Сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ, миллий қонунчилигимиз такомиллашиши баробарида парламентимиз мамлакат ҳаётида ўзига хос ўринни эгалламоқда.
2016 йилда қабул қилинган “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун билан Давлат бюджетини қабул қилиш масаласида депутатлар, сенаторлар, фракциялар, қўмиталарнинг ваколатлари кенгайтирилди. Улар Давлат бюджети лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қиладилар, лойиҳа бўйича фикрлар ва таклифларни ишлаб чиқадилар. Зарур ҳолларда, муҳокамалар чоғида фракциялар ва Қонунчилик палатасининг қўмиталари Давлат бюджети лойиҳаси параметрлари билан боғлиқ қўшимча ахборотни тегишли органлардан талаб қилиб олиши мумкин.
Ижро ҳокимияти фаолияти устидан назоратни кучайтириш мақсадида 2018 йилдан Қонунчилик палатасида ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш тартиби – «ҳукумат соати» институти жорий этилди. Ўтган 3 йил давомида 27 маротаба «ҳукумат соати» ўтказилиб, уларда жами 32 та вазирлик ва давлат қўмиталари раҳбарлари халқ вакилларининг долзарб масалаларга доир саволларига атрофлича жавоб берилган. Шу билан бирга, парламент аъзолари ҳар ойда сайловчилар билан юзма-юз мулоқот ўрнатиб, жойларда фуқароларнинг ҳаёт даражаси, турмуш тарзи билан яқиндан танишишлари, уларни қийнаётган муаммолар, ҳудудларда ечимини кутаётган масалаларни атрофлича ўрганишлари қонун билан мустаҳкамланди.
Шунга қарамай, мамлакатимизда парламент назоратини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар, қонунчиликда ҳуқуқий бўшлиқлар мавжуд.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддасининг 21-бандида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларида “…парламент назорати ва бошқа ваколатларни амалга оширади” деб кўрсатилган. Конституцияда эса парламент текшируви ҳақида бирон-бир жумла келтирилмаган. Бу эса парламент текшируви фаолиятининг қонунийлиги қай даражада тўғрилиги юзасидан саволларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонун нормаларида парламент текшируви институти тартибга солинмаганлигини қайд этиш мумкин. Масалан, бу қонун парламент текшируви деб тушунилиши керак бўлган таърифни ўз ичига олмайди. Шунингдек, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасида “Жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи, мамлакат хавфсизлиги асосларига, унинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муайян фактларни ёки воқеаларни ўрганиш мақсадида Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг қарори билан парламент текшируви ўтказилиши мумкин”лиги кўрсатиб ўтилган. Лекин ҳозирги амалдаги қонунчиликда парламент текширувининг назарий таърифи ва мазмун-моҳияти аниқ очиб берилмаган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, табиий равишда бир қанча саволлар пайдо бўлади.
Биринчидан, салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қандай аниқ фактлар ва ҳодисалар ҳақида гап бормоқда?
Иккинчидан, парламент кимни текшириши мумкин?
Учинчидан, текширув натижаларига кўра қандай қарор қабул қилиниши мумкин?
Дастлаб парламент текшируви нимани англатишини кўриб чиқайлик. Ҳуқуқий адабиётларга кўра, кўриб чиқилаётган ишда ҳақиқатни аниқлашга қаратилган фаолият парламент текшируви сифатида қаралади. Аслида, парламент текшируви бу – демократик тамойилларга асосланган фаолият бўлиб, парламент комиссиялари томонидан қуйидаги тартибда тузилади: давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан назоратни таъминлаш; фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш; жамият ва давлатнинг энг муҳим манфаатларига дахл қилувчи фактларни ёки воқеаларни ўрганиш ва улар тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилишдир.
Хорижий давлатларда ҳам парламент текшируви парламент назорати институтига тенглаштирилган бўлиб, ушбу институт мамлакатнинг давлат ва жамият бошқарувида муҳим роль ўйнайди. Масалан, Буюк Британияда давлат органларида нотўғри хатти-ҳаракатлар ва маълумотларнинг тарқалиш фактлари мавжуд бўлганда ёки полиция ҳал қила олмайдиган сиёсий муаммоларни ҳал этишда парламент текшируви институти муҳим ҳисобланади.
Россия Федерациясида парламент текшируви институти “Россия Федерацияси Федерал мажлисининг парламент текшируви тўғрисида”ги Федерал қонуни билан тартибга солинган. Парламент текшируви содир бўлган қонун бузилиш ҳолатларини очиб беради. Керак бўлса, парламентга жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатиш оқибатларига олиб келган, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига салбий таъсир кўрсатган мансабдор шахсларни ишдан бўшатиш ташаббуси билан чиқиш ваколати берилган. Ушбу институт томонидан қабул қилинган қарор Федерал давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари қатори бош прокурорга юборилади.
Хорижий тажрибадан келиб чиқиб, миллий парламентимизнинг парламент текширувига оид ваколатлари ва вазифаларини янада кенгайтириш мақсадида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунда қуйидаги масалалар акс эттирилиши лозим:
– парламент текширувининг мақсади ва тамойиллари;
– парламент текширувининг ҳуқуқий асослари;
– парламент текширувининг предметлари;
– парламент текшируви ўтказиш муддати;
– парламент текширувини ўтказиш учун асослар;
– парламент текшируви ташаббускорлари;
– парламент текширувини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;
– парламент текшируви комиссиясини тузиш тартиби;
– комиссия аъзоларига қўйиладиган талаблар;
– парламент текширувига сабаб бўлган фактлар ва ҳолатларни текшириш бўйича комиссия иш тартиби;
– комиссия иш режаси;
– комиссия қарорларини қабул қилиш тартиби;
– комиссия аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
– комиссия якуний ҳисоботи;
– комиссия фаолиятини молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш тартиби.
Ана шунда қуйидаги ижобий натижаларга эришиш мумкин:
– ҳукумат ва жамият ўртасидаги ижтимоий кескинлик камайтирилади;
– фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинади;
– давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари устидан ҳақиқий парламент назорати ўрнатилади;
– коррупцияга қарши курашишда ижобий натижага эришилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда парламент текшируви институтини амалиётга кенг татбиқ этиш бугунги кун талабидир. Бу институт инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни қўпол равишда бузиш ҳолатларини аниқлаб, бартараф этишда муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли, юқоридаги таклифлар асосида “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунни такомиллаштириш давлат ва жамият бошқарувида парламентнинг роли чинакамига оширилишига хизмат қилади.
Илҳом ЖЎРАЕВ,
партия фаоли