ADOLAT 24

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИ ВА САФДОШЛАРИ ТАҚДИРИ (Иккинчи мақола)

“Иброҳимбек – Шарқий Бухородаги марказий сиймо”

Анвар Пошонинг ҳалокати ва Салим Пошонинг Афғонистонга чиқиб кетиши оқибатида бутун Бухородаги қизил армияга қарши қуролли ҳаракат Иброҳимбек тимсолида яна аввалгидек ўзининг ягона қўмондонига эга бўлади. Иброҳимбек Ғарбий Бухоро (Бухоро, Кармана ва Нурота вилоятлари)даги қўрбошилар гуруҳларига умумий раҳбарликни ҳам ўз қўлига олади.

Иброҳимбек қўл остида фақат Шарқий Бухорода 47 та қўрбоши дасталари ҳаракат қилар, аскарларининг сони Ҳисорнинг ўзида 20 000 киши эди. 1923 йил ёзида у Ҳисор водийси ва Панж дарёси атрофида қатор муваффақиятли ҳарбий ҳаракатларни ўтказди. 1925 йил январда Иброҳимбек Сурхон воҳасида, Шеробод – Бойсун атроф­ларида қизил аскарларга қарши муваффақиятли кураш олиб боради.

Бу даврда Иброҳимбек бошчилигида Бухоро қўрбошиларининг кўплаб қурултойлари ўтказилди. Масалан, Ҳисорда 1924 йил 31 декабрда бўлган Бухоро қўрбошиларининг навбатдаги қурултойида Иброҳимбек Шарқий Бухорода ҳаракат қилаётган бутун ҳарбий гуруҳларни ягона қўмондонлик остига бирлаштириш ва уларнинг фаолиятини бошқариш тўғрисида, янги қўрбоши дасталари тузиш ва уларнинг жанг қилиш усуллари, аҳоли билан муносабатлари хусусида махсус кўрсатмалар беради. Қурултойда Иброҳимбек Ғарбий Бухородаги йирик бойлар томонидан ёрдам сўраб юборилган мактубни ўқиб эшиттиради. Мурожаатдан сўнг, Иброҳимбек Шеробод –Бойсун атрофида қизил армия қисмларига қарши ўзининг зафарли юришларини ўтказган эди. Қурултой тугагач, унинг иштирокчиларидан бири Асадуллабек томонидан кўргазмали ҳарбий машқлар ўтказилади. Иброҳимбек қўрбоши эса ўзининг мингга яқин йигити билан Вахш дарёсининг ўнг соҳилидан ғарбга – Сурхон воҳаси, Шеробод – Бойсун томонларга қараб, 1925 йил январь ойининг бошларида намойишкорона назорат кўриги ўтказди.

Иброҳимбекнинг Сурхон воҳаси истиқлолчиларининг етакчиси Хуррамбек қўрбоши билан ҳам муносабатлари кес­кин бўлган. Хуррамбек ўзбек қўнғиротларининг хуштамғали уруғидан эди. У қизил армияга қарши курашаётган барча қўнғиротларга ўзи раҳбарлик қилмоқчи бўлади. Хуррамбекнинг бундай ўзбошимчалиги Иброҳимбекнинг жаҳлини чиқаради. Сурхондарёдаги бутун қўрбошилар дасталари Иброҳимбек қўл остида бирлашиб, қизил армияга қарши қатъий ҳужумга ўтганларида Хуррамбек унга бўйсунишдан бош тортиб, ўз ҳолича иш юритади. Бу ҳақда совет чекистларининг маълумотларида ҳам сўз боради.

Бу низолардан хабар топган Бухоро амири Саид Олимхон бош қўмондон Иброҳимбек ҳузурига Бекбой Қоровулбеги деган вакилини жўнатади. Бекбой ёрдамида Саид Олимхон қўрбошилар ўртасидаги айрим ихтилофларни бартараф қилишга ва, энг аввало, Иброҳимбек билан Хуррамбек орасидаги келишмовчиликларни йўқотишга муваффақ бўлади. 

«Иброҳимбек – бутун Шарқий Бухородаги марказий сиймо», деб ҳатто совет расмий ҳужжатларида ҳам тан олинади. Ўрта Осиёда миллий-ҳудудий чегараланиш ўтказилгач, у 1925 – 1926 йилларда ҳозирги Тожикистон ва Ўзбекистоннинг тоғлик вилоятларида кураш олиб боради. Иброҳимбек қўрбоши 1926 йил 21 июнда оғир жанглардан сўнг Афғонистон ҳудудига ўтиб кетишга мажбур бўлади.

ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси биринчи котиби И.Зеленский томонидан 1926 йил 6 сентябрда ВКП(б) МК Ўрта Осиё бюроси “босмачилик”ка қарши кураш Марказий комиссиясининг фаолияти ҳақида бюро пленумида қилинган ҳисобот маърузада айтилишича, Иброҳимбек хорижга ўтиб кетгач, унинг оиласи — онаси ва икки хотини асирга олинган. Расмий ҳужжатларда уларнинг ке­йинги тақдири ҳақида айтилмайди. Бироқ совет ҳокимияти томонидан улар отиб ташланганлигини тахмин қилиш мумкин. Бу пайтда Сурхондарё истиқлолчиларининг энг йирик йўлбошчиси Хуррамбек қўрбоши ҳам Афғонистонга ўтиб кетган эди.  

Ватан тупроғига қўйилган қадам

1931 йил бошларига келганда Иброҳимбек ўз ҳаракатини фаоллаштириб, муҳожирларнинг тарқоқ кучларини яна бирлаштирди. Бунинг устига Нодиршоҳ режими билан туркистонлик муҳожирлар ўртасидаги зиддиятлар анча кучайди. 1930 йил ёзидаёқ афғон ҳукумати қуролли куч билан муҳожирларни тугатишга киришган ва Иброҳимбекка қарши кураш бошлаган эди. 1931 йил 30 мартда Иброҳимбек 1500 кишилик сараланган қўшини ва 8 нафар қўрбошиси билан Ватан тупроғига қадам қўйди. Унинг қўшини сафида Нодира қиз дастаси ҳам бўлган. Нодира қиз аёллар ва қизлардан тузилган махсус ҳарбий гуруҳга бошчилик қилган. Ўша даврга оид Ўрта Осиё чегара қўшинлари ОГПУ бошқармаси маълумотларида айтилишича, «Иброҳимбек СССР ҳудудига кирар экан, унинг аниқ сиёсий режаси бор эди…». Дарҳақиқат, Иброҳимбек ўз олдига асосий мақсад қилиб мустабид совет режими ва коммунис­тик мафкурага қарши курашни қўйган эди. 

Иброҳимбек билан Афғонистондан совет ҳудудига 1931 йил 30 мартда Абдуқаюм Парвоначи, Полвон додхоҳ, Бой Назар, Хонжон, Мулла Ниёз Парвоначи, Абдуқодир Иноқ, Алимардон додхоҳ, Исохон Эшон, Эрназар, Кўганбек ва Тошмат додхоҳ каби машҳур қўрбошилар ҳам ўтишган. Расмий маълумотларда келтирилишича, Иброҳимбек қўрбоши билан ҳаммаси бўлиб 400 нафар йигит Амударёдаги Чубек кечувидан ўтиб, мамлакат ичкарисига киришган.

Айнан ўша куни Боғариқ кечуви орқали мешларда совет ҳудудига Эгамберди ботир ўзининг 200 нафар йигити билан ўтади. Орадан бир неча кун ўтгач, Чубек орқали Ортиқ додхоҳ ҳам ўзининг 200 нафар йигити билан ўтади. У билан биргаликда Ғулом Ҳусайнхон, Ғулом Қодирхон ва Мамед Ҳошимхон ҳам 50-60 йигитдан иборат ўз гуруҳлари билан кечувдан ўтишган. Кейинчалик совет ҳудудига Мулла Холдор ва Мулла Жўра Даҳан ҳам ўз йигитлари билан чегарадан ўтади. Улар билан Иброҳимбек Боботоғда учрашади. Учрашувдан кейин Мулла Холдор ва Мулла Жўра Даҳан гуруҳи номаълум тарафга жўнаб кетади.

Иброҳимбек қўшинлари сафига ўз юртида кўплаб ватанпарварлар келиб қўшилган. САВО қўмондони ўринбосари И.Грязнов бошчилигидаги катта ҳарбий кучлар Иброҳимбек йигитларига қарши 10 апрелда ҳужумга ўтишади. Совет аскарларига ОГПУ отрядлари ҳам ёрдамга келади. Апрель-май ойларида Иброҳимбек қизил аскарларга қарши қақшатқич жангларни ўтказган. У омонсиз олишувлар билан Вахш дарёсининг ўнг қирғоғига чекинади, май ойида ҳаракатни Боботоғга кўчиради. 1931 йил 12 июнда Оқбоштоғда сўнгги ва шиддатли муҳораба бўлади. Иброҳимбек яраланади ва жангни бой беради. 

1931 йил 23 июнда ОГПУ қўшинлари — 10-отлиқлар полки 2-дивизиони жангчилари ва чекистлар томонидан Иброҳимбек ярадор ҳолатда қўлга олинади. У зудлик билан аввал Сталинобод (ҳозирги Душанбе), сўнгра Тошкентга олиб келинади. Чекистлар томонидан ўтказилган тергов ва даҳшатли қийноқлар ҳам Иброҳимбекнинг маънавий иродасини бука олмайди. Бу пайтда Иброҳимбек билан бирга Ватан тупроғига қадам қўйган бошқа қўрбошилар ҳам қўлга олинган эди. 

1931 йил 25 июндан то 1932 йилнинг 12 апрелигача Иброҳимбек ҳамда Шарқий Бухорода 1920 – 1931 йилларда қизил армия­­га қарши ҳаракат қилган яна 15 нафар қўрбоши ҳам чекистлар томонидан Тошкентда сўроқ қилинади. Иброҳимбек бошчилигидаги бу қўрбошиларнинг ҳаммаси СССР ХКС ҳузуридаги ОГПУ коллегияси мажлисининг 1932 йил 13 апрелдаги қарорига биноан ўлим жазосига ҳукм қилинади. Шу ўринда сиёсий идоранинг махфий ҳужжатига мурожаат этамиз: “1. Иброҳимбек Чақабоев. 2. Сулаймон Салоҳиддинов (Эшони Судур). 3. Абдуқаюм Парвоначи Улаев. 4. Эшон Исохон Мансурхонов. 5. Алимардон Додхоҳ Муҳаммедов. 6. Ортиқ Додхоҳ Аширов. 7. Кўганбек Кенжаев. 8. Тошмат Хўжабердиев. 9. Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов. 10. Алет [Арлот] Полвон Элмирзаев. 11. Шоҳасан Имонқулов. 12. Кўганбек Шералиев. 13. Мулла Аҳмад Бий Саидов. 14. Мирзақаюм Шеров. 15. Азим Марқа Остонақулов. 16. Эшон Полвон Баҳодирзода отишга ҳукм қилинди”.

ОГПУнинг Ўрта Осиёдаги фавқулодда вакиллиги томонидан 1932 йил 10 сентябрда Москвага йўлланган телеграммада кўрсатилишича, бу ҳукм 14 нафар қўрбошига нисбатан 1932 йил 10 августда, Иброҳимбекка нисбатан 31 августда Тошкент шаҳрида ижро этилган. Иброҳимбек қўрбоши 43 ёшида ҳалок бўлган. Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов қийноқлар туфайли қамоқхона касалхонасида вафот этганлиги учун унга нисбатан ўлим ҳукми ижро этилмай қолган. 

Чекистлар маълумотларига қараганда, Иброҳимбекка бўйсунувчи қўрбоши гуруҳлари, яъни Тожикистон ҳудуди ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилояти ҳудудида фаолият олиб борувчи қўрбошилардан ҳарбий тўқнашувларда ўлдирилган қўрбошилар – 19 нафар, йигитлар – 987; асирга олинган қўрбошилар – 10, йигитлар – 175; ихтиёрий таслим бўлган қўрбошилар – 119, йигитлар – 2529 нафар; қўлга туширилган ва мусодара қилинган қуроллар: кесма милтиқ – 673; силлиқ стволли милтиқ – 239; совуқ қурол – 257; револьверлар – 133; енгил пулемёт – 3; оғир пулемёт – 1; граната – 2; патронлар – 5500. Булардан ташқари Иброҳимбек қўшини қўлга олингач, ОГПУ оператив гуруҳлари томонидан “босмачи”ларнинг шериги сифатида уруғ, қишлоқ оқсоқоллари ва ўзига тўқ обрўли шахслардан 2249 киши, шунингдек, кўнгилли равишда таслим бўлган қўрбошилардан 17 таси фаол қўрбоши, 891 таси фаол йигит сифатида қамоққа олинган. 

Иброҳимбек ўз юртида қамоққа олингач, унинг Афғонистондаги оила аъзолари ҳам таъқиб этилади. Афғон маъмурияти унинг завжасини Қалъаи Хумдон номли қамоқхонага ташлайди. Иброҳимбекнинг Афғонис­тонда қолган оила аъзоларидан кўпчилиги ҳалок бўлган.

ИБРОҲИМБЕК ҚЎРБОШИНИНГ САФДОШЛАРИ 

ФАОЛИЯТИ

Алимардон Додхоҳ Муҳамедов

Алимардон Додхоҳ Муҳамедов (1887-1932) – Шарқий Бухорода қизил армия­­га қарши курашган ватанпарварлардан бири. Иброҳимбек қўрбошининг сафдоши. У 1887 йили Шарқий Бухорода туғилган. Бешбулоқ яқинидаги Буйала Даштак қишлоғида яшаган ҳамда ўзига тўқ деҳқон бўлган. 1920 йил охирида Шарқий Бухородаги ғала-ғовурлар натижасида Айритош кечуви орқали Афғонистон ҳудудига ўтиб кетади. Чегарадан ўтиб, Рустоқда тўхтаб, у ернинг ҳокимидан яшаш учун рухсат олган. Рустоқда 11 туя­­га эга бўлиб, маълум муддат киракашлик қилган. Лекин бу ишдан фойда кўрмагач 6 туясини сотиб, ўрнига 2 жуфт ҳўкиз харид қилган ва деҳқончилик билан машғул бўлган. Рус­тоқда 1 йил яшаб, кейин эса Дашти Қалъа­га кўчиб ўтади ва у ерда 5-6 йил яшаган. Кейинчалик Дашти Қалъадан Айлабодга кўчиб борган ва у ерда ҳам 4-5 йил истиқомат қилган. Шу пайтда Айлабодга муҳожирларнинг оммавий кўчиб келиши кучайган. Айлабодда яшаб турган вақтда совет ҳудудига кетмоқчи бўлганда Хонобод ҳокими рухсат бермагач, Мамай қишлоғида 1 йил яшаган. Шундан сўнг совет ҳудудига ўтмоқчи бўлганда уни афғон беги билиб қолиб, ортга қайтишни буюради ва Ишкамишга қайтиб келганда афғон вакили уни койийди, натижада афғон маъмурлари билан орасига совуқчилик тушади. Алимардон Додхоҳ совет давлатига ўтмасликка ваъда бергач, унга бу ерда яшаш учун ҳужжат беришади.  

Иброҳимбек билан афғонлар ўртасида уруш бошланишидан қўрқиб, унинг ҳузурига бориб, Ҳисорга ўтиш нияти борлигини айтганда, Иброҳимбек унга розилик беради. Шундан сўнг у Талиқонга келади ва у ерда афғонларнинг ҳужумига учраб, улар томонидан таланган. Алимардон Додхоҳ қочиб Мамай қишлоғига, у ердан эса дарё бўйидаги Чапайга келади ва шу ерда ўз оиласи ва бошқа бир нечта оилани Тожикис­тон ҳудудига ўтказиб юборади.   

Иброҳимбек билан чегарадан ўтган Алимардон Додхоҳ дастлаб Жилонтоғда, у ерда қизиллар ҳужум қилгач эса Чалтовга ва у ердан таслим бўлиш йўлларини қидириб, Деновга келиб таслим бўлган, у ердан Сталин­ободга, кейин эса Тошкентга жўнатилган.

Алимардон Додхоҳ қўлга олингандан сўнг ўзига нисбатан ҳар қандай ҳолатда ҳам айб қўйилишини биларди. Шунинг учун у сўроқ пайтида ўзига совет ҳукумати томонидан қўлланиши мумкин бўлган жазони енгиллаштириш мақсадида ёки ХХ асрнинг 20-йилларида совет давлати ҳудудида бўлган сиёсий жараёнларга ўзини алоқадор эмас, дегандек Афғонистон ҳудудига 1920 йилда ўтиб кетганман, деб вазиятни бироз чалкаштирадиган ҳолатда кўрсатма берган. Эҳтимол, Алимардон Додхоҳ Афғонистонга бир неча марта бориб келган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ тергов қарори ҳамда ўн олтилар гуруҳига берилган умумий хулосаларда Алимардон Додхоҳ 1926 йилда Афғонистонга ўтиб кетганлиги кўрсатилади.  

Алимардон Додхоҳ Иброҳимбек билан Афғонистондан қайтиб келгач, Чалтовдаги қурултойда қатнашган. У Исохон Эшон билан биргаликда Ҳисор ва Боботоғга юборилган. Алимардон Додхоҳ ўз йигитлари билан Чияли, Ябу, Қизилқалъа, Оқсув, Найзабулоқ, Тўқузадир қиш­лоқларида қизил аскарларга қарши жанг олиб борган.   

1931 йил 22 июнда Сталинобод ОГПУси томонидан қўлга олинган.   

Алимардон Додхоҳ ОГПУ коллегиясининг 1932 йил 13 апрелдаги ҳукми билан 1932 йил 10 август куни Тошкентда, 45 ёшида отиб ташланган.

Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов 

Мулла Ниёз Парвоначи Ҳакимов (1878-1932) – Шарқий Бухорода совет ҳокимиятига қарши курашган ватанпарварлардан бири. Иброҳимбек қўрбоши ва Анвар Пошонинг сафдоши.

Мулла Ниёз 1878 йили Шарқий Бухоронинг Шаҳринав туманидаги Искич қиш­лоғида ўзбек хонадонида туғилган. 

Амир амалдорларидан бўлган. У 1921 йилда қизил армияга қарши ўз фаолиятини бошлаган. Мулла Ниёз ҳарбий саркарда Анвар Пошонинг гуруҳида бўлган. Парвоначи унвонини Анвар Пошодан олган. Кейинчалик у ҳам ҳаракатга бошчилик қилган. 1925 йилда Афғонистонга ўтиб кетган ва у ерда Иброҳимбек ҳамда Амир Олимхон ўртасида элчилик вазифасини ҳам бажарган. 1931 йилда Иброҳимбек билан биргаликда Тожикистон ССР ҳудудига қайтган ва Чалтовдаги қурултойда иштирок этган. 

1931 йил 23 августдаги сўроқ протоколидан маълум бўлишича, Шарқий Бухорода бошланган тартибсизликлар оқибатида Мулла Ниёз Парвоначи ҳам оиласини қолдириб, ўзи Фархар чегара пости орқали 1925 йилда Афғонистонга ўтиб, Хонободда 10 кун яшаб, кейин Қобулга, Олимхоннинг олдига боради ва ўша ерда қолиб, 6 ой мобайнида савдо ишлари билан шуғулланади. Кейин эса савдо қилиш мақсадида Қобулдан Хонободга келиб, деҳқончилик кампаниясини ташкил этиб, 4 ой яшайди. 1926 йилда Иброҳимбек Қобулга келгач, Мулла Ниёз Парвоначи ҳам унинг ҳузурига келади. Иброҳимбек 1929 йил баҳорда Хонободга кетади. 5 ой ўтиб Мулла Ниёз Парвоначи ҳам у ерга боради. 

1931 йилда Иброҳимбек чегарадан совет давлатига ўтганда биринчи Жилонтоғда тўхтайди, уларга қарши қизил аскарлар ҳужум бошлайди. Шунда улар Сангтўда ва ундан эса Чалтовга бориб ўрнашади. Чалтовдаги қурултойда Иброҳимбек ўзининг аскарбоши, қўрбоши ва йигитларига “хоҳласанглар ўз уйларингга кетинглар ёки ҳукуматга таслим бўлишларинг мумкин”, деб ҳаммага рухсат беради. Шундан сўнг Ортиқ Додхоҳ таслим бўлиш учун ўзининг 100 нафарга яқин йигитлари билан Балжувон туманига кетади. Эрназар қозоқ ўзининг 40 яқин йигити билан Сарой-Камарга, Кўган Тўқсабо ўзининг 40 яқин йигити билан Туткаулга, Алимардон Додхоҳ, Исохон Эшон ўзининг 40-50 йигити билан Сталинободга кетади. Мулла Ниёз Парвоначи ва Иброҳимбек ўзининг 80-100 нафар йигити билан Чалтовда қолади.

Боботоғда турганда Иброҳимбек Мулла Ниёз Парвоначига ҳукуматга таслим бўлиш ҳақида кўрсатма берган. Шундан сўнг Мулла Ниёз Парвоначи Шаҳринав туманидаги Хонақо қишлоғига боради. Аввал таслим бўлган Зокир қўрбоши орқали ниятини ГПУнинг вакили Валишевга билдиради. Шундан сўнг Валишев Мулла Ниёз Парвоначи ва Зокир қўрбошини Сталинободга юборган. 

Хуллас, 1931 йил 22 июнда Сталинобод ОГПУси томонидан қўлга олинган. Мулла Ниёз Парвоначи ОГПУ коллегиясининг 1932 йил 13 апрелдаги ҳукми бўйича отишга ҳукм қилинган. Бироқ у ҳукм ижро қилиниши арафасида қийноқлардан Тошкентдаги турма касалхонасида 54 ёшида вафот этган.

Қаҳрамон Ражабов, 

тарих фанлари доктори, профессор, 

Ўзбекистон ФА Тарих институти етакчи илмий ходими

Tegishli xabarlar

Адолат бор жойда тараққиёт бўлади

admin

Фалак тоқига юксалган аллома (22 март – Мирзо Улуғбек таваллуд топган кун)

admin

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидаги нутқи

admin