф этади. Шу боис, биз ўтган даврдаги фаолиятимизда инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятимизда тенг­лик, адолатлилик, бирдамлик тамойилларини мустаҳкамлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини юксалтиришга доир қатор муҳим ташаб­бусларимиз билан бир қатор таклиф ва лойиҳаларимизни амалиётга татбиқ этиб келмоқдамиз.

Айтиш жоизки, электорат ишончини оқлаш биз учун энг муҳим вазифа саналади. Сайловлар арафасида берган ваъдаларимизнинг изчил асосга эга эканлиги ўтган даврдаги фаолиятимизда ўз тасдиғини топ­­ди. Келгусида ҳам дастурий мақсадларимизда ўз олдимизга белгилаб олган вазифаларни янада самарадорлик билан амалга оширишни режа қилганмиз.

Улуғбек РАСУЛОВ,

партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бошқарма бошлиғи:

– Партиямиз Сайловолди дас­турида халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминловчи асосий омил сифатида илм-фанни, хусусан, таълимни ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратган. Шу боис, биз ўтган давр­­да узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш орқали юқори малакали кадрларни тайёрлашга эътибор қаратиб, бир қанча лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиб келмоқдамиз. Жумладан, биз бугун сарҳисоб қилинаётган фаолиятимиз давомида таълим тизимимизнинг бугунги ҳолати, хусусан, мактабларимизда яратилган шарт-шароит­лар, уларнинг қишки мавсумга тайёргарлик даражаси, синфларда ўқитилаётган дарсликларнинг замон талабларига ҳамоҳанг­лиги, уларда учраб турган хато ва камчиликлар юзасидан партиямиз фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, шунинг­дек, соҳа мутахассислари иштирокида ўрганиш ишлари олиб бордик. Ўрганишларимиз натижасига кўра, бир қанча таклиф ва кўрсатмалар ишлаб чиқиб, тегишли ташкилотларга юбордик. Шунингдек, партиямиз томонидан айни масалада бир қатор лойиҳалар тайёрланиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бугунги Пленумда бошлаган ишларимизнинг янада самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусидаги устувор вазифаларимизни белгилаб олдик.

Рўйиддин РАУПОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси:

– Бугун ўтган давр­даги фаолиятимиз, эришилган ютуқ ва камчилик­лар сарҳисоб қилинди. Айтиш жоизки, партиянинг Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан жорий йилнинг 9 ой давомида бир қанча эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йилга нисбатан вилоятда партиямизга хайрихоҳ фуқароларимиз сони сезиларли даражада ортиб, ҳудуддаги партия аъзолари сони 49 639 нафарга етди. Шунинг­дек, бошланғич партия ташкилотлари сони ўтган йилдагидан 45 тага кўпайди.

Бундан ташқари, ўтган даврда ҳар ҳафтанинг сешанба куни «Сиёсий ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш – демократик жамият пойдевори» лойиҳаси доирасида партия фаоллари томонидан жами 363 маротаба ўқувлар ташкил этилиб, мазкур тадбирларга 6 минг нафардан ортиқ иштирокчилар қамраб олинди ва жараёнлар 45 маротаба ОАВларда ёритилди.

Қолаверса, жорий йил давомида партиянинг ишчи гуруҳ аъзолари томонидан 447 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 980 та хонадон ва 210 та хўжалик юритувчи субъектлар ҳолати ўрганилди. Ушбу учрашувлар давомида кенгашимизга аҳоли томонидан 150 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 55 та масъул ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди. Натижада 35 та масала ўзининг ижобий ечимини топди. 24 дан ортиқ масала мутасадди ташкилотлар вакилларини жалб этиш орқали жойида ҳал этилди. 48 га яқин мурожаатлар ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди.

Партия вилоят кенгаши томонидан 42 маротаба турли мавзудаги тадбирлар ўтказилиб, тадбирларда жами 4230 нафар фуқаролар қатнаш­­ди ҳамда мазкур жараёнлар 28 маротаба ОАВларда ёритилди.

Шунингдек, партиянинг «Ҳар бир адолатчи – маҳаллада тарбиячи» лойиҳаси доирасида ҳам вилоятимиздаги туман ва шаҳар маҳаллаларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя­лаш, инсон қадр-қимматини юксалтириш, жиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдоси каби иллатларга қарши курашиш, ёшларга оид давлат дас­тури ва сиёсатини амалга ошириш, жамиятда ватанпарварликни тарғиб этиш орқали партиямизнинг дастурий мақсадларини амалга ошириб келмоқдамиз.

Албатта, партиямиз томонидан ўтган даврда кўплаб йўналишларда сезиларли ишлар қилинди. Лекин ҳали олдимизда амалга оширилиши керак бўлган қатор лойиҳалар, ечимини кутиб турган долзарб муаммолар бисёр. Демак, келгусида ҳам ҳар бир масалага жиддий масъулият билан ёндашиб, зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришимиз керак.

Муродилло Маҳмудов,

«Адолат» СДП Марказий аппарати бош мутахассиси

Tegishli xabarlar

Мурожаат ўрганиб чиқилди

admin

Буюк келажак Адолат, фаоллик, фидойилик туфайли яратилади

admin

Давлат байроғи — миллат ифтихори

admin